Тавба

Тавба
37 views
31 August 2017 - 6:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(19)
(давоми)

Тавба

Убайд бин Умайрнинг айтишига кўра, ҳазрати Одам (унга салом бўлсин) Оллоҳу Таолога “Ё, Рабби, шайтонни устимга мусаллот қилдинг. Сенинг ёрдаминг бўлмаса, мен унга қарши туролмайман”, деди.

Оллоҳу Таоло унга “Сенинг уруғингдан туғиладиган ҳар бола учун уни шайтон ва унинг дўстларидан ҳимоя қиладиган муҳофиз малакларга вазифа бердим”, деди.

Ҳазрати Одам “Ёрдамингни орттир”, деди.

Оллоҳу Таоло унга “Ҳар бир яхшиликка ўн қат ва ёки янада кўпроқ савоб бераман. Ҳар ёмонликка эса бир жазо ёзаман, ёки у жазони ҳам ўчираман”, деди.

Ҳазрати Одам яна “Ёрдамингни янада кўпайтир”, деди.

Оллоҳу Таоло унга “Руҳ бадандан чиқгунга қадар қилинган тавбалар қабул қилинади”, деди.

Ҳазрати Одам “Янада орттир”, деди ва Оллоҳу Таоло шундай буюрди:

Де-ки, Эй, ўз нафсларига зулм қилган инсонлар, Оллоҳнинг раҳматидан умид узманглар. Оллоҳ бутун гуноҳларни кечиради. Шубҳасиз, фақат У мағфиратлидир, меҳрибондир” (“Зумар” сураси, 53”).

Ибн Аббосдан (ҳар иккисидан ҳам Оллоҳ рози бўлсин) айтишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг амакиси ҳазрати Ҳамзанинг (Оллоҳ ундан рози бўлсин) қотили бўлган Ваҳший Маккадан ёзган мактубида шундай дейди: “Мен мусулмон бўлишни истайман, фақат сенга инган шу оят менинг мусулмон бўлишимга тўсқинлик қилаяпти: “Ҳақиқий мўминлар у кишилар-ки, улар Оллоҳ билан бирликда бошқа бир илоҳга дуо этмайдилар. Оллоҳнинг даҳлсиз ҳисоблаган бир жонни ноҳақ ўлдирмаслар, зино қилмаслар. Ким бу гуноҳларни қилса, жазога учрар” (“Фурқон” сураси, 68).

Мен бу уч жиноятни ишлаганман. Ажабо, тавбам қабул бўладими?”

Шунда тубандаги оят нозил бўлди:

“Фақат тавба этиб, солиҳ амаллар ишлаганлар мустасно, уларнинг гуноҳларини Оллоҳ яхшиликка айлантиради” (“Фурқон” сураси, 70).

Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу оятни ёздириб, Ваҳшийга йўллади. Лекин Ваҳший Пайғамбаримиз (с.а.в.)га шундай деб ёзди: “Оятда тавбанг яроқли бўлиши учун “солиҳ амал” ишлаш шарти қўйилган. Мен эса, солиҳ амал ишлайманми, йўқми – билмайман”.

Шунда ушбу оят нозил бўлди:

“Оллоҳ ўзига шерик қўшганларни авф этмас. Фақат ўзи ҳохлаган кишига бундан бошқа гуноҳларини авф этар” (“Нисо” сураси, 116).

Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу оятни ёзиб, Ваҳшийга йўллади. Ваҳший шу жавобни қайтарди: “Бу оятда ҳам шарт бор. Бу ерда мен Оллоҳнинг авф этиб, этмаяжагини билмайман”.

Шунда пастдаги оят инди:

“Де-ки, Эй, ўз нафсларига зулм қилган қулларим, Оллоҳнинг раҳматидан умид узманглар. Оллоҳ бутун гуноҳларни кечирар. Шубҳасиз, фақат У мағфиратлидир, меҳрибондир” (“Зумар” сураси, 53).

Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу оятни ёздириб, Ваҳшийга йўллади. Ваҳший бу оятда ҳеч бир шарт қўйилмаганини кўриб, Мадинага келди ва мусулмон бўлди.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси