Ҳамма бало мустабид ҳукмдорларимизнинг саботсизлигида

Ҳамма бало мустабид ҳукмдорларимизнинг саботсизлигида
61 views
24 August 2017 - 9:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

13-қисм

Еттинчи боб

Баҳром Нозима Мунис Бухордан қайтгунга қадар уйидан чиқмади. Болалари билан суҳбатлашди, китоб ўқиди, чарчаганда ўз қўли билан таомлар пиширди.

Бухоро сафаридан ўзида йўқ хурсанд қайтган Нозима Мунисни у ширкатга олиб борганда, икковларини қаҳрамонлардай кутиб олишди. Рано Кулиевнанинг, “Баҳромхон Ҳамрохонович” дея тилидан бол томарди.  Ювошлагани боиси кейинроқ маълум бўлди.

Саидмат Сотти Норвегия сафарида бўлганлиги сабабли, унинг хонасига Акбар кўчиб ўтганди. Нозима Мунис иккаловини унинг олдига бошлаб кирган Зоҳид, ўтиришлари билан уларга муздай сув қуйиб узатди. Акбар Нозима Мунис билан Баҳром амалга оширган ишларни юқори баҳолади. Уларга Норвегия пойтахти Ослода ҳукумат вакиллари билан музокора олиб бораётган Саидмат Сотти Қўйтопаровичнинг алангали саломларини етказди.

 Ўзида йўқ қувонган Нозима Мунис бир қучоқ бўлиб семириб, оғзини йиғиштиролмай қолди.

– Ташқаридан кирсанг, салқинда жон роҳат этади. Кўча исиб кетди! – дея у шу йўл билан Акмалга миннатдорлик билдирди.

– Нимасини айтасиз, зўр! – деди Акбар. – Ишни дўндиришингизга ишонардим. Ширкатдагилар бир бўлиб бир неча ойда амалга ошира олмаган ишни сиз бир ойда эпладингиз, қойил!

– Ёлғиз эмасман! – деди Нозима Мунис Баҳромга кулимсираб боқаркан.

– Албатта! – деди Акбар. – Ширкатда сизнинг исмингиз тилга олинганда, икки киши назарда тутилади.

 Бухородан келтирилган бир юз еттита ишизловчи ҳужжатини қизлар қабул қилгандилар. Баҳромнинг қўлидаги қоғозларга кўзи тушган Акбар:

– Ҳужжатларни охиригача топширмадингизми? – деб сўраб қолди.

– Бу ҳужжатлар ишизловчиларга тегишли эмас. Иш бошқарувчи билан инглиз тили ўқитувчисиники, – дея Баҳромнинг ўрнига Нозима Мунис жавоб қайтарди. – Буларни ўқув жараёнлари бошланган кунги сана билан расмийлаштириш лозим.

– Тўғри! – деди Акбар. – Бошқалари билан чалкаштириб юбормаслик керак. Опа, бошингизда мингта ташвишингиз бўлса ҳам, ҳеч бирини унутмайсиз, яшанг!

Зоҳид Рано Кулиевнани чақиртирди. Хонага шошиб кирган Рано Кулиевна эшикни ичкаридан тортиб ёпти.

– Лаббай, Акбар Алимович, чақиртирган экансиз? – деди тез юриб келганидан ҳашиллаб.

– Рано Кулиевна, – деди Акбар. – Мана бу ҳужжатларни ўқиш жараёнлари бошланган санадан расмийлаштиринглар. Моянасини қанча белгилашни Саидмат Сотти Қўйтопарович сизга айтганман деганди.

– Ҳа, айтганларидай, ишлаб чиққанмиз! – деди Рано Кулиевна. –  Акбар Алимович, Нозима Турсуновна билан Баҳром Ҳамрохонович кетаётганда, мояналарини олишни унутмасинлар. Ҳисобот тайёрлашимиз керак.

– Албатта, олишади. Бўшсиз, Рано Кулиевна! – деди унга Акбар.

Рано Кулиевна чиқиб кетиши билан Акбар, Нозима Мунисга:

– Нозима опа, Зоҳид билан ҳисоб-китоб қилиб олинглар. Харажатлар кўпайиб кетди! – дер экан, Зоҳидга, яқинроқ ўтир, дегандай қараб қўйди.

Мулозамат сабабини англагандай бўлган Баҳром Зоҳиднинг сиртлон каби ўлжани кўзлаб турганини пайқади.

Нозима Мунис сумкасидан чиқариб, беш бўлак долларни:

– Зоҳид, сананг! – деб унинг олдига ташлади.

Зоҳид пулни санаб:

– Қирқ етти минг беш юз доллар экан, опа! – деди унга.

– Тўғри! – дея маъқуллади у. – Бу ерда бир юз еттита одамдан йиғилган эллик уч минг беш юз пул бор эди. Беш мингини Москвага Саидмат Сотти Қўйтопарвич номига жўнатдим. Мингини харажатларга ишлатдим.

Индамасдан кузатиб турган Акбар Нозима Мунисга:

– Хабарим бор, гап йўқ, опа! – деди. – Дон сепмаса, ҳосил унмайди. Қанча харажат бўлса, тортинмасдан айтиб, ишлатаверинг.

– Акбаржон! – деди Нозима Мунис ишончдан тетиклашиб. – Баъзилар тўловни тўлиқ тўладилар, олавердик. Юздан ортиқ ишизловчи пул тўламаганликлари учун уларнинг ҳужжатларини ўқув марказида қолдирдик.

– Тўғри қилипсиз, опа, – деди Акбар. – Айтилган миқдордаги пулни тўлиқ тўламаганларича, уларни ўқитишнинг ҳожати йўқ.

– Шундай қиляпмиз, Акбаржон. Бироқ улар сони жуда тез ўсяпти. Ўттизтадан дасталанган икки гуруҳ марказни битириш арафасида. Олдиндан пул тўлаган қирқдан ортиқ ишизловчи тил ўрганиш учун навбат кутмоқда. Бир ҳафтадан кейин улар сони икки юзтадан ошиб кетади. Битта ўқитувчи уларга дарс беришга улгурмайди. Шу учун яна битта ўқитувчи олиш керакмикан, деб ўйлаб қолдим.

– Опа, – деди Акбар. – Фикрингизни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. – Озроқ сабр қилайлик. Саидмат Сотти ака Норвегиядан келсин, масалани биргаликда ҳал қилсак, чиройли чиқади.

– Тушундим, – деди Нозима Мунис. – Биринчи гуруҳни қачон жўнатамиз?

– Айни соатларда Саидмат Сотти Қўйтопарович Норвегия ҳукумати вакиллари билан масалани ҳал қиляпти. Менимча, биринчи кўчиш бир ойга бормасдан бошланса керак. Эрта-индин аниқ бўлади.

– Яхши! – деди Нозима Мунис чеҳраси ёришиб. – Биринчи кўчиш бошланса, қолганлари осон кечарди.

Акбарнинг олдидан чиққач, улар ойликларини олдилар. Биринчи маошини олган Баҳром:

– Чорсуга тушиб, қўлбола манти емаймизми, опа? – дея Нозима Мунисга таклиф билдирди.

– Кўнгилдаги иш бўларди, – деди у ҳам. – Эрталаб тушлик қилмагандим.

Улар Чорсудан тўғри Настянинг уйига қараб йўл олдилар. У Мухтор Ашрафий кўчасидаги жинкўчада яшарди. Ҳовлисига тўртта одам бирдан кирса, тўлиб қоларди.

Унинг уйида ўта семиз бир аёл ўтирарди. У ўрнидан туриб, Нозима Мунисни елкасига қоқиб қаршилади.

– Нозли хоним, Бухоролик бўлиб кетдингиз. Бизларни унутиб қўймадингизми, ишқилиб?

–  Ноилахон, бормисиз? – деган Нозима Мунис дуога қўл очди.

Ноила кўрпачада қовушиб ўтиролмаслиги сабаб, диванга чўкканди.

Йигирма дақиқа ўтмай Чирчиқдан иккита аёл етиб келди. Улар Санкт-Петербургда қурилишда ишлаш учун ишизловчиларни йиғаётган эдилар. Русия томонидан вакил Қайим гаранг билан Нозима Мунис эди. Унга эри томонидан берилган ишонч қоғозни Баҳром чирчиқлик аёллар қўлида кўрди. Уни олиб, қунт билан ўқиб чиқди. Кўринишидан ҳужжат мукаммал тузилганга ўхшарди. Унда Русия ширкати вакиласи Нозима Муниснинг ишчи ёллаш ҳуқуқига эгалиги алоҳида қайд этилганди. Санкт-Петербургга етиб келган ишчилар билан ширкат Русия қонунлари доирасида шартнома тузиши, ҳар бир ишчи соғлигини суғурта қилиши, ётоқхона ва уч вақт иссиқ овқат билан таъминлаши, саккиз соатлик иш вақти, иш ҳаққининг минг доллардан кам бўлмаслиги ҳақида ёзилганди. Йўлкирани Нозима Мунис ўз зиммасига оларди. Эвазига ишчилар иш бошлагач, биринчи мояналарини унга берардилар.

Чирчиқлик аёллар қўлида айни чоғда йигирмата ишизловчи бор эди. Настя ўн учта одамнинг эрталаб Каттақўрғондан етиб келишини айтди. Йўловчилар сони қанчалигидан қатъи назар, Настянинг темир йўл вокзалида ишлайдиган таниши Москвагача чиптанинг ярим нархида уларни кузатиб борарди. Москвада ишизловчиларни қабул қилиб олган Қайим гаранг у ёғига ўзи олиб кетарди.

Чирчиқлик аёллар кетгач, Ноила:

– Нозимахон, бухороликларнинг ичидан Қибрисга ишлагани борадиганларни топдингизми, ишқилиб? – дея сўради.

– Ишга борадиганлар сон мингта, – деди Нозима Мунис. – Бироқ бу ҳақда бировга оғиз очмадим. Иш қонуний йўлга қўйилгандан сўнгра, ноқонуний нарсалар тўғрисида гапирса бўлмайди. Аммо Қамаранинг водийдан мижозлари келяпти. У билан гаплашиб, улар ичида хоҳловчилар бўлса, сизга ўтказаман.

Бу ердаги ишлар шу билан якунига етди. Настянинг уйидан чиққач, Баҳром машинасини Нозима Муниснинг уйига бурди.

– Нозима опа, сиз Русияга жўнатаётган одамларнинг мўътадил шароитларда ишлаб, тўрт-беш сўм пул орттириб қайтишларига ишонасизми? – дея сўради у Нозима Мунисдан.

– Албатта ишонаман! Ширкатда эримнинг раҳбарлардан бири сифатида фаолият кўрсатаётгани бунга кафолат бўла олмайдими? – дея у саволга савол билан жавоб берди.

Баҳромнинг бундай савол билан мурожаат этишини кутмагани боис, унинг жаҳли чиққанди.

– Ўзингиз айтганингиздай, эрингиз сизни ва болаларингизни ташлаб, бор пулларингизни ўмариб, бир корейс аёли билан Санкт-Петербургга қочиб кетган бўлса, иш излаб борган етти ёт бегоналарга қандай ёрдам беради?

Бу гапни эшитгач, оғзибўшлик қилиб Баҳромга сирини билдириб қўйган Нозима Мунис ичидан афсусланди.

– Пул бор жойда эрим отасини ҳам танимайди. Биз жўнатаётган одамлар эримга катта фойда олиб келади. У шунинг учун уларни кўз қорачиғидай асрашга мажбур! – деди ортиқ бир нима дейишни билолмай.

– Мен эрингиз ҳақида бир-ярим эшитган бўлсам ҳам, уни умрим бино бўлиб кўрмаганман, – деди Баҳром. – Аммо шуни айта оламанки, Русияда ўзбеклар масалани мустақил ечиб, ўзларича ҳал этишга ожизлик қиладилар. Тоғни талқон қиламан деганлари ҳам аллакимларнинг соясига салом бериб юради. Ҳаммаси қучоқ-қучоқ ваъдалар бериб, олиб боргач, одамларни қулликка, оч-яланғочликка рўпара этадилар. Пировардида чаққонроқлари дуч келган тешикка бош уриб, шароитни тўғирлаб оладилар. Бўшроқлари йиллаб қулликка гирифтор бўлиб, соғлиқларини йўқотадилар, ўлиб кетадилар. Менинг маслаҳатим, ишни вақт борида тўхтатганингиз маъқул!

– Ичингиз ачиганидан бу гапларни айтяпсиз! – деди Нозима Мунис таҳликани ҳис этгач, титроқли бир оҳангда. – Қонуний бўлгани учун бу ишга қўл урдим, холос. Ноқонуний бўлганда эди, икки дунёда бу ишга киришмаган бўлардим.

– Нозим опа! – деди Баҳром. – Ўйлаганингиздек, бу гапларни сизга ичим ачиётганидан айтаётганим йўқ. Ўрнингизда бошқа биров бўлганда ҳам, шундай деган бўлардим. Шундай дейиш менинг фуқаролик бурчим. Сиз қонуний деб ҳисоблаётган бу ишнинг турган-битгани ноқонуний. Қонуний бўлганда ҳам, бизларни ҳимоя қиладиган ҳукуматнинг ўзи йўқ. Орқасида жон куйдирадиган юрти, мамлакати бўлмаган фуқарони иккинчи ва учинчи бир давлатда одам ўрнида кўрмайдилар. Русия учун ўзбек ўлди нимаю, ит ўлди нима. Фарқи йўқ. Дунёда ўзбекдан итнинг қадри баланд бўлиб қолди. Мен бир неча йиллардан буён бу нарсаларни ўз кўзларим билан кўриб, гувоҳи  бўлиб юрипман. Ишга борганлар йиллаб, ертўлалардан чиқмайдилар. Иш жойиларида ётиб-туриб, арзимаган чойчақага қора меҳнат қиладилар. Эвазига соғликларини ва ёшлик шижоатларини йўқотадилар. Турли хил касалликлар орттириб, юртларига сўлжайиб қайтиб келадилар.

– Руслар шунчалик ваҳшийлашиб кетганми? – ишонқирамай сўради Нозима Мунис.

– Аслида бу ишларга Русиянинг ҳам, русларнинг ҳам даҳли йўқ! – деди у. – Ҳамма бало мустабид ҳукмдорларимизнинг саботсизлигида. Ҳақ-ҳуқуқларини танимайдиган фуқароларнинг сиёсий сусткашлиги-ю зиёлиларимиз орасида шахсларнинг йўқлигида. Руслар бизларнинг ўрнимизда, бизлар уларнинг ўрнида бўлганимизда, русларнинг бошига итларнинг кунини солардик. Тасаввур қилинг, ўз юртида қадр-қиммат топмаган, фаровонлик йўлида боши бирикиб, ҳукуматга таъсир ўтказолмаган бирор халқ ноқонунуний йўллар билан нон излаб, юртимизга ёпирилса, нима қилган бўлардик? Ўлмаслиги учун бир бурда нон бериб, тонгдан ярим тунгача эшакни ургандай уриб ишлатган бўлардик! Ўлса, ит каби кўчага чиқариб отардик. Бошқа халқлар ҳам бизларга ўхшаган халқ. Фақат уларнинг ҳаётга муносабатлари, ўзларига талабчанлиги, сиёсий фаоллиги нисбатан юқорироқ!

– Хўп, халқ ишлайман деса, мамлакатда иш бўлмаса, пул бўлмаса, ейишга нони, кийишга тузук кийими бўлмаса, нима қилиши керак? – деди Нозима Мунис охири.

– Сиёсий фаол бўлиш керак, канституциявий ҳақ-ҳуқуқларни талаб қилиш керак! – деди Баҳром. – Қонунларни менсимаган ҳукуматни ағдариб, демократик сайловлар йўли билан президентни ва депутатларни сайлашни ўрганиш керак.

– Бу осонми? Унақада Андижондаги сингари отиб ташлайдилар! Ким ҳам ажалидан беш кун бурун ўлишни хоҳлайди?

– Озодлик йўлида қон тўкишни, жон беришни истамаган халқ ҳеч қачонда ўз қадр-қимматини, ҳақ-ҳуқуқини, эркинлигини таъминлай олмайди. Бир кимса фуқаровий ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб майдонга чиқса, иккинчиси томошабин бўлса, албатта отиб ўлдирадилар. Андижон ёки наманганликлар ташаббусини Тошкент, Хоразм, Сурхондарё, Бухоро ва қолган вилоятлар қўллаб-қувватлаганда, мустабидларга сичқонни тешиги минг танга бўларди!

Сиёсатга айланган гурунгдан ғурури қўзғалган Нозима Мунис ўз дардларини унутаёзди. У сапчишга чоғланган мушукдай Баҳромга тикиларкан:

– Ҳуқуқий асоси йўқ, мафкураси ва уддабурон раҳбари йўқ бир юртда демократик давлатни қуриш осонми? – дея сўради.

– Ким айтди бу унсурларни бизда йўқ деб сизга? – деди, унинг сўзлари кўксига ханжардай ботган Баҳром. – Бизнинг етарли асосларимиз ҳам, мафкурамиз ҳам, минг йиллик давлатчилигимиз ва салоҳиятли раҳбарларимиз ҳам бор!

– Давлатчилик деб халқни жар ёқасига судраган иллатларни айтяпсизми? – сўради Нозима Мунис. – Ёки мафкура деганда президентнинг сариқ чақага арзимайдиган ўн беш жилдлик алжираганларини назарда тутяпсизми? Асосларимиз деганда, Амир Олимхон, Муҳаммад Раҳимхон ва Худоёрхонларни ёдга олдингизми ёки? Халқ ишонч билдирганда, мухолифатчилар аравани тортолмадилар-ку! Коммунистлар жоҳил бўлсалар ҳам, яхшигина мафкурага эга эдилар. Советлар қаттиқ қўл бўлсалар-да, тартиб-интизом бор эди. Юртимизнинг давлат сифатидаги қайси бир жиҳати билан фахирланса арзийди? Ҳеч бир жиҳати билан мақтаниб бўлмайди, албатта. Мустақил бўлибдики, зўровонлик, қонунсизлик, ишсизлик, пулсизлик, порахўрлик, ёлғончилик, мақтанчоқлик ва ахлоқсизлик каби юзлаб иллатлар юзага қалқди…

Нозима Муниснинг зимдан Русияни қўллаб, коммунистларни кўкка кўтаргани Русияга ишизловчи жўнатаётганини оқлаш учун эканлигини англаган Баҳром:

– Нозима опа, айтганларингиз сизнинг шахсий фикрингиз! – деди унга. – Жаҳолат асосига қурулган тузум, ҳар қанақа мафкурага эга бўлмасин, пировардида, жоҳиллигича қолаверади. Бунинг Русияга даҳли йўқ, мен коммунистларни назарда тутяпман. Мустақиллик пойдевори ҳам аслида коммунистлар мафкураси посангисида ушлаб турилипди. Аммо бизда тараққиётга чиқиш учун етарлича асослар бор. Йўл йўқ, холос. Ҳукумат бошидагилар – ойдинлик бахш этадиган йўлларга ўликларини ташлаб ётиб олганлар. Мухолифат битирилди. Оқил ва тадбиркор раҳбарлар олдин ҳам бўлганлар, ҳозир ҳам топиладилар. Аммо, ким уларга имкон беради? Раҳбарлар халқни, халқ раҳбарларни таниши учун мулоқотга йўл очиш зарур. Шамсиддин Табризий билан Жалолиддин Румий орасида ҳамкорлик бўлмаганда, улар бир-бирларини танимасдилар. Иккалалари ҳам бир иш бажармасдан дунёдан ўтиб кетишлари мумкин эди. Мулоқотлар маҳсули бўлмиш Румий фикрларисиз ҳаёт қанчалар ғариб ва кемтик бўларди. Халқ билан раҳбар  Шамсиддин Табризий билан Жалолиддин Румий каби бир-бирини кашф этса, ботган тонглар отиб, Шарқдан ҳақиқий қуёш чиқади. Бизнинг давлатчилик устунларимиз  Ўғузхон, Атилла, Сомонийлар, Ғазнавийлар, Хоразмшоҳлар, Қорахонийлар, Салжуқийлар, Усмонлилар, Темурийлар ва Шайбонийлар тиклаган салтанатларда намоён бўлади. Бу номларни бармоқ букиб давом эттирган ҳар қандай одам саноғидан адашади. Янги мафкура яратишнинг ҳам биз учун ҳожати йўқ. Ислом бор – демократия бор. Ҳазрат Баҳоуддиннинг биргина, “Дилинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин”, деган калимаси ўзи Туркистон халқларини бир байроқ остида, битта елкасида минг йил ушлаб туради. Бу халқдан минг йилга довур минглаган Баҳоуддинлар етишиб чиқадилар. “Бизнинг ҳеч нимамиз йўқ, ҳеч нимага эҳтиёжимиз ҳам йўқ. Орқамизда қабристон, олдимизда ҳам қабристон…” борлигини ҳис этмоғимиз жоиз. Шунда жуда кўп нарсаларга эришамиз. Дарё ҳайқириб оқиб турса-ю, қирғоқларидаги чўллар сувсизликдан қақраб ётса, дарёда нима айб? Сизнинг гапларингиз ҳам қақраб ётган чўлнинг дарёдан ўпкалашига ўхшаяпти. Туя бўйнини чўзмаса, янтоқ йўқ, деганларидай, бу йўлда ўзимиз жонбозлик кўрсатмасак, ким бизга кўмак беради?

Улар манзилга яқинлашгандилар.

– Машинани бир чеккага олиб тўхтатинг, шу ерда тушиб қоламан! – деди Нозима Мунис.

Баҳром йўл бўйидаги дарахт соясида машинасини тўхтатди. Нозима Мунис рўмолчаси билан кўзёшларини артди.

– Қизишиб, ошириб юбордим, шекилли. Нозима опа, кечиринг! – деди у.

– Сиздан гинам йўқ, ўзимдан ўпкалашим керак! – деди Нозима Мунис. – Айтганларингиз ҳақиқат. Бироқ эрим бор будимизни совурди. Боши берк кўчага кирдим. Шу чоққача битта қизимни зўрға узатдим. Қолганлари ҳам бўй етган. Қизларимни узатаман деб охири вой ишларга қўл урдим. Бунисини ёпсам, униси очилади, унисини ёпсам, буниси очилади.

– Йиғламанг, ҳамммаси жойига тушиб кетади! – деди Баҳром нима дейишни билмай.

– Қандай жойига тушади? – деди Нозима Мунис. – Орқага қайтишим учун йўл қолмади. Олдимда жарлик турибди, тўхтасам, қулаб тушаман. Шу учун кўзимни чирт юмиб олдинга босяпман. Тоза ишламасам, ширкатни ҳам ўз домимга тортаман. Одамларни Русияга ишга жўнатиб, қарзларимни ёпишимдан бошқа иложим йўқ. Кекирдагимгача қарзга ботганман. Хоҳласангиз, мен билан ишланг, хоҳламасангиз ўз йўлингизга кетинг. Бола-чақангиз бор, сизнинг мен ботган балчиққа ботишингизни хоҳламайман!

– Очиқроқ гапиринг, Нозима опа! – деди, унга ачинган Баҳром. – Балки бирор ёрдамим тегар!

– Йўқ! – деди у. – Менга фақат пул ёрдам бера олади!

– Сиз айтаётган пулларни ҳам одам топадими? – сўради Баҳром. – Топилмайдиган матоҳ эмас экан-ку. Юрагингизни бундоқ очиброқ гапиринг, шунга қараб иш кўрамиз!

– Айтганимдай, эрим рўзғорни хонавайрон этиб, ўша аёл билан қочиб кетди. Болаларим билан ейишга нон топмаган кунлар бўлди! – деган Нозима Мунис дардларини ростдан-да Баҳромга тўкиб ташлашга жазм этди. – Болаларнинг на кўчага, на мактабга киядиган тузук кийимлари қолмади. Ногиронликдан оладиган нафақам ҳеч бир нарсага етмасди. Ишлай десам, қўл пул кўрадиган тузук иш йўқ эди. Кунларнинг бирида, сояйи сабаб билан  “кўка-кўла”да ишлайдиган Айида деган аёл билан танишдим. Сўзларига қараганда, у президентнинг қизи билан яқин таниш эди. У “Қанча “кўка-кўла” керак бўлса, олиб чиқиб бераман, бели бақувват мижозлардан топинг”, деди. Харидорлар топдим. Ҳақиқатан, унинг кўмаги билан ишларим жўнашиб кетди. Тўрт-беш ой ичида рўзғорни бутладим. Маблағ орттирдим. У билан иноқлашдим. Унинг олдига ҳар хил одамлар келарди. Айида одамларга юқори лавозимлар сотиб олиб берарди, қамалганларни қамоқхоналардан чиқарарди. Хуллас, у ақлга сиғмайдиган ишларни бажарарди. Айтишича, бажараётган ишларини бевосита Бўтагулнинг ҳомийлигида амалга оширарди. Барини ўз кўзларим билан кўргач, тўрт-беш сўм орттириш мақсадида мансаб сотиб оладиган одамларни қидирдим. Уларни топдим ҳам. Бир одамни пахта заводига бошлиқ этиш учун бошланишига у қирқ минг доллар сўради. Иккинчи одамни туман судининг раиси лавозимига кўтариш учун эса унга йигирма минг доллар бердим. Шу орада ишизловчиларнинг ишига аралашиб қолдим. Ўн бештасидан ўн беш минг йиғиб, унинг қўлига тутқаздим. Аксига олиб, “кўка-кўла” билан боғлиқ жиноят содир бўлиб, Айида қамалди. Буни эшитгач, қирқ минг доллар берган одам билан суднинг раиси бўлмоқчи бўлган одамнинг дами ичига тушди. Ишизловчилар бошимга бостириб келдилар, “Пулимизни топиб бермасанг, устингдан маҳкамага арз этамиз”, деб туриб олдилар. Туман ички ишларида Ирисмат деган йигит ишларди. У эримнинг яқин таниши эди. Тўрт-беш сўм эвазига ул-бул ишларини тинчитиб юрарди. Дардимни ўшанга айтдим. У ишни тинчитиш учун беш минг доллар сўради. Аммо, “Судланиб, авфга тушасиз. Суд залидан қутулиб чиқасиз”, деб ваъда берди. Ундан ташқари, қолган ишларимни бир ёқлик қилишни ҳам зиммасига олди. Суд раиси бўлмоқчи бўлган Абдумаъруф деган кимса билан у таниш эди. Охир-оқибат унинг айтганлари рўёбга чиқиб, суд залидан қутулиб чиқдим. Аслида ундай эмасди. Пахта заводига бошлиқ бўлмоқчи бўлган одамни у бир чўқишда қочирди. Суд раиси бўлмоқчи бўлаётган Абдумаъруф билан тили бир чиқиб қолди. Катта қизим мактабда испан тилидан дарс берарди. Бир неча бор уйга келганда қизимни кўрган Абдумаъруф Ирисмат билан “Нозима опа қизини ихтиёримга ўн беш кун берса, берган пулларимдан воз кечаман. Рози бўлмаса, уйига варақа ташлатиб, қаматтираман. Бутун оиласи билан вайрон бўлади”, дея айтиб юборди. Уйдан чиқмай, икки кун йиғладим. Учинчи кун қизим ёнимга кирди. “Она, бугун таътилга чиқдим, Ирисматнинг таклифига розиман”, деди. Сўнгра унга қўнғироқ қилиб, “дод-вой”имга қарамасдан чиқиб кетди. Ўша кунлардаги бошдан кечирганларимни таърифлаб беришим учун юрагим тошдан бўлиши керак. Дуркун ва ҳурлиқо қизим чиқиб кетганига ўн беш кун ўтганда, озиб-тўзиб уйга кириб келди. Қизимни Абдумаъруфга қўшилиб Ирисмат ҳам зўрлаган эди. Шу билан бу ишларнинг охири кўринса гўрга эди. Абдумаъруфдан қутулиб, Ирисматга тутулдим. У ҳалигача қизимни ҳоли жонига қўймайди. Вақт-бемаҳал уйимга бостириб келиб, қизимни олиб чиқиб кетади. Биринчи қизим бахтиқора бўлгач, иккинчи қизимни турмушга бердим. Қолганлари тақдиридан қўрқиб, юрак ҳовучлаб юраман. Катта қизимнинг уч-тўрт йилдан буён орқасидан қолмайдиган бир қассоб бола бор. Шунга турмушга чиқ, десам, у кўнмаяпти. Ирисматнинг уйимизга келиб кетганини биров кўрмаса, биров кўради. Қўни-қўшни билган нарсани маҳалла билади, маҳалла билганни эл-олам билади. Шу учун қассобга бўлсаям турмушга чиқса, ҳаёти изга тушармиди…

Жиноят ишлари судида ишим ёпилгач, мени ишизловчилар фуқаролик судига бердилар. Қарз ундираман дея депортамент ходимлари бошимга бало бўлди. Уларни ҳам Ирисмат ушлаб турипди. Пахта заводига бошлиқ бўлмоқчи бўлган одамнинг пулини қайтармасам, Тангридан қўрқаман. Пулини сўрамаётган бўлса ҳам, имкон туғилганда, кимнидир ёллаб, яримта ғишт билан уриб ўлдиртирса, менга ким куяди. Болаларимнинг бошига бир балони солса-чи? Ҳар кимнинг жони ўзига азиз. Шуларни ўйлаб, бир-икки кишини хорижга ишга жўнатсам, пул бўлади, деган мақсадда бир иш қилгандим. Бу гал ҳам чув тушдим. Мижоз топадиган ўртакаш аёл автоҳалокатга учраб, ўлиб қолипти. Одамлар устимга бостириб келиб, ички ишларга шикоят ёздилар. Терговчининг айтишича, олинган пул миқдори йигирма беш минг доллар экан. Менга ўртакаш аёл бор-йўғи ўн уч минг икки юз доллар берганди. Яна орага Ирисматни солишга мажбур бўлдим. Бу гал жабрланувчилар шикоят аризасига Настяни ҳам қўшиптилар. Ирисматнинг гапига қараганда, Настяни бу ишга аралаштирмасдан тинчитилса, ўн минг доллар пул зарур бўларкан. Мен аввалгигидай судланиб, залдан чиқиб кетармишман. Ҳозирча Ирисматга олти минг топиб бердим. Яна тўрт минг етказишим керак. Бўлмаса, қамаламан. Эримдан пул сўрадим. “Йўл харажатларини тўлаб, Санк-Петрбуркка ўттизта одам жўнат, улар Москвага келиб тушиши билан сенга ўн беш минг доллар пул жўнатаман”, деяпти. Шунинг учун бу йўлдан қайтишни истаганимда ҳам, қўлимдан ҳеч вақо келмайди. Чўкаётган одам қуруқ хасданам нажот кутгани каби менинг бошқа жойдан оладиган ёрдамни кўзим кўраётгани йўқ. Хоҳланг, боя айтганимдай, мен билан ишланг, хоҳланг, ишламанг. Ҳозир андиша қилиб ўтирадиган вақт эмас. Ихтиёрингиз ўзингизда…

(давоми бор)