Бу қандоқ ажаб иш

Бу қандоқ ажаб иш
36 views
25 August 2017 - 8:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 195
(давоми)

ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ МЎЖИЗА

Имом Аҳмад, Имом Термизий, Абу Саид Худрийдан ривоят қиладур:

«Макка, Мадина тоғлари орасидаги бадавийлардан бир киши қўй боқиб юрган эди. Бир куни бўри келиб анинг қўйига човут қилди ва қўйлардан бирини олиб қочди, эгаси орқасидан қувлаб бориб, бўри оғзидан қўйни ажратиб олгач, бўри беш-ўн қадам ерга бориб, чўккайиб ўлтирди. Сўнгра Худо қудрати билан ул бўри тилга кирди ва:

— Худодан қўрқмасмусан, Худо еткизган ризқимни оғзимдан тортиб олдинг?, — деди.

Анда чўпон бу ишга ҳайрон қолиб:

— Бу қандоқ ажаб ишдурким, бўри одамдек бўлиб сўзлайдур, — деди.

— Сенинг ишинг бундан ҳам ажаблироқ эрурким, охирзамон пайғамбари Муҳаммадалайҳиссалом Мадинага келди. Худо олдида бундан улуғ даражали пайғамбар йўқдур.

Бутун халқни ҳақ йўлга чақирур. Саккиз жаннат эшиклари унинг юзига очилмишдур. У билан сенинг орангда ул тоғдан бошқа ҳеч нарса йўқдур. Шундоғ улуғ ишни ташлаб, сен бу ерда қўй боқиб юрурсан. Дунёда бундан ҳам ажаблироқ ҳеч иш бўлурми? Агар сен бормоқчи эрсанг, қўйларингни менга омонат топшир, келгунингча боқиб берурман, — деди бўри.

Бу кароматни кўриб, қўйларни бўрига топширди. Ўзи Мадинага келиб, Расулуллоҳ билан кўришиб иймон келтирди. Бу мўжизани барча саҳобалар эшитдилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтмоққа рухсат бердилар. Келиб қараса, бўри чўпонлик қилиб юрибдур. Қўйларига ҳеч қандай зиён етказмабдур. Буни кўриб дарҳол бир қўйни бўғизлаб бўрини зиёфат қилди.

(давоми бор)