Доҳий ва ватангадолар

Доҳий ва ватангадолар
19 views
02 September 2017 - 9:26

У “ҳақиқий доҳий” эди. У салтанатни бошқарган вақтда, унга атаб ашъорлар тўқилган. “Миллат отаси”, дейилган. Мамлакат унинг шиорлари билан тўлган. Унинг раъйига қараб минглаб инсонлар ҳаётига нуқта қўйилган. Унинг номини тилга олгани одамлар қўрқар, миллионлаб халқлар ичидаги ягона авторитет эди.

У – ўлди. Ўлганида бутун мамлакат кўз ёш тўкди. Оҳ-фарёд чекди. Баъзилар ўлганига ишонмади. Одамлар кўчаларга чиқиб нола қилди. Ўлими телевизорда эълон қилинганда ҳамма шокка тушиб қолди. У мана шундай доҳий эди. У мана шу мафкурага одамларни ишонтирган эди. “Зулмни адолат, ёлғонни ҳақиқат”, дер эди. Унга атаб ҳайкаллар ўрнатишди. Унинг ҳаёт-йўли сабоқ ўлароқ ёшларга ўргатилди.

Юқоридаги гаплар Иосиф Вессареонивич Сталин ҳақида.

Вақт шуни кўрсатдики, у ҳақиқий золим бўлган экан. Ва унга атаб ўрнатилган ҳайкаллар йиқитилди. Уни мадҳ этганлар, унинг диктаторлиги ҳақида куйиб гапира бошлади. Унинг кирдикорлари йиллар давомида очилиб борди. “Миллат отаси” деган ном, “миллат хоини” номига ўзгарди. Қилган хунрезликларини одамлар кўп ўтмай билди. Кеча мадҳ айтган тиллар, кўп ўтмай лаънат айтди. Ўтган тарих шуни кўрсатдики: ҳайкаллар абадий эмас, одамлар фикри мутлоқликдан йироқ экан.

Қалблар баргга ўхшайди. Шамол қайси тарафдан эсса, ўша тарафга йўналади. Ўтмишдан маълумки, тузумлар абадий эмас. Доҳийлар замонаси учунгина доҳийдирлар. Тарих қаршисида юзлаб, минглаб “доҳийлар” йўқлик қарига ва лаънатга дучор бўлганлар. Ҳайкаллари ҳам, шиорлари ҳам ўзларига ўхшаб йўқ бўлиб кетди.

Бир таниш инсоним айтган эди: “Қамалмасимдан аввал Ленин – бобом эди. Қамалиб чиқсам, Амир Темур – бобом бўлиб қолибди”

Кеча “Ленин совхози”, “Сталинобод”, бугун “Ислом Каримов”, эртага “Эшмат Тошматов”.

Кеча “Ҳамза”, “Собир Раҳимов”, бугун “Абдулла Орипов”, “Муқимий”, эртага “Қузивой Кетмонов”.

Арабларда бир гап бор экан: “оммани эътиқоди, эшакни бемаза жойи”, деган. Ҳар даврни доҳийлари бўлгани каби, “ватангадо”, “хоин” лари ҳам бўлган. Вақтлар ўтиб “ватангадо”, “хоин”лар миллат қаҳрамонига айланган. Абдулла Қодирий ва жадидлар каби.

Подшоҳлар ва ҳайкаллар келиб кетаверади. Ҳақ ва ҳаққа эргашганлар унутилмайди.

Бугун ҳайкалга сажда қилганлар, эртага шу ҳайкалга тупурадилар.

Саййид Ислом

facebook.com