Бу йўлда яхши-ёмон, оқ-қора деган нарсанинг ўзи қолмади

Бу йўлда яхши-ёмон, оқ-қора деган нарсанинг ўзи қолмади
82 views
01 September 2017 - 9:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

20-қисм

Саидмат Сотти уларни қучоқ очиб қаршилади. У бир нимани кўзламаса, кучала еган итдек, ёшига мутаносиб тушмайдиган эпчиллик билан бировга пешвоз чиқмасди. У эркак кишининг бир оғиз ширин сўзига зор бу аёлга соғинганини шу йўсинда намойиш этаётганди. Шу йўл билан уни муҳим бир ишга руҳан шайламоқчи эди. Баҳром учун унинг бу жиҳати сир эмасди. У ҳам, Нозима Мунис ҳам бундан бехабар эди.

– Ойнониб кетай, ўтиринг, домуллажон! – деди у Нозима Мунисга курси тутиб.

– Айтинг, Саидмат Сотти! – деди Нозима Мунис мулозаматдан ноқулай аҳволга тушиб.

– Йўқ, домуллажон! – деди Саидмат Сотти. – Устоз отангдан улуғ, деган донолардан қолган гап бор. Ўзингиздан бўлсин!

– Аёл кишининг етмиш яшари эркак кишининг етти яшари, деганлар. Эркаклар турганда, аёл кишига йўл бўлсин!

Сансалорлик замирида риё бор эди. Яхшиям, устоз-шогирдчилик анъаналарини кўпчилик бу икки устоз-шогирдлар каби талқин этмайдилар. Бошқалар ҳам иккаловлари сингари бўлганларида, устозини ирғитмаган шогирдни бу дунёда топиб бўлмасди. Тағин Саидмат Соттининг, “Устоз отадан улуғ”, дея ўзини сипойи кўрсатиши бўлакча эди. Юзи чидаб, “отанг билан ҳам ётиб турар экансан-да”, дейдиган одам топилганда, унинг ниқоби йиртиларди.

Нозима Муниснинг “теша тегмаган” фикрларидан ўзини ҳайратлангандек тутадиган Саидмат Сотти бу гал ҳам бошини ушлади. Қўшиқ авжига чиққанда, тўлқинланадиган шинавандадек, қўлларини кенг ёзиб оҳ-воҳга тушди.

– Ҳайрон қоламан! – деди, у. – Домуллажон, Тангри сизга берган ақл-фаросат, зукколик менда бўлганда, дунёни муштумга тугардим. Бунақа ёниқ сўзларни, олмос фикрларни қаердан топасиз? Ўлай агар, ўйлаб тагига етолмайман. Бироқ, хотирам панд бермаса, “Ақлсиз шайхдан ақлли ёш ҳурматлидир”, деган гап бор. Шундай бўлгач, аёл билан эркакнинг бир-биридан фарқланадиган томони йўқ. Шу жойгача дуоларингиз шарофати билан етиб келдик. Мен сизга бахш этай, чиройли бир дуо, ўқинг, домуллажон, гиргиттонингиз бўлай, тасаддуқ!

Ўзга иложи қолмагач Нозима Мунис билганича бидирлаб дуо ўқиди.

Унинг ҳар кунгидан кўра бугун машқи паст эди.

– Доммуллажон, рангингиз оқариб кетипди. Бирор жойингиз оғрияптими? – сўради Саидмаи Сотти.

– Бухородан меҳмонлар келганди. Ярим тунгача суҳбатлашиб ўтириб, кеч ётдим. Тўйиб ухламасам, бошим оғрийди. Шундан бўлса керак! – дея у ўзининг овозига ўхшамайдиган ғалати оҳангда ёлғон гапириб, Саидмат Соттини чалғитмоқчи бўлди.

Саидмат Соттининг ишораси билан Зоҳид унга сув қуйиб узатди. Син солиб, индамай ўтирган Абдинаби:

– Кун қаттиқ исияпти! – деди. – Иложи бўлса, қуёш қайтмагунча соя-салқиндан чиқмаган маъқул. Кўплар жазирамадан кўчаларда йиқилиб қоляпти эмиш.

– Иш иссиқнинг ўтиб кетишини кутмайди! – деди бир чеккада индамай ўтирган Акбар. – Отни қамчиламасак, йил охиригача беш минг ишизловчини Норвегияга жўната олмаймиз. Овруполиклар ўзбеклар сингари юзҳотир этиб ўтирмайди. Бунақада минг азоб билан тузилган шартномани қўлдан чиқаришимиз ҳеч гапмас.

– Ҳаракат, ҳаракатда баракат! – деди ўзини яхши кўрсатиш мавриди етганини пайқаган Рано Кулиевна. – Олма пиш, оғзимга туш деб ётган билан иш битмайди.

Унинг бу ерда ортиқчалигини фаҳмлаган Саидмат Сотти:

– Рано Кулиевна! – деди. – Сиз мижозлардан ва тайёрлов марказлари томонидан нозирхонага топширилаётган ҳужжатлар назорати билан шуғулланинг. Тунов кун тўрт-беш ҳужжатни титдим, ярмисида талаб қилинган маълумотлар йўқ. Қоғоз тўғри бўлмаса, барча иш бекор. Бунақада ишизловчиларни ҳорижга жўнатиш нари турсин, “Агентство”га синов имтиҳонига олиб бориб ҳам бўлмайди. Ҳужжатларни синчиклаб текширинглар, ишлар бўшашиб кетяпти.

Ишониб топширилаётган ишнинг масъулиятидан қиёфаси жиддийлик касб этган Рано Кулиевна:

– Саидмат Сотти Қўйтопарович! – деди. – Бу ерда бирор зарур юмуш бўлмаса, ишга киришсам. Иш кўп, вақт жуда қисқа, валақлашган билан иш битмайди. Қуруқ режа тузиб, ҳаёл сургандан кўра, меҳнат қилиш керак. Ишлаган тишлайди, тишламаган ишламайди, деган доҳий Ленин ўгитини унутмаслик шиори билан яшашимиз зарур!

– Бу ерда ҳозир ҳеч қандай муҳим ишнинг ўзи йўқ, Рано Кулиевна! – деди Саидмат Сотти ундан тезроқ қутулишни истаб. – Сиз зиммангизга юкланган вазифани адо этаверсангиз бўлади!

У жанговар, ҳолатда:

– Хўп бўлади! – дея эшикни қаттиқ ёпиб чиқиб кетди.

– Оббо, бу олашақшақ бошга битган бало бўлди-ку! – деди Акбар.

Ҳамма бараварига хохолаб кулиб юборди.

– Майли, индаманглар! – деди Саидмат Сотти. – Суд-ҳуқуқ идораларида бир умр ишлаб мияси суюлган, иззатталаб бўлиб қолган. Тентакликларини шунчамиз кўтармасак, нима дегани. Эрта бир кун бунинг ҳам ажру савоби бордир.

Рано Кулиевнанинг товуқмияга чиққани Нозима Мунисга нонга мой сургандек ёқиб тушганди. Илоннинг ёғини ялаган Саидмат Сотти уни авраш учун бу ишни қилганини шўрлик аёл англамасди.

– Сизларга тўғрисини айтсам, ҳеч ким олма пиш, оғзимга туш деб қўл қовуштириб ўтиргани йўқ! – дея гап бошлади у. – Ақл билан чора-тадбир ишлатмаганимизда, сўнгги уч ой ичида “Паймона” ширкати номи мамлакат бўйлаб ёйилмасди. Ўн минглаган одамлар ширкат тақдири билан ўз тақдирларини чамбарчас боғлаш учун остонамизга бош урмасдилар. Афсуски, нажот истаётганларнинг юздан тўқсон тўққизтаси чўнтагида бир сўм пули йўқ. Кетига тепсанг, соққаси шақилламайди. Бировга раҳм этадиган вақт эмас. Унақада бутун мамлакатни Норвегияга кўчиришга тўғри келади. Ёрдам қўлини чўзиш учун вақт жоиз, ҳозирликча, имкониятларимиз чекланган. Беш минг ишизловчини жойлаштиргунимизча, ҳаво билан сув сингари бизларга маблағ зарур бўлади. Улар иш бошлагач, бировдан бир тийин олмасдан иш кўрамиз. Кейин ишга ёлланганлар ўз қарзларини ишлаб узишлари учун вариантлар пайдо бўлади. Шу кунларда, сарф-харажатлар отнинг калласидай бўлиб кетяпти. Фақат пули борларни марказларда ўқитиш керак. Қўлида маблағи йўқларнинг ҳужжатини қабул этишни тўхтатинглар. Бўлмаса, кўчишни мувафаққиятли адо этолмаймиз. Ўйлаб иш кўрадиган паллада турибмиз. Партия-ҳукуматимиз қўллаб-қувватлаб, елкамизга буюк вазифалар юклаётган бир маҳалда адашиш – жиноят демакдир. Уч ой бурун сафимизга янги кучларни тортганимизда, “Паймона”га ўхшаган юзлаб, минглаб ширкатлар очилиши ҳақида гапирардилар. Бугунга келиб аён бўлдики, республикада бизларнинг ширкатимиздан бошқа бунақа ширкат йўқ. Бирорта ширкатга бизнинг ширкатимизга берилган ваколат берилмади. Бундан буён ҳам берилмайди. Партия-ҳукуматимиз бизга ишонади. Умид кўзлари бизларга тикилган. Вилоятлар бўйлаб шиддат билан некбин ишларни амалга ошираётганимизни юқоридагилар кузатиб туришибди. Бу бизларга битмас-туганмас куч-қувват ва янгидан-янги илҳом бағишлайди. Бугун бу жойга домулламиз фаолиятига бир назар ташлаш учун йиғилдик. Ишлар охирги кунларда анча сусайди. Мақсадимиз оқсоқликлар сабабини излаб топиш, камчиликларини домулламиз юзига рўй-рост тўкиб-солишдан иборат!

Бундай гап эшитишни кутмаган Нозима Мунис карахт бўлиб қолди. Унинг совуқ назари ичидан ўтган Саидмат Сотти фикрларига бир оз тузатиш киритди.

– Адолат билан айтсак, ширкатнинг оёққа туришида домулламизни ҳиссаси бошқаларникига қараганда жуда ҳам улкан! – деди у пахта гуллик пиёладаги сувни бир кўтаришда ичиб юбориб. – Шу дилбар аёлнинг тадбиркорлиги қўл келмаганда, бу ютуқларга эриша олмасдик. Назарда тутаётган масаламиз Бухорода ва Наманганда очилган марказларни Самарқанд ва Сурхондарёда, Сирдарё ва Хоразмда йўлга қўйсак, қўлимиз узун бўларди. Имкониятларимиз кенгаярди. Бу ишларни амалга ошириш учун домулламизга нима тўсқинлик қиляти? Домуллажон, ишни тезлаштиришимиз учун нима қилмоғимиз керак? Шундай дея у Нозима Мунисга кўз тикди. Нозима Муниснинг кўзларидаги ғазаб ўрнини илиқлик эгаллай бошлади. – Техниками? Ходимларми? Маблағми? Барчамиз сизнинг ихтиёрингиздамиз. Ишни тезлатмасак, бўлмайди. Кўчишга бармоқ букиб санайдиган кунлар қолди. Беш юз ишизловчининг кўчиш учун эгарланган отдай тургани қувонарли, албатта. Энди навбатдаги кўчишлар ҳақида бош қотириш лозим. Биринчиси бошлангач, кетини-кетига улаб, ишизловчиларни Ослога учиравериш керак. Бу ишлар бошида сизнинг туришингиз барчани руҳлантиради. Белимизга қувват, кўзларимизга нур бағишлайди! Хоразм ва Қорақалпоғистонда марказ очамиз деганимизга қанча бўлди? Ишлар нима учун суст кетяпти?

Унинг нутқидаги руҳият, шакл-шамойил, фикрлар чалкашлиги ва бир-бирига зидлиги президентникидан фарқланмасди. Икки жиҳат ўхшамасди, холос. Саидмат Сотти русчада фикрлаб, ўзбекчада ғализ талаффуз этмасди, Президент адабий тилдан нўноқ, Саидмат Сотти каби шевада нутқ ўқимасди. Унинг атрофини ўраб, қоши-қовоғига қараб ўтирган ходимларнинг ҳам Олий Мажлис депутатлари ёки Сенат аъзоларидан тафовутланадиган қирралари йўқ эди. Мана шу кабиларни ўйлаб ўтирган Баҳромнинг хаёлини “Минбар” деб ёзган бир шеъри банд этди.

Минбар сўзлар, бутун бино лол,
Депутатлар боқарлар ўйчан.
Олий Мажлис шифтида ҳилол,
Юлдуз санаб минбар кўп чечан.

У қошини чимирса қатъий,
Залда фасли қиш сурар ҳукм.
Демак, қарор жуда ҳам жиддий,
Барча тишин қисишга маҳкум.

Томоқ қирса ғазабдан минбар,
Юракларнинг ўйнар палласи.
Қиёфалар тундлашар баттар,
Тушиб кетар муфти салласи.

У ийиса, истаса ҳазил,
Силкинади барчанинг қорни.
Кўзи боқар қандилга фозил,
Дўндиргандай катта бир корни.

У чанқаса, ҳўлласа томоқ,
Кекирдаклар ликиллай бошлар.
Бирдан эснаб, эригани чоқ,
Залдагилар кетини қашлар.

Алжиб бирпас олганида тин,
Бир нуқтага жамланар ҳамма.
Қулоқ тутиб оғзига секин,
Гурим чиқса, бўларлар танба.

Хуррак отиб, чокдан чиқса ел,
Зал улкан бир бурун бўлади.
Олқиш йўллар, қарсак чалар эл,
Юртда катта байрам бўлади…

Саидмат Сотти шошқалоқлик этганини сезгач, Нозима Мунисга қўллаган биринчи усулдан воз кечиб, ўзаро ишончни сақлаб қола олганди. Қари тулкининг тупурган тупигини қайтариб олиши унинг йўлидан қайтганини англатмасди. У ўзи билмаган ҳолда ўзини фош этганди. Нозима Мунисни қаршилаётганда, тилёғламалик қилиб кейин энсасининг жунини ҳурпайтиргани соғлом ақлга сиғмасди. Нима бўлганда ҳам у пухта ўйланган режа асосида иш кўрарди. Навбатдаги ўйин замирини Нозима Мунис англадими ёки йўқ, Баҳром тез кунда аслиятдан хабардор бўлишга умид боғлаганди. Ўзининг ўйини ва манфаатларини мустаҳкамлашга мажбур бўлаётган Нозим Мунис учун эса, Саидмат Соттининг қайси манзилни кўзлаётгани ортиқ аҳамият касб этмай борарди. Ундан ўз манфаати йўлида Саид Сотти қандай фойдаланаётган бўлса, у ҳам Саидмат Соттидан шу усул билан фойда кўришга бел боғлаган эди. Уни вазият шунга мажбурлар, у содир этган хатоларининг қули эди. Истаса-истамаса, ҳаёт уни эҳтиёжи кавлаган ўзандан оқизар, бу йўлда у учун яхши-ёмон, оқ-қора деган нарсанинг ўзи қолмаганди.

Биринчи кўчишга саноқли кунлар қолганди. Ўша кун сараги-саракка, пучаги-пучакка ажраларди. Аммо тўйдан олдин ноғора қоқмоқчи бўлган Саидмат Сотти нима демоқчи бўлаётганди? Нозима Мунисга айбдорлик ёрлиғини ёпиштирмоқчи бўлгани нимани англатарди? Бу эрта бир кун рўй бериши мумкин бўлган кўнгилсиз воқеа-ҳодисаларнинг бошланишидан дарак эмасмиди? Бошқа томондан, вақтнинг зиқлиги боис, аёлнинг қўли билан у мўмай маблағларга эга бўлмоқчи бўлаётгандир?! Бу фикрлар шубҳа-гумондан бошқа нарса бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Чунки Бухоро ва Намангандаги тайёрлов марказларидан келган ишизловчилар “Агентство” қабул ҳайъати синов имтиҳонларидан ўтгандилар. Бу ишлар кўламининг жиддийлигидан далолат берарди. Ақли-ҳуши жойида одам нуфузли ҳукумат идораларининг фирибгарлар билан тил бириктириб, халқни куппа-кундуз куни тунашига икки дунёда ишонмасди.

(давоми бор)