Ҳар бир миллат тақдири миллат зиёлилари савияси даражасида бўлади

Ҳар бир миллат тақдири миллат зиёлилари савияси даражасида бўлади
94 views
26 August 2017 - 8:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

15-қисм

Баҳром 1989 йил баҳорида “Машварат” клуби раҳбари Ботир Ғофуров билан гуржи демократик кучлари чақириғига биноан Тифлисга борди. “Бирлик” вакилларини самимий қаршилаган гуржилардан кўп нарсаларни ўрганиш мумкин эди. Уларнинг юзларида самимийлик, ғайрат-шижоат, руҳий бирдамлик балқирди. Айни ўзбекда тақчил хислатлар уларда бисёр эди. Шуларнинг ярмиси бўлса, “Бирлик” халқ ҳаракатининг узил-кесил ғалабасини таъминлаш мумкин эди. Миллатни осмонга кўтарса бўларди. Анжуманнинг иккинчи куни ўзбек демократик кучлари вакилларини Гуржи давлат унверситети ўқитувчилари зиёфатга чақирди. Дастурхон атрофидагимезбонларнинг аксарияти унверситет аспирантлари ва талабаларидан иборат эди. Уларнинг кийинишлари ва ўзларини тутишлари ўқитувчиларникидан фарқланмасди. Ўқитувчилари билан мулоқотларида самимийлик бор эди. Баҳром умри бино бўлиб катталар ва ёшларнинг бир-бирлари билан ўртоқлардай муносабатда бўлганини эслай олмасди. Ўзининг Тошкентда, унверситет ўқитувчилари билан тўкин-сочин дастурхон атрофида меҳмон кутишини тасаввурига сиғдиролмасди. Анча илғор Ботир Ғофуров сўзамол эди. Унверситет ўқитувчиси сифатида унинг гуржиларникидан қолишадиган жойи йўқ эди.

Рус тилидан нўноқ Баҳром Ботир Ғофуровнинг зукколигига қойил қолиб ўтирарди. У масхати турклари билан ўзбекларнинг қон-қардошлик ришталари ҳақида гапирарди. Уларни учинчи томон бир-бирига гиж-гижлагани тўғрисида иддаолар этарди. Шунда Баҳром билан ёнма-ён ўтирган аспирант:

– Шу ерда бўлганида, қоқ пешонасидан отардим! – деди Амир Темур номи қулоғига чалинганида.

– Амир Темур сенга нима ёмонлиқ қилди? – сўради Баҳром.

– У қонхўр қанча гуржиларнинг бошини еган. У ҳам масхатияликларга ўхшаган бир ваҳший туркда!

Ширакайф аспирант муштларини тугди.

– Туркни отгинг келаётган бўлса, мени от! – деди Баҳром.

– Сенинг туркларга нима алоқанг бор? Сен ўзбексан-ку?

– Амир Темур туркми? – саволга савол билан жавоб қайтарди у.

– Турк!

Аспирантнинг тезроқ орани очиқ қилиб олишни истаётгани кўриниб турарди.

– Амир Темур турк экан, мен ҳам туркман! – деди у. – У мўғул бўлганда, мен ҳам мўғул бўлардим. Гуржи бўлганида, сенга ўхшаб гуржи бўлган бўлардим.

– Бўлиши мумкин эмас! – деди бошқа бир аспирант. – Темур мўғул бўлиши керак!

– Меҳмоннинг даъвоси ҳақ! – деди сўзи бўлинган Ботир Ғофуровдан узр сўраган профессор.

– Қандай қилиб? – дея аспирант қўлларини икки томонга кериб, норозилик билдирди.

– Шундай қилиб! – жавоб берди ўқитувчи. – “Биз ким – молики Турон, амири Туркистонмиз! Бизким –миллатларнинг энг улуғи, туркнинг бош бўғинимиз!”, дея амир Темур ўзи “Тузук”ларида турклигини очиқ-ойдин айтиб турганда, баҳсга ҳожат йўқ.

– Бобурийлар кимлар? Нима учун уларни мўғуллар дейишади?

– Бобирнинг бобокалони Темур турк бўлса, у ҳам турк бўладими?

– Ҳа! Аммо манбаларда улар мўғулларга нисбат берилган-да!

– Унақада ўзбекларнинг барчаси мўғул бўлади. Бунинг иложи йўқ. Мўғул билан ўзбекнинг тили, дини, руҳияти, қадрятлари тамоман бошқа-бошқа. Бобир ижоди туркчада бўлса, руҳияти турк бўлса, у қанақасига мўғул бўлади? Унинг мўғул номини орттиришига ўзбек олимларининг такасалтангликлари сабаб, холос. Ўзбекнинг тарихида бунга ўхшаш осилиб ётган муаммолар сон мингта!

– Турклар кимлар ўзи?

– Русия ҳудудларида ўттиздан ортиқ турк халқлари яшайдилар. Бу руслар босиб олган маконларнинг саксон-тўқсон фоизи бир замонлар Туронзаминнинг шимолий мулклари бўлган деган маънони англатади. Турон –Туркистон деганда ҳозирги Марказий Осиёни, Хуросоннинг Тирбанди Туркистон тоғ тизмасигача бўлган ерларни, Хитой тасарруфидаги Уйғуристонни – таъбир жоиз бўлса, Буюк Хитой деворигача бўлган чегараларни, Хуросон мулклари ва Руссиянинг аксар қисмини тушуниш керак. Ўғуз турклари Мидия ва Эрондан Туронга қочиб кирган Хоразм ва Бухоро форсларини турклаштиргач, Хазарни кечиб, Озористонни бунёд эттилар. Усмонлилар пойдевори – салжуқлар Румда буюк салтанатга асос солдилар. Ундан кўчиб, Испания сарҳадларида Андалусия тамаддунини тикладилар. Хоразмни бостирган Чингизхон ҳам Мўғилистондаги турк элатларига мансуб бўлган. Шу учун ҳам улар ўзларини мўғул-тотор деганлар. Тоторларнинг турклигини бутун дунё билади. Марказий Осиё атамаси жуғрофий тушунча. У жойларнинг Турон – Туркистон деб юритилиши, Гуржистоннинг гуржиларга тегишли эканини англатгандай, туркларнинг бу кенгликларда азалдан истиқомат этганини билдиради. Туркистон аслидаТуроннинг кичрайтирилган шакли. Мазмунан иккаласи бир нарса. Турон сўзининг мағзи турккон – турклар макони дегани. Миллатларни бир-биридан юқори-паст қўйиш жоҳилликдан ўзга нарса эмас. Аммо ҳар бир миллат вакилиўз тарихини, аслиятини, ота-боболари турмуш тарзи, ютуқ ва хатоларини ўрганишга ҳақли. Миллатни севиш унинг нуқсонларини очишдан бошланади. Миллат ёмон қусурларидан ҳузурланса, баҳра олса, ўзини ўлимга маҳкумэтади. Миллатлар тўғрисида гапирганда эҳтиёткор омилкор бўлмоқ зарур. Миллатлар инсонларга ўхшаб туғиладилар, улғайиб, вояга етадилар, ўладилар ва яна янгидан туғиладилар… Ҳар бир миллат тақдири миллатзиёлилари савияси даражасида бўлади. Ўрни, жамият ўзлаштирган таълим-тарбия, ғайрат-шижоат, феъл-атворбилан белгиланади. Мустақил шаклланиш даврини муваффақиятли кечирмаган миллат тўла қонли миллат ҳисобланмайди. Халқ ва раҳнамолар оғир ва бахтиёр дамларда бир байроқ остида бирлашолмаса, миллат душман таъсирига тушади. Бешафқат дунёда ҳеч бир нарса ўз-ўзидан яралмагани каби ўз-ўзидан йўқ ҳам бўлмайди. Миллатга алоқаси бўлмаган жиҳатлар ҳам тарихда учраб туради. Бунга коммунистларнинг кичик халқларга бўлган зуғумини мисол келтирса бўлади. Биз кўришга кўзимиз, отишга ўқимиз йўқ масхатиялик турклар, қрим тоторлари аслида Сталин агрессияси қурбонлари. Улар тарихий ватанларига қайтишни истаяптилар, холос. Бизнинг манфаатларимизга эса бу нарса тўғри келмайди. Манфаатлар кесишмаган жойда адолат иккинчи планга сурилмаса, иккинчи томон учун бунданда даҳшатли муаммолар туғилиши мумкин. Дунё ва одамлар яралганларидан буён шундай яшаб келяптилар. Бундан кейин ҳам шундай яшайдилар. Турк халқлари ҳаётида ҳам минг йиллар асносида турли хил эврилишлар рўй берди. Натижада кўп нарсалар ўрни алмашди, кўп нарсалар изсиз йўқолди. Ўз вақтида ёзиб қолдирилмагач, чалкашликлар ва тушунмовчиликлар юзага чиқди…

Билдирилганларига тескари айтилган фикрлар гуржилардан ҳам кўра Баҳром билан Ботир Ғофуровникўпроқ саросимага солди. Бу воқеа ўзбеклар орасида содир бўлганда, барча бир-бирини хоинликда, миллатфурушликда айбларди. Баҳром бундай ҳодисаларнинг “Бирлик” мажлисларида бир неча марта гувоҳи бўлганди. Дунёда гуржилар салмоқ жиҳатдан озчиликни ташкил этсалар-да, нуфуз жиҳатдан улар руслардан кейинда эмасдилар. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор эди, албатта. Амир Темурнинг “Куч адолатда” деган ҳикматини бунга мисол этса, нотўғри бўлмасди. “Куч адолатда” деган сўз аслида пайғамбарларга тегишли эди. Амир Темурдан олдин “Рости русти” дея Фирдавсий “Шоҳнома”да ёзганди. Дунёнинг асосини адолат ушлаб турарди. Бу ибора замирини гуржилар ўзбеклардан бошқачароқ тушунарди.

– Майли! – деди  аспирант баҳсга сабабчи бўлган Баҳромдан алам олиш учун. – Бир-икки йил бурун иккидўстим билан Туркистонга боргандик. Меҳмонларга малол келмаса, ўша саёҳат билан боғлиқ воқеаларни ҳикояэтиб берсам. Назаримда, бу нарса ҳозирги айтилган фикрларга ойдинлик киритади.

– Бемалол! – деди вино қултумлаб, ўлтирган ўқитувчи. – Бировлар кўнглини оғритадиган гап айтмасанг бўлгани. Сени жон қулоғимиз билан тинглаймиз.

– Аҳмаджон Одиловнинг номи вақтли матбуотдан тушмай қолган дамларни барча эсласа керак! – деяаспирант ҳикоясини бошлади. – Тарихда афсонавий қароқчилар ҳақида ҳам бунчалар кўп ёзилмаган. УМосквадаги ҳибсхоналардан бирида тергов қилинарди. Унинг мардонавор ўзини тутиши узиқ-юлуқ бўлиб одамлар қулоғига етарди. Ертўладан чиқаётган гап-сўзлардан нафақат москваликлар, бутун иттифоқ хабардор эди. Мени қизиқтирган ҳолат унинг жиноятлари ёки йиққан мол-дунёси эмасди. У, шак-шубҳасиз, халқини қулликка маҳкум этган, инсонийлик шаънини топтаган чаласавод бир кимса эди. У нари борса “ворзакон” даражасидаги ёинки “положенос”лик қолипидаги бир кимса эди. Ундан юқори эмасди. Фарқи, у тузумга хизмат этганди, қулликни мустаҳкамлаганди. Унгача ҳам у маконларда Сулаймон Қурбонов, Турсунқул Ҳамроқулов каби ўнлаб қулдорларнинг маҳаллий малайлари ҳақида эшитганмиз. Бу ўзбеклар учун янги ҳодиса эмасди. Бироқ илгаргилари қанчалар баттол, шафқатсиз бўлмасинлар, устиларидан жиноий иш қўзғалди, дегунча, бир-бирларини сотганлар. Орган ходимлари чангалида арслон панжасидаги сичқончадай ҳалим бўлиб қолганлар. Бу каби кимсаларни қамаш ҳукуматнинг халқни чалғитиш учун ўйлаб топган – иллюзион трюклари бўлган. Халқ буни кўриб, адолатли ва қудратли бир мамлакатда яшаётганидан фахрланиши керак эди. Сўнгра меҳнатда янги уфқларни эгаллаш учун ўлиб-тирилиб олдинга талпинарди, навбатдаги малайни етиштириш учун жонини жабборга берарди. Ўзи туққан юҳо асоратига тушгач, ҳукумат қўли билан уни бўғиб ўлдирарди. Бу кўпроқўзбекларга ҳос ҳодиса, албатта. Бизни қизиқтирган масала Аҳмаджон Одиловнинг жасурлиги эди. Унинг, “Рус тилини яхши билмайман”, дея таржимон талаб этиши, ўзбек миллати нуқтаи назаридан қаралса, инқилобий ҳодиса эди. Ўз юртида тилини ерга уриб, ҳукмрон миллат тилини юқори қўядиган дунёда битта халқ бўлса, у ҳам ўзбеклар эди. Улар русчани яхши гапира олмаганларида ҳам, ўзларини илғор кўрсатиш учун ялтоқланишни суярдилар. Биз гуржилар икки-уч тилда она тилимиз даражасида мулоқат қила олсак ҳам, вазият тақазо этмагунча, гуржи тилида суҳбат қуришни суямиз. Тил миллатнинг бутун бўй-бастини, руҳиятини ва ички оламинидунёга намоён қиладиган қудратли восита. Ўз навбатида, дунё тилсимларини миллатга очиб беради. Тилини озод этолмаган миллат – тишсиз, тирноқсиз арслонга ўхшайди. Бу қуролдан самарали фойдалана олмаган миллат бир умр оломонлигича қолади. Шунинг учун ҳам Аҳмаджон Одилов кўзимизга қаҳрамон бўлиб кўринганди. Тўғри, унинг шижоати гуржи ёки озорбайжон миллати вакили учун оддий ҳодиса эди. Бошқалар, ўзбекларчалик катта тарихга, маданий илдизларга эга бўлмасалар ҳам, қадрятларини ва ўз тақдирларини улар сингари бировлар қўлига бериб қўядиганлардан эмасди. Гуржистон гуржилар мулки эканлигини биз ўзимизни англамасдан олдинбилганмиз. Ўзбеклар, Русия русларнинг мулки бўлгани сингари, Туркистон ҳам, Тангри берган ўзларинингмулклари эканлигини чуқур ҳис этолмайдилар. Мен ўрта мактабда ўқиган кезларимда икки маротаба ёзги таътилимни Тошкентда яшайдиган амакимникида ўтказганман. Шунинг учун уларга хос нарсалардан бирозбохабарман. Хуллас, Аҳмаджон Одиловнинг ҳамқишлоқларини кўриб, у ҳақда тасаввурга эга бўлиш учун “Жигули”да Наманган сафарига отландик. Краснаводга Каспийдан кечиб ўтдик. Чоржўйга етиб, Амударёни ортда қолдирдик. Сўнгра қишлоқлар, шаҳарлар, тез-тез кўзга ташлана бошлади.

Қишнинг ўрталари эди. Оёғида керза этик, елкасида кетмон кўтарган хотин-қизларни кўрдик. Далаларда аёллар эди, болалар эди. Ошхоналар ва чойхоналарда эркаклар, иссиқ гўшалар, улар учун эди. Йўлларда, бекатларда улов кутаётган аёллар ва болаларнинг афт-ангорини кўрганнинг ичи ачирди. Барчалари суъний матодан тикилган, ялтир-йилтир уст-бошда, юпун кийимларда қалтираб турардилар. Қадоқ қўллар, қурқшаган афт-башаралар ҳалигача кўз олдимда. Умрлари бино бўлиб уларнинг боши қора меҳнатдан чиқмаганлиги билиниб турарди. Наманганга етгунимизча, шакл-шамойилда ўзгариш сезилса-да, маъно-мазмунда ўзгариш сезилмади. Аҳмаджон Одилов раҳбарлик қилган ҳудудларда ҳам хор кийинган, оғир меҳнатдан физианомияси бузилган, эгри-қийшиқ эркак ва аёллар. Колхозчилар Аҳмаджон Одилов бунёд эттирган токзорларга ва боғларга болта қўйгандилар. Бир пайтлар ўз қўллари билан вояга етказган боғларни улар пайҳон этмоқда эдилар. Раҳбарлар золим, раҳнамолар лақма, зиёлилар кўр бўлса, қўйдай ювош одамларда ва мева бериб турган боғларда нима айб? Ўшанда бутун ўй-фикрларимни ортга тезроқ қайтиш истаги чулғади. Жаннатмакон водийни жаҳолат уясига айлантирган раҳбарларни ҳам, уларни бошларига чиқарган одамларни ҳам кўришга кўзим йўқ эди. Ўз-ўзимга алданиб, шу жойларга келганимдан пушаймонда эдим. Дўстларимнинг эса Бухорога етгунларичаҳафсалалари пир бўлганди. Аммо сафарнинг фойдали томонлари бўлмади, дея олмайман. Бир нарсани англадим-ки, болалари тўғри таълим-тарбия кўрмаган, аёллари ҳузр-ҳаловатда умр кечирмаган, эркаклариқалбида ғайрат-шижоат ёнмаган юртда ҳеч қачон рўшнолик бўлмас экан.

Тошкентда амакимникида меҳмон бўлдик. Сояи сабаб, самарқандлик колхоз раиси билан қадрдонлашдик. У бизни тинглагач, “Нотўғри хулоса ясаяпсизлар. Наманганда шунақа бўлиши мумкин, самарқандликларАҳмаджон Одиловнинг эмас, Амур Темурнинг авлодлари. Йўл-йўлакай меникида меҳмон бўласизлар, фикрларингиз ўзгаради”, деди. Икки кундан кейин бизни самарқандлик раис кутиб олиб, оёғимиз остига қўй сўйди. Борганимизда қоронғи тушганди, ён-атрофни кўз илғамасди. Ўша кун икки раиснинг яримта қўйни еб, бир яшик ароқ ичганини кўрдик. Тун яримидан ўтганда, иккинчи раис кета туриб, бизларни меҳмонга таклиф этди.Хаёлимизда чўмилиб, уйқуга ётиш истаги ҳукмрон эди. Бизни кузатиб чиққан кимса чўмилиш имкони йўқлигини, ҳаммомга тонг отгач, туман марказига бориш кераклигини тушунтирди. У кимса тасаввурида ҳар бир хонадонда ҳаммом бўлиши лозимлиги хусусида оддий тушунча ҳам йўқ эди. Бўлгани бўлди, дея ўйлаб, ҳожатхонани сўрадик. У бир чеккада қийшайиб турган кўланкани кўрсатди. Эшик ўрнида латта тутилганди. На чироғи, на оёқ босадиган жойи бор эди. Гугурт чақиб, бир амалладик. Қайтиб кирганимизда, этигини ечган раис усти-боши биланухлаб қолганди. Оёғининг ҳидидан ҳожатхона мусаффороқ эди. Уни кўргач, бизлар ҳам тўғри келган жойда ечинмасдан ухлаш лозимлигини англадик. Тонг оқарди. Кўз очганимизда, раис йўқ эди. Хулоса чиқаришгаетарлича асосларимиз борлиги учун йўлда давом этишга қарор қилдик. Ҳаялласак, раис келарди, қочиб қутула олмасдик. Ўзларингиз  ўйланглар. Битта қўй билан бир яшик ароқнинг пулига тузукроқ ҳожатхона тиклаш қийинми? Ёки озроқ маблағ қўшиб, кичикроқ ҳаммомни эпақага келтирса, раиснинг асакаси кетадими? Тузумнинг қуйи бўғинидаги мустаҳкам тиргак – раислар аҳволи шу бўлгач, халқдан гина этиб бўладими? Касб-корнингрўзғорга ёруғи тушмаса, мол-дунёнинг, мансабнинг нима кераги бор? Тўғрисини айтсам, бошида Баҳромдан қасдолиш ниятим бор эди. Ҳикоя асносида кўнглим юмшади. Нохуш ҳислардан ғалати бўлдим. Аслини олсак,инсонлар орасида бегоналари йўқ. Баримиз бир томчи сувдан бунёд бўлганмиз. Биримиз ака бўлсак, биримиз укамиз. Биримиз опа бўлсак, биримиз сингилмиз. Бировнинг кулфатидан суюниш мардни иши эмас. Нима деган бўлсам, ичим ачиганидан гапирдим. Билиб-билмай чегарадан чиққан бўлсам, меҳмонлар авф этсинлар…

Орадан ўн олти йил ўтиб, гуржи аспирантининг ҳикоясини Баҳром кечагидек эсларди. Ўша йигит тағин бу ерларга келсаю, мустақиллик талафотларини кўрса эди? Шаклсиз вужуд юзага чиқарган иллатлар ёнида коммунистлар содир этган жиноятлар ҳолва бўларди. Вужудга мараз коммунистлардан юққан бўлса ҳам, асоратлари коммунистларникидан бир неча баробар ўткир эди. Унинг биринчи хусусияти, қилмоқчи бўлган ишинигапирмасди, айтганини амалда бажармасди, йўқни бор, борни йўқ дерди. Нозима Мунисни тушовлаган ҳам шаклсиз вужуд эди. У ҳар бир аёл, ҳар бир эркак бошида танда қуриб, ўтириб олганди. Болалар учун жўжи-бўжидан қўрқинчли эди. У тирик ўлганларнинг ёвуз арвоҳи эди. У келажак илдизини кемираётган қурт эди. У ҳар бир кўзга кўринавермасди…

Машина эшиги очилганда, Баҳром рулдан бош кўтарди. Нозима Мунис доимгидек олд ўриндиққа ўтирди.

– Қизим чиқиб кетаётганда сизни кўрган экан! – деди у. – Қайтганда ҳам турган экансиз. Соат тўққизда учрашамиз дея келишганимиз хотирамдан кўтарилибди. Қизим қайтмаганда, ҳали чиқмасдим. Қўнғироқ ҳам қилиб қўймабсиз!

– Нозима опа, қаерда гаплашиб оламиз? – деди унинг сўзларига эътибор бермаган Баҳром.

– Кечаги жой менга жуда ёқди! – деди у. – Тинч экан, овқатлари ҳам тузук.

Қаҳва ичган Баҳромни ошқозон яраси безовта этгач, у овқатдан босиб-босиб еди.

– Хўш, нима қиламиз? – деди у сўнгра.

– Ўзингиз нима дейсиз? – сўради Нозима Мунис ҳам. – Ҳаммаси сизнинг қарорингизга боғлиқ. Мен ҳарқандай шартга ҳам кўнавераман, чорасиз бир одамман.

У ҳақиқатан ҳам тўғри сўйлаётганди. Икки ҳолатда ҳам у Баҳромга эътироз билдира олмасди.Айтадиганини айтган, яширадиган нарсасининг ўзи қолмаганди.

– Нозима опа! – деди Баҳром. – Сизни ташлаб қочиш ниятим йўқлигини аввалдан айтиб қўяй. Аммо бир-икки шартим бор, кўнсангиз, бирга ишлаймиз. Йўқса, ақли-ҳушимиз жойидалигида барчасини йиғиштирганимиз маъқул кўринади.

– Нима демоқчисиз, айтинг? – деди Нозима Мунис. – Тўғри келса, келишамиз, тўғри келмаса, иккимиз ҳам ўз йўлимизга кетамиз.

– Сиз ноқонуний ишлардан тийила олмаяпсиз. Ортга қайтишингизга ишонмай қолдим. Бу масаланинг ёмон жиҳати. Бироқ, ширкат иши тезлашса, муаммоларингиз ечилишига иноняпман. Менга тегадиган улушнинг тенг яримиси сизники бўла қолсин. Ишларингиз жойига тушгунга қадар бола-чақамни устини бутлаб, қорнини тўйдирсам, бўлди. Бирор нима орттиришдан воз кечаман. Шунинг учун ширкатда бирга ишлашга розиман, қолган ишларингизга аралашмайман!

Баҳромни диққат билан тинглаган Нозима Мунис:

– Тўғри айтдингиз, мен ўзимни тўхтата олмаяпман! – деди. – Чунки шу туфайли бир-икки сўм пул топиб,рўзғор тебратяпман. Майли, сиз бу ишларимга аралашманг. Илтимосим, машинангизда олиб юрсангиз, бас, хизмат ҳаққингизни тўлайман. Ишимнинг, топаётган пулимнинг, жиноятимнинг сизга алоқаси бўлмайди. Айтганингиздай, ширкат ишини бирга олиб борамиз. Сиз ёнимда бўлсангиз, ўзимга ишончим ортяпти. Бўлмаса, пулини тўласам, ким киракашлик қилмайди, дейсиз.

(давоми бор)