Бу денгизда кемалар кўп, бироқ яроқлиси кам

Бу денгизда кемалар кўп, бироқ яроқлиси кам
28 views
31 August 2017 - 8:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

19-қисм

Ўнинчи боб

Яраланган арслон борҳо ваҳшийлашгани сингари Нозима Мунис ҳам депсингани сайин ғазабга минарди. Хатолардан мантиқий хулосалар чиқариш ўрнига, хато устига хатога йўл қўярди. Теварак-атрофида парвоналар каби айланаётган хўрдадонлар, пистирмадаги қароқчиларга ўхшаб, унинг овлайдиган овига кўз тиккан эдилар. Уларни бошқаси қизиқтирмасди. У буни тушунмасди, тушунса ҳам, тан олишни хоҳламасди.

Нонуштадан сўнгра Баҳром диванга чўзилиб, телевизир томоша қилмоқчи бўлди. У хаёлидан кечаги ҳодисаларни ҳайдамоқчи эди. Бу осонмасди, хунук ишлар чой чўкиндиси каби хотирасига ўтирганди, чиркинликлар, кийимга ёпишган чангдек, унинг кўнглини хира этарди. У сўз бермаганда, барчасидан этак қоққан, ширкатига тупурган бўларди. У ўзини ипсиз боғлаб берган, чекинишга жой қолмаган эди. Тилидан балога йўлиқди. У Нозима Мунисдан олдин оғзидан чиққан сўзига вафо этмоғи жоиз эди, бўлмаса, субутсиз бўлиб қоларди. Қиёфасидан айрилиб, ўзидан-ўзи нафратланарди, ўзлигини йўқотарди…

Тузум билан луқма талашиш тимсоҳнинг тишини санашдан ҳам хатарли эди. Нозима Мунис ифлос ришталар билан тўлиб-тошган ўлик денгизда қирғоғини излаб сузаётган кемага ўхшарди. У чўктирилса, ўрнини бошқа бир фирибгар тўлдирарди. Вазият шуни тақазо этарди, тузум ўзгармаса, ҳеч нима ўзгармасди. Бу денгизда кемалар кўп, бироқ яроқлиси кам эди. Шунинг учун ҳам йўл йўқ, умрлар – юракка узилган ўқ эди.

Орадан тўрт кун ўтса-да, қўнғироқ бўлмади. Мушкули осон ечим топаётганидан Баҳром суюнарди. Кошки Нозима Мунис уни сўрамаса, йўқламаса, эди. Келган жойига қанот боғлаб учарди, Олмаотага кетарди. Тафаккури, идроки тузоқлардан бўшанар, боши берк кўчалар тушга айланарди. У қайтиб, бунақа қўпол хатони қайтармас, текис ва равон йўллар турганда, сўқмоқлардан юрмасди, балчиқларга ботмасди. Қалдирғочлар сингари ёт юртлардан тумшуғида ризқ териб, болаларини боқарди, дарёлардек оқарди, поёнсиз чўлларга, ўрмонларга бош урарди, булутларга айланиб, тоғларга тўш соларди. Ташқаридан таширди, ташмаларди, тиришарди, тузум тузоғига қайтиб тушмасди, тушса, учмасди, осмонларни қучмасди. Бўғиларди, биғилларди, ўлмасди, кулмасди… Аммо эндиликда Нозима Муниснинг ўзи имкон бермаса, уни ташлаб қочолмасди, Саидмат Сотти у учун ҳеч киммасди. Қолгани осон эди, қутулса, омон-омон эди, ҳурлиги дармон эди…

Бир ҳафта ўтиб Нозима Мунис қўнғироқ қилди. Суюнганлари бекор кетди. У ўзини мажбурлаб, унинг ҳузурига судраклаб борди. Кенг кўринган кўчалар энди тор эди, ҳар кўчада минг битта кўз, юз минг қулоқ бор эди. Замоннинг аврашлари дор, раҳбарлари мор эди. Юрт хор, одамлар ҳақиқий бир йўлбошчига зор эди…

Хуллас, у Баҳромни қучоқ очиб кутиб олди. Эришганларини у туфайли дея юзига солди. Укам, жигарим, дея ёнига олди. Бу такаллуфларнинг ҳеч бири Баҳромга ёқмади, яна омад боқмади. Бу миллатнинг пешонаси шўр эди, иллатлари, фазилатдан зўр эди. Не этсин? Не десин? У тилидан илинганди, сўзидан тутилганди. Кундуз куни ойдин йўлда қоқилганди…

Нозима Мунис қисқа вақт ичида бойиб кетди. Бойиб, янаям сахий бўлди. Юзларига қизил иниб, анча тўлишди, шўх бўлди, шодон бўлди. Санкт-Петербургга учинчи кўчишга тайёргарлик борарди. У сарф-харажатдан чарчамас, пул сочишдан тўхтамасди. Қаердан оларди? Баҳром буни билмас, сўраб-суриштиришни эса хоҳламасди. Келишув шундай эди, аҳдлашув шундай эди.

Шу орада у Саидмат Сотти билан Наманганга бориб келди. Қадди тағин кўтарилди, юриш-туриши тағин ўзгарди. Ўртакашлар унинг атрофида патаги-пайтава эдилар, иложини топсалар, оғзидан кириб, кетидан чиқмоқчи бўлардилар. Баҳром унинг қўлига дарёдаги балиқлардек оқиб келаётган пуллар манбаини билолмасдан гаранг эди.

Кўп ўтмади. Таваккал қўнғироқ қилди. У Намангандаги марказдан бир юз элликта ишизловчининг ҳужжатини ширкатга келтирганди. Марказ очилишига борган Нозима Мунис билан Саидмат Сотти, унинг чамасига кўра, етмиш беш минг долларни ўзлари билан олиб қайтгандилар. Ваҳимага тушган Баҳром Бухорога қўнғироқ қилиб, Отақулдан бафуржа сўради, суриштирди. Унга кўра, Нозима Мунис у ёқдан ҳам яна қирқ минг доллар ўмарганди. Нима қилган бўлса, ширкат номидан амалга оширганди. У ҳокимият тепасида ўтирганларга ўхшаб, қонун ва халқ номидан жиноят этарди. Бу ўзбекка отамерос касб эди. Эшитиб, Баҳромнинг ҳуши бошидан учди. Ўзи ҳам яқинда йигирма бешта қариндош-уруғининг ҳужжатини ширкатга топширганди. Нозима Мунис гувоҳлигида чўнтагидан ўн икки минг доллар тўлаганди. Пул одам сонига нисбатан кам бўлса ҳам, Зоҳид индамаганди. Қариндошларига, “Кўчиш бошланганда, пулимни берасизлар”, деганди.

Доимгидай соат тўққизда у Султонбоғи кўчасига борди. Нозима Мунис уйидан ўн беш дақиқа кечикиб чиқди.

– Боя Қамара қўнғироқ қилди! – деди у шоша-пиша. – Марат қаттиқ бетоб бўлиб қолипти. Бошини кўтара олмаётганмиш. Аҳволидан хабар олиб, кейин ширкатга борамиз. Зоҳид айтди, иккаламизни Саидмат Сотти кутаётганмиш.

Ҳафсаласи пир бўлган Баҳром, айтадиганлари тўлиб-тошиб ётган бўлса ҳам, барини куннинг иккинчи ярмига қолдирди. Кейинги вақтларда Нозима Муниснинг еб-ичишидан тортиб кийинишгача ўзгариб қолганди. Ишлари юришганини кўрган Амира Кимё унга ҳаммадан ҳам меҳрибон эди. У Нозима Мунисдан андоза олиб, Самарқандда беш-олти сидра қимматбаҳо сарполардан унга замонабоп миллий кўйлак тиктирганди. Нозима Мунис муҳим учрашувлар ёки тўй-базмларга борадиган бўлса, у дуру гавҳарларини шода-шода қилиб унинг бўйнига илиб қўярди. Бундан барчадан кўра ҳам Мудак кўп суюнарди. Ёш боладек Амира Кимёга югурдаклик этишдан чарчамайдиган бу хотинчалишнинг – бутнинг кармонини ўмарган маймундек фахрланишини кўрган Нозима Муниснинг эса ғаши келарди. У эри Қайим гарангни жинидан ёмон кўрса ҳам, Мудакнинг бачкана қилиқларини кўрганда, “Эрим бунинг ёнида авлиё. Шу хунасани ҳар кўрганимда эримнинг калтаклаганларини соғинаман”, дерди.

Ишлари жўнашиб кетгач, унинг уйига танда қўйган яна бир кимса Айида эди. У яқинда қамоқдан чиққанди. Тимсоҳникига ўхшаш лаблари осиқ, заҳил юзли, қорапаранг бу аёлнинг Нозима Мунисдан катта қарзи бор эди. Айида туфайли қарзга ботган Нозима Мунис қарзларидан тамоман қутулганди. Суд раислигини кўзлаган Абдумаъруф, пахта заводига бошлиқ бўлмоқчи бўлган кимса ва бошқалар наздида у оловда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган қаҳрамонга айланганди. Қаҳрамонликни ёқтирадиган Нозима Мунис, Ноилага ўхшаш, бир-икки хомсемиз ва ориқ-тириқларнинг Қибрисдан тушган фойдасидан воз кечганди. Ўртакашлар орасида бу шов-шувга сабаб бўлди. Уларнинг эътирофича, унинг каби танти ва бир сўзли аёл дунёда йўқ эди. Икки марта уни қамоқхона эшиги оғзидан қайтарган Ирисмат ҳам энди у билан ўйлашиб гаплашарди. Ирисмат ҳам ака-укаларининг ҳужжатларини унинг қўлига топширганди. Уларни тезроқ ишга жўнатишни истарди. У пахта заводига бошлиқ бўлмоқчи бўлган кимсанинг пулини қайтаришнинг ҳожати йўқ, дея оёқ тиркаб олди. Нозима Мунис сўзида туриб, олганини қайтариб берди. Унинг қатъиятини кўргач, у ўйлаб қадам босадиган бўлди. Бироқ Нозима Муниснинг катта қизи, Ирисмат ортиқ таъқибига ололмаса ҳам, уни ўзи излаб топиб, дон олишарди. Кўрмаса, туролмасди. Унаштирилган қассоб қайлиғининг ўзи уни жазманига олиб борарди. Испан тилидан дарс беряпти, деб ўйлаб, қиз чиққунча  машинада кутиб турарди. Ишлар ўнгланиб, оралари яхши бўлса-да, онасининг ўгитини қизи бир тийинга олмасди.

Нозима Муниснинг уйида, бир замонлардагидек, тўкин-сочинлик бошланганди. Супир-сидирдан кир-чиргача бўлган ишларни мардикор бозоридан олиб келинган аёллар амалга оширардилар. Кейинроқ доимий хизматкорларни ёлладилар. Барча ишлар бошида Настя турарди. Настяни қизлар оналаридан кўра кўпроқ эъзозлардилар. Буни биладиган Нозима Мунис ўзи четда туриб, уларга Настя орқали таъсир ўтказарди. “Апашка”, “апашка”лаб, у ҳар бир топшириқни кам-кўстсиз бажарарди.

Нозима Мунис оқ отга мингач, атрофини ўраганларга ёрдам қўлини чўзди. Бироқ “Менга ҳам ишизловчи беринг”, дея ялиниб-ёлворган Айидани эътиборсиз қолдирди. Нозима Муниснинг бошига қора кунларни солган бу аёл икки кўзини лўқ этиб жаврашдан чарчамасди. Дунёда иккита бетамиз бўлса, биттаси шу эди.

Эшикни Маратнинг ўзи очди. Одамлар бир кўйлакда жон сақлай олмаётган бир вақтда у чопонга бурканиб олганди. Бошига аскарча телпак кийиб, қулоқларини туширганди. Уни бир аҳволда кўрган  Нозима Мунис билан Баҳром шамдек қотиб қолди.

Уларнинг таажжубдан бармоқ тишлашлари табиийлигини тушуниб турган Марат кўзлари билан бурнидан оқаётган сувни қўлидаги сочиқ билан артгач:

– Нимага туриб қолдиларингиз? Уйга киринглар! – деди кутилмаган меҳмонларга.

Биринчи бўлиб кирган Нозима Мунис сўзи аввалида вақти зиқлигини таъкидлагач:

– Марат, бунча ўраниб олмасангиз? Одамлар иссиқдан зўрға жон сақлаяпти. Сизни чиллада совуқ урдими? – дея сўради.

Хохолаб кулган Марат ҳали ҳам юз-кўзлари ёшини артарди.

– Қаттиқ шамоллаганман, опа. Шундай қилсам, тез ўтади! – деди у.

– Тавба! – деди буни эшитиб Нозима Мунис. – Чилланинг чирсилламасида шамоллаган одамни биринчи кўришим. Балки бошқа бир касаллика чалингандирсиз? Соқолингизни қиртишлаб, кийининг, дўхтирга олиб борамиз!

– Ёмонни чиллада совуқ уради, деган гап бор! – деди Марат кулгидан оғзини йиғиштиролмай. – Мени ўзимнинг врачимдан бошқаси даволай олмайди. У азонда Ғиждувондан йўлга чиққан. Тушдан кейин етиб келади. Хавотир олишнинг кераги йўқ.

– Аҳволингизни Қамарадан эшитиб, бирор-бир ёрдамимиз тегармикин, дея киргандик! – деди уни кўндира олмаган Нозима Мунис. – Начора, ихтиёр ўзингизда. Зарур бўлсак, дарров қўнғироқ қилинг!

– Раҳмат! – деди Марат. – Мендан хавотир олманглар. Мабодо лозим бўлса, ўзим қўнғироқ қиламан. Сизларни меҳмонга чақириш ниятим ҳам йўқ эмас!

Баҳром машинани Кўкча даҳасига қараб ҳайдади. Тили танглайига ёпишган Нозима Мунис ахири сўзга кирди.

– Марат жинни бўлиб қолипти! – деди у. – Эссизгина, яхши йигит эди. Хотинининг пешонаси шўр экан. Бир этак болани қандай боқади энди. Қарз ёмон нарса, Маратни қарзлари жинни қилди. Ўзи бир аҳволдаю, бизларни меҳмонга чақирармиш. Ақлдан озгач, нималар демайди одам!

Баҳром биринчи марта, ишлари юришгандан буён, унинг ташвишга тушаётганини кўрди.

– Қарз деб Малакхондан сизга олиб берган пулни айтяпсизми? – дея уни атайин қитиқлаб қўйди.

– Йўқ, уни берганман! – деди Нозима Мунис. – Жанубий Қурияга ишга жўнатаман дея Қамара иккови тўққизта одамдан қирқ беш минг доллар олган. Бир йилдан буён жўнатолмасдан жонсарак бўлиб юрипдилар. Ғиждувон тумани ҳокими лавозимига қўяман, дея ўзини қайнағасидан ҳам юз минг доллар олиб, ишни битирмаган. Пулларнинг ўрни йўқ. Бунақада ким жинни бўлмайди?

– Қандай қилиб? У ҳам пулни Айидага берганмиди?

Баҳром Нозима Муниснинг илинадиган жойини топгани учун ўзини гўлликка солиб, ижжиклай бошлади.

– Қамаранинг кичик қизининг эри Кескирбек “Янги кун” ресторанининг хўжайини. Ўша одам шунақанги катта ишлар билан шуғулланади. Қамара билан Марат юз минг долларнинг яримини унга берган. Қолгани қўлига тегмаган куёв, пулни қайтариб, ишни амалга оширишдан бош тортган. Қайтган пул икки ўртада тарқаб кетган. Энди иккаласи бармоғини бурнига тиқиб, нима қилишини билолмай ўтирибди.

– Тушунмадим! – деди Баҳром. – Ресторан хўжайини қандай қилиб ҳокимлик лавозимини сотиб олиб беради? Бечора Маратни қайнона-куёв роса лақиллатишиптида!

– Қамарани куёвининг ҳомийси бош вазир ўринбосари Абгор Зиппиевич бўлгач, қўлидан ҳоким тайинлатиш келмайдими? – деди Нозима Мунис. – Ундан ташқари, расмий меҳмонларнинг тантанали базмларидан тортиб вазирларнинг туғилган кунларигача, Бўтагулнинг расмий-норасмий маросимларигача “Янги кун” ресторанида ўтказилади. Қамаранинг куёвини қўли узатган жойига етмасдан, биз билан сизнинг қўлимиз у жойларга етсинми?

– Тўғри айтасиз! Шундай бўлгач, Қамарани куёви ташлаб қўймаса керак?

– Пулни тўлиқ бермаса, Қамаранинг ўлгани билан унинг нима иши бор. Устига-устак қизи унинг учинчими тўртинчи хотини. У қизидан қирқ, Қамаранинг ўзидан ўн беш ёш катта. Шу боис, она-қизларга озроқ ён беради. Бўлмаса у Қамарани назар писанд қилармиди?

– Қийналаётган экан, яшаб турган уйини сотсин, елкасидан босаётган юк ҳарна енгиллашади!

– Уй ўзиники эмас, қайнағасиники, Марат Ғиждувонда яшайди. Тинчлиги бўлмагач, шу жойда яшириниб жон сақлаяпти. Ўзиники бўлганда, аллақачон сотарди.

– Адашмасам, ўтган гал Марат билан қайнағаси ишини гаплашгандиларингиз, шекилли. Чуви чиққан ишни зиммангизга олиб, ўзингизни хатарга қўймаяпсизми? Узр, бу менинг ишим эмас, шунчаки, эҳтиёт бўлинг, дея айтяпман холос.

– Марат нафасини ростлаши учун қайнағаси билан учрашгандим! – деди Баҳромга эътироз билдирмаган Нозима Мунис. – Буни унинг ўзи мендан илтимос қилганди. Майли, бироз жон сақласин, дегандим. Бўлмаса, менга нима кераги бор эди. Энди унинг ўзи ҳам менга ёпишиб оляпти. Емаган сомсамга пул тўлаб жинниманми?!  Одамзоднинг эси оғгани ёмонда. Ундан кўра, ўлгани яхши. Қутулади. Туф, туф-ф, бало-қазолардан сақла, Тангрим-ҳей!

(давоми бор)