Мундирли кимсалар ичингдагини уқаётгандай, кўзларингга ғўддаярдилар

Мундирли кимсалар ичингдагини уқаётгандай, кўзларингга ғўддаярдилар
115 views
21 August 2017 - 8:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

10-қисм

Бешинчи бўлим

Хотини оёғи куйган товуқдай уни кўчага излаб чиққанди. Эрини у узоқдан таниди. Ҳар замонда бир кўринадиган кирачиларни айтмаса, катта кўчада зоғ ҳам кўринмасди.

– Дадаси, индамай чиқиб кетипсиз! – деди у яқин қолганда. – Роса хавотир олдик. Бир оғиз огоҳлантирганингизда, осмон узилиб ерга тушмасди.

– Пиёда шаҳар айланишимни биласан-ку. Ётиб ухламайсанми? – деди у. – Нимамдан хавотир оласан?

– Соткангизни ҳам уйда қолдирипсиз. Бутун бошли бир одам ўз-ўзидан йўқолиб қолса, ухлаб бўладими?Нима, бизларни ғами йўқ тўнка, деб ўйлаяпсизми? Болалар ухламай кутиб ўтирипдилар!

Хотини аразини ҳазил билан аритмоқчи бўлган Баҳром:

– Тўнка эмассан, танасан! – деди. – Совуқни ҳам, иссиқни ҳам, қорни ҳам, ёмғирни ҳам, эрингнинг ёнингдан узоқлашганини ҳам, яқинлашганини ҳам сезадиган жонли танасан. Ўзингни тўнка деб ҳақорат қилганинг тузук эмас.

– Сизнинг тана деганингиз тузукми? Сўқимга боқилаётган буқача эканман-да?

Хотини бундай дейишини хаёлига ҳам келтирмаган Баҳром қошларини кериб, кулиб юборди.

– Буқача мен, сен ғунажинсан!

– Ҳазилларингиз бирам қўпол, бирам қўпол, кўнглига тегади деб ҳам ўйламайсиз! – деган хотин эрининг билагидан қўлини тортиб олди.

– Нима, гапим ёлғонми?

– Сиз буқача бўлаверинг, мен ғунажин эмасман! – деди у қовоқ уйиб.

– Мен буқача бўлсам, сен ўз-ўзидан ғунажин бўлиб қолаверасан!

Ғаши келган хотин:

– Рисоладаги аёл бўлишим учун нима қилишим керак? – дея сўради.

– Мен билан бир тўшакда ётмайсан, бир дастурхонда овқатланмайсан. Ҳар нарсадан безовта бўлиб, оёғи куйган товуқдай кўча бошига чиқмайсан. Тамом, вассалом, бу ёғи осон!

Қовоғи очилган хотини кулиб юборди.

– Бунинг иложи йўқ. Яхшиси, буқачанинг ўзи менинг тўшагимда ётмагани маъқул. Бутун оиладагиларниовора қилгандан кўра, битта буқачани тийиб қўйган осонроқ!

– Умуман олганда, бизнинг жамиятдаги эр-хотинларнинг буқача билан ғунажиндан қанақа фарқланадиган жиҳатлари бўлиши мумкин? – сўради Баҳром. – Ҳар икки томоннинг ҳам еб-ичиш ва иссиқ-совуқдан ихоталанишдан бошқа ғам-ташвиши йўқ. Икки томон учун ҳам тонглар отиб, кунлар ботса, бўлгани. Икки томоннинг ҳам таълим-тарбиясида катта тафовут қолмаган. Икки томоннинг ҳам Яратганни эсидан чиқарганига йиллар ўтган…

– Тавба! Ҳазиллашяпсиз, десам, ростакамига ўзингизни буқачаман, деб ҳисоблаяпсизми?

Мавзунинг ортиқ чуқурлашишини истамаган Баҳром вазиятни юмшатиш учун:

– Жинни, одамдан буқача чиққанини ким кўрипди шу чоққача? – деди. – Тана, деганда, дарахт ғўласини назарда тутгандим. Сени тўнкамас, дарахт танасисан, демоқчи эдим. Сен одамнинг етти ухлаб тушига кирмайдиган гапни гапирганингдан кейин, ҳазиллашгим келди!

– Яна мен айбдор! – деди эрини нафас чиқармасдан тинглаган хотин. – Тағин товуқ мия демаганингизгашукур. Яхшиси, одамлигимча қолганим дуруст. Менга бугундан бошлаб ақлга сиғмайдиган гапларингизнигапирманг. Қуёнча, буқача, ғунажин, миясиз товуқ деган сўзларни эшитсам, ғашим келадиган бўлган. Қуриб кетсин ўша ҳайвонлар!

– Бир оғиз сўзингиз, ширинсухан тўтим! – дея Баҳром хотинини елкасидан қучоқлаб, ўзига торди.

– Ҳайвонларни номини ишлатмаса, бўлмас эканми? – деди хотин эриб кетиб. – Қайсарлик қилмасдан,маликам, дилбарим, дилоромим, денг. Оғзингиздан бир-икки оғиз ширин сўз чиқса, охирзамон бўлмас!

– Тушундим, булбулигўём, ҳаккага ўхшаб кўп жаврама. Ювиниб чиққач, яхши гапларни кўрпанинг тагида,қулоғингга айтаман!

– Индамай чиқиб кетганим учун барчадан узр сўрайман! – деди Баҳром эшикдан кирибоқ болаларига. –Бунақанги номаъқул иш иккинчи даъфа содир қилинмайди, дея намунали ота сифатида сўз бераман. Яхши ётиб туринглар, тушларингизда ҳазрати пайғамбаримизни кўринглар!

У тонгда кеча ўзини Нозима Мунис телефонда қидирганини эшитди. Аммо унга қўнғироқ қилмади. Зарур бўлса, ўзи топади, деб ўйлади. Қоракўл, сўнгра Олмаота билан боғланиб, таниш-билишларидан ҳол-аҳвол сўради. Кейин, жавон титиб, мутолаа учун китоб танлай олмай турганда, эшик қўнғироғи чалинди.

Хотини бориб эшикни очганда, Нозима Муниснинг:

– Ассалом, келин! Яхши ўтирипсизларми? Баҳром уйдами? – деган товуши қулоғига чалинди.

–  Кираверинг, уйдаман! – деди у.

Нозима Мунис кеча уззукун қидириб уни тополмаганини, Саидмат Соттининг ишлар орқага сурилаётганидан жуда безовта эканини айтди.

– Бухорога жўнаб кетмасангиз бўлмайди! – деди у.

– Бирга бормоқчи эдик-ку! – деган саволга:

– Бошимда бир муаммом бор, бир ёқлик қилмасам, Тошкентдан кетолмайман. Сиз бориб ишни йўлга қўяверинг, орқангиздан уч-тўрт кунда етиб бораман! – дея жавоб берди.

Унинг шахсий ишига бурин тиқишни истамаган Баҳром суриштириб ўтирмади. Бекорчилик шундай ҳам жонига текканди.

– Майли, қачон жўнаб кетсам бўлади? – сўради у.

Олдига қўшимча ҳужжатлар ва икки юз доллар пул қўйган Нозима Мунис:

– Кечқурунги “Тошкент – Бухоро” поездига чипта олсангиз, тонгда етиб борасиз, – деди. – Ширкатга Бухородан иш излаб келаётганларнинг кети узилмаётганмиш.

Гапидан ширкатга бормаётганини фаҳмлаган Баҳром унинг хилватда Саидмат Сотти билан учрашиб турганини англади. «Паймона» Бухоро шохобчаси бошқарувига у тавсия этган аёлнинг манзилини ёзиб олгач, иш тўғрисида ортиқ гаплашмади.

Тонгда поезддан тушган Баҳромни Бухоро шаҳрида истиқомат қиладиган қишлоқдоши Отақул кутиб олди.У ўрта бўйли, озғин, қорачадан келган қоқчакка бир қурумсоқ киши эди. Ёши Баҳромдан ўн беш ёшлар катта бўлса ҳам, ўзини ёш ва навқирон кўрсатишни суярди. Суяги терисига ёпишган ва арвоҳсифат бўлгани учун у биринчи кўрган кимса юрагида қўрқув қўзғарди. Энсасида қолган беш-ўнта ўрашиб кетган оқ-қора ажинатукини кўрганнинг эти увишиб, оёқ-қўли титраб кетарди. Тешик теридан қараётгандай, милтираб турадиган иккита кўзи қоронғи кечада липиллаётган пиликка ўхшарди.

Баҳром юкхонага буюмларини жойлаштиргач, машинага ўтирди.

– Сизни уринтириб қўйдим! – деди у. – Акамсиз, ҳаддим сиғади, борингизга шукур.

– Албатта, албатта, Баҳромжон! – дея Отақул ийиди. – Қирқ ёшида бахши бўлган охиратда гуринг берармиш. Бир-биримизга шунақа кунда яранмасак, ўлганда яранамизми? Кеча кун бўйи ўқув марказига жой изладим. Ўқитувчилар малакасини ошириш институтида бўш хоналар кўп экан. Нонушта қилиб олайлик, ишни охирига етказамиз.

Уни тинглаётган Баҳром, “Қирқ ёшида бахши бўлган охиратда гуринг берармиш” деган гапнинг гурунгимизга нима алоқаси бор, деб ҳайрон бўларкан, ён томонидан қараб, унинг чаккасига анча-бунча жир битганини кўрди. У Тошкентга борса, Баҳромникида турарди. Унинг мужмал феъли – ўлат излаб кезадиган қузғунларникига ўхшарди. Қаерда сарқит товар бўлса, ҳидлаб  топарди. Бир тийинга қиммат, ўтмас молларнибировларга сиқиштириб, сўнгра бир йилга довур пул терарди. Унинг билан бир марта ош-қатиқ бўлган одам,иккинчи марта уни кўрганда, етти кўча наридан ўтарди.

Тошкентда ақлини таниган Баҳромга Бухоро – Каъбадай муқаддас бўлса-да, бегона эди. Шунинг учун ҳаму Отақулга қўнғироқ қилиб қўйганди. Улар ижарага жой олиш учун келганларида, институт мудири хонасида эди. У тақдим этилган ҳужжатлар билан танишиб чиққач, ўтириб ишлаш учун битта хона бера олишини айтди. Тил ўрганувчиларга дарсхоналар бемалол эди. Соатлар режалаштирилса, муаммо туғилмасди. Ижарага хона берган бўлса ҳам, бошлиқ шартномани расмийлаштиришга шошмаётганди. Афтидан, ширкат фаолиятини ўрганиб чиқишга қарор берганди. Қарорлар ва қонунлар, кези келганда, бир тийинга қиммат бўлишини яхши тушунадиган бу одам, ширкат фаолияти билан танишмаганида ҳам, давлат идоралари масалага қандай муносабат билдиришини билмоқчи эди, шекилли.

Жой масаласи ҳал бўлгач, Баҳром Арофат билан учрашиб, ўқув марказини бошқариш хусусида гаплашиб олди. Нозима Мунис тавсия этган бу аёл чиндан билимли, иш олиб боришга муносиб номзод эди. У инглиз тилидан дарс бериш учун мутахассис топиб қўйганини айтди. Ишлар силлиқ кетаётганди.

Баҳром меҳмонхонада туришга қанча уринмасин, Отақул кўнмади. “Меникида турасиз, бўлмаса Тошкент борганимда, сизникига оёқ босмайман”, деб сўзида туриб олди. Чора қолмагач, у Отақул билан кетди. Бухоронинг Тошкентга нисбатан қуруқ ва иссиқ ҳавоси одамни терлатиб, лоҳас этарди. Айниқса, шўр сувга қонмаган Баҳром учун салқин жой зарур эди.

Эртаси кун ўқув марказига борганларида, Арофат билан инглиз тили ўқитувчиси уларни оқтут тагидаги скамейкада кутиб ўтирардилар. Отақул қоровулдан калитни олиб, ижарага олинган хонанинг қулфини очди. Эшикдан кирган кишининг чоққина жавон, иккита стол ва тўртта курсига кўзи тушарди. Хонанинг ичкари ҳовлига қараган ягона деразасидан тартибга келтирилган боғ кўриниб турарди. Ишкомлардан осилиб турган турли навли узумлар кўзни қувонтирарди, ўрикзорни таги бедазор бўлиб, уч-қироқсиздек туюларди. Боғ ҳудуди бир гектарга етмаса ҳам, қуюқлиги боис, ўттиз-қирқ қадам нарини кўз илғамасди. Институтнинг катта кўчага қараган олдтомонида ҳам дарахтлар ораста эди. Бироқ ичкари билан қиёсланса, бошқа-бошқа манзара касб этарди. Ташқарида кўпроқ оқтутлар соя ташлаганди. Тагларига қўйилган скамейкаларда малака ошириш учун турли туманлардан келган ўқитувчилар ўтириб, салқинда нафас ростлардилар. Тошкент билан Бухоро табиати ўртасидауйғунлик топаман деган одам овора бўларди. Тутлар, ўриклар, бедазор ва томорқа ўша-ўша бўлгани билан, уларруҳиятга бошқа-бошқа таъсир кўрсатардилар. Бухоро ҳавосидан ўпка тўлдириб, олисларга тикилган одам, оғмачи дунёнинг думини қўлига ўраб, измига бўйсундиргандай, ўзини қудратли ҳис этарди. Тошкентда бу фикрларни туя бошлаш билан рўпарадан келаётган одамга шубҳа ортарди. Мундирли кимсалар ичингдагини уқаётгандай, кўзларингга ғўддаярдилар.

Булар бари Баҳромнинг Тошкент шаҳри билан боғлиқ кўп йиллик тажрибаси иниъкоси ёки Бухоро шароитини билмагани учун алдамчи ҳисларнинг аврови эди.

Отақулнинг ахборотлари тўғри чиқди. Уч кун ўтмай, ўттиздан ошиқ ишизловчи ўқув марказини қидириб,топиб келди. Баҳром Нозима Мунисдан, “Арофат ҳар одамдан беш юз АҚШ доллари йиғаверсин. Саидмат Сотти айтди”, деган буйруқ олди. Шундан уч юзи сўмга айлантирилиб, ширкат муҳри билан ҳизбланган дафтарга қайд этиларди. Икки юзи ҳисобдан ташқари йиғилиб, Нозима Мунисга етказилиши жоиз эди. Ҳисобдан ташқари йиғилган пуллар Саидмат Сотти учун эди. Пул йиғиш тартиби Тошкентдаги сингари давом эттирилиб, сўмдаги пуллар ўқиш харажатларига сарфланарди. Ҳисобдан ташқаридагиси Саидмат Соттининг иддаосига кўра, юқори ташкилотлар оғзини мойлаш учун кетарди. Ўқув жараёни тугагунича, бу харажатлардан ташқари, ҳар бир киши кетиш олдидан тўрт минг беш юз доллар тўлаши лозим бўларди.

Ишсизликдан, пулсизликдан тинкаси қуриган одамлар ҳар нарсага тайёр эдилар. Уй-жойларини гаровга қўярдилар, қозиқдаги охирги молларини сотардилар, юқори фоизларда қарз кўтарардилар. Мустақилликдан ҳафсалалари пир бўлгани учун, улар болалари келажагидан ташвишда эдилар. На ширкат, на давлат томонидан кафолатланмаган ҳаракатлардан хатар туйсалар ҳам, кўзларини “чирт” юмиб, олдинга интилардилар. Ҳукумат ўзи чиқарган қонунларга тупурганидан кейин, ширкатларнинг кафолати сариқ чақага арзимаслигини улар яхши англардилар.

(давоми бор)