“Курашади икки тўлқин…”

“Курашади икки тўлқин…”
27 views
27 August 2017 - 14:45

Бугун Ўзбекистон сиёсий майдонида ўзига хос кураш кетяпти. Ажиб ҳолат!

Халқ бир томон, Ислом Каримовдан қолган аъёнлар иккинчи томон.

Ўртада Президент Шавкат Мирзиёев талаш.

Халқ уни зўр бериб ўзига оғдирмоқчи, эски аъёнлар тиш-тирноғи билан ёпишиб, ўзи томонга оғдирмоқчи.

Халқ бу курашни очиқ олиб боряпти ‒ кўчаларда, уйларида гапиряпти, ижтимоий тармоқларда ёзяпти. Эски аъёнлар ёпиқ шаклда курашяпти ‒ зимдан, пистирмадан, орқадан, сас чиқармай. Аммо давлатнинг бутун куч-қудратидан фойдаланган ҳолда!

Халқ қўрқа-пуса бўлса-да, майдонда ҳалолроқ беллашяпти, эски аъёнлар гоҳ оёқдан чалади, гоҳ бошқа фириб беради.

Халқ кўпчилик бўлгани билан сўзи бир оз ўтмас, ҳаракати енгил, эски аъёнлар озчилик бўлгани билан сўзи кесади, ҳаракати ҳам тош босади.

Халққа Президентнинг сўзлари, ишлари ёқяпти ва айтилаётган гаплар тезроқ амалга ошишини истаяпти, катта ижобий ўзгаришларни умид қиляпти. Аъёнлар эса, Президент оғзини тўса олмаётган, кўринишда атрофида елпатак бўлаётган бўлса-да, зимдан йўлига тўғаноқ қўйяпти, аравани эски изга солишга уриняпти.

Ҳар қандай янгилик эски аъёнларни чўчитади, чунки янги шароитда ўзи қаерда бўлишини билмайди.

Кураш яқин бир йилдан бери танаффуссиз давом этяпти, кундан-кунга кучайиб бормоқда. Натижани ҳозирча билиб бўлмаяпти.

Нима дейсизлар:

1. Ким ғолиб чиқади ‒ Президентни қайси томон ютади?

2. Президентнинг ўзи қайси томонни танлайди ‒ ким ютиб чиқишини истайди?
_____________________

Эскартиш:
“Халқ” деркан, ижтимоий фаол қисми назарда тутилди.
“Эски аъёнлар” деганда ҳам барча эмас, ўзгаришларга қаршилар кўзланди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

facebook.com