Бир куни эшик очилиб кетса-чи?

Бир куни эшик очилиб кетса-чи?
25 views
17 August 2017 - 8:00

Усти юпун, қорни оч бир киши чорраҳада борар манзилини билмай турса, ёнидан 3-4 нафар пўрим кийинганлар шошилиб ўтиб кетибди.

“Шулар бир нарсани билса кераг-ов, ортидан борай-чи” деб ўйлабди камбағал шўрлик ва пириллаб эргашибди.

Улар йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, шоҳнинг саройига борибдилар.

Бир пайт саройнинг эшиги очилиб, шоҳ чиқиб келибди.

Пўримлар шоҳни кўриши билан таъзим бажо келтирибдилар. Бир чеккада ҳурпайибгина турган камбағал уларнинг гап-сўзларига эътибор қилса, эргашиб юрганлари шоирлар экан.

Бир пайт улар бирин-кетин шоҳни мадҳ этувчи шеърлар ўқий бошлабди. Шоҳ эса маддоҳ шоирларнинг жонбозлигига қараб, ҳар бирига алоҳида-алоҳида совға-саломлар улашибди.

– Сен-чи, қани, буёққа кел! – дебди шоҳ камбағалга кўзи тушиб.

– Узр, мен шоир эмасман, – дебди у.

– Унда кимсан? Нега буларга эргашиб юрибсан?

– Мен адашганларданман! – дебди камбағал ва “Шуаро” сурасининг 224-226 оятларини ўқибди: “Шоирларга йўлдан адашганларгина эргашади. Уларнинг ҳар водийда дайдишларини… ва қилмайдиган ишларини айтишларини ҳам кўрмадингизми?”

Воқеанинг давомини билмайман. Лекин камбағалнинг гапи шоҳга қандай таъсир қилган экан, деб қизиқаман. Балки шоҳ саройнинг эшикларини маддоҳларга ёпиб қўйгандир. Бироқ бу мақтов ўлгур кимларга ёқмайди дейсиз.

Бир куни эшик очилиб кетса-чи? Унда… унда сизга бошқа ривоят айтиб бераман.

Алишер Назар

facebook.com