Бу на афсоналарда, на эртакларда учрарди

Бу на афсоналарда, на эртакларда учрарди
43 views
19 August 2017 - 8:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

8-қисм

19… йилнинг биринчи сентябрида у биринчи синфга чиқди. Ёши етмайди, дея мактаб мудираси унимактабдан ҳайдаб юборди. У эртаси куни отасини бошлаб борди. Пора беролмагач, жаврашлар ҳавога учди. Мудира, “Ўғлингиз ноябр ойида туғилган. Октябрда туғилганда ҳам иложи бор эди”, деб сўзида туриб олди. Ҳолбуки, ундан кейин туғилганлар ҳам ўқиётгандилар. Шунда, Баҳром амакиваччаси Аъзамга қўшилиб, мактабга қатнашни канда этмади. У синфдаги зеҳнли ўқувчилардан бири эди. Қобилиятини сезган Сайфи муаллим уни олиб қолишга кўп бора уринди. Ёш ўқитувчининг сўзини инобатга олмаган мудира, ҳар сафар партадан турғазиб, уни дарсдан чиқариб ҳайдарди.

Ёши катта бўлса ҳам, ўзидан икки-уч ёш кичик болалар билан бешинчи синфда ўқийдиган Кимсан исмли ақли ноқис бола бор эди. Бурнида гапиргани учун уни “Кимсан манқа”, деб чақиришарди. Унинг икки акаси ўқитувчи эди. Ўндан ортиқ жиянлари шу мактабга қатнардилар. Уларни пуштипаноҳи деб биладиган Кимсан манқаҳар хил шўхликлар ўйлаб топишга устаси фаранг эди.  У паст синф болаларининг иштонини тортарди. Ҳўвиртига сув олиб юқори синфда ўқийдиганларнинг юзига сув сачратиб қочарди. Ўқитувчиларнинг қувватлаши унинг ҳазил-мазахини зўровонликка айлантирарди. Бир гал танаффусда Кимсан манқанинг эски қилиғи қўзиб, иштон тушира бошлади. У пайтларда болалар иштонлари тагидан турси киймасдилар. Шолвор тортилса, оёқ юзига тушарди. Ярим бели очилган бола қулоқларигача қизарарди. Ўқитувчилар бу бемаъни ўйинга чек қўйиш ўрнига, қотиб-қотиб кулардилар. Шолвори тушишидан ҳайиқадиган Баҳром кафтига тош қисиб юрарди. Тўрт томонга тирқираб кетганболаларни кўрган Кимсан манқа бу гал унга ҳамла қилди. Нима қиларини билмаган Баҳром тош билан унинг бошига солди. У ерга ағдарилиб, боши ёрилди. Ўқитувчилар қўлтиғидан тиклаб, унинг қонини ювдилар. Ҳаш-паш дегунча пайдо бўлган манқанинг жиянлари Баҳромга ёпирилдилар.

Баҳром синфга қочиб кирганда, Сайфи муаллим қанотларини кериб, эшик оғзини беркитиб турди. Кимё ўқитувчиси Ҳайдар Қурбон бўғинидан теша чопган яримта бармоғини кекирдагига сихаб, “Ҳамрохон Қурбоннинг ўғли, бошингни оламан, сени қаматаман!”, деди. Ўқитувчиларнинг таҳдидлари беш дақиқада беш марта такрорланди. Охирида келган Гупбон Олти Сайфи муаллимга, “Қассобчани бошлиқнинг олдига олиб чиқаркансан”, дея орқасига қайтиб кетди. Сайфи муаллим Баҳромга, “Сумкангни ол, ҳеч нарсанг қолмасин,”деркан, уни орқа эшикдан кўчага бошлади. Чиқиб, у ёқ-бу ёққа боқаркан, “Хафа бўлма, бир кун келади, олим бўласан. Ҳозир тўғри уйингга бор. Катта йўлдан юрма, тутзор ичидан кет, кейинги йил келасан”, деди. Қўрқувдан дағ-дағ титраган Баҳром Сайфи муаллимнинг кўзларида икки томчи ёш кўрди.

Унинг, “Катта йўлдан юрма, тутзор ичидан кет”, деган сўзида жон бор эди. Катта йўл ёқасида Кимсан манқанинг қариндошлари яшардилар. Тутзор ичидан беркиниб уйига йўл олган Баҳром ўн беш дақиқалик йўлнибир ярим соатда босиб ўтди. Усти-боши лойга беланди. Терлаб-пишганидан кийими жиққа ҳўл бўлди. Излаб мактабга уч марта бориб келган онаси ўғлини кўрганда унга қучоғини очиб югурди. У ҳам сумкасини ташлаб, ўзини онаси бағрига отди. Онаси кўксига босиб, юз-кўзларидан ўпаркан, кўзларидан ёш тўкиб:

– Қуриб кетсин ўша мактаби! – деди. – Китоб кўрмаган Норвой Позил ҳаммадан яхши яшайди. Ўқиганлар ўз бошлари билан ўзлари қай[1]. Тузукмисан, болажоним, сени ҳеч ким урмадими?

Ситамларга тиш қисган Баҳром онасининг меҳридан ийиб, йиғлаб юборди.

– Онажон, энди мактабга бормайманми? – дедию сўнгра дамини ичига ютди.

Кўйлаги енги билан кўзёшларини сидирган она ўғлининг пешонасидан ўпди.

– Нимага бормас экансан, кейинки йил албатта борасан! – деди.

– Тингқиева мактабга қўймаса-чи?

– У узунтўймас, қисир байтални боғлаб қўйишмагандир. Кетмаса, бошқа мактабга борасан!

 Фаришталар омин деган эканми, у ишдан кетиб, Гулмат Чўлли мудир бўлди. Бир йил ўтиб, Баҳром биринчи синфга борди.

Кимсан манқа боши ёрилгач, қайтиб мактабга қадам босмади. У ҳалигача Баҳромни кўрса:

– Бошимни ёриб, йиққан билимларимни тупроққа қординг. Бўлмаганда, Лениндан ҳам зўр одам бўлардим!– деб қўяди…

Унинг ёди-ҳаёли Катяда эди. Тўшагига чўзиларкан, ёстиқни қучиб, “Катя”, “Катя”лаб алаҳсирарди. Ҳамхоналари йўқлиги хоҳлаганча алжирашига имкон берарди. Улар бўлганида, жиғига теккан бўлардилар, устидан кулардилар.

Уйғонгач, муздай сувда юз-қўлларини ювиб, қайтиб каравотга чўзилди. Баданидаги чарчоқ илгаригиларигаўхшамасди. Аллақандай ланжлик афюндай руҳини юмшатиб, танасини яйратаётганди. Тунда рўй берган ғаройиб ишлар хусусида ўйларкан, хаёллар оғушига шўнғиди, тафаккур этиб, муаммолар гирдобига ғарқ бўлди. У китоб ўқишдан чарчаса, кўча айлангани чиқарди. Себзордан Паркент бозоригача пиёда борадиган кунлари бўларди. Бозор орқасидаги кўчада мактабда ёнма-ён ўқиган синфдош қизи ижарада турарди. У Театр ва Рассомчилик институтида иккинчи босқичда ўқирди. Исми Котиба эди. У мактабдаги энг гўзал қиз эди. Ошиқлари сон-саноқсизэди. Баҳром ҳам уни ғойибона севарди. Ўқиган китоблари қаҳрамонлари – гўзал малаклар қиёфасини унинг сиймосида кўрарди. Ҳар бир варақда унинг суврати жонланарди. Ўқувчилик чоғларида, ҳар танаффусда у билан китоб алмашардилар. Китоб алмашиш, бола баҳона, дийдор ғанимат, деганларидек, бир сабаб эди. Юқорисинфларда ўқийдиган ошиқларнинг Баҳромни отишга ўқи, кўришга кўзи йўқ эди. Уни пана-пастқамда ушласалар, таъзирини берардилар. У бундан ҳеч қачонда хафа бўлмасди. Акси, ўзини қаҳрамон ҳисобларди. Котиба билан бўлиб ўтган икки-уч оғиз суҳбатни эслаб, ҳаммасини унутиб, ширин хаёллар оғушида хурсанд юраверарди.

Қиз институтга киргач, имтиҳонлардан ўта олмаган Баҳром қишлоққа қайтди. Орадан бир йил ўтиб, у ҳам кечки бўлимга ўқишга кирди. Унинг биринчи иши Котиба билан алоқа боғлаш бўлди. Уни дарсга кузатиш ва кутиб олиш севимли машғулотига айланди. Севги мактублари йўллаган Баҳром бирор марта қиздан жавоб ололмаганди. Баробарида, юзма-юз туриб севгисини изҳор этишга ҳам ботинолмасди. Уйдан юрагини тўкишилинжида чиқса ҳам, унинг шаҳло кўзларига кўзлари тушиши билан ўзини йўқотарди. Бошқа бир мавзу ҳақида суҳбат бошланмагунча, бирга қадам ташлаб, жим бораверарди. Аҳволни ҳис этган Котиба сукутни бузиш учун бир нима сўрар, у давом эттирарди. Гап, асосан, синфдошлар ёхуд қишлоқдошлар хусусида бўлиши мумкин эди. Бу ҳол Баҳром Катяни учратган кунга қадар давом этди.

Катянинг сўзларига қараганда, у Баҳром билан Котибани бир ойдан буён кузатарди. Бир кун Котибани метрога кузатган Баҳром Пушкин майдонига қайтиб келади. Дугоналари билан мактабдан қайтаётган Катя, уйига бориб, кийимларини алмаштириб, қайганида ҳам у ўтирган бўлади. Ярим соат ўтгач, Баҳром ўрнидан туриб, Дархон томонга юради. Катя билинтирмасдан орқасидан тушади. Сквергача изма-из юриб боради. Чорбоғдаги азим дарахтларни кузатаётган Баҳромнинг дарахтлар билан зимдан сўзлашаётганига шубҳа қилмайди. Катянинг кўзларига дарахтлар жонлидай кўрина бошлайди. Оппоқ бўлиб, осмонда сузиб юрган булутларга човут солаётган забардаст дарахтларга ҳаваси келади. Чорбоғни айланган Баҳром Зарафшон ресторани ёнидан кесиб, Ленинмайдонига ўтади. Бўзсувнинг бўйига бориб, чимга ёнбошлайди. Шу туришда бир соатдан зиёд сувга термулади. Ҳукмрон куз ҳар нарсага муҳрини босганди. Унинг салтанатида умргузаронлик этаётган дарахтлар битта-яримта сарғайган япроқларини бандидан узиб учираётган елларга асир эди. У кутилмаганда ўрнидан туриб, уст-бошини қоқади. Сўнгра Ўрда томонга кета бошлайди…

Бу гаплар Катянинг оғзидан чиққани ҳисобга олинса, анчайин ғалати эди. Ҳар жиҳатдан таъминланган, олий табақадан бўлган сулув бир қизнинг уй-жойсиз, қайси муҳитда тарбия топгани номаълум қишлоқи бирйигитда қанақа эҳтиёжи бўлиши мумкин эди? Устига-устак, у рус эмасди…

 Баҳромнинг хуморини қўнғироқ овози – парқу ёстиқ сингари путратиб юборди. Қаймоқлаган уйқудан уйғонган кимса каби ғазаби қўзиган Баҳром, туришга эриниб, зарда билан ўтирган ўрнида:

– Ким? – дея бақирганда, эшик орқасидан:

– Мен! – деган овоз эшитилди.

– Сен кимсан? Жинмисан, ажинамисан, девмисан, паримисан? – дея у бориб, эшикни очди.

Табиатан шўх Аъзам, кириши билан:

– Чўнтагида ҳемири йўқ, буғдойи бор, кўмири йўқ, пиёзпўстидан қорни, емоққа йўқ бир нони, манманликда Искандар, битлиқи бир қаландар, ўтда куймас самандар, шўрвага ботмас ўпка, ҳовури йўқ бир тўнка Аъзамшоҳбўламан. Жинини жилпанглатаман, девини қилпанглатаман! – дея жавоб берди.

Каравотга қайтиб ўтирган Баҳром қулоқларини тиқиб:

– Етади, бас! – деди.

Чироқни ёққан Аъзам ундан:

– Сенга нима бўлди? Рангинг на бунча оқариб кетибди! – деб сўради.

– Йўғ-э! – дея Баҳром кўзгуга боқди.

– Ҳеч қаеринг оғриётгани йўқми?

– Йўқ!

 Катяни эслагач, унинг юраги ўйноқлади. Аъзам билан апил-тапил нонушта этиб, кийиниб, дафтарини қўлига қистирди-да:

– Дарсга кетдим! – дея кўчага чиқди. У барча фанлар учун битта умумий дафтар кўтарарди.

Соат ҳали ўн олтига ҳам бонг урмаганди. Дарс бошланишига уч соат вақт бор эди. Кўкалдошга етиб бормасдан, феъли айниди. Оёқлари тескарига босди. Навоий кўчасидаги савдо расталари баробарига етганда, тўхтади. Кўчага қўйилган стол бўйидаги курсига ўтирди.

– Нима буюрасиз, болам? – деди тепасига келган дастёр аёл.

– Нима бор ўзи?

– Чучувара, лағмон, қовурма лағмон, манпар, нон, чой!

Қорни чала-ярим бўлса-да, у иштаҳаси йўқлигини эслади.

– Бир чойнак кўк чой билан тўрт-бешта оққанд олиб келинг. Бошқа нарса керак бўлса, яна айтарман!

– Оққанд йўқ эди, парварда бўлса ҳам бўлаверадими, болам?

– Бўлаверади!

Парвардадан тишлаб, кўк чой ичгач, унинг ақли-ҳуши тиниққандай бўлди. Кўзларида чаплашган дунё ранг касб этиб, ҳар нарсани ўз тусида кўра бошлади. Энди у ўйламасдан босган ҳар қадами учун эрта бир кун товон тўлаши мумкинлигини ҳис этарди. Ақл тарозисида содир бўлган воқеаларни ўлчаса, у юрак-юрагидан севадиганКотибасига хиёнат қилаётганди. На китобларда, на кинофилмларда рўй бермайдиган бу иш унинг  учун янги муаммолар туғдираётганди. Нотаниш қизнинг умрида кўрмаган одами билан дабдурустдан қовушиши энди йигит учун эриш туюла бошлаганди. Бу на афсоналарда, на эртакларда учрарди. Суюқоёқлар ҳам биринчи учрашганкимсаларига дарров ноз-фироқ этмасдилар…

Шу кабиларни ўйлаган Баҳром, Котибанинг кўзига қандай қарайман, деб ўртана бошлади. Хиёнати унга тошбақага нишини санчган чаён хиёнатидан ҳам мудҳиш туюлди. Тўдадан ҳайдалган қари арслон олдида кучлисига оёқларини кўтарган урғочи арслон қилмишидан ҳам хунук кўринди. У учун осон йўл, содир бўлган ҳодисаларни иккига бўлиб, бир томонда туриб холисона ўрганиш эди. Кейин ҳақ деб топган соҳилига сузиб чиқарди. Шу йўл билан ўзини тарозининг палласидай сараклашдан қутқариб қоларди. Мураккаб шароитда, вазият милига қараб созланадиган бу феъл-атвор, миллатдошлари сингари унга ҳам она сути билан ўтганди. Бузуқ соатга ўхшаб, вақт билан иш битмайдиган бундай ҳолатда, ҳар қандай одам ўзини милтиқ ўқидек тўғри ва ҳолис,деб даъво этишини билмасди. Пировардида, у Котибани ихтиёр этди. Биринчи учрашган кимсасига измини берган Катяга ишониш қийин, зарурият туғилганда у билан қовушса бўлади, деб ўйлади. Бу фикрлар унинг даъвоси ортидан бош кўтараётган мавҳум иддаолари эди. Бироқ у Катянинг иффатидан лолазорга айланган чойшабникўзлари олдига келтирмасди.

У чинни чойнакдаги чойнинг охирини пиёлага қуяркан, иккинчи сменада ўқийдиган Котибанинг дарсдан чиқишини пойлашга қарор берди. Мабодо, Катя дея оёқлари измига бўйсунмаганда ҳам, ўзини қайириб олишга аҳд боғлади. Қалбини садоқат туйғулари ишғол этгач, Котибанинг кўзларига жим термулиб, ич-ичидан узр сўраш иштиёқида ёнди. Режалари олижаноблик хислатлари бўлиб туюла бошлади.

Отаси билан онаси тушдан кейин Москвадан учиб келишини айтган Катя билан шанба соат ўн бешда,Пушкин ҳайкали ёнида учрашамиз, дея аҳдлашгандилар. Энди унинг қалбида илиқ туйғулардан асар ҳам қолмади. У ҳеч бир сабабсиз тўнини тескари кийиб олди. Ислом дини аҳкомлари назарда тутилса, у энди зинокор бўлганди. Ўзи ихтиёр этмаса, уни Катя мажбурлай олмасди. Қилғилиқни қилиб, ўзини сипойи тутиш– қўлидан иш келмайдиганларнинг сохтакорлик қуроли эди. Илоҳий лаззат бағишлаган ҳурлиқони бошга кўтариш ўрнига кибр-ҳавога берилиб, жаҳолат қурбонига айлантириш тубанлик эканини у билганда эди, бошқача тафаккур этган бўларди. Котибага Катядан ташқарида меҳри-садоқат кўрсатганда ҳам, унинг асакаси кетмасди.

[1] Қай – овора, аралаш-қуралаш, алғов -далғов.

(давоми бор)