Уйғон, Туркистон!!!

Уйғон, Туркистон!!!
19 views
25 August 2017 - 9:30

УЙҒОН, ТУРКИСТОН!!!
(Чўлпонона)

Ичимда қарсиллаб кетди бир исён,
Кўзимда чарсиллаб чақнади нафрат.
Ў, қадим Туркистон! Уйғон, ай! Уйғон!
Ўлимга элтар бу гирдоби ғафлат!

Ў, қадим Туркистон! Уйғон, ай! Уйғон!
Кўнглингга дарз кетди, уйғонмайсанми?
Ичингдан отилиб чиқмасми вулқон,
Ғафлат музлигида тойғонмайсанми?

Сип-силлиқ музларни эритолмасми
Қонингни қиздирган минг йиллик ҳислар.
Бошингдан зулмни аритолмасми
Ҳазориспанддаги илоҳий ислар?!.

Ў, аҳли Туркистон! Уйғон, ай! Уйғон!
Элингга дарз кетди, уйғонмайсанми?
Қара, парча-парча, лахта-лахта қон, –
Тилингга дарз кетди, уйғонмайсанми?..

Уйғонолмайсанми, битдими мадор,
Шунчалар қотдими тил танглайида?
Не-не  шоирларинг кетдилар бадар,
Олимлар отилди қоқ манглайидан…

Ҳикмат: бир олимнинг ўлими, ҳатто
Бир эл ўлимидан қайғулироқдир…
Олимлар – набилар меросхўрлари, –
Зулматларни ёритгувчи чироқдир!

…Чироқсиз қолмоқда хонадонларинг,
Аждодларинг  руҳи келди чирқиллаб.
Мунис сингилларинг, онажонларинг
Зиндонлар кунжида йиғлар ҳиққиллаб…

Уйғон-ай, Туркистон!  –  Алпомишларинг
Бир бурда нон учун қулликка кетди.
Фаҳш учун зўрланди гулдай қизларинг,
Чеккан хўрликларинг суякка  етди…

Ахир, суягини хўрлатмас султон,
Сен Султон эдинг-ку, уйғон, Туркистон!
Топталди ғуруринг, номусу оринг,
Энди жонингними қилурсан ўлпон?..

Эй,  аҳли Туркистон! Жонингни қутқар!
Силтан! Султон бўлсанг, шонингни қутқар!
Кўз оч! Иймонингга ўт кетмоқда, – Ў-ў-ў,
Ўлмай туриб уйғон, иймонингни қутқар!!!

Ўлимга элтади, ахир бу ғафлат…
Ичингда  ёнмасми зулмга исён?
Кўзингни очмасми золимга  нафрат,
Ў, қадим Туркистон! Уйғон, ай! Уйғон!!!

22. 07. 2014 йил.

ШАМСИЯ