Журъатсизлик ҳаммани еб, умрлар сохталиклар домига тушиб қолди

Журъатсизлик ҳаммани еб, умрлар сохталиклар домига тушиб қолди
22 views
25 August 2017 - 10:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

14-қисм

Саккизинчи боб

Баҳром уч кун Нозим Мунис билан хабарлашмади. У ҳам сувга тушган тошдек дом-дараксиз йўқолди. Бу Баҳромнинг ҳаётидаги оғир кечган дамлардан бири бўлди. Унинг олдида икки йўл турарди. Ширкат билан Нозима Мунисдан воз кечса, тинч ҳаётга қайтарди. Йўлида давом этса, истаса-истамаса жиноятга аралашарди. Ишкал чиққан кун бошида калтак синарди. Кимнинг айбсиз ёки айбдорлиги сўнгги масала эди. Ҳўл-қуруқ бирга ёнарди. Чекинса, субутсиз бўларди. Боши қотди. Ҳассасини йўқотган кўрдай ороми йўқолди. Маслаҳат соладиган одами йўқлигидан ўксинди. Ўзини қанчалик алдашга уринмасин, иш охири яхшилик билан якун топишига кўнгли ишонмаётганди. Юраги безовталик туярди. У эса орқасига қайтишни истамас, бу ишларнинг охири унинг ўзига ҳам қизиқ туюла бошлаганди. Ажрашганларининг тўртинчи куни у тўғри Нозима Муниснинг уйига борди. Қизи онасининг темир йўл вокзалига кетганини айтди. Қўнғироқ қилишнинг фойдаси йўқ эди. Автомат ҳар гал унинг телефони ўчирилганлиги тўғрисидаги жавобни қайтарарди.

У машинасини тўхташ жойига қўйиб, Нозима Мунисни вокзалдан излай бошлади. Кутиш заллари ва перронга чиқиш йўлкаларини қараб чиқди. Иш чиқаза олмагач, орқасига қайтаётганда олдидан Настя чиқиб қолди. Унинг:

– Ассалом! – деб берган саломига:

– Валайкум ассалом! Нозима опани кўрмадингизми? – деган савол билан жавоб қайтарди.

– Нозима опанинг олдига кетяпман. Юринг, олиб бораман! – деган Настянинг кайфияти чоқ, қадамлари тетик эди.

Борганларида Нозима Мунис метрони чиқиш жойидаги бир қаҳвахонада, Русияга ишга кетмоқчи бўлганларнинг ўртакашларини йиғиб, икки соатдан кейин жўнайдиган поезд тўловларини келишишаётганди.

У Баҳромни кўрганда, ўрнидан ирғиб туриб:

– Бормисиз?! Ишни тугатайлик, сиз билан кейин гаплашамиз. Вақтингиз борми ўзи? – дея ёнидан жой кўрсатди.

– Вақтим етарли, бемалол ишингизни давом қилдираверинг! – деди у.

Гап-сўзларга қараганда, кетаётганлар сони элликдан ошганди. Нозима Мунис одамларни Москвагача олиб бориб, вокзалда Қайим гарангга топширишни бўйнига олган кимсага беш минг доллар санаб берди.

– Ҳар битта одамни эримни қўлига топширгунингизча бирор кишига зиён-заҳмат етса, бошингиз билан жавоб берасиз! – деди сўнгра унга.

– Албатта! – деди у кимса. – Бироқ яна иккита одам учун икки юз доллар пул беришингиз керак.

– Элликтани ичида иккита одамни олиб кетишнинг қийин жиҳати йўқ. Сиз мижоз топганим учун менга тўлашингиз лозим, – деди у гапни ҳазилга буриб.

Унинг гапидан ҳайрон бўлган  кузатувчи, “ялт” этиб Настяга қаради.

– Мен улушимдан воз кечдим. Икки одамни қўшиб олиб кетсангиз, ҳисоб-китоб тўғри бўлади! – деди у ҳам.

– Бўпти, амалларман. Сизлар хафа бўлмасангизлар бўлгани! – деди кузатувчи.

Чирчиқлик ўртакашлар ва янги пайдо бўлган жиззахлик яна бир кимса Настяга эргашиб, ишизловчиларни кузатиш учун кетдилар. Ишизловчилар миқдори жиззахлик кимсанинг саъй-ҳаракати боис эллик иккитага етганди.

Нозима Муниснинг юз-кўзидан чарчаганлиги билиниб турарди. У ўша кундан буён ишизловчиларни жўнатиш учун елиб югурарди.

У ҳар доимгидек олд ўриндиққа ўтираркан:

– Уч кундан бери тўйиб ухламадим. Тузукроқ овқат бўлса, қорин тўқлардимда, тўғри уйга бориб ухлардим! – деди.

– Нима емоқчисиз? – сўради Баҳром.

– Оғизга ёқадиган бирор нарса бўлса, бас, овқат танламайман. Ўзингизга қулай бўлсин. Дуч келган жойдан овқат ейишга қўрқади одам!

Улар чоққина бир ошхонага кирдилар. Оврупоча таомлар тайёрлайдиган бу ошхонага Баҳром бир-бир кириб турарди. Овқатлари мазали эди. Хилватда жойлашгани учун хўрандалар овқатланишлари баробарида бу ерда суҳбатлашиб ўтирардилар.

Лимонли чой ичгач, Нозима Мунисни юмилиб кетаётган кўзлари сал очилди. Унинг кўзлари ости салқиганди. Бу руҳий азоблар нишонаси эди.

– Соткангизни нима учун ўчирдингиз? Сизни тополмай, уйингизга қидириб бордим! – деди Баҳром.

– Қўнғироқлар, жонимга тегиб кетди. Бир гапни ўн марта сўраб кўнгилни айнитадилар! – деди у. – Ўшандан буён ширкатга бормадим. Саидмат Сотти Ослодан қўнғироқ қилиб, Бухородаги сингари водий вилоятларида марказлар очишга буйруқ берибди. Зоҳид, Акбар чақиряпти, деб, кетини узмасдан қўнғироқ қилиб ётипти.

– Норвегиядан яхши хабар борми? – сўради Баҳром. – Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлса, марказ очса бўлади.

 Бу гапдан ғаши келган Нозима Мунис:

– Ҳалиям ишизловчиларнинг қонунлар йўли билан чиқиб кетишларига ишонмаяпсизми? – деди унга.

– Уларнинг қонун йўли билан чиқиб кетишларига ишонаман, – деди Баҳром. Ширкатнинг қонун йўли билан уларни чиқаришига кўзим етмаяпти!

– Хорижга ишга ширкат жўнатмайди. Бу “Агентство”нинг вазифаси. Ўзингиз яхши биласиз-ку!

– Бироқ ташаббускор Саидмат Сотти-ку! – деди Баҳром. – Тўғри, унинг орқасида ким турганлиги менга қоронғи. Ширкат вазирлик каби расмиятчиликларни амалга ошириш учун бир восита. Саидмат Сотти эътирофича, Норвегиядаги юридик томон унга қарашли. Шундай бўлгач, бу иш унинг шахсий тижорати, фойда-зарарнинг норасмий хўжайини у. Демак, барча масъулият унинг зиммасида. Фаолият кўрсатишга йўл берилмаган тузумларда иложсизлик шуни тақазо этади. Буни тушунса бўлади. Тўртинчи планда турган кимса биринчи пландаги ишларни зимдан бошқаради. Аммо инсоф нуқтаи назаридан бутун ташвиш тўртинчи пландаги кимса елкасида қолаверади. Масъулиятни йўлбошчи ҳис этмаса-чи? Эрта бир кун атрофидагиларни мустабид ҳукуматнинг қонли сиртмоғи остига судрайди, ахир!

Бу сўзлар нафақат ширкат муҳитини, Нозима Мунис билан Саидмат Соттининг ишқий алоқаларини ҳам баён этаётгандек эди.

– Умуман олганда, тўғри айтаётган бўлишингиз ҳам мумкин! – деди у. – Буни вақт кўрсатади. Мен олди-қочдилардан чарчаган бир одамман. Келажакда қонунлар доирасида фаолият кўрсатишимни орзулаётган бўлсам, бунинг нимаси ёмон?

– Қўлда имкон борида хулосаларни вақт измига топшириш жиноят! – деди Баҳром чўпчакнома сўзларни тинглагач. – Хоҳласак-хоҳламасак, вақт бир кун натижаларга баҳо беради. Суистеъмол қилиш учун эмас,  масъулиятли бўлиш учун диққат-эътиборли бўлиш зарур. Моҳиятни англамасак, натижаларга вақтида баҳо беролмасак, қўл қовуштириб ўтирганимиз фойдалироқ кўринади. Олди-қочдилардан чарчаган бир одамнинг ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган ширкат фаолиятини, орзуга берилиб, қонуний деб тасаввур қилиши ўз-ўзига хиёнатдан бошқа нарса эмас!

Нозима Мунис ўйламасдан гапирганди. Суринкали таъқиблар, уйқусизлик уни руҳий жиҳатдан зўриқтирганди.

– Кейинги пайтларда нима деганимни билмай қоляпман! – деди у. – Жинни бўлмасам гўрга эди. Қизларим билан бир мавзуда суҳбатлашиб, бошқа нарсалар ҳақида гапириб юбораман. Хаёлим ўзимдамас. Нуқул оиламни Ирисматдан қутқазишни ўйлайман. Ундан қутулишим учун қарздорларимдан қутулишим керак. Қарздорларимдан қутулишим учун пул зарур бўлади. Уч кундан буён сизни кутиб чарчадим. Сизга бунчалик тез боғланаман деб ўйламагандим. Ҳаётимга кириб келдингизу, эркакнинг қанчалар аёл кишига зарурурлигини ҳис эттим. Шу чоққача ҳеч кимга айтолмаган юрак дардларимни сизга тўкиб солдим. Қадамимни сизнинг имкониятларингиз билан ўлчаб босаяпман. Ҳаётимда етишмаётган нарса ўрнини сиз тўлдиргандай бўлдингиз. Туғишган укамдек бўлиб қолдингиз. Мамнун бўлиш ўрнига, уч кундан буён қон йиғлайман. Умуман олганда, нима учун хурсанд бўлишим керак? Бирпасдан кейин уч кундан буён кутаётган гапни юзимга соласизда, мени уйимга олиб бориб, орқангизга қарамай кетиб қоласиз. Сиздан ҳеч қачон хафа бўлмайман. Хафа бўлишим учун сабаб йўқ. Ростданам, сиз менинг укам эмассиз. Қайним ҳам эмассиз. Шу чоққача йўл қўйган хатоларимга алоқадор жойингиз ҳам йўқ. Сиз кетиб қолсангиз ҳам, мен Настя ва ёшлигимдаги ўйнашим Саидмат Сотти билан ишни давом эттиравераман. Қутулмагунимча ёки қамалмагунимча, ўлимдан бошқаси йўлимга ғов бўлолмайди!

– Ундай эмас! – деди Баҳром Саидмат Сотти ўйнаши эканлигини очиқдан-очиқ тан олган Нозима Муниснинг сўзларидан таажжубда. – Жиддий масалада сизни излаб келгандим. Тушунишимча, бунинг мавриди эмас. Сиз қаттиқ чарчагансиз. Ҳозир уйингизга олиб бориб қўяман, дамингизни олинг. Эрталаб тўққизда кўча бошида кутаман, гаплашиб оламиз.

– Майли! – деди Нозима Мунис. – Ростдан, ичган одамга ўхшаб, бошим хум. Овозим қулоқларимга бегонаникидек, эриш туюляпти. Ухламоқчиман. Кулишга, орзулашга, умид боғлашга ҳаққим бор-ку, ахир!

Эртаси кун Нозима Мунисни кўча бошида кутаётган Баҳромнинг кўзлари олдига Катянинг қиёфаси келди. У шу чоққача бирор аёл юзида Катянинг чеҳрасидагидек бахтиёрликни кўрмаганди. Унинг ғазабида тантиқлик, ноз-карашмасида олов бор эди. Куйдирарди, йиғласа, маъносиз йиғламасди, кулса, лабларидан гуллар сочарди. Кўзларидан сачраган нур куйик қалбнинг қоронғи бурчакларини ёритиб юборарди. Феълида ясамаликдан урвоқ ҳам йўқ эди. Мустақиллик ўзбек эркакларини батамом ахталагани сингари эрлар ўзбек аёлларини хор-зор эттилар. Уқубатларга кўмдилар, чўриларга айлантирдилар. Улар макр-ҳийлага ем бўлдилар. Журъатсизлик ҳаммани еб, умрлар сохталиклар домига тушиб қолди. Аёллар юракдан йиғлашни, юракдан кулишни эсларидан чиқардилар, ноз-фироқни эплай олмайдиган бўлдилар, дағаллашдилар, қўполлашдилар. Нозима Мунис ҳам замона қурбони эди. Ҳар бир ўзбек аёли бошидаги ташвиш унинг ҳам бошида бор эди. Мустақиллик жамиятни шаклсизлик билан қуроллантирди. Шаклсиз вужудда аниқ бир қиёфа йўқ эди. Мазмун йўқ эди…

Асаби душмандай, доим тутақиб,
Тинимсиз чақарди кўксидан чаён.
Қутула олмасди ўзидан қочиб,
Шуурида сўнгсиз, номсиз ғалаён.

Қонуний мулкига одатга хилоф
Бостириб кирганди шаклсиз вужуд.
Кўринмас бу бало гўёки сарроф,
Майдаларди ичдан, нимаки мавжуд.

Нигоҳини олиб қочишга қанча
тиришмасин, барибир, топмасди илож.
Юраги устига қўйволиб танча,
Шаклсиз вужуднинг кирдикори ланж.

У прокурорга этти мурожаат,
Терлаган юзидан қочганида қон.
Прокурор деди: – Қаерда мурдат?
Қалбни тунаганлар қамалар, аён!

– Мана, деди қоғоз, ёзгин ариза,
Сувратини чизгин, топишлик осон!
У президентни чизди бафуржа.
Қўлларига кишан солдилар шу он.

Захоб ертўлада “вужуд”нинг кучи
Халқ душманисан деб олдирмади тин.
Тош деворга уриб чақилди боши,
У деди: – “Ҳизбчи”ман, мен ростдан хоин!

Ёлғиз камерада йигирма беш йил,
Назаротда ушлаб турилди маҳбус.
Шаклсиз вужудга исён этгач дил,
Юракдан бир фарёд отилди: “Афсус”…

Шаклсизлик марази жабрдийдалари – болалар ва оналар эдилар. Эркаклар катализаторлик вазифасини ўтаётгандилар. Шаклсизлик вабо ва ўлатдан ҳам хавфлироқ эди. Юқумли эди. Маъно-моҳиятни емирарди. Оқибат ва муҳаббатни ўлдирарди. Вабо ва ўлатдан қутулса бўларди. Шаклсизлик иммун тизимини ишдан чиқарарди. Ундан фақатгина ўлим қутқарарди…

(давоми бор)