Кечиккан баҳор

Кечиккан баҳор
23 views
02 September 2017 - 6:00

«БЕШИНЧИ ФАСЛ» КИТОБИДАН

КЕЧИККАН БАҲОР

Ҳеч ким шеър ёзмади бугун,
Новданинг бўғзида қолди куртаклар.
Юраклар – кўкракда вазнсиз тугун,
Булут кўр қуёшни юрар етаклаб.

Дарахтлар бир-бирига тикилган,
Ҳайрон бир-бирининг ҳолига,
Гўё меҳмонлардай узоқдан келган
Ва ҳеч ким чиқмаган истиқболига.

Шоир – шеър,
Новда – япроқ,
Турна қанотини ёзмайди нега?
Наҳот «хайр»лашиб қиш билан, энди

Бирор бир фасл йўқ «Салом!» дейишга?!
Бас, етар!
Кутмаймиз энди, ўртоқлар –
Шоир шеърингни ёз! Ёзил, эй тугун!

Новданинг бўғзидан чиқинг, куртаклар,
Бугунги сўзингиз айтинглар бугун!
Бизга фасл керак! Фарқи йўқ бизга
Ҳаттоки бешинчи фасл бўлса ҳам!
1975

 

(15)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Вал-Фажр” китобидан. (21-22-саҳифалар.)

(давоми бор)