Қизилобод

Қизилобод
13 views
26 August 2017 - 22:10

Совет коммунистлари қизил рангни ва “қизил” сўзини яхши кўрарди.

Ҳокимиятга келгач, кўп жой ва нарса отларини потирлатиб қизилга бўяб чиқди:

“Қизил Армия”, “Қизил Ўзбекистон”, “Қизил Шарқ”, “Қизил қақир”, “Қизил жар”, “Қизил Октабир”… ва ҳоказо.

Худди номига “қизил” сўзи қўшилса, мамлакат бир думалаб “Қизил мамлакат”, одамлар “қизиллар” (совет кишиси) бўлиб қоладигандай.

Сўнгра коммунизм тимсоли деб “нур” сўзини танлади. Натижада “Нуробод”, “Нурли йўл”, “Нурафшон”, “Нурли келажак”, “Қизил нур”… каби атамалар урчиди.

Мустақил Ўзбекистоннинг сенатига нима бўлдики, неча асрлик “Тўйтепа” номини ўзгартирди?!

Қанақа калладан чиқди бундай таклиф?

Ватан ва халқ тарихининг ҳурмати йўқми?!

Совет мафкураси қўйган номларни аслига қайтарса, майли эди!

Тарихий номларни ўзгартиришни жиноят деб баҳолаш керак!

Эскини “янги” атасангиз, янги бўлиб қолмайди. Харобазорга “обод” деб от қўйган билан харобалигича тураверади.

“Ҳамза” оти “Яшнобод” бўлгани билан туман бир кунда яшнаб, обод бўлиб кетмади-ку!

Ҳар ернинг номига “…обод” сўзини қўшавергандан кўра ўзини обод қилишга зўр бериш керак.

Ёки республиканинг бошқа туманлари каби неча йилдан бери ярим чироқсиз ўтирган Тўйтепа номи “Нурафшон”га айланса, бирданига оламга нур тарата бошлайдими?!

Советча фикрлаш тарзидан қачон қутуламиз, ўртоқ сенаторлар?!

Қиладиган бошқа ишларинг йўқми?

Ё Ўзбекистонда жой номларини ўзгартираверишдан бошқа муаммо қолмадими?!

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

facebook.com