“Сирлар салтанати”га суянган суллоҳ

“Сирлар салтанати”га суянган суллоҳ
33 views
25 August 2017 - 9:00

Нарзулло ОХУНЖОНОВ 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(эллик олтинчи мақола) 

“СИРЛАР САЛТАНАТИ”ГА СУЯНГАН СУЛЛОҲ

Қудаси-Арипов Абдулла 2012 йилнинг июл ойларида бош вазир ўринбосарлиги лавозимидан кетиши ортидан довдираб қолган ЎзМТРК раиси Алишер Ходжаев ўзининг ажойиб ва ғаройиб ҳатти-ҳаракатлари билан жамоатчилик ўртасида роса майна бўлганлигини ҳали кўпчилик эсидан чиқармаса керак. Унинг ажабтовур ҳатти-ҳаракатлари-ю, баъзи бир қилиқ-қилғиликлари телерадиокомпания тарихида МХХдан чиққан зобитнинг кўрсатган ҳунарлари сифатида оммага танилганлиги билан ҳам хотирадан узоқ вақт ўчмаслиги табиий. Негаки, Ходжаевнинг раҳбарлиги вақтида ҳали инсон кўзи кўрмаган ва қулоғи эшитмаган шундай бир алламбало амалиётларга қўл урилдики, ҳали бирон бир кадрнинг раислиги мобайнида шу пайтгача бу қадар ажойиботларга бой бўлган давр кўрилмаган.

…Бошида қора булутлар қуюқлашган кунларнинг бирида А.Арипов барча яқинлари қатори ўз қудаси – Ўзбекистон миллий телерадиокомпания раиси А.Ходжаевни ҳам кечга ўз уйига меҳмонга таклиф этади. Барча чақирилган катта-кичик лавозимларда бўлган кишилар келса ҳам ҳадеганда қудасидан дарак бўлавермайди. Такрор-такрор қўнғироқ қилиб таклиф қилинса ва ҳаттоки, одам юборилса-да, Ходжаев мансаб деган-отдан туширилган қудасининг уйига боришни ўзига раво кўрмайди. Чунки у ўз мансабидан айрилиб қолишидан қўрқиб-писиб зўрға ишхонага келиб-кетиб юрганди.

Энди унинг учун Арипов сариқ-чақага ҳам арзимайдиган, “каттакон”ларнинг назаридан қолган одамга айланганди. Аслида ишдан ҳайдалган қудаси бўлса ҳам, кўпроқ довдираб кўзлари аланг-жаланг бўлиб, хавфсираб-ҳадиксираб, ҳуркиб, соясидан ҳам чўчиб қолган негадир Ходжаев бўлди.

У борган сари ўзини қудаси – ўз келинининг отасидан олиб қочадиган унинг билан имкон қадар учрашмасликка ва ундан ўзини янада узоқроқ тутиб масофа сақлашга уриниши билан боғлиқ ҳаракати ғалати кўриниш тус ола бошлади.

Сабаби у ўзини олиб қочиши етмаганидек, келинини ҳам уйидан ҳайдаш қарорига келганлиги Алишер Ходжаевнинг ўта нокаслиги, маънавий қиёфаси нечоғлик аянчли эканлигидан дарак беради.

Бундан ташқари, ЎзМТРКдаги кабинетидан қабулхонага, қабулхонадан коридорга, коридордан компаниянинг барча ходимлар бемалол ўтиб-қайтадиган кенг фойесигача қудаси билан жанжаллашиб ёқа-енг йиртишгача борганлиги-ку бутун дунёга  ёйилиб олами достон бўлди. Худди ўша “жанг”да бу икки қуда бир-бирига тўкиб сочган дарду-аламининг ичида Ариповнинг Ходжаевга қараб: “Сотқин!!! Ахийри бориб-бориб мени сотдинг-а, менга нисбатан жиноят иши очилишигача бориб етдинг. Аблаҳ!!!” деб ҳайқирганини эшитганлар оз эмас… 

Энди собиққа айланган бош вазир ўринбосарининг бекордан-бекорга, шунчаки куйиб-ёнмаётганлиги аниқ эди. Чунки  унинг халқаро миқёсдаги коррупцияга аралашиб қолиши билан боғлиқ ҳолат аслида айнан Ходжаевнинг берган кўрсатмаси асосида тасдиқланганлигини Арипов жуда яхши билган. Ўрни келганда фойдаланиб, ўрни келганда шундай нобакорлик йўли билан ўз қудасини сотиш асносида Ходжаевнинг сувдан қуруқ чиқиш ҳаракатига тушиб қолганлигидан телекоммуникация соҳасидагилар аллақачон хабардор бўлишган.

Шу боисдан ҳам Ходжаев қудаси уйига чақиртирганида  боришдан бош тортганлиги бежиз эмасди. Чунки, унинг бу каби ҳатти-ҳаракатлари ўша чақиртирилганлар ўртасида ўз-ўзидан катта муҳокамага айланиб кетиш эҳтимоли юқори эканлигини олдиндан яхши ҳис этган бу тулкимижоз. “Айби борнинг тиззаси қалтирайди” дейишади-ку…

Айтишларича, ўша куни кўпчилик чақирилганига қараганда кун тартибида айнан Ходжаевнинг “разбори” бўлиши кўзда тутилган. Сабаби, юқори лавозимдор бўлган Ариповнинг айбини исботлаш, тасдиқлатиш ҳамда шу асосда унга “жиноят иши” очилиши учун етарлича ва аниқ-тиниқ маълумот-кўрсатмани  уни жуда ҳам яқиндан билган, керак бўлса зимдан чуқур ўрганиб юрган А.Ходжаевгина бериши мумкин эди. Унинг бу сотқинлик-хоинликни қаерда ва кимнинг топшириғи асосида ҳамда қандай ҳолатда амалга оширилганлигига оид маълумотларнинг ўзи алоҳида мавзу… Бу борадаги тафсилотлар ўта қизиқ ва бу тарихда камдан-кам рўй берадиган ўта ноёб ҳолатдир. Мансаб курсисини сақлаб қолиш учун ҳатто ўз қудасининг ортидан пичоқ уришдан ҳам тап тортмаслиги А.Ходжаевнинг нақадар тубан харакатерга эга эканлиги кўрсатади, аслида.

Ана энди худди шу мавзуга дахлдор-далил бўлган бир эпизодик воқеа тафсилотига тўхталсак…

ЎзМТРК раҳбари Ходжаев қудаси Арипов билан ўзаро муносабатлари совуқлашган дастлабки вақтлари ва у ўзининг қадам сасидан ҳам ҳайиқиб юрган кезлари эди. Айни шундай кунларнинг бирида у уйига қайтганида, ҳовлида ўзининг яқин ўртоқларидан бири билан дардлашиб ўтирган ўғли ўзини тутолмасдан сапчиб ўрнидан тураркан, отасига бехосдан бор дардини тўка бошлайди:

– Ада, энди нима қиламиз? Қудангизни деб сизни ҳам ишдан олишадими? Унга жиноят иши очилибди-ю… бу сизга ҳамда бутун оиламизга салбий таъсир қилиши мумкин. Шундан қаттиқ хавотирдаман. Тўғриси, бу ҳақдаги гаплар омма орасида тарқаб, “болалаб” кетаётганлигидан ўзимни қўярга жой тополмаяпман…

Ҳадик ва ҳаяжонини, қўрқув-талвасасини боса олмасдан борган сари ўзидаги руҳий мувозанатни йўқотаётган ўғлининг бунчалик саросимага тушганлигини кўрган отанинг ҳам боши қотиб, ҳовлиқиб-талмовсираб қолади. Ҳақиқатдан ҳам  фарзандининг ёниб-куйишича бор эди. Чунки биргина шу уйига келган дўстидан бошқа қолган барча энг яқин ошна-оғайнилари бирин-кетин ундан  ўзларини аллақачон олиб қочишни бошлаб юборишганди.

Шунда Ходжаев нима қилишини билмасдан ўғлининг ёнидаги ўртоғи олдида бирор бир нарса дейишдан тийилиб, уни қўлидан ушлаб, етаклаб ичкарига олиб кириб кетади. Бу ўртада табиийки, асаблар таранг бир ҳолда, эшиклар очиқ қолган бўлади.

Шу орада ноқулай аҳволда қолган дўсти нима қилишини билмай турган жойида серрайиб қолади. Кетай деса, хўшлашмаган, қолай деса… Ичкаридан эса Ходжаев қанчалик уринмасин, ўғлининг қўрқув-ҳаяжонини бостира оладиган таскин сўз топа олмаётганлиги, ота-боланинг даҳанаки тортишувлари шундоқ ташқарига баралла эшитилиб турарди. Ўғилнинг фиғон-фарёди энди бутун оиласини жунбушга келтира бошлагани яққол сезилаётганди: “Сизни ҳам ишдан олиб, эртага қудангизни чақираётган жой-терговга таклиф қилиб қолишса нима қиламиз, ким-нима деган одам бўламиз, ада!”деган овоз ташқаридаги ўртоғини бироз сергаклантиради.

Ўғлининг ушбу гапларига сабри дош беролмаган А.Ходжаевнинг оғзидан беихтиёр шу гаплар отилиб чиқади: ”Ўзингни босиб олгин, эркакка ўхшаб ўзингни қўлга олсанг-чи. Нега бунча хавотирланасан, ахир. Ким мани чақираркан, ким  олиб бориб қамоққа тиқиб қўя оларкан? Кимнинг қурби етаркан шунга? Э, манга қарагин, одамни шарманда қилмагин сан. Билмасанг билиб қўй, санга бир сирни айтиб қўяй, яхшилаб эшит ва қулоғингга қуйиб олгин! Аввало, ҳеч ким мани пинагимни  ҳам буза олмайди ва жиноят иши очиш тугул, ишдан олишга ҳам журъатлари етишмайди. Бу гапимни тўла ишонч ишонч билан айтаяпман. Негаки, шахсан менда манаман деган биринчи шахс-Каримовими, Зелимхон-у Иноятовими ёки бошқасими,  ана Қодирову-ю бош вазирими барча-барчасининг, керак бўлса энг “ключевой”ларининг ҳам ҳар бир ҳатти-ҳаракати ҳақида ипидан-игнасигача бўлган тўлиқ маълумотлар бор. Фактларнинг ҳам “простой”и эмас, ҳақиқий, оригинал базаси бор. Менимча, улар бу ҳақда унчалик ҳам деб ўйлашмаса-да, барибир шубҳа билан қарашиб, мендан анча ҳадиксирашиб, ўйлашиб гаплашишади. Чунки, улар қанақанги турдаги алоқа тармоғидан фойдаланишмасин, барчаси орқали кимлар билан гаплашишди, қанақа ахборотлар ва “маҳсулот”лар алмашишди, улар ўртасида нима гаплар, қандай “товар”лар айланади буни “мини” маълумотларигача биламан. Уларнинг ҳар қанқанги ишини-алоқа тармоқларини назорат этиш бўйича энг етук мутахассисларидан бири ўзимман, ўғлим. ЎзМТРК раислигидан олдин қаерда, қандай лавозимда ишлаб келганлигимни яхши биласан. Шундай экан, ҳеч қандай ташвиш-у ваҳимага ўрин йўқ. Хотиржам бўлгин. Короче, успокойся!”

Шалвираган ўғил негадир ўша пайтда бош вазир ва президент девони ишлар бошқармаси бошлиғи номини эслатишга уринган чоғида Ходжаевнинг ғазаби қайнаб кетиб: “Эй, сен ҳалиям “малиш” экансан-у…” – дея ўғлини силтаб ташлайди.        

Сўнг яна “қўзичоғи”га гап уқтиришда давом этади: “Ҳўв бола, манави хом каллангни ишлатсанг-чи! Ахир, Зелимхон Ҳайдаровнинг “Партшкола” орқасидаги қасрини, Шавкат Миромоновичнинг “Сельхоз” томондаги қатор кошоналарини битказаман деб ЎзМТРКнинг бор будини ўша ёққа ташиб-сарфлаб, бўларим бўлди-ку. Айниқса, медиамарказга ажратилган маблағнинг тенг ярми ўшаларга кетди-ку. Яна улар ҳақида менга гап очасан ёш болага ўхшаб. Биламан, улар биронта мансабдорнинг оёғи тойиб кетишини пойлаб туришади доим. Яъни, дарров каттанинг олдига кириб, ҳаммаси ўз одамини қўйиш баҳонасида қанақанги ўйинлар қилишидан яхшигина хабардорман. Бу ҳақдаям етарли даражадаги маълумотлар “наставник”да ҳам менда ҳам бор. Хуллас, гап менга келганида уларнинг ҳаммаси барибир қадамларини анча ўйлаб босишга мажбурлар, шуни яхши билиб қўй, ўғлим!”

Ниҳоят, шундай важлар билан раис жаноблари зўрға боласини юпатиш чорасини топади.  

Эслатиб ўтамиз, бу гаплари билан Ходжаев хавфсизлик кенгашининг котиби ўринбосари бўлиб ишлаган даврига ишора этади. Ҳақиқатдан ҳам у ана шу кенгашдаги фаолияти давомида кўпгина компромат маълумотларни йиғиш билан шуғулланганига шубҳа йўқ. Бу борада хавфсизлик кенгашининг ўрта ёшдаги ходимларидан бири юраги тўлиб-тошиб юрган кунларнинг бирида яқин бир дўстига ёниб-куйиб гапириб берган. Ушбу маълумотларни бизга ўша киши тақдим этганди.

Ушбу кичикроқ мақолада Алишер Ходжаевнинг Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига раислик қилган вақтида эркатой ўғлини юпатиш баҳонасида салтанатнинг баъзи сирлари хусусида суллоҳларча сайраганларидан бир парчасинигина келтирдик, холос…

Қудаси Абдулла Ариповга жиноий иш қўзғатилиб, терговга тортилиб юрган бир пайтда буёқда “ҳотамтой” Ходжаевнинг жазманларининг ҳам пайтавасига қурт тушиб қолганига куласизми, куясизми ўзингизга ҳавола. Қизиғи, бул валломат раҳбар ул хуморкўзларини юпатиш учун ўз вақтида салтанатнинг қанақанги сирларидан сўз очди экан? Янаям қизиқроғи, бу “жиловбардор” раҳбарлар, аъёнлару ҳоқонлар ўз айбларини яшириш учун ҳақгўй журналистларнинг, ижодкорларнинг овозини бўғиб, таъқиб-тазйиқ остига олишади-ю, аммо ўзларидан кетиб қолган пайтларида бўшанг болалари-ю, ишга, ижодга қобилияти учун эмас, балки қийпанглаб раҳбарлар кўнглини овлаш борасида қобилиятли бўлган “хоним”чалари олдида кези келганида ўз сирларига қўшиб, салтанат сирларини ҳам “гуллаб” қўйганликларини ўзлари ҳам билмай қоладилар. Шу тариқа бу “сир”лар девор ошиб, элга овоза бўлиб кетгудек бўлса, яна журналистларнинг тирноқлари орасидан кир қидиришга тушиб қоладилар.

ЎзМТРК раҳбари Алишер Ходжаев ва унинг ёрдамчиси Фарҳод Каримов барча  ходимлар ҳақида ҳатто минимаълумотларга-да эга эканликлари ҳақида керилиб гапиришни яхши кўрадилар. Ваҳоланки, уларнинг ўзлари хусусидаги катта-катта маълумотлардан тортиб, ҳатто минимаълумотларгача бора-бора элга ошкор бўлиши, фош бўлиши мумкинлигини билиб қўйишлари, оддий одамларга қазиган чоҳларига бир кун ўзлари “тап” этиб қулашлари муқаррарлигини  ҳисобга олиб, қадамларини ўйлаб босишлари шарт.

27.03.2016 йил

(давоми бор)