Бухоро хотиралари

Бухоро хотиралари
30 views
22 August 2017 - 9:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

11-қисм

Орадан беш кун ўтди. Ўттизтадан дасталанган иккита гуруҳда ўқитиш жараёнлари бошланди. Икки гуруҳга битта ўзи дарс бераётган инглиз тили ўқитувчиси зукко ва ғайратли чиқиб қолди. Шиддат билан бошланган жараёнлар хусусида ширкатда илиқ гаплар бўлаётганини Нозима Мунис Баҳромга телефон орқали етказибтурарди. Бунинг таажжубланадиган жойи йўқ эди. Уқувсиз сиёсат туфайли, омма оёғи ердан узилгач, сўқир парвоналар каби нур бўлиб туюлган ҳар нарсага тўш урардилар. Халқ таваккал қилмаса, уларни хонавайрон бўлиш даражасига олиб келган ҳукумат ёрқин келажакни фуқаролар ҳамжиҳатлигида тасаввур этишга ожиз эди. Октябр инқилобидан етмиш йил ўтиб, илк имкон туғилганда, улоқчиларнинг халққа лўлининг эшагича раҳм-шафқати йўқ эди. Даврон гардиши янтоқфурушни подшо этипди, деганларидай, ҳукуматни эгаллаган жоҳилтўдалардан кўра, елкасига тўрва осган тиланчи ўз ишини тузукроқ эпларди.

Ҳафта ўтиб, барини қойиллатган Баҳром учун Бухорода ортиқ иш қолмади. Нозима Муниснинг, “Қайтмай туринг. Ана бордим, мана бордим”и билан ўн беш кун ўтди. Ипсиз боғлангач, у Тошкент каби Бухорони пиёдаайлансам, қандай бўларкан, деб ўйлаб қолди. Отақулга ниятини айтганда, “Яхши ўйлапсиз, Туркистон Маккаси бўлмиш бу шаҳарни зиёрат этганнинг руҳи тозаради”, дея уни қувватлади.

У зиёратни Исмоил Сомоний мақбарасидан бошламоқчи бўлди. Пиёда кезаркан, Бухоро билан боғлиқ болаликдаги хотиралари кўз ўнгида гавдаланди…

…Амакиси дарс берадиган мактаб уйларидан тўрт-беш чақирим келарди. Ўзи ўқийдиган мактаб эса бир ярим-икки чақирим эди. Қишлоқ болалари яқиндаги мактабга қатнардилар. Амакиси жуғрофия-ботаникадан дарс берса-да, бир вақтда ташкилий ишларга ўралашишни яхши кўрарди. Ҳар баҳорда ўқувчиларни Бухоро саёҳатига олиб борарди. Бир гал саёҳатга ўғли Мамир билан Баҳромни ҳам қўшиб олиб кетди. Саёҳат Сомоний мақбарасини зиёрат этишдан бошланди. Ўн икки яшар Баҳром у вақтларда Амир Темур номини эшитмаганди. Сомонийни биларди. Чоллар боши қовушса, уддабурон ва оқил Сомонийни одил, шоҳу гадога тенг ҳукмдорбўлган, дейишарди. Унинг чин мусулмонлиги тўғрисида афсона ва ривоятлар кўп эди. Невараларга чўпчак айтадиган момолар Сомонийдан сўйламасалар, эртакларини ниҳоясига етказмасдилар. У халқ назаридаги ёрқинсиймо эди. Ошкоралик йилларида ўзбек ва тожик зиёлиларининг баъзи қатламлари ўртасида Самарқанд ва Бухорони талашиб, вақтли матбуотда даҳанаки жанглар бошланди. Нафақат Самарқанд ва Бухоро, машҳурлар ҳам ўртада талон эдилар. Сомонийнинг тожиклигини эшитгач, Баҳромнинг ғазаби жўшиб, тожиклар кўзига ёв кўрингандилар. Чунки Сомонийнинг миллати хусусида у илгари эшитмаганди. Кейинроқ англадики, Сомоний замонида на ўзбек, на тожик бўлган экан. Турк-форслар авлодлари бўлмиш ўзбек-тожиклар, аслида, икки тилли битта халқ эканлар. Уларни ажратмоқчи бўлганлар икки халқнинг душманлари эдилар. Баҳром 2003 йилнинг қиш ва баҳор ойларида Душанбеда беш ой бўлди. Унинг тожик-ўзбеклар ва Бухоро, Самарқанд хусусидагитасаввурлари тўзғиб кетди. У тожиклар билан кўп мулоқотлар ўтказди. Уйларида меҳмонда бўлди. Уларнинг сахийлиги ва меҳмондўстлигидан ортиқ жиҳатларини сезмади. Душанбеда уй жиҳозлари жойлашиши, рўзғор буюмлари шакл-шамойили Бухородагидан фарқланмасди. Уларнинг ўтириб-туриши ва таомлари турини кўриб,ўзини Қоракўлда юргандай ҳис этарди. Тошкентдагидан кўра Душанбедаги урф-одатлар, одамларнинг руҳий ҳолатлари унга яқинроқ эди. Бир куни бир жойда ўтирганларида, тожик дўстлари уни Садриддин Айнийнинг ўғли Камол Айний билан таништирдилар. Унинг Бухороданлигини эшитгач, Камол Айний Баҳромга тожикчалаб, “Тожикчада, гапиринг”, деди. У ўзбекчалаб, “Тожикчани озроқ тушунаман. Гапира олмайман”, дея жавоб қайтарди. “Ўзбекчани мен ҳам тушунмайман”, деган Камол Айний русчалаб, “Дунё тожикларининг тил маркази Бухородан бўласизу, нима учун тожикчани билмайсиз”, дея писанда этди. Баҳром ҳам русчалаб, “Садриддин Айний тожиклар баробарида биз ўзбекларнинг ҳам бобомиз. У киши ҳар икки тилда бирдек ёзганлар. Шундай бир зотнинг ўғли бўла туриб, сиз нима учун ўзбек тилини билмайсиз”, деб жавоб қайтарди. Эшитиб, уялган Камол Айний,чўнтагидан карт чиқариб, узатаркан, тожикчалаб, “Уйга бор, жигар, бафуржа гаплашамиз”, деди.

Ўша 2003 йил қишида қаттиқ совуқ бўлди, дегунча, қўшнилар ток ва газни ўчирардилар. Туғруқхонада янги туғилган чақалоқлар музлаганини эшитган Баҳром икки халқ орасида сиёсий ўйинлар намойиш қилишга чиранганлардан нафратланганди. Ички аҳволдан бехабар тожиклар қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган ўзбек халқидан бекорга норози бўлардилар. Тожикистондаги урушлар олови ҳам ўзбекларни қўрқитиш ва аросатда ушлаб туриш учун авж олдирилганди. Ўзбек ҳушёр ва журъатли бўлганда, икки халқ орасидаги маъмурий тўсиқларга ҳожат қолмасди. Тожиклар улоқчилар қўлида талаш бўлмасди. Томонлар мустабидларнинг нафс қурбонига айлангандилар. Мустақиллик йилларида муштарак қадриятларга дарз кетди, Шўролар ҳам икки халқ бирлигига бунчалик рахна сололмагандилар. Тўй-маъракаси ва яхши-ёмон куни бир бу икки халқнинг тарихи ҳам битта эди. Кўҳна Турондаги қадим шаҳарлар, маданиятлар, номи етти иқлимга донг таратган даҳолар ўзга халқлар сингари икки халққа ҳам тааллуқли эди. Ажратадиган нарсанинг ўзи йўқ эди.

Хаёлларга ғарқ бўлган Баҳром, Минораи калонни айланиб, Арк томонга юрди. У кўз тикиб турган жой ўрнида бир замонлар ёдгорликлар билан савдо этадиган киоск бўларди. Ундаги Бухоронинг зиёратгоҳ гўшалари тасвири туширилган расмлар дастаси Баҳромни ҳар қанча мафтун этмасин, сотиб олишга пули етмасди. У расмлар дастасини ўғирлаб, чўнтагига тиққанини ўзи ҳам билмай қолди. Киоскдан ўқувчилар юз қадамча узоқлашганларида, сотувчи аёл, “Тўхтанглар”, дея ҳаллослаб етиб келди. Амакиси дағдағасидан ўтакаси ёрилай,деган Баҳром, ушланиб, шарманда бўлишдан ҳадиксираб, расмлар дастасини билдирмасдан оёқлар остига ташлаб юборди. Кўзи тушган бир қиз уларни ердан олиб, ўқитувчига узатди. Ўқитувчи яна дағдағасини бошлади.Топилганига хурсанд сотувчи, “Домуллажон, топилди, бўлди, индамай қўяверинг”, дея уни тинчлантирди.

Бу унинг умри мобайнида содир этган иккинчи ўғирлиги эди. Биринчи мартасида у олти ёшга ҳам тўлмаганди. Онаси қўлига коса тутқазиб, қўшниникига тузга чиқазганди. Сопсиз теша кўзига яхши кўриниб, ўғирлаб чиқди. Ўн дақиқа ўтмасдан қўшнининг ўғли келиб, тешасини қайтариб олиб кетди. Шундан сўнг у бунақа ишларга қўл урмади.

Қизиқ ҳодиса саёҳатнинг эртаси рўй берди. Математика ўқитувчиси икки амакиваччани доска олдига чиқазиб, саёҳатга борганлари учун жазвар[1] билан роса дўппослади. “Жуҳудлар еб қўйганда, нима бўларди, хумпарлар”, дея, қулоқ-чаккаларини битта этди. Ўшанда одамларнинг орасида, “жуҳудлар уни ебди эмиш, буни ебди эмиш”, деган мишмишлар болалаганди. Қизиқувчан ўқувчилар саволларига жавоб берган ўқитувчилар бунитасдиқлардилар. Эмишки, жуҳудлар ёш болаларни ўғирлаб, қоронғи уйда бир неча кун яшириқча боқармиш. Сўнгра супрага ётқизиб, танасига игна санчиб, қонини тўкармиш. Ун қонга тўйингач, хамирдан ҳар хил пишириқлар тайёрлармишлар, танани бўлакларга бўлиб, турли таомлар пиширармишлар. Уларнинг қандайдир байрами мусулмон қонини тўкиб, гўштини емаса, рисоладагидай ўтмасмиш. Баҳром воқеани эсларкан, халқнингзиёли қатлами ҳисобланмиш ўқитувчиларнинг омилигини миясига сиғдира олмасди. Савияси ҳамин қадар паст мураббийлардан сабоқ олган ёш авлод маънавияти не қадар ночорлигини қўяверинг. Амакиваччаларни қирқ беш дақиқа урган ўқитувчи, танаффусга қўнғироқ чалингач, уларни ўқитувчилар хонасига ҳайдаб борди. Юзлари дўмбира бўлиб, шишиб кетган бечоралар дамларини ичларига ютиб йиғлардилар. Ҳар бир ўқитувчи, “Жуҳудларга ем бўлмоқчи эдиларингизми, палакатлар”, дея шаполоқ тортмаса, уларнинг ёнидан ўтмасди. Кўлтиғига китобқисган Тинқиевага ўхшаганлар, “Иккаласини ҳам мактабдан ҳайдаш керак”, дея тезласа, Гуппон Олтиевга ўхшаш тоши енгил ўқитувчилар ўрнидан сапчиб туриб, “Икковингни жуҳудлар еганда, мактаб тоза бўларди”, дея бақириб,уларни ўзи уриб, ўзи қўярди. Йўнилган теракдай узун, қамишдай ингичка Тинқиева, “Буларни еган жуҳуднинг косовидан гул кўкаради”, дея уни қўллаб-қувватлаб турарди. Баҳромнинг танасидан еган таёқлари заҳми бир ойгача кетмади. Зулмдан пайдо бўлган чандиқ бир умр руҳиятида оғриқли нуқта бўлиб қолди. Энг ёмони, математика ўқитувчиси жоҳиллиги боис, у математикадан бир умрга юз ўгирди. Мамир эса ҳаммасини эртасигаунутди. Унутишига зеҳни пастлиги ёрдам берди.

Ҳалигача эплаб номини ёзолмайдиган Мамирнинг биринчи синфга чиқиши ҳам саргузаштлар билан бошланганди. Баҳром “Б” синфга, у “А” синфга тушганди. “Б” синфда дарс берадиган Хайирулла муаллим боланинг қобилияти ва руҳияти билан ҳисоблашиб иш кўрарди. “А” синфда дарс берадиган Чори муаллим қаттиққўл ва зулумкор эди. Уни қобилият ва руҳият қизиқтирмасди.  Тадбирлар ва тўй-ҳашамларда доира чертиб ўйнашга устаси фаранг бўлгани учун уни “Чори лиққи” дейишарди. Хайирулла муаллим чўлоқ бўлганлиги сабаб “чўлоқ” лақабини орттирганди. Мамир бир ҳафта қатнагач, мактабдан ҳафсаласи пир бўлди. Ўқитувчининг ҳарф танитаман деб берган ситамлари жонидан ўтди. У уйидан чиққач, Баҳром билан захкашнинг бўйигача биргакеларди-да, тутзорга кириб, қайтиб чиқмасди. Баҳром кутиб чарчагач, бошқа болаларга қўшилиб кетиб қоларди. Баҳромнинг мактабдан қайтишини пойлаб турадиган Мамир уни кўриши билан тутзордан чиқиб, уйга бирга қайтардилар. Бу ҳол йигирма кунча давом этди. Бир кун Баҳром мактабга кетаётганда сўриток остида нонушта қилаётган амакиси уни чақирди. Мамир ҳам отаси билан ўтириб, сутга нон бўктириб еяётганди. Амакиси Баҳромга, “Мамирни сен ўқиётган синфга ўтказаман, иккалангиз бир партада ўтирасизлар”, деганда, Мамир,“Чори лиққи энди мени уролмайди”, деди суюнганидан, мақтаниб. Отаси, “Муаллимга “Чори лиққи” дейиш одобсизлик”, дея унга танбеҳ берди. Мамир, “Ҳамма уни “Чори лиққи” деса, битта мен муаллим дейманми. Онамҳам, сени урган қўллари синсин Чори лиққини дея сўкади-ку. Аввал онам уни муаллим десин, кейин мен ҳамайтаман”, дея эътироз билдирди.

Дарсга қўнғироқ чалинганди. Ўз вақтида Хайирулла муаллимни ўқитган Мамирнинг отаси уни “сен”сираб, “Хайирулла, Мамир билан Баҳромни бир партага ўтқазасан. Мамир ўқийдими, ўқимайдими, ишинг бўлмасин.Мактабга келиб кетгани учун “5” баҳо қўясан”, деди. Хайирулла Муаллим, “Хўп бўлади, домуллажон”, дея қабул этди. Отаси қўлидан ушлаб турган Мамир Хайирулла муаллимни кўзларига жовдираб тикиларкан, “Мен ўқимайман. Хайирулла чўлоқ ҳам Чори лиққига ўхшаб уради. Кўзларидан билиниб турипди”, дея хархашани бошлади. Изза тортган ота, “Хайирулла чўлоқ” деб айтма, муаллим дегин, муттаҳам”, деди жаҳли чиқиб. ШундаХайирулла муаллим, “Мамир тўғри айтяпти, чўлоқни чўлоқ, кўрни кўр, дейдилар. Мамир ўқиса-ўқимаса, унга “5” баҳо қўяман, мен Чори лиққига ўхшаган ёмон одам бўлишни хоҳламайман”, дея вазиятни юмшатди. “Йўқ” деди Мамир кўзларини пирпиратиб. “Хайирулла чўлоқнинг ёлғон гапираётгани овозидан билиниб турибди”. “Сенга қўлимни учини ҳам теккизмайман”, деди яна Хайирулла муаллим. Мамир, “Урмасангиз ҳам, сўкмасангиз ҳам,ўқимайман” деб бир гапда туриб олди. Хайирулла муаллим, “Урмасам, сўкмасам, нега ўқимайсан”, дея сўради ундан. У, “Суннат этилмаганман, фалон нарсамни кессалар, мактабга кейинги йил чиқаман”, деди. “Эҳ ҳа-а, гап бу ёқда эканда”, деди Хайирулла муаллим. “Бу муаммо эмас, отанг ҳам суннат этилмаган, қирқ йилдан буён мактабда дарс беради. Нафақага чиққанда, иккалангизни бирга суннат эттирамиз”. Буни эшитиб Мамир анграйиб қолди. Отаси, Хайирулла муаллимга “Шумтака бўлмай, ўл, чўлоқ” дея эшикни силтаб очиб, синфдан чиқиб кетди.

Мамир Демократик Олмониядаги Совет қўшинлари сафида ҳарбий хизматни ўтаганди. Онасидан бошқатушунмайдиган сирли тилда у мактублар йўлларди. “Какула макакула”, деб бошланадиган хат, “нак уғса, жаги марая овға”, деб якунланарди. Нак – инак, яъни сигир, уғса – туғса, жаги – ҳўжаги, яъни бузоғи, марая – Марямга, овға – совға, дегани эди. Ҳар бир мактубда, “Сигирим туғса, бузоғини Марямга совға қиламан”, деган ёзув олти-етти марта такрорланиб, шу билан ёзишма тугарди. Марям унинг яхши кўрган қизи эди. У телба-тескари мактублар ҳақида эшитганда мириқиб куларди. Бир кун янги келган почтачи адашиб, унинг мактубини қишлоқнинг нари томонидаги Қурбонов Мамирнинг ота-онасига олиб бориб беради. Қишлоқда Қурбоновлар сулоласи иккитабўлиб, кўпчиликларининг исми-шарифлари ҳам бир хил эди. Хатни невараларига ўқитган Тангри бобо билан Бозоргул момо ҳайкалдай қотиб қоладилар. Улар Бухоро шаҳрида яшайдиган Мамир исмли ўғилларини жиннихонага тушибди деб ўйлаб, хавотир туйгандилар. Чол мактабда дарс бераётган укаси Ҳайдар Қурбоновни чақиртиради. У акасини бир аҳволда кўриб, қўрқиб кетади. Болалари чол билан кампирни қўлтиғидан суяб,машинага ўтқзадилар, Тангри бобо, “Ҳайдаржон, хатни кўриб, менда калла қолмади”, дея мактубни унга узатади. У конвертни очиб, хатнинг у ёқ-бу ёғига қарайди ва бош чайқайди. “Уйинг куйгур Мамирвой, Мамирвой”, дейди сўнгра. “Ўн йил мактабда қонимни ичганинг етмагандек, Олмониядан туриб ҳам қонимни ичдинг. Муттаҳам,кўрсаводнинг турган-битгани палакат…”. У мактабда беш йил Мамирга синф раҳбари бўлгани сабаб, ёзувини дарров таниганди.

Онасининг хат-саводи бўлмаса-да, ўғлининг хатини кимдир ёзиб берганидек, кимдир ўқиб берса ҳам, ўғли нима демоқчи бўлаётганини у тўлиқ англарди. Майнинг охирларида ундан ғалати мактублар кела бошлайди. Онасининг тушунтиришича, Олмония ҳам Туркистонга ўхшаш юрт экан. Ҳавоси иссиқ, йўллари чанг-тупроқли эмиш. Соқоли кўксига тушган немис чоллари ўзбек чоллари сингари эшак миниб юрармиш. Қўлларида носқовоқ, нос чекишармиш. Атлас кўйлак кийган қизларнинг сочлари узун, гоҳида тожикча гапирмаса, ўзбекча гапирармиш…

Буни эшитган Мамирнинг отаси, “Сен ҳам, ўғлинг ҳам жинни бўлибсизлар”, дея қўл силтайди. Ўғлидан безовта она, “воёнкўрмат”дан ўғлингизнинг аҳволини суриштирмасангиз, бўлмайди”, дея эрини ҳоли жонига қўймайди. Безор бўлган ота охири ҳарбий комиссариятга қатнайвериб, барчани оёққа турғазади.Бир ҳафта ўтгач, Мамирнинг Когондаги ҳарбий полигонда ўқув машғулотлари ўтаётгани аниқ бўлади. Олмониядан бир кечада Бухорога учиб келган Мамир Когонни Олмониянинг бир чекка жойи бўлса керак,деб ўйлаганди. Ҳарбий қисмда ўзидан бошқа ўзбек бўлмаганлиги сабаб, у биров билан мулоқот қилолмаганди. Онасининг, “Ўғлим Афғонистонга кетса, тобути келади”, деб тўккан кўз ёшлари ота кўнглини юмшатганди шекилли, у пора бериб, ўғлини Олмонияга қайтартириб юбортирганди.

[1] Жазвар – линейка.

(давоми бор)