Оч яшайлик, Ватан бўлсин, тинч

Оч яшайлик, Ватан бўлсин, тинч
22 views
31 August 2017 - 7:00

Ислом Холбой

Мерос

Уч юз йилдир,
балки, тўрт юз йил,
Кўксимизда куйламас довул.
Бўронларга ичда йўқ майл,
Кўланка – бош, лошлар – ясавул.

Шарпамиздан қўрқамиз, асли,
Тутқун руҳлар – темир панжара.
Бизга қўноқ бўлмас Эрк васли,
Кунларимиз, ваҳший бир дара.

Шундай экан, довул ҳақида,
Ўйламоқнинг мавриди эмас.
Бўрон ётсин, тоғлар ичида,
Турғун йўлдан чалғитмасин, бас.

Ичимизда энг катта душман,
Қўрқув турар, қўлида қилич.
Жон сақлашнинг йўли тамоман,
Бизга сукут, мум тишлашлик, тинч.

Жон турганда қилнинг устида,
Тўфонлардан сўз очмоқ, нечун?
Қонли қилич золим дастида,
Майли, ҳурлик олаверсин, тин.

Ер юзида бизлардан бошқа,
Қанча халқлар зор қақшар, эрксиз.
Ўшаларга исёнлар, сатқа,
Яшайверсин, ўшалар тўкис.

Шундай экан, Озодлик ва Эрк,
Руҳимизга йўламасин, ҳеч.
Журъатсизлик шаънимизга кўрк,
Оч яшайлик, Ватан бўлсин, тинч.

Қалбни бузманг, илло он қадар,
Бу дунёда ўз йўлимиз бор.
Қўрқни мерос қолдирган падар,
Ололмайди, ёдгорликни дор.

* * *

90-йиллар шеърияти
(Йиллар азоби)