У ҳолатини эмас, тобора абгорлашаётган ҳолати уни бошқарарди

У ҳолатини эмас, тобора абгорлашаётган ҳолати уни бошқарарди
31 views
02 September 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

21-қисм

Қаҳвахонадаги таниш стол бўйига ўтирган Нозима Муниснинг олазарак қарашларидан ўлгудек очқагани билиниб турарди. Уларни таниб, югуриб келган дастёрга у:

– Иккита тўлиқ чучувара. Бир стакан қаймоқ. Нон, кўк чой! – деди.

Ҳар гал буюртма беришдан олдин Баҳромдан, нима емоқчисиз, деб сўрайдиган аёлнинг бу қилиғи ўзига ҳам эриш туюлди.

– Бугун менга нима бўляпти ўзи? – деди у. – Сиздан бир оғиз кўнглингиз нимани тусайди? – деб сўрашга ҳам тоқат қилолмаяпман. Тавба…

– Ҳечқиси йўқ, мен ҳам шу овқатларни сўраган бўлардим! – деди Баҳром уни хижолатпазликдан чиқариш учун.

Улар овқатлангач, доимгидай лимонли чой ичдилар.

– Ишларимиз тўғрисида жиддий гаплашиб олишимиз керак. Бугун гаплашмасак, эртага кеч бўлади! – деди Баҳром.

Маратнинг аҳволини кўриб, ҳалигача ўзига келолмаётган Нозима Мунис:

– Қандай масалаларни назарда тутяпсиз? – деди ҳайрон боқиб.

– Иккаламизга тегишли масалаларни! – дея жавоб берди Баҳром.

– Бугун негадир кайфиятим йўқроқ! – деди у. – Келинг, эртага эрталабдан бу масалани ҳам, Саидмат Сотти буюрган вазифаларни ҳам бир йўла муҳокома этамиз. Ҳозир уйга бориб дам олмасам бўлмайди. Жуда эзилиб кетяпман.

– Аҳволингизни тушунаман! – деди Баҳром. – Бироқ бир талай муоммалар йиғилиб қолди. Бугун гаплашмасак, эртага кеч бўлади.

Ёниб турган муаммолар борлигини билмаган Нозима Муниснинг авзойини қора булутлар қоплади.

– Дарҳол ҳал этмаса, портлаб кетадиган қанақа муаммо бор экан?!

Бу саволи билан у масалани муҳокома этишга розилик билдирганди.

– Келишув бўйича, мен сизга ширкатда расман ҳамкорман. Ташқарида, ўз номи билан айтганда, киракашман, тўғрими?

– Хўп, сизнингча бўлсин! Аммо нима демоқчи бўлаётганингизни, ўлай агар, тушунмаяпман. Бундоқ тушунтирипроқ гапиринг, нима демоқчисиз ўзи?

Нозима Мунис анча-бунчага оғзи бўш келадиган аёл эмасди. Баҳром унинг ярим уруш ҳолатида, зарда билан гапирганидан хафа бўлмади. Аксинча, ҳамияти учун унинг ҳеч нарсадан қайтмаслигини қадрлаб:

– Жаҳлингиз чиқмасин, опа! – деди. – Эшитсангиз, нафсониятга тегадиган нарса йўқлигига амин бўласиз. Мен келишилган қонун-қоидаларга риоя қилиб келяпман, бу ўзингизга маълум. Билиб-билмай йўл қўйган хатоларим бўлса, сўзимни тугатганимдан сўнгра юзимга айтасиз. Билишимча, Бухоро ва Наманган марказларидан юз минг долларга яқин пул олиб келипсиз. Эшитиб, ҳушим бошимдан учди. Бу нарсани нима учун мендан яширдингиз? Сабабини билолмаяпман! Маслаҳатлашиб иш кўрамиз деб бир-биримизга ваъда бермаганмидик?

У ишнинг бунчалар тез юзага чиқишини ўйламаганди. Даъво нақадар ҳаққоний эди. Унинг иззадан юзи сўлиб, кўзлари нурсизланди. Маратнинг аҳволини кўргандан буён, тўғри қиляпманми, нотўғри қиляпманми, дея юрагини шубҳа-гумон кавлаётганди. Энди улар Баҳромнинг қиёфасига кириб, бошига болта кўтариб келди.

– Тўғри! – деди у нафасини ютиб. – Айтганимнинг фойдаси йўқ эди. Сиз бундай бўлишига қарши чиқардингиз. Санкт-Петербургга йўл олган тўқсон иккита ишизловчи Сароғочда ғайри инсоний шароитларда яшашга мажбур бўлгандилар. Улар мендан нажот кутаётгандилар. Саидмат Соттига ҳам пул сув билан ҳаводай зарур эди. Бухородан зарур маблағни ундирмаганимда, ширкатнинг ишлари тўхтарди. Югурганларимиз, ҳавога учарди. Ҳозир нима иш қилишни билмасдан, қўл қовуштириб ўтирган бўлардик.

Унинг бугунги йиғилишда айтилганлардан бирор нимани англамаганига Баҳромнинг ишончи комил бўлди. Ер ўз ўқи атрофидан чиқиб кетса ҳам, унга барибир бўлиб қолганди. У учун ўз муаммолари ечим топса, бўлгани эди. У шундай деб ҳисобламаса ҳам, шунақа бўлишини хоҳламаса ҳам, унинг ҳолати шуни тақазо этарди. У ҳолатини эмас, тобора абгорлашаётган ҳолати уни бошқарарди. Унинг оддий бир сурати қолганди, ночорлашаётган ҳолати кундан-кун маъно-моҳият касб этиб борарди. У буни англамас, бутун дунё бир бўлиб реал аҳволни унга уқтирмоқчи бўлганда ҳам, у бор ҳақиқатни борлигича тан олишни истамасди.

– Сиз ҳалиям Саидмат Соттининг асоссиз ваъдаларига ишониб ўтирибсизми?

– Албатта! – Кўзим кўриб, қулоғим эшитган нарсаларга нима учун ишонмаслигим керак? Бутун бошли вазирлик ҳомий бўляпти-ку!

– Ҳар бало бўлиши мумкин, деб ўйлашдан нима учун йироқсиз? Шубҳа бир неъмат, сергак бўлсангиз, пистирмада туриб, янглиш оёқ олишингизни пойлаётган муаммолар чекинади, йўл қўйилган хатоларнинг пойдеворига ўт кетади. Мана, ўзингиз болаларингизнинг отаси, ёстиқдошингизнинг сўзига кириб, ўттиз минг доллардан ортиқ сарф-харажат қилдингиз, уч юз элликдан ошиқ ишизловчини Санкт-Петрбургга жўнатдингиз. Иқрорингизга кўра, сарфлаганларингиздан ташқари юз минг доллар кутяпсиз. Тажрибам ва хулосаларимдан келиб чиқиб айтишим мумкин, фойда нари турсин, ўзингиз тиккан пулларни қайтариб ололмайсиз!

– Оилавий ишларимга аралашманг! – деди Нозима Мунис тутоқиб. – Сиз билан бир-биримизнинг шахсий ишларимизга аралашмаслик ҳақида келишиб олганмиз!

– Яхши! – деди ундан секин гапиришни сўраган Баҳром. Хўрандалар нима бўляпти, дея уларга боқаётгандилар. – Шахсий ишларингизга бурин тиқишга ҳаққим йўқлигини ўзим ҳам биламан. Иккаламизга тааллуқли ишлар оилангиз ва шахсий ҳаётингизга қоришиб кетяпти. Мен бунга қаршиман. Яқин бир ҳафта ичида ширкат ишларининг не чоғлик чин ёки ёлғонлиги очилиб қолади. Ишлар ҳақиқатдан чин бўлса, омадимиз чопгани, ёлғон бўлиб чиқса-чи? Шу учун сувни кўрмасдан, этик ечиб бўлмайди. Бировдан бир тийин олган бўлсак, эртага бошимизга тўқмоқ бўлади. Шошқалоқлик яхши иш эмас!

Аччиқ гапларни эшитиб, айбини тан олгач, Нозима Мунисни боши эгилиб қолди.

Шунда стол устида турган телефон жиринглади. Овоз дераза ойнасига теккан тош каби сукунатни чил-чил этди. Нозима Мунис пуржинаси отилган қўғирчоқдай бир сапчиб тушиб, ўзи билмаган ҳолда қўли билан соткани уриб юборди.

– Э, қуриб кет, юрагимни ёрай, деди! Сен етмай турувдинг! – дея у полга тушган соткасига ола қаради.

Жиринглаётган телефонни Баҳром ердан кўтариб қулоғига босди.

– Эшитаман, гапиринг! – деди у.

– Баҳром ака, мен Маратман! Нозима опа билан гаплашмоқчиман! – деган товуш чиқди соткадан.

У телефонни Нозима Мунисга узатди.

Марат Нозима Мунисдан Баҳром билан тез етиб келишларини сўраётганди.

– Тинчликми? – суриштирди, қўрқиб кетган Нозима Мунис.

– Тинчлик, келаверинглар! – дея жавоб қайтарди у.

Мавҳум гап-сўзлардан ҳеч қандай маъно англамаган Нозима Муниснинг Маратнинг эси оғиб қолганидан ортиқ гумони қолмади. Шундоқ ҳам унинг еганлари заққумга айланганди.

– Марат етиб келибди! – деди у. – Уни жиннихонага ётқизмаса, турган жойига олов беради. Менинг уни бориб кўрарга ҳолим йўқ. Ўзим унинг аҳволига тушмасам гўрга эди. Баҳром, илтимос, мени уйимга ташланг, бўлмаса шу ерда йиқиб қоламан!

Нозима Мунисни олиб бориб қўйган Баҳром машинани Маратнинг уйига қараб ҳайдади. У Нозима Мунис билан орани очиқ қилолмаганидан афсусда эди. Яна гап чала қолганди. Аслида, масалани ортиқ муҳокома этишга ҳожат ҳам йўқ эди. Нозима Муниснинг таваккалчилиги орқасида бариси бой берилганди. Кўчиш бошланса, билинмасди, бошланмаса, унинг ҳолига маймунлар йиғларди. Олганларини қандай қайтаради, Тангри билади. Саидмат Соттининг мақтаниб, «Паймона» ширкатидан бошқа бирор ширкатга ваколат берилмаганини айтгани катта хавфдан дарак эди. Ҳуши жойида одам, бу ҳукуматнинг галдаги ўйини эмасмикан, деб шубҳага борарди. Қонунлар ишламаётганига гувоҳлик бераётган бу ҳолат “Андижон фожеалари” давом этаётганини кўрсатарди. Ҳукумат ишсизликдан чарчаган ва асаблари таранг тортилган халқни чалғитиш учун бир муддат шундай чоралар қўллаётган бўлиши мумкин эди. Ҳақиқатан шундай бўлса, бундан Нозима Мунис билан Баҳром жабр кўрарди. Яқинда бўладиган кўчиш кутилгандай натижани бермаса, Нозима Муниснинг олган пулларини қайтаришига тўғри келарди. Бу нарсанинг иложи йўқ эди. Шундай бўлгач, ноқонуний фаолият учун кимнингдир жавоб бериши шарт эди. Саидмат Соттини жавобгар этиш ҳукумат олиб бораётган сиёсатга мос тушмасди. Уни ушлаб турган “кўринмас қўл”лар охирги тангаларгача йиғиштирмасалар, ширкат устидан жиноий иш қўзғатилишига монелик кўрсатардилар. Бу “Нозима Мунис билан Баҳром учун қамоқхона эшиклари очиб қўйилган”, дегани эди. Тескариси бўлса, мукофот эди.

У машинасини кўп қаватли бинолар олдидаги майдончага қўйди. Нозима Мунис унга бир нима деб оғиз очмаган бўлса ҳам, у одамгарчилик нуқтаи назаридан Маратнинг ҳолидан хабар олишни ихтиёр этганди. Унинг ақлдан озганига юрагидан ишонмаётган бўлса ҳам, Нозима Муниснинг гумони чин чиқишини ўйлаб, ваҳимага тушганди. Ўз аҳволидан бехабарлик, бировларга ачиниш ҳисси унга ҳам қон билан ўтганди. Миллатга ёпишган бу хунук атвор унинг ҳам камчилиги эди.

Баҳром қўнғироқни бир неча марта босди. Жавоб бўлмади. У Маратнинг ростдан жинни бўлганига ишона бошлади. Юраги қаттиқ уриб, дами сиқти. Нозима Мунисга қўнғироқ қилмоқчи бўлди, бундан бир иш чиқмаслигини ўйлаб, фикридан қайтди. Эшикни итарганди, очилиб кетди. Ичкаридан ғалати саслар эшитилди. Шунда унинг кўзлари олдига оғзи-бурнидан оппоқ кўпик сочиб, қайтариб-қусиб ётган Маратнинг қиёфаси келди. У ҳалиям қулоқлари туширилган аскарча телпакда, тўнига бурканиб олгандай эди. Унинг ўзига ташланиб қолишини ҳам ҳаёлидан соқит қилмади. Ҳар эҳтимолга қарши, чеккада ётган полдастани қўлига олиб, мусичани пойлаётган мушук сингари олдинга юра бошлади. Товуш кўтарилган сари, аёл кишининг ғингшишига ўхшарди. У, Марат йиғлаяпти, деб ўйлаб, тўхтаб, товушга қулоқ тутди. Бирдан “дажонам”, “дажонам” деган аёл кишининг қичқириғи бошланди. У чинқириқ чиққан хонанинг эшигини очди ва кўзларига ишонмай, қотиб қолди. Қип-яланғоч Малакхон Маратнинг устида эди. Унинг икки қулоғидан ушлаб, бориб-келарди. Тагида ётган Марат унинг думбасининг икки бўлагини икки қўли билан тортиб, осилиб турган кўкракларига оғиз соларди. У ҳар тикланганда, маммалари Маратнинг оғзидан чиқиб кетарди…

Баҳром қўлидаги полдастани отиб юборди ва эшикни қарсиллатиб ёпиб, уйдан чиқиб кетди.

У бориб машинасига ўтириб олди. Нима қилишни, нима деб ўйлашни билолмасди. Аросатда қотиб қолганди. Ҳаммасини тушида кўрётгандек эди. Орадан қанча ўтди, билмайди, ўзига қараб келаётган Маратга кўзи тушди. У аввалгилардай чиройли кийинган, соқоли қиртишланган, сочлари силлиқ таралганди. Афт-ангори рисоладагидай эди. Уни ҳеч ким эрталабки ғайри оддий кийинган – кўзининг ёши билан бурнининг суви қўшилиб оқиб турган одам деб ўйламасди.

У машинанинг эшигини очиб, Баҳромнинг ёнига ўтирди.

– Бунча тез келасизлар деб ўйламагандим, Нозима опа қани? – деди сўнгра ҳеч нарсадан бехабар одамдек.

Ҳали ҳам таажжубдан ўзига келолмаётган Баҳром:

– Мазаси йўқ! Хабар олиш учун мени жўнатганди! – деди унинг кўзларига тикка қаролмасдан.

– Менга бало урармиди, дойи?! – деди Марат. – Мен туппа-тузукман. Учовлон ўтириб бир чақчақлашмаймизми, деб ўйлагандим. Бўлгани бўлипти, ўзимиз ўтирамиз. Тушинг, ғиждувонча балиқ билан сомса буюртирганман!

– Раҳмат! – деди Баҳром. – Кўрдим, соғ-саломат экансиз, қайтаман. Борайин, бугун оғир кун бўлди, дам олмасам бўлмайди.

– Ўзи сизларни дам олиш учун чақиргандим. Тушинг! – деди Марат.

Баҳром кўнмасдан оёқ тиркади.

– Икки одамнинг қип-яланғоч бир-бирига тармашганини кўрмаганмисиз? – деди у ахири. – Буларни шундай этмасангиз, тизгини қўлдан чиқади. Нима, ўзингиз Нозима опамни ирғатмайсизми ёки?

– Ундай деманг! – деди шошиб қолган Баҳром. – У киши билан опа-ука тутинганмиз. Уят бўлади!

– Бунақа ишлар опа-ука тутингач амалга ошириладида!

Ҳазил-мазах бўлса ҳам, дилга тошдай оғир ботадиган бу гапларга муносиб жавоб бермасликнинг иложи йўқ эди.

– Қамара опа сиздан бир неча ёш катта, сал қочмаса, онангиз тенги. Шу аёлга сиз ҳирсий нафсингизни қондириш учун борармидингиз? – сўради Баҳром.

– Бўлмасам-чи! – деди Марат безбетларча тиржайиб. – Орқамга ўтириб қўярмидим? Уни сиз қари деб ўйламанг, қичиқлари қизларникидан зўр. Дубайни суғорган у эски шилтанинг қисиб-қисиб беришларини кўрганингизда, қизларга қарамасдингиз.

Баҳром тортишиш бефойдалигини тушунди.

– Майли, юринг. Сазангиз синмасин! – деди бўлмагач.

Маратнинг маст-аласлиги бўлиш-туришидан сезилмасди. Гап-сўзларидан эса кайфи борга ўхшарди. Илгари ўзини сипо тутадиган бу одам ҳозир ақлдан озганда ҳам, Баҳром бунчалик ҳайратланмасди. Унинг ўзини дунёдаги энг бахтиёр одамдек тутаётгани Баҳромнинг ақлини ўғирлаганди. Сабаби нимадалигини билиш учун ҳам у ўзини тарозига солиб ўтирмади. Таклифга осонгина рози бўлди. Бўлмаса, гувоҳи бўлган манзарадан кейин, у билан кайфичоқлик қилиб бўлармиди? Устида эри бор аёл билан дон олишишдан кўра тубанроқ иш бўлмаса керак дунёда!

Даҳлиздан биринчи бўлиб меҳмонхонага кириларди. Боя меҳмонхона эшиги очиқмиди ёки ёпиқ, Баҳром эслай олмасди. У чалғигани боис, бошқа нарсаларга эътибор бермаганди. Хонтахтага сархил мевалар қўйиб, безатилганди, Ғиждувон ширинликлари – шўракданак, қаймоқ, қуёшдай товланиб турган патир-нонлар кўзни яшнатарди. Маратнинг меҳмон кутишга астойдил киришгани кўриниб турарди.

Чой кўтариб кирган Малакхон Баҳромга қийиқ кўзларини сузиб, миссийиб кулиб қўйди. Чойни шопиргач, чойнакка чойқалпоқни кийгизди. Бу пайтда Марат электропайванд уларини токка тиқаётганди. У электропайванд учига суқилган бир ярим қаричлик симни олиб, пичоқ билан қириб тозалай бошлади. Ошхонага чиқиб, қайтиб кирган Малакхон унинг бошида тўхтади.

– Шу симни ҳа деб қиртишлагандан кўра, алмаштирса бўлайдими? Жониворнинг минг жонидан бир жони қолмади. Ташлаб юбориб, янгисини ишлатинг!

– Бу сим билан сизни бошқасига алмаштириб бўлмайди, Малакхон! – деди Марат бошини кўтармасдан. – Янгисини мазасини олганча, тўрт-беш йил ўтади.

– Шу сим билан мени тенглаштиряпсизми? – нозланди Малакхон. – Одамнинг одамдан фарқи бўлиши мумкин, симдан симнинг нима фарқи бор?

– Тўғри! – деди Марат кўзларини қилаётган ишидан узмай. – Гапирдим қўйдим, шунга шунчами, пари?

Маратни кузатаётган Баҳром, бирор бузуқ нарсани тузатмоқчидирда, деб ўйлаётганди. Унинг ҳаракатлари пайвандчининг ҳаракатларига ўхшамаслигини пайқагач, боши қотти.

Шу пайт Марат унинг ичини уқиб тургандай:

– Дойи, оқиданми, қорасидан? – деб қолди.

– Мен ичмаяпман! – деди у ароқ деб ўйлаб.

– Муғамбирсиз, дойи! – деди хохолаб кулиб юбориб у. – Туркманлар орасида, бунинг ичилиши билан тортилишининг фарқига бормайдиган ҳам одам борми?

– Буни билиш мураккабмас. Туркманлардан бошқалар ҳам оқ билан қоранинг фарқига борадилар!

– Бўптида. Демак, иккаласи ҳам кетаверади. Мен ҳам тегма нозикларга ўхшаб, оқиданми, қорасиданми, деб танлаб ўтирмайман. Буюк руҳшуносимиз, машҳур раиснинг эркатойлари Малакхон пари, хумори бемор мижозларни даволаш учун ҳар иккаласидан олиб келиптилар. Қадрига етмасак, гуноҳ бўлади. Кеча узун, инон-ихтиёр қўлимизда, бир ёқдан тортаверамиз.

– Мени нотўғри тушундингиз! – деди Баҳром. – Баъзи-баъзида кўнглим тусаса, оқидан истеъмол этаман. Қораси қон босимимни кўтариб, кўзларимни тиқилтиради.

– Қорадори акси эмасми? Қон босимини меъёрида ушлайди. Учинчи сезгини қўзғаб, кўзлар мошдек очилиб, қоронғи дунё ёришиб кетади. Балким қорабобо сизнинг организмингизга ёқмаса керакда. Майли, оқидан бўлса, оқидан, дойи, нима десангиз, шу. Меҳмон отойи худо, деб бекорга айтмаганлар. Аввал бизлар қорабободан тўйиб олайлик.

Сўз нима ҳақдалигини Баҳром энди фаҳмлади. Фаҳмладию, қулоқлари жаранглаб, кўзлари каттариб кетди. У бунақа нарсалардан умри бино бўлиб кайфичоқлик учун тотиб кўрмаганди. Марат героин билан тиряк, яъни афюн ва қорадори ҳақида гапираётганди. Баҳром бу хусусида кўп эшитганди. Маратнинг хасталиги боисини ҳам, Малакхоннинг Ғиждувондан етиб келиш сабабини ҳам у энди тушунди.

– Марат, нонни тузини тоттим, энди тураман, – деди у. – Нозима опа тузалсин, эрта-индин бирга келамиз. Ўшанда бафуржа улфатчилик қиламиз, дўстим. Иззат-ҳурматингиз ва кўрсатган эътиборингиз учун ташаккур!

Бу пайт дастёр етказган балиқ билан сомса дастурхонга тортилаётганди. Марат оғзини очишга улгурмасдан Малакхон:

– Кетиб бўпсиз, – деди. – Бунақанги гапларни йиғиштиринг. Туркманмисиз, туркманларга ўхшаб, далми, дал, мард бўлинг!

Малакхонни гапларидан қалби жўшган Марат:

– Кўзларини қурбони бўлай, пари! – деди. – Эшитдингизми, дойи? – Парининг гапи гап. Қани, балиқдан олинг, совиб қолмасин.

Ўзга иложи қолмаганди, Баҳром тақдирига тан берди.

Марат электрапайвандга тиқилган симни олди. У лахча чўғ бўлиб, ловуллаб турарди. Малакхон тортгач, оғзи-бурнидан оппоқ тутун пуркай бошлади.

Марат чўғланиб турган симга ҳар сафар қорадорини теккизганда, тутаб кетарди. Минг сўмлик пулдан ясалган найчадан Малакхон тутунни дамига тортиб, бир замон ичида ушлаб турар, пуфлагач, қалпоқча кийгизиб қўйилган чойнакдан бир қултум чой қуйиб, ичиб юборарди.

– О, роҳат! Жоннинг ҳузурида қорабобо! – дерди у ҳар сафар тожикчалаб. – Туя бунинг кайфини гўрдан биладими?

– Пари, Туяга ҳам торттириб кўрмаймизми? – деган Марат ўз саволига ўзи жавоб берди. – Сизнинг мазангизни билмаган Туя қорабобонинг мазасини гўрдан биладими?

Ҳаёси қолмаган Малакхон:

– Туянинг ўзининг мазаси йўқ, – деди, оғзи-бурнидан тутун қайтариб. – Мазаси бўлмагач, мазани қаердан тушунади?

Баҳром Марат билан Малакхоннинг аллақачонлар карахт бўлганини пайқаб, хижолатпазликни йиғиштирди. Кўксини тўлдириб нафас олгач, болалигини эслади. Шамоллаганда момоси гуручдек қорадори едирар ёки кўкнор пўчоғини қайнатиб ичирарди. У отдек бўлиб, соғайиб кетарди. Аммо кайфини тушунмасди. Ҳозир, у тутундан тўйгач, сархуш бўла бошлаганди. Ундаги қорадори тортиш иштиёқи кучаяётгани шундан дарак эди. Ўзи буни сезмасди. У хонтахта четида терилган ароқлар ичидан рус ароғини танлаб, қопқоғини очди. Пиёлани тўлдириб, бир кўтаришда сипқорди. Орадан икки-уч дақиқа ўтиб, бутун бадани исий бошлади. Кўзларига хунук кўринаётган ҳар бир нарса гўзаллашмоқда эди. Оч юҳодек уйғонган меъдаси онасидан емак истаб оғиз очган палопондай уни безовта этарди. У қилтаноқсиз балиқдан санчқига илинганини лаққа-лаққа ютишга тушди. Бўғзига талпинган нафси луқмани чайнашга имкон бермасди. Эндигина тухумдан чиққан жўжанинг бошидан тишлаб, каламуш инига судрагани сингари оғзига солганини тортиб кетарди. Бандига айланган хаёллари, нафс тузоғига илингач, кўзига кўринган ҳар нарса овқатга ўхшаб кўринарди. Унинг қорнидан бошқа ғами қолмаганди. Тағин ичди. Тассаруфидаги кўнгил мулкларини ароқнинг ихтиёрига топширди. Муқаддас туйғуларни ўкчалари билан эзғилаб, топтаб ташлади. У Марат билан Малакхоннинг дунёсига ўтиб кетганди. Емоқ-ичмоқ билан ҳушёрликни ўлдирди. Вужуд ҳузурини ўйлаб, ғофиллик тўнига бурканди. Мусулмоннинг либоси бўлмиш ҳушёрлик чекиниб, бутун дунё бир шиша ароққа тенглашди.

(давоми бор)