Улар ҳар бир фуқарога зуғум ўтказа олардилар

Улар ҳар бир фуқарога зуғум ўтказа олардилар
68 views
29 August 2017 - 9:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

17-қисм

Нима мақсадда учрашаётганларини англаб турган Таваккал баъзи бир тушунарсиз масалаларда суриштира бошлаганда, Баҳром уни тўхтатди.

– Озроқ сабр қилайлик. Шу ишларга масъул кимса билан учрашасизлар! – деди у.

Улар Бухородан келаётганларида ширкат фаолияти хусусида суҳбатлашгандилар. Таваккал, “Наманганда марказ очилса, хабарсиз қолмай, тағин” дея илтимос қилганди. Баҳромнинг водийда етарлича таниш-билишлари бўлса ҳам, унинг номзодини илгари сураётганини сабаби шунда эди.

Баҳром чамалагандай, Нозима Мунис вақтида қўнғироқ қилиб, кўча бошига чиқаётганини билдирди. Шуни кутиб турган Баҳром, Таваккалга машинасини ҳайдаб чиқишини айтиб, уйи томон шошилди. У вақтида етиб бориши учун катта-катта қадамлар билан олға босарди. Ҳар қандай шароитда беш дақиқа кечикишини чамалагач, қўнғироқ қилиб Нозима Мунисни огоҳлантирди.

У қайтиб, кўча бошидан Таваккални олиб, ҳеч қанча юрмасдан, қаршисидан келаётган Нозима Мунисга кўзи тушди.

– Бирпас сабр қилсангиз, бориб олардим. Куннинг жазирамасида юриш шарттими? – деди унга.

Орқа ўриндиқда ўтиришни хушламайдиган Нозима Мунис ўрнашиб олгач:

– Юргим келиб кетди, – деди. – Ҳадеб машинада юравериш бўлмас экан. Юрак пиёда кезишни қўмсаб қоларкан.

Баҳром Таваккални Нозима Мунис билан таништирди. Икки орада қизғин мулоқот бошланди.

Баҳром ҳеч нима эшитмасди. Нозима Мунис билан Саидмат Соттининг сирли учрашуви унинг қалбини алғов-далғов этиб ташлаганди. Унинг шу тобда эшитишга, фикрлашга тоқати етмасди. У ўпқонга тушган хас сингари ихтиёрсиз эди, хаёллари эшкакларини қочирган қайиқ мисоли тизгинсиз эди.

– Қаерга борамиз? – дея сўради у.

– Кўкчага, ширкатга ҳайданг! – деди қизғин суҳбатга берилган Нозима Мунис.

Ширкатга етиб боргунча ҳам Баҳром уларни англамади.

У орқа ўриндиқда ўтирган Нозима Мунисни кўзгудан кузатиб, ҳушидан ажраёзди. Нозима Мунис бир кечада ўзгарганди. Бояги тор кўйлакни ечиб, кенгроқ кўйлак кийган бўлса ҳам, афт-ангорини висол шарпаси тарк этмаганди. Парвариш нималигини унутган оқ аралаш сарғимтир сочлар ҳафсала билан бўялганидан, рахтидан тушай демасди. Улар тўқ рангга кириб, ипакдек жилоланганидан, бекасини ўн йилларга яшартириб юборганди. Бироқ буришишни бошлаган бўйин терисидаги қизилтирим доғлар унинг ҳолини сўзсиз сўзлаётгандек эди. Акси, қимматбаҳо духининг ўткир ҳиди, унга биринчи бор қараган кишини аврарди, димоғини қитиқлаб, шаҳвоний ҳислар уйғотарди. Шунда ҳам атир ифорига алданиши мумкин бўлмаган Саидмат Соттининг унинг бўйнидан сўриб-сўриб ўпганини тасаввур этиб бўлмасди. Унақада Саидмат Соттини ўзи истамаган ролни ўйнашга мажбур этган омил нима эди? Сувга пишган тўнкадай пўкиллаб қолган бу хомсемиз тулкининг қайси манзилларни кўзлаганини ўшанда Баҳром илғаганда, вақти етиб, ҳибсхонанинг зах камерасида ўтирмаган бўларди.

Висол лаззатларидан-да хуш ҳисларни туйиш ёшига етган Нозима Мунис йўл қўйган хатоларидан тўғри хулосалар чиқармаётганди. Бу эрта бир кун ўзига қўшиб, бошқаларни ҳам гўрга тиқарди.

Йўл бўйи Таваккал билан суҳбатлашиб келган Нозима Муниснинг ундан кўнгли тўлди.

– Таваккал, сиз ҳам биз билан юринг! – деди у йўл бошлаб.

Саидмат Сотти ҳузурида нозик меҳмонлар бор эди. Улар бироз кутиб қолдилар. Хонадан чиққан кимсаларни Саидмат Сотти машиналарига ўтқазиб, кузатиб қайтди.

– Ассалому алайкум, домлажон! – деди у жойига ўтира туриб. – Яхши келдингизми? Ички ишлар вазирлигидаги оғайнилар ҳол-аҳвол сўраб келибдилар экан. “Биздан нима ёрдам жоиз? Савоб ишларни кўриб туриб, келмасликнинг иложи бўлмади”, дейишяпти. Эзгу ишларимиз ҳамма ёқда дув-дув гап бўляпти эмиш…

Саидмат Сотти, нишонини айтиб мақтанмаса ҳам, уларнинг кимликлари аниқ эди. Ўзларини ғайри оддий тутишлари, совуқ турқлари уларнинг ниятларини билдириб турарди. Демократик жамиятлар ва қонунларнинг суянган тоғи бўлишга арзийдиган хавфсизлик кучлари билан халқ орасида жарлик пайдо бўлганига йигирма йилча бўлганди. Чегара чизиғи чуқурлашса чуқурлашарди, қисқармасди. Икки фронтга бўлинган тарафлар ўртасида эълон қилинмаган уруш давом этарди. Манфаатлар кесишмагач, икки томон бир-бирини танишга интилмасди. Тузум бир вужуддан бунёд бўлган ҳар икки аъзони бир-бирига қилич каби қайрарди. Ҳозир ҳам пул ҳидини олган ички ишлар ходимлари, Саидмат Сотти эътироф этаётганидек, “ҳорманглар” дейиш учун келмаганди. Уларнинг зимдан ўлжага панжа уриб қўйиши юракларга қутқу солиш учун эди. Огоҳлантириш эди. Барини яхши ҳис этиб турган Саидмат Сотти ширкатдаги таъсирини мустаҳкамлаш учун ташрифни юқоридаги сингари бўрттириб талқин этарди. Аммо ичидан зил кетиб тургани башарасидан билиниб турарди. Хавфсизлик кучларининг бу усули ёзилмаган қонун эди. Ёзилган қонунлардан фарқли ўлароқ, у ҳаракатда эди. Улар ҳар бир фуқарога зуғум ўтказа олардилар.

Баҳром меҳмонхонада кўрганларини бошқа бировлар оғзидан эшитса, ишонмасди, туҳмат деб ўйларди. Бу хусусда гапирганнинг оғзига урарди. Ёши бир жойга чиққан эски ўйнашларнинг ўзларини бир-бирлари олдида, Лайли ва Мажнун каби ошиқу беқарор тутишлари, эшитган қулоққа мантиқсиз туюлгани мисол, уларнинг манфаатлари йўлида ўзларини нафснинг мусиқасига ўйинга тушишга мажбурлашлари ҳам бачканаликдан бошқа нарса эмасди.

Нозима Мунис билан Саидмат Сотти иккаловлари қуюқ сўрашдилар. Бир-бирларидан бола-чақалари соғлигини суриштирдилар. Ҳеч вақодан хабари йўқ кимса уларнинг юз йил кўришмаганига ишонарди.

– Домлажон, бир кунда ўзгариб, очилиб-сочилиб кетипсиз! – деди Саидмат Сотти. – Илоё, кўз тегмасин! Шу ҳусни-жамолингизни қирқта қизга алишмасдим. Сизни кўрсам, поччамга ҳавасим келади. Аслида бўлса, айнимас, деганларидек, ҳар киминг аслида бўлсин экан-да!

Нозик ишоралардан юраги ҳаприқаётган Нозима Мунис нозланаётганини ўзи сезмасди. У мийиғида, илжайиб, гулибеордек тебранмоқда эди.

– Саидмат Сотти Қўйтопарович, ошириб юбормаяпсизми? – деди у ҳаяжондан овози титраб. – Шарти кетиб, парти қолган домуллангизга қилган илтифотингиз ажри Тангридан қайтсин!

– Нега ошириб юборар эканмиз? – деди Саидмат Сотти – Биз доимо бор нарсани айтамиз. Йўқни йўндирган билан бор бўлмайди, бор нарса йўқ бўлмайди. Кеча чанқаган гулдай сўлиброқ тургандингиз, бугун мусаффо булоқнинг сутдай сувидан қониб ичган қирмизи атиргулдай яшнаб кетипсиз!

Саидмат Соттининг ўхшатишларидан иштонбоғи бўшаган Нозима Муниснинг гапиришга ҳоли келмади. У оғзини йиғиштиролмасдан қолди. Икки орадаги макр-ҳийлани тушунмаган Таваккал азбаройи завқланганидан, кўзлари ёшини артишдан ортмаётганди. Ҳаммасидан хабардор Баҳром, жаҳли чиқса ҳам, ўзини говликка солиб олганди.

– Ҳазил-мутойиба яхши нарса-де! – деди Саидмат Сотти пиёладаги сувни бир кўтаришда симириб. – Домуллажон, кеча бир яқин ошнам билан ярим кечгача валақлашиб ўтириб, қази-қарта қолмай ебмиз. Ҳавонинг иссиғида бу нарса организмга ёмон таъсир этади, денг. Эрталабдан буён қудуқ кавлаган одамдек сув ичиб, сувга қонмаяпман. Шу учун ишларни тезлатсак, сўнгра уйга бориб, бироз оёқ чўзардим.

– Жуда яхши! – деди Нозима Мунис ёпилмаётган оғзини ахири йиғиштириб. – Бу кишини номлари Таваккалжон. Ўзлари наманганлик бўладилар. Кечаги масала бўйича, чақиртиргандик, Тошкентга дарров етиб келибдилар. Суҳбатлари бизларда яхши тассурот қолдирди. Ҳузурингизга бошлаб келавердик.

– Яшанг, умрингиздан баракат топинг! – деди Саидмат Сотти. – Соз соатдай тиниқ ишлашингизга беш кетаман-де, домлажон. Сизга бу йигит маъқул бўлган бўлса, менга ҳам маъқул бўлади. Ҳозироқ Рано Кулиевнага топшириқ бераман, зарур ҳужжатларни тайёрлайди. Иложи бўлса, Таваккал бугун орқасига қайтсин. Сизлар кетидан бораверасизлар. Эртагаёқ марказ иш бошласа, дуруст бўларди. Бунинг қийин жойи йўқ, меъёрий ҳужжатлар ҳокимиятга тақдим қилинса, бас. Йил охиригача беш минг ишизловчини жўнатиш мажбурятини зиммамга олганман, ахир. Олти ой ичида бундай катта кўламдаги ишни амалга ошириш учун фаолиятимиз ҳудудлари мислсиз кенгайиши зарур.

Саидмат Соттининг қисқа, аммо риёкорона нутқидан руҳланган Нозима Мунис билан Таваккал соат ўн еттига қолмасдан ҳужжатларни расмийлаштирдилар. Қатор йиллар бекорчиликдан чарчаган Таваккал омади чопганидан хурсанд, Наманганга жўнаб кетди.

Эртаси кун Нозима Мунисни Настяни уйига олиб борган Баҳром ўртакашларнинг эпчиллигидан ҳайрон қолди. Улар тўқсонта одамни Русияга ишга жўнатиш учун катта кўча бўйида жўжалардек териб қўйгандилар. Ажабланарлиси, уларни кўч-кўрони билан сиғдирадиган автобус ҳам Сароғочда шай турарди. Автобус эгаси йўл харажатларини Нозима Мунис билан келишиш учун Настяникига келганди. Ҳар қандай автобуснинг эллик-эллик бештадан зиёд йўловчи ололмаслигини биладиган Баҳром автобус эгасининг сўзларини эшитиб, қулоқларига ишонмади. У “Поездга кетадиган харажатнинг тенг ярмиси эвазига тўқсонта ишизловчини Санкт-Петрбургга олиб бориб қўяман”, дея оғиз кўпиртирарди. Амалга оширилган ишлар кўламидан оғзи қулоғида Настя, Нозима Мунисга ишизловчиларни кечиктирмасдан, Қозоғистон ҳудудига чиқариш шартлигини сўйларди. Улар Сароғочда автобусга ўтиришлари керак эди.

Самарқанддан йигирмата ишизловчи етказиб келган Амира Кимё кўчада машинада ўтирарди. У кетини ёғ боғлаган ғоз сингари семиз бўлишига қарамай, машинани ўзи бошқарарди. Ёнида юриб, майда-чуйда хизматларини бажарадиган эри тожикистонлик эди. Ўзининг айтишича, у Тожикистонда бош вазир бўлиб ишлаганди, Ўзбекистон президентининг топшириғи билан Хўжандда қандайдир сирли ишни амалга оширган Рўбингуд Тангрибердиев тўдасига аъзо эди. Оқариб қолган сочини тепага тараб, мўйловини текислаб юрадиган бу одам президент Раҳмонни ўзининг ашаддий душмани деб биларди. Шу сабабдан уни бўралатиб, сўкмаган куни йўқ эди. У Амира Кимёнинг тўртинчи, “Апачи” лақабли марҳум эри билан дўст бўлиб, яширинишга тўғри келганда, хотинига уйланиб олганди. У Амира Кимёни ички ишлар вазири ўринбосарининг аммаваччаси, дея иддао этарди. Иккаласи турмуш қурмоқчи бўлганларида, ички ишлар вазири президентдан никоҳга рухсат сўраганди. Баҳром бу маълумотларни унинг ўзининг оғзидан эшитган бўлса ҳам, ҳеч бирига ишонмасди. У “собиқ бош вазир” билан бўларга-бўлмасга айтишиб қолаверарди. Эрининг яқин йиллар ичида Тожикистонга президент бўлишини башорат қиладиган Амира Кимё ҳар гал уларнинг ўртасига тушарди. У “Эрим билан яхши муомалада бўлинг. Тағин Рўбингуд Тангрибердиевга айтиб, ёстиғингизни қурутмасин”, дея, араби дўқи ҳам этарди. Калтафаҳм “собиқ бош вазир”нинг жаҳли бурнининг учида эканлигидан, ўртакашлар унинг ўз исми Назруллахон бўлса ҳам, орқаваротдан “Мудак” деб чақирардилар.

Настяникига кириб кетган Нозима Мунис қайтиб чиқди. Мудак машинадан тушиб, уни ичкарига таклиф этди. Баҳром йигирма қадамларча нарида пойлаб, Мудак билан гаплашиб турди. Беш дақиқа ўтиб, Амира Кимёнинг машинасидан чиққан Нозима Муниснинг кайфияти буткул тушиб кетганди. У Амира Кимё билан нима хусусида суҳбатлашди, ноаёнлигича қолди.

Баҳром Настянинг уйида бўлиб ўтган кўнгилсизликлардан хабардор эди. Қайим гаранг ишизловчиларни қабул этгач, ваъда қилинган ўн беш минг долларни кечикиб бўлса-да, жўнатганди. Номига келган пулни катта қизи олиб, онасига лом-мим демаганди. Эшитиб, Нозима Муниснинг жони чиқиб кетди. Эр-хотин ҳамкорликда иш бошлаган бўлсалар ҳам, бир-бири билан гаплашмасдилар. Ҳалигача Настя орқали маълумот алмашардилар. У эридан келадиган пулга орқа этиб, йўл харажатлари хусусида гаплашмоқчи бўлганди. Билгач, капалаги учди. Настя ундан, “Апашка, Қайим ака қўнғироқ қилди. Тунов кун келишилган пулни қизингизнинг номига жўнатибди экан. Пулни олдингизми”, дея сўраганди. Телефонда қизи онасига, “Олдим, режаларим бор. Бу пулдан сизга бера олмайман”, деди. Ҳисоб-китобни тушдан кейинга сурган Нозима Мунис, шу тариқа, тарвузи қўлтиғидан тушиб, Настянинг уйидан чиқди.

У уйига келгач, қизидан пулни сўради.

– Пулга уй сотиб олдим! – деди қизи безрайиб. – Қолганига уйни таъмирлаб, жиҳозламоқчиман!

– Пулни айлантириб олгач, сотиб олаверардинг! – деди у касалванд одамдай минғирлаб. – Онангни чув туширишга ҳаё қилмадингми, қизим?

– Пулнинг учдан бир қисми Мазмутники эди! – деди қиз қассоб хуштори номини бўрттириб. – Сиз учун яшаганим етар. Барчасидан тўйдим, ўзим учун яшамоқчиман.

Қизнинг пардали гаплари Баҳром учун жумбоқ эмасди. У прокурор билан Ирисматнинг онасига нисбатан таҳликасини бартараф этганини назарда тутаётганди.

Қизини яхши тушунган Нозима Мунис:

– Бугун-эрта Ирисматга тўрт минг доллар бермасам, барчаси ҳавога учади. Қамаламан-ку! – деди ялинганнамо термулиб.

– Ортиқ қўлимдан ҳеч вақо келмайди! – деди қиз ҳам. – Ёшим йигирма бешдан ошди. Тенгқур қизларнинг иккитадан боласи бор. Бундан буёғига ўзингизни муаммоларингизни ўзингиз ҳал қилаверинг.

Бу гаплардан, қайсарликни қўйиб, қизининг қассобни танлаганини англаган Нозима Мунис, рости, суюнди. Бошқа томондан, онасини дея иффатини берган жигаргўшасининг ғаламис ва бетамиз бир жодугарга айланганидан таажжубга тушди. Томоғи тиқилиб, кўзиларидан аччиқ ёш томчилари марваридлардай юзларига думалади. Кўз ёшларини артишга мадори етмагач, кўчага қайтиб чиқиб, одатига хилоф, машинанинг орқа ўриндиғига ўтириб:

– Ҳайданг, илтимос! – дея Баҳромга шивирлади.

Баҳром кўриб, билиб, гувоҳи бўлгани учун, “қаерга” деб сўрамади. Моторни ўт олдириб, машинани газини босди.

(давоми бор)