Балолар кутмаганда ёпирилди

Балолар кутмаганда ёпирилди
79 views
20 August 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

9-қисм

У Котибанинг дарсдан чиқишини кўп пойламади. Ўн дақиқа кечикканда у кетиб қоларди. Қиз босқичдошлари билан суҳбатлашиб, унинг ёнидан ўтаркан, йигит уни бекатгача орқасидан кузатиб борди. Атрофидаги қизлар билан солиштирганда у ҳурлиқо эди. Унинг ол ёноғида сўнаётган қуёш жилвалари ўйнарди. Лаблари устидаги билинар-билинмас хаттини кўз олдига келтирса, улар Баҳромга сархушлик бағишларди. Дугоналаридан ажралган қиз автобус бекатида тўхтади.

– Салом, Котиба, дарсдан қайтяпсанми? – деди у.

Уни кутмаган қизнинг шоҳиста қошлари чимирилди.

– Нима қилиб юрипсан, дарсга бормадингми? – дея ажабланди.

У одатига хилоф бир ўктамлик билан қизга:

– Сени кўргим келди! – деди.

Ундан бунақа гап эшитмаган қиз бироз довдиради.

– Бор, дарсга кечикасан!

– Сени кўргим келди. Нимага тушунмайсан?

Унинг шашти баланд эди. Қиз ҳаяжондан киприкларини пирпиратди.

– Автобус келди, кетаман! – дея олди холос.

Баҳром унинг ортидан автобусга чиқди. Манзилга етгунча улар сўзлашмадилар.

– Тинчликми, мендан хафа эмасмисан? – дея сўради Баҳром.

– Йўқ, нима учун хафа бўлишим керак? – дея жавоб қайтарди ерга боққанча қиз.

Унинг овозида титроқ сезган Баҳром ўзида ўктамлик туйди.

– Ундай бўлса, секинроқ юр. Сен билан суҳбатлашгим келяпти. Ўша хонангга борасан-да! – деди.

 Кинога зўрға таклиф этадиган тортинчоқ бир йигитчанинг бир кунда ўзгариб қолганидан қиз таажжубда эди.

– Тез юраётганим йўқ, гапиравер, эшитяпман! – деди у.

Баҳром ҳақиқатан бир кечада ўн йилларга улғайганди. Қалби Катянинг сандонида тобланиб, қарашлари ўктамлашганди. Пўлатдай пишгач, руҳи кескир қиличдек шайланиб, висол қонинини ичишга чанқоқ эди. Улар ўзгаришни сезаётган бўлсалар ҳам, лабларни лабларга жуфтлаш учун журъат тополмасдилар. Борлиққа ёйилган тун пардаси ортидан уларга минглаб кўзлар қараб тургандек эди. Йигитнинг пала-партиш сўзларини ерга боқиб тинглаётган қиз, иш охири нима билан тугашини билолмай ҳайрон эди. У энди ўзини чиндан севадиган бир кимсанинг ёруғ дунёда борлигига ишонарди. Шу учун ҳам Баҳромнинг жонсараклиги – гулдан-гулга қўниб-учган боларидай кўзларига жозибали кўринганди. У бирор марта бўса бермаган лабларини яшириқча тишлаб, намларкан, эҳтирослардан юраги қовжирарди. Бариси қизариб кетаётган ёноқларидан билиниб турарди. Унинг қадамлари тезлашаётганидан безовта Баҳром, бўса ололмасам шарманда бўламан, деган хаёлда, унга яқинлаша бошлади. У ўттиз-қирқ қадам наридаги улкан дарахтни мўлжалга олгач, “дарахга етмасдан ўпаман”, дея ўзига сўз берди. Аммо бир неча марта мўлжалга олинган дарахтлар ортда қолди. Турар жойига яқинлашган қиз, хайирлашиш учун қўл чўзганда, йигит уни бағрига тортди. Юлқинган қиз, сумкасини юзларига босганча, югуриб эшикдан кириб кетди. Бир нимага лаблари текканини эслаган Баҳром, ортига қайтаркан, йўл бўйи ўйлаб, нима бўлганини тушунмади…

У ярим тунгача ухлай олмади. Нималар рўй бераётганига фаҳми етмай, боши қотти. Котиба билан ораларида кечган нарсани, нима деб аташликни билмасди. Мулоқотлари номсиз ва вужудсиз эди. У хижолат ичида қолди, неча йиллик орзуси инқирозга учраганди. У изтиробда, қаттиқ азобда эди, ҳар сафар надомат туйганида, нафасидан ўт чиқарди.

Кўзлари очилганда, у хонада ёлғиз ўзи эди. Ҳамхоналари дарсга кетган эдилар. Пардадан сизаётган қуёш нурлари деворда ўйнарди. У боши остидан дафтарни олгач, юрагида шеър ёзиш иштиёқи туғилди. Қўлига қалам олди. Оппоқ вараққа катта ҳарфларда, “Бўса”, дея сарлавҳа қўйди. Ақлига қулоқ тутса, адашишини ҳис этиб, калби измига кирди, хаёлига келганини ўйламасдан қоғозга туширди. Ёзганларини ўқиди. Аламли ҳисларга тескари ёзилган шеър худбинлик кайфиятини ифодаламасди. У тўғри ўқияпманми, дея қайта бошқадан ёзганига кўз югуртирди.

Бир сўз дедим, оташдай бир сўз,
Ғунча бўлиб лаблар қизарди.
Гўё қуёш чиқиб фалакдан –
Ёноқлардан нурлар сизарди.

Кулиб боқди осмондаги ой,
Маъюсликни қилгандай ханда.
Юлдузларда ўзгача чирой,
Шаҳло кўзлар мафтун этганда.

Жунжиктирар кузнинг шамоли,
Банддан барглар узилиб тушар.
Ҳаприқаман, ҳаприқади у,
Сийнасидан каптарлар учар.

Ўн саккиз йил йўл юрдик ёниб,
Орамизда бир бўсалик жой.
Лаблар лабга етмайди, ҳайҳот,
Етмагандай қуёшга ҳеч ой.

Ердан қалин бир тангалик жой,
Йилларга тенг бўлса бир бўса.
Наҳот, васл боғида ҳижрон –
Дарди ила ошиқлар ўлса…

Шеърни ўқигач, у Катянинг кўзларида мурдага айланишни хоҳламаётган орзусини кўрди. Томоғидан бир кўринмас қўл “хиппа” бўғиб, кўзларидан аччиқ ёш сизди. Қоғоз бетидаги сўзлар Котибанинг шоҳиста қошларидай товланарди. Аммо овоз бегона эди. Унга аталган шеър ўзгага тегишли эди. Ўтган тундаги висол васлати каби шеър ҳам унсиз фарёд домига нақшланганди. Сохта фидокорликка мойиллик бермаган юрак унинг бўғзига келиб, шеър таъсирига тушган кўнгил Катяни тусади. “Борсам, нима бўпти”, деган савол сўзидан қайтганнинг ўзини оқлашига ўхшаш, важ-карсон эди. Қолаверса, қувватини сарфлаган йигитнинг белига куч қайтганди. Илиги тўлиб, кўзларига қон тўлганди, байтални кўрган қозиқдаги айғирдай урниқишни бошлаган шаҳват ўти кўзини кўр, қулоғини кар этганди. Кўзлар Катядан бошқани кўрмасди, қулоқлар ундан бошқасини эшитмасди…

У кийиниб, дарров хонадан чиқди. Такси кира қилди. Пушкин майдонига етиб келганида соат ўн учдан ўтаётганди. У шошарди, вақт имилларди, бетоқатлик учрашувнинг чўзилишига хизмат қиларди. Икки соат у учун икки йилга тенг бўлди. Катя дарсдан чиқиб келади, деган ўй унинг миясига қўрғошиндай ўрнашганди. Катта бир дарахтга суяниб, уч юз қадам наридаги кўприк остидан ўтган пиёдалар йўлагига тикилиб ўтирарди.

– Баҳром, салом! – деган овоз уни даҳшатга солди.

У, орқасида айиқ тургандек, эҳтиёткорлик билан айланди. Катяни кўриши билан илк марта кўришгандаги ҳолатга тушди. Бу қизга ёқиб кетди. Унинг бўйнидан қучиб, лабларига лабларини босди. У ҳам қизнинг лабларидан, қош-кўзларидан ўпди, бўйинларини, сочларини тўйиб-тўйиб ҳидлади. Ишқ сеҳридан оёқларига бош уриб, ўлишга тайёр эди.

Бир оғиз сўз демай, қўлидан ушлаб, уни метрога тортган Катя, бугун кечагидан ҳам юз чандон очилганди.

Метронинг Ленин майдони бекатидан чиққач, улар Бўзсув қирғоқларини сайр эта бошладилар.

–  “Ўтган кунлар” филмини кўрганмисан? – деб сўради Катя.

– Ҳа, кўрганман. “Ўтган кунлар”ни кўрмаган ўзбек қанақасига ўзбек бўлади! – деди у. – Нимага сўраяпсан?

– Менга Кумуш ёқади. Унга ўхшаш келин бўлгим келади. Ўғил туғсам, Отабек, қиз туғсам, Кумушбиби деб исм қўяман.

Кўзлари осмон сингари мовий, қорақайин мевасига ўхшаш қизғиш-қўнғир сочли рус қизидан бу гапни эшитган Баҳром, таққа тўхтаб, унга бир нафас боқиб турди.

– Эй, Тангри! – деди қўлларини осмонга чўзиб. – Жинни-пинни бўлмасам, гўрга эди!

 Бу Катяга ғалати туюлди. Бармоқларини юзига панжара этиб, роса кулди. Баҳромнинг қўлидан рўмолчасини тортиб олиб, кўзёшларини артти.

– Нимадан ҳайрон бўлаяпсан, жиннивой? – сўради қиз.

– Сен рус қизисан! – деди Баҳром. –  Тузум сизларнинг манфаатларингизни кўзлаб иш кўради. Тўғриси, нима учун мени танлаганингга ақлим етмаяпти. Тағин “Ўтган кунлар” романи ҳақида, маданиятли бир ўзбек оиласида тарбия топган қиз каби меҳр-муҳаббат билан гапиришинг жуда қизиқ!

– Мен сен ҳали эшитмаган “Кеча ва кундуз”ни ҳам ўқиганман! – деди у. – “Ўтган кунлар”нинг маҳорат билан ёзилганидан, бошқа миллатлар орасида, севиб ўқилишидан шубҳанг борми ҳали?

Ҳали ўн етти ёшини тўлдирмаган қизнинг бундай пишиқ савол беришини кутмаган Баҳром:

– Ёзувчи истеъдодидан ҳам, китобдан ҳам шубҳам йўқ. Абдулла Қодирий романнависликда янги мактаб очган, дейишади! – деди унга. – Бироқ оддий ўқувчи кўз олдига, Абдулла Қодирий деганда, бугунги ўзбек миллати келади. Мен, ўзбек деганда, дунё халқлари кўзи ўнгига Абдулла Қодирийнинг сиймоси келишини истардим.

Айтганларини эсласа, у ҳанузгача, ҳайрон бўларди. Жавоб замирида шахсга айланган қалбнинг қадр-қиммати бор эди. Аммо ўшанда у бу мақсадда гапирмаганди, шунчаки саволга жавоб қайтарганди.

Катянинг айтишига кўра, у туғилганда отаси Андижон вилоят КГБсида бўлим бошлиғи, онаси шаҳар шифохонсида шифокор бўлиб ишларкан. Уларнинг Туркистонга келганларига икки йил ҳам тўлмаганди. Олти ойлик чақалоқни қўшни аёлга қолдириб, ишга чиққан она, дам олиш кунларидан ташқари, ишдан бўшаган пайтларидагина қизи билан бирга бўларди. Кўпинча эрта ухлайдиган Катя тўрт-беш кунлаб онасини кўрмасди. Отасини эса, ойлаб кўрмаган дамларини эслайди. Уй юмушларидан тортиб бола парваришигача бўлган жараёнларни амалга оширадиган қўшни аёл оқила тарбиячи ҳам эди. Буни илғаган Катяни ота-онаси қизларини унинг тарбиясига топширадилар. Боғчадан шу тузукроқ кўринади. У пайтларда оқсоч ёллаш Совет ғояларига зид келарди. Шунинг учун барча ишлар енг ичида битирилади. Оқсоч аёл адабиёт ва санъатни жони-дилидан севган бир диндорнинг бошланғич таълим-тарбияни яхши эгаллаган қизи эди. Отаси мустақил фикрга эга зиёлилар қатоғонга учраган ўттизинчи йилларда, Чўлпон билан қамалгач, дом-дараксиз кетганди. Оиласи тақдиридан хавфсираган диндорнинг хотини, қариндошларига эргашиб, икки боласи билан олис Русияга қочиб кетади. Ва ўша ёқларда олтмишинчи йилларгача қолади. У замонларда ўзбеклар учун Туркистондан кўра Русия хавфсиз минтақа эди. Оиласи Андижонга қайтганда ёши қирқни қоралаган аёл ҳали турмушга чиқмаганди. У рус тилида ўзбек тилидаги сингари бурро ва чиройли гапирарди. Коммунистлар тили билан айтганда, у октябр инқилоби шарофати билан озодликка эришиб, коммунизм ғояларидан нур эмган замонавий ўзбек аёли эди. Меҳнат дафтарчасида йигирма йилдан ортиқ Русиядаги завод-фабрикаларда ишлагани қайд этилганди. Шунинг учун уни жиддий суриштирувларсиз, КГБ идорасига фаррошликка қабул этадилар ва бир хонали уй берадилар. Ёшлигида кўп сарсон-саргардонликларни бошидан кечирган аёл, бир неча йил ишлагач, касалланиб, ногиронлик нафақасига чиқарилади. Москвадан ишга келган ёш оила, КГБ идорасидан қўшни аёл ҳақида яхши маълумот олгач, улар орасида қўшничилик алоқалари мустаҳкамлана боради. Ёш оила аввалида қўшни аёлга уй калитини ташлаб кетади. Кейин уйни йиғиштириб, кир-чирларни ювишни илтимос этади. Русияда яшаган пайтларида оврупоча таомларни тайёрлашни ўзлаштирган аёл ёш қўшнилар учун турли таомлар пиширади. Бу кабилар маҳаллий миллат вакиллари учун ифтихор эди. Байрамларда, туғилган кунларда мазали таомлардан тановул этган меҳмонлар ўзбек аёлига тасаннолар айтадилар. Ўзаро ишонч ва меҳр-муҳаббат ришталари кун-кундан мустаҳкамланиб бораверади. Ёлғиз, устига-устак ёши бир жойга бориб қолган аёл Катяга қаттиқ меҳр қўяди. У “Ўтган кунлар”ни ва Чўлпонни ёд биларди. Дарди ичида эди. Унинг Катя тимсолида иккинчи умри бошланади. У қизалоққа ўзбекчалаб аллалар айтади, эртаклар сўйлаб, қўшиқлар куйлайди. Опичлаб, қариндошлариникига олиб боради.

У дамларни соғинишини айтадиган Катянинг яна бир кичик ҳикояси Баҳромни ҳайратга солганди. Катя рус қизи бўлишига қарамасдан, ўзбекчада “Бер!”, деб тил чиқазган экан. Ғазабланган ота-онаси эртаси куни уни рус боғчасига топширади. Катя икки кун тинмасдан йиғлайди. Оғзига кўкрак олмайди. Ичикади. Ўртанган аёл ҳам чуқур қайғуга ботади. Бошини ёстиқдан кўтаролмай, ётиб қолади. Қизалоғига ичи ачиган она чидолмайди. Уни оқсочга келтириб беради. Ҳамма нарса ўз ўрнига тушади. Орадан йиллар ўтади. Катялар оиласи Тошкентга кўчади. Бир ой ўтиб, у оқсочнинг ўлими ҳақида эшитади. Йиғлайди, бўзлайди, неча кунлар ўзига келолмайди…

Баҳром, Котибадан узилгач, Катя билан етти ой бирга бўлди. Ундан аёллар билан муомала маданиятини ўзлаштирди. Умумий қадрятлардан ташқари, эркак ва аёлнинг алоҳида-алоҳида вазифалари борлигини англади. Бу вазифаларни аралаштирмаслик муҳимлигини тушунди.

У Катя билан илк қовушушганидан кейин, уларникига оёқ босмади. Ҳеч кимга билдирмасдан, ижарадаги уйида учрашиб юрди. Шаҳар кезиб, суҳбатлар қурди, ундан “Ўтган кунлар”ни қайта ўрганди. Умрида номларини эшитмаган Гаспринский, Беҳбудий, Авлоний, Маржоний, Фитрат, Чўлпон сингари қанчадан-қанча алломалар ҳақида билди ва маълумотлар йиғди. Мустақиллик эълон этилгандан сўнг ҳам ундан эшитганларини бировдан эшитмади.

Маърузани суядиган Озод Шарафиддинов унинг юздан бирини сўйламасди. Бундан мустасно, Бегали Қосимовни ҳеч ким тингламасди, миллат уни танишга тайёр эмасди. Исмоилбек Гаспринскийнинг “Ҳаёт ва мамот масаласи” китобига Бегали Қосимов ёзган сўзбошига Озод Шарафиддиновнинг бутун ижодини сотиб олса арзирди. Унинг Бегали Қосимов тўғрисида  “охирги жадид” деб берган таърифи олим ижодининг чўққиси эди. Бироқ унинг қайси маънода айтганини ҳеч ким билмасди. Унинг руҳиятидан келиб чиқиб, биринчи маъно англашилса, Туркистон ўларди, жадидлар изсиз йўқолардилар. Қиёси бўлса, учқундан аланга оларди… Бу Озод Шарафиддиновнинг руҳиятига тескари эди…

Мактаб ўқувчиси бўлган ўн етти яшар қизчанинг ақл-заковатига Баҳром қойил қоларди. Ҳалигачаям унинг ўзини танлаганига ақли етмасди. Жумбоқ қаршисида лол эди, забун эди. Бу ишларни айтса, биров ишонмасди. Устидан куларди, уни мазахларди. Бари тушда кечганди, эси жойида одам тушини сўзламасди…

 Баҳром, Катянинг муҳаббати оловида пишгач, Котиба билан ўртасидаги муносабат хомлигини англади. Ўшандан сўнгра уни йўқлаб бормади. Бу марднинг иши эмаслигини билса-да, кескин йўл тутди. Ўзини ҳам, уни ҳам алдашни хоҳламасди. Унинг кўзлари очилганди, у қайтадан туғилганди. Бошқа бир рангин дунёга кириб қолгач, билиб-туриб, икки қайиқнинг бошини ушласа ғарқ бўларди, умрларга хиёнат бўларди…

Аммо Катяга ҳеч бир қийинчиликларсиз эришганини эслаганда, хаёллари чалкашарди. Суюқоёқ эмасмикан, деб ҳар турли гумонга борарди. Ҳислар асабларини эговларди, рашк руҳини ари бўлиб чақарди. Ундан кечиш ҳақида ўйласа, даҳшатга тушарди, ҳушидан жудо бўлган одам сингари сўзламасдан тутақарди. У Катяни севиб қолганди, усиз дунё зиндон, ҳаёт зимистон эди.

У ўша йилнинг 19 майида Қоратутга кўчиб ўтди. Бу Катянинг хавфсизлиги учун эди. Улар турмуш қурмоқчи эдилар. У ижарага олган уйини Катяга сюрприз этмоқчи эди. Шу куни дарсга келаётиб, кираверишда ўзини кутиб турган отасини кўрди. Отасининг рангида ранг қолмаганди. Ҳарбий комиссариятдагилар ўғлини топиб келиши учун унга муҳлат бергандилар. У, ўғли йўлга чиқмаса, Қоракўлга боролмаслигини айтиб, икки оёғини бир этикка тиқиб олди. Баҳром паспорти билан ҳарбий гувоҳномаси Тошкентда ҳисобда туришини, уларга алоқаси йўқлигини тушунтирмоқчи бўлиб, жон фидо этганига парво этмади. Иложи қолмагач, у кўчган жойига қайтиб, зарур буюмларини олди-да, қайтиб келишига ишониб, отаси билан жўнаб кетди. Искандар билан Аъзам унинг кетганидан бехабар қолдилар. Улар кўчган жойини билмасдилар. У ҳеч бирига улгурмади, барчаси бирдан келди, балолар кутмаганда ёпирилди. Катя хусусида у ўйламади ҳам. Қайтмаслигини билмасди. Билганда эди, шунчаки отасига эргашиб кетавермасди.

Комиссарият бошлиғи ҳужжатларини очиб ҳам кўрмади. Қўлидан ситиб олиб, деразадан ташқарига улоқтирди. Уни Одессага жўнаётган гуруҳга қўшиб, вагонга тиқдилар. У Катянинг фироғида ёниб, икки йил мажбурий хизмат ўтади. Уни ўйламаган, ўйлаб юрагидан йиғламаган кунлари йўқ эди. Ҳарбий хизматдан қайтиб, у институтга борди. Котибиятдаги Дилнура исмли босқичдоши икки йил олдин уни излаб бир рус қизи келганини, дарагини тополмагач, йиғлаб-йиғлаб кетганини айтди. У, Катяникига йўл олди. У уйда бошқа бировлар яшаётганди. Суриштирганлари бекор кетди, қўшнилар ҳеч нарса билмасликларини айтдилар.

Орзулар, аҳди-паймонлар бесамар кетди. Барчаси поёнига етди. Ойлар, йиллар карвони ўтаверди, ўтаверди. Орадан йигирма беш йил кечди…

(давоми бор)