Ё ўлим ёки қамоқхона…

Ё ўлим ёки қамоқхона…
83 views
30 August 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

18-қисм

Улар таниш қаҳвахона олдидаги дарахт соясида тўхтадилар. Нозима Мунис бели узилган калтакесакдай ўрмалаб машинадан тушди. Сўнгра қаҳвахонани энг қоронғи бурчагидаги стол бўйига бориб ўтирди. У шу тобда бировга кўринишни ҳам, бировга кўзи тушушини ҳам истамасди. Бошини тупроққа тиққан туяқушдек букилган, ношуд бир аҳволда эди. У эридан келадиган ўн беш минг долларга умид боғлаганди, ишлари жўнашаётганидан хурсанд эди. Қизининг кутмаганда берган зарбаси унинг белини синдирди, барча ҳаракатларини издан чиқарди. У ўн беш мингдан тўрт минггини Ирисматга бериб қамоқ қутқусидан қутулмоқчи эди. Шунда қўлида ўн бир минг маблағи қоларди. Ўн бир мингдан беш мингги қассобники эди, қизи қарзга олиб берганди. Шунда ҳам олти минг пул ортиб қоларди. Бу тўқсонта одамни Санкт-Петербургга жўнатиш учун етарли эди. Етмаса, қарз кўтарарди.

– Нозима опа, ич-этингизни еб, ўзингизни қийнайверманг! – деди Баҳром унга. – Ҳисоб-китобимча, ишларингизни амалга оширишингиз учун барибир бироз маблағ етмасди. Қарз кўтаришингизга тўғри келарди. Натижадан кўнглингиз тўқ бўлса, бир йўла қарз кўтаринг!

– Қизим билан келишиб қўйгандик! – деди у бошини кўтармасдан. – Ирисматга тўрт минггини бериб, қолган ўн бир минг пулни яна ишга солмоқчи эдим. Мазмут беш минг сармоя тиккани учун ҳар сафар фойдасини қизимга беришим керак эди. Бундан унинг ҳам хабари бор эди. Ишларни йўлга қўйганимдан сўнгра, тағин икки минг доллар ортиб қоларди. Сизга тўрт-беш сўм иш ҳаққини бериб, қолганини эрим пул жўнатгунича рўзғорга ишлатиб турардим. Нима бўлса бўлди, ишни тўхтатиб бўлмайди. Чорасини топмасам, этган меҳнатларим буғдойни сомонидай ҳавога совурилади.

Ноўрин гапирганини Баҳром кеч пайқади. Шу учун бу гал Нозима Мунисни жавобсиз қолдирди. У ўзи билмагани ҳолда аёлнинг ишларига аралашаётганди. Бу келишувга зид эди.

Аслида Нозима Мунис тушкунликка тушаётгандек кўринса-да, ундай эмасди. Унинг сирти сокин кўрингани билан ичида тўфонлар турганди. Важоҳати боласини сиртлонга олдирган она арслон важоҳатидан даҳшатлироқ эди. Йўлига ғов бўлган одамни энди бурда-бурда қиларди. Унинг ваҳшийлашаётгани – ўлик кўзларига инаётган оловда ўйнарди. Кўзлаган чўққиси аниқ бўлгач, борадиган йўллар машаққати уни қизиқтирмай қўйганди. У ҳаётдан, эридан, қорнида тўққиз ой кўтарган қизидан нафратланаётганди. Қўзғалган ҳамиятини бошлаган ишини охирига етазиб, босишни кўзлаётгани унинг ҳеч бир нарсадан қайтмаслиги нишонаси эди. У ўзининг бошқалардан афзаллигини, уддалигини намойиш этишни истаса-да, кўзларига қум сингари тиқилган ғазаб ўнлаб омиллар борлигини намоён этишга имкон бермасди. Унга маслаҳат солиб бўлмасди, портлаб, кетарди, ташланарди…

Лимонли чой ичгач, унинг юзига қон югурди. Ўлик ранги урган турқида ҳаёт нишоналари жилваланди. У сумкасини кавлаштириб, соткасини топди. Кимгадир қўнғироқ қилди.

– Лаббай, эшитаман! – деган овоз келганда:

– Қамара, Нозима Мунисман! – деди.

Товушида бир дақиқа олдинги тушкунликдан асар қолмаганди. Энди уни ё ўлим ёки қамоқхона тўхтатарди. У хиёнатдан, субутсизликдан йиллар бўйи жабр тортганди, ўлар ҳолатга етганди, чарчаганди. Бу ёғига натижа муҳим эмасди. Қўрага урган бўридек, тишига илинганни қийратарди, бўғизларди, қора ер билан битта этарди.

– Нозимахон, танидим, – деди Қамара. – Бой бўласиз, ҳозир сизни йўқлаб тургандик. Маратжон, Нозима опа билан гаплашган масаламиз, нима бўлди, деб сўраяпти?

– Одами тайёр эканми?

– Икки кун бўлди, у кимса Маратникида. Пулига кўкрагини босиб ётипти. Аниқ жавоб айтмасангиз, Марат қайтариб юбормоқчи!

– Бу телефонда ҳал бўладиган иш эмас. Учрашиб, гаплашайлик!

Таклиф Қамара билан ёнма-ён эшитиб турган Маратга ҳам маъқул тушди, шекилли. У Қишлоқ хўжалиги институти рўпарасидаги кўп қаватли уйларни бирининг манзилини айтиб, учрашув тайинлади.

Баҳром овқатлана бошлаганди. Ҳали қўлининг учини теккизмаган Нозима Мунис таомни шундайлигича, қолдириб, ўрнидан турди.

Улар манзилга ўн дақиқа олдин келдилар. Айтилган пайтда етиб келган Марат оқ-сариқдан келган, қирқ уч-қирқ тўрт ёшларидаги, ўрта бўйлик, тўлароқ киши эди. У уйига йўл бошларкан:

– Акамизни танимадим? – дея Баҳромга қаради.

У бу билан бегона кимсадан хавотирланаётганини билдираётганди.

– Қоракўлдан! – деди Нозима Мунис. – Ўзимизники!

– Бўлди, бўлди! – деди Марат очилиб. – Дойиларданми? Гапириши оҳангидан шундай бўлса керак, деб ўйлагандим. Қани, уйга киринглар.

У турган жой кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида эди. Эшикни қорачадан келган от юзли бир аёл очди. У Нозима Муниснинг елкаларига қоқиб:

– Марҳамат, опажон! – дея илтифот кўрсатди.

Хонтахта бўйида ҳамма ўтиргач, узун бўйли, елкадор бир эркак хонага чой кўтариб кирди. Дастурхонга қўйилган патир-нонлар, турли қандолатлар, шўрданаклар ва косадаги пиширилган сутдан сузиб олинган қаймоқнинг қат-қатлигидан бу одамларнинг Ғиждувондан эканликларини илғаш қийинмасди. Чой олиб кирган кимса элликларидан ўтганди. Аммо қалин ва силлиқ қора сочига битта ҳам оқ қўнмаганди. Кимсанинг исми Ғаффор бўлиб, у эшикни очган Малакхоннинг эри эди.

Ортиқча мулозамат ва тилёғламачиликни жини суймайдиган Нозима Мунис ўлганнинг кунидан Малакхонга тиржаяётганди.

Унинг ичини англаётган Марат:

– Чойдан ичиб, мозорбосди нонлардан олинг, Нозима опа! – деди. – Малакхон опамиз руҳшунослар. Қўшимча даромат бўлмаса, рўзғор тебратиш қийин бўлиб қолди. Ғаффор ака билан келишиб, уйларини гаровга қўйиб, банкдан беш минг доллар пул олиптилар. Мақсад Ғаффор ака хорижга чиқиб, беш-олти йил ишлаб келмоқчилар. Ўтган кун Қамара опани уйида сиздан шуни илтимос қилгандим. Пули чўнтагида турипди. Ҳозир десангиз ҳам, масъулиятни ўз зимамга олиб, пулни қўлингизга тутқазаман. Бир иложини қилайлик, опа, илтимос!

– Бу ишни бугун ёки эрта битираман, десам, ёлғон бўлади! – деди Нозима Мунис уларга бир-бир кўз югуртириб. – Яқин орада на Қурияга, на Олмонияга, на Норвегияга кўчиш бор. Кимда-ким яқин кунларда чет элга ишга жўнатаман, деб ваъда бераётган бўлса, у сизларни лақиллатмоқчи бўляпти. Бу иш битирадиган кимсани эмас, фирибгарни гапи. Норвегияга кўчиш олтмиш кундан кейин бошланади. Унга ҳам ҳар ўринга икки-учтадан одам учидан пул тўлаб, кўз тикиб турипди. Битта имконият, тўловни тўлиғича олдиндан тўласангизлар, ширкат раҳбари билан бир амаллаб, келишиб, Ғоффоржонни кетадиганлар рўйхатига тиркатаман. Рози бўлмасангизлар ҳам, ихтиёрларингиз, менда бошқа вариант йўқ.

– Пулни кўчишга икки ҳафта қолганда берсак қандай бўлади? – сўради Марат.

– Бўлади! – деди Нозима Мунис. – Ғоффоржонни биринчи кўчишда эмас, навбатдагиларида жўнатаман.

– Унгача олинган пулни фоизи еб қўяди-ку! – деди Малакхон суҳбатга аралашиб.

– Шунинг учун ҳам тезроқ ҳаракат этиш лозим! – деди Нозима Мунис. – Тўхтасангиз, ютқизасиз. Бундақанги ишда ҳаракатдан бир лаҳза ҳам тўхтаб қолмаслик ва таваккал этиш ғалабани яқинлаштиради.

– Икки ой банкка қуруқдан-қуруқ фоиз тўлаб турилса, чатоқ экан! – деди бармоқлари билан сочларини тараб Марат.

– Сизнинг ҳурматингиз ҳаққи, бир иш қилишим мумкин! – деди Нозима Мунис. – Иккинчи ой фоизини мен тўлаб бераман. Шунда, ҳар ҳолда, енгил кўчади.

– Раҳмат, опажон! – деди Малакхоннинг кўзлари қисилиб. – Сиз Маратжон таърифлганидан кўра ҳам қўли очиқ экансиз. Шартингизга розимиз!

Масала ечим топганди. Марат Малакхоннинг қарорини муҳокомасиз қўллаб-қувватлади. Ғаффорнинг фикри ҳеч кимни қизиқтирмасди.

Буни яхши биладиган Ғаффор икки қўлини кўксига қўйиб, Нозима Мунисга:

– Раҳмат, опажон, раҳмат! – дея миннатдорчик билдирди. Ва тўғри қилдимми, дегандай, хотинига термулди.

Нозима Мунис беш минг доллар пулни олгач, Малакхонга тилхат ёзиб бериб, пулни сумкасига жойлади. Малакхон кузатиб чиқмоқчи бўлганда, у:

– Малакхон, кўчага чиқиб овора бўлиб юрманг. Маратжон билан икки оғиз гапимиз бор!  – деб у билан эшик олдида, хайирлашди.

Қўлига кирган пулдан тағин Нозима Муниснинг қадди кўтарилди. У тағин одатича, олд ўриндиқда гердайиб ўрнашиб олди. Сўнгра сумкасига қўлини тиқиб, икки юзини суғуриб, Маратнинг ён чўнтагига тиқди.

– Эртага Ғаффорнинг ҳужжатлари қўлимга тегсин. Қолганини иш охирига етгач оласиз!

Чўнтагига пул кирган Марат юмшаб:

– Тушундим, опа! – деди. – Эртага ҳужжатлар қўлингизда бўлади. Ана “у” ишни тезлаштирмасак, чўзилиб кетяпти.

– “У” ишингиз йил охирида ҳал бўлади! – дея Нозима Муниснинг жаҳли чиққандек бўлди. – Бир сўм пулини олмаган бўлсак, нимага тиқлинч қиляпти қайнағангиз?

– Ўзи шунақа, инжиқроқ!

– Инжиқ бўлса, бошқа одам топсин!

– Майли, холи гаплашамиз! – деди Марат Нозима Муниснинг феъли айниётганини кўриб.

Нозима Мунис Настянинг уйига етгунча ҳам бир оғиз гапирмади. Унинг очиқчасига фирибгарлик қилганини кўрган Баҳром ҳам лол-ҳайрон эди.

Катта кўчанинг икки томонида кўчишга чоғланган ишизловчилар кўчларига ўтириб, натижа кутмоқда эдилар. Автобус масаласи ҳал бўлса, чегарани кесиб, Қозоғистонга ўтишга шайланардилар. Настяникида эса ўртакашлар Нозима Мунисни пойлардилар. Эрталабки кўринган одамлардан биргина Амира Кимё билан эри йўқ эди.

Нозима Мунис димиққан хонага кирмади. Ошхонада тўхтаб, сумкасидан беш юз доллар олиб, Настяга узатди.

– Ишизловчиларни кечгача чегарадан Сароғочга ўтказинглар! – деди у. – Икки кундан кейин йўлкирани тўлаб бераман. Шунгача ҳеч ким ўлиб қолмас!

– Одамлар кутгани билан биз кутолмаймиз! – деди автобус эгаси. Тушдан кейин деганингиз, қаерда қолди, опа?

– Кутолмасангиз, тошингизни теринг! – деди Нозима Мунис, чўрт кесиб. – Мижоз қидираётган автобус сон мингта. Бошқаси билан гаплашамиз.

Унинг кескин гапиришини кутмаган автобус эгаси тугул ўртакашлар, бармоқ тишлаб қолдилар.

– Апашка, сиз нима десангиз, шу бўлади! – дея Настя унинг ёнига кириб олди.

– Сиз билан бир жойга бориб келамиз! – деди у Настяга. – Қайтиб келгач, буюрганларимни бажарасизлар.

Машинага Настяни олиб чиққан Нозима Мунис Баҳромга туман ички ишларига боришини айтди. Баҳром унинг нима қилмоқчилигига ақли етмай, моторни ўт олдирди. Йўл-йўлакай, суҳбат асносида барчаси ойдинлашди. Сумкасидан тўрт минг уч юз доллар чиқарган Нозима Мунис уч юзни олиб қолиб, тўрт мингини Настяга тутқазди.

– Ирисматга олиб кириб берасиз! – деди у. – Мени сўраса, Бухорога кетган, денг.

– Хўп, апашка! – деди пулни кўрган Настяни кўзлари ўйнаб.

Баҳром Нозима Мунисга қулоқ осиб, машинани ички ишларга икки юз қадам етмасдан тўхтатди. Кириб кетган Настя йигирма дақиқа ўтгач, қайтиб чиқди.

– Ҳаммаси жойида, апашка. Ирисмат, опанинг ҳамиша сўзининг устидан чиқишига қойилман, дея тан берди! – деди у.

Ҳалигача қовоғини уяётган Нозима Мунис Настянинг хушомадига аҳамият бермади.

– Мен икки кун деб айтдим боя! – деди у. – Балким, пулни бир ойда ҳам топа олмасман. Нима бўлганда ҳам, ишизловчиларни Сароғоч томонга ўтказиб қўяверинглар. Бу ерда турсалар, муаммо чиқаверади. Ўртакашлар қўлларидаги пулларини олиб, ваъдалар бериб, уларни олиб келганлар. Бир-бирларига кўзлари тушиб турса, жанжаллашиб, қолишлари ҳеч гапмас. Қозоғистон ҳудудида турган жойларидан чиқа олмайдилар. Чиқа олмаганларидан кейин, муаммо ҳам чиқаза олмайдилар. Шу орада мен пул топаман. Асосийси, Ирисматдан қутулдик.

Ирисматдан қутулганига хурсанд Настя ҳам, бундан юз баравар оғир вазифа елкасига юкланса, амалга оширишга шай эди.

– Айтганингиздай, ушлаб тураман, хавотир олманг, апашка! – деди у. – Пул топиб келсангиз, бас. Ҳаммаси жойига тушишини юрагим сезиб турипди. Охир-оқибат, бу ишларнинг уддасидан чиқишингиз аниқ бўлиб қолганидан хурсандман!

Настяни такси билан уйига қайтариб жўнатган Нозима Мунис Баҳромга:

– Уйга ҳайданг! – деди.

У машинадан тушаётиб, Баҳромга икки юз доллар узатди.

– Икки-уч кун Тошкентда бўлмайман, – деди у. – Ишлатиб туринг. Қолганини кейин бераман.

– Керакмас! – деди Баҳром.

– Пулни мен беряпман! – деди Нозима Мунис. – Бошқаларнинг бунга дахли йўқ.

– Ундаймас! – деди, уни тушунган Баҳром. – Ҳозирликча пулим бор. Зарур бўлса, сўрайман.

– Зарурлиги учунмас, ҳаққингизни беряпман!

– Тушундим. Ишларингиз жойига тушаверсин, ҳаммасини қўшиб берарсиз. Шу кунларда сизга пул зарур.

– Бўпти. Қўнғироқ қилмагунимча, ўзингизнинг ишларингиз билан шуғулланаверинг. Хўп, хайр!

(давоми бор)