Бўрининг еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон

Бўрининг еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон
67 views
05 September 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

22-қисм

Бу жирканч дунёга киришга ҳанузгача улгурмаган Нозима Муниснинг келмагани яхши бўлганди. Келганда, нима ишлар бўларди, Тангри биларди. Ширакайф бўлиб, у журъат отига минарди. Муоммалар кўзига қилча кўринмасди, иззат-нафсини, ғурурини буткул йўқотарди. Нотовонлар дунёсига бош суқса, қайтиб чиқмасди. Уни бу чуқурдан ё ўлим, ёки қамоқ қутқарарди. Чунки у шундан бошқасини кўриб бўлганди.

Баҳром лабларига найчани қистирди, Марат чўғ тутди, у тортди. У Малакхон сингари тутунни ўпкасида кўпроқ ушлашга ҳаракат этарди. Тутунни чиқаргач, чойдан қултумлади. Малакхон чойдан иссиқ-иссиқ қуйиб тавозе кўрсатди, “совумасдан ичинг”, деб меҳрибонлик этди. Баҳромнинг новвот қўшиб қайнатилган чойдан жони кирди.

– Жуда ширин эканми? – деганида, Марат:

– Зўри шуда, томоқни ёғлайди! – деди.

У тўйиб тортгач, кайфи ошиш ўрнига ҳушёр торта бошлади. Учовлон балиқдан тортиб сомсагача, дастурхонда неки бор, паққос туширдилар. Тағин қаҳвахонага қўнғироқ қилиб, овқат буюрдилар. “Овқат келгунча, “оқпошшо”дан тортамиз”, деган Марат чойнинг ялтироқ қоғозидан ўймоқдан каттароқ чўмичча ясади. Ичига героин солиб, тагидан чақмоқ ёқиб, тутиб турди, Малакхон тортди.

– Дажонам, оқпошшо! Малакхоннинг жонисан! – деярди у ҳар пуфлаганда.

Нозланишлардан эриган Марат унинг белидан қучиб, лабларидан сўриб-сўриб ўпар экан:

– Пари, лабларингиз асал! – деб қўярди.

Кўзларини юмиб олган Малакхон:

– О, қандай яхши, қаттиқроқ қучинг! Жонингиз борми ўзи? – дея ёш боладек тантиқланарди.

Энди Баҳромга барчаси аҳамиятсиз эди, содир бўлаётган беҳаёликларга эътибор бермас, изза тортмасди. Тан-бадани роҳатланиб, елкалари ва билаклари қичишарди. Дунёни сув олса, тўпиғига чиқмасди. Қўлига тушган нарсани оғзига солиб кавшарди, ерди, тўймасди…

– Эссиз, – деди у. Энди нима деганнинг фарқи йўқ эди. – Нозима опани олиб келаверишим керак экан. Дардлардан фориғ бўларди.

Малакхонни тутиб, маза қилаётган Марат:

– Қорабобо билан оқпошшо, минг дардга давоман, менинг дардимга даво йўқ деган, ахир! – деди юқорига қараб секинлик билан тутунни пуфларкан. – Президентдек одам ҳам қорабобо билан оқпошшодан тортгани учун ҳанузгача жонини асраб юрипти. Бўлмаса, шуначалар, номаъқулчиликларни амалга ошириб, омон қолардими?! Айниқса, у каби қўрқоқ одам ўтакаси ёрилиб, ўлиши керак эди. Нозима опага келсак, қайтиб бориб, олиб келинг, деб тиқилинч қилмаганимни сабаби бор. Бир-биримизни яхши билиб олайлик, деб ўйладим. Энди сиз билан қўрқмасдан иш қилсак бўлади…

Баҳром қанчалик сархуш бўлмасин, Маратни сўзлари қулоқларида азон каби янгради. У хира идроки билан ўзини қидиришга тушди. Вазият йўналишини топиши учун бундан қулайи бўлмасди. У Маратга ёқадиган сўз айтиш учун лабларини жуфтлади. Бошига тузук фикр келмагач, томоқ қириб, ютиниб қўя қолди. У сувга чўкаётган одамга ўхшарди, бор куч-қувватини ҳушини йиғишга сарфламасин, ҳеч нарсага қурби етмасди. Шунда лоқайдликни қайд этган идроки уни силкитиб, лошга айланаёзган вужудини уйғотишга тушди. У танбал эди, ғамсиз эди. Охири ёпилиб кетаётган қовоқларини минг азобда очиб, мўри каби тутун қайтараётган Маратга боқди. Кумушранг қоғозга чақмоқ чақаётган Малакхон ўз ишидан чексиз баҳра олаётганди.

– Мен ҳам сизга айтишга ийманиб юригандим! – деди у зўрға. Аммо нимани айтишга ийманганини ўзи ҳам билмасди. – Сизларнинг бу ишларда катта тажрибаларингиз бор. Бу масалада мен янги одамман. Жўра, менга маслаҳат беринг, барчасига қўл силтаб, узоқларга кетмоқчиман!

– Бу нотўғри қарор! – деди Марат. – Бўрининг еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон. Ишлар юришса, хўп-хўп, сизни эслашмайди. Ишлар юришмаса, сизни ҳеч ким аяб ўтирмайди. Ўшанда, есам бўларкан, дея пушаймон этасиз, афсус, ўрин тутмайди. Ширкатда асосий ишларни сизлар амалга оширяпсизлар, буни бутун Тошкент билади…

– Нима қил дейсиз унда? – сўради Баҳром зўрға минғирлаб.

– Кечани-кеча, кундузни-кудуз демай югурдингиз. Энди тузукроқ маблағ ундириб, силлиқлик билан ўйиндан чиқиш керак. Ишлар якунланишига оз фурсат қолди. Саидмат Сотти белгиланган кунда бирорта одамни хорижга жўната олмайди. Сўнгра ишизловчилар орасида ваҳима қўзғалади. Кейин ҳам икки-уч ой пул йиғилади, бироқ Саидмат Соттидан бошқани бирин-сирин қамашни бошлайдилар. Сиз биринчи кўчишгача, ишингизни тўғирлаб, чиқиб кетинг. Бости-бости бўлгунча қайтиб келманг, шунда ютасиз.

– Бу ишларнинг охири пачава эканини биларкансиз, нима учун Малакхонни эрининг ҳужжатларини ва пулини Нозим Мунисга олиб бердингиз?

– Сиздан яшириш истагим йўқ! – деди Марат. – Менинг елкамда катта қарзим бор. Саидмат Соттига ўхшаганларнинг ваъдаларига учиб, чоҳга қуладим. Пулларни эгаларига қайтаришим учун, мени алдаган одамлар сингари, мен ҳам бошқаларни алдашим керак эди. Президентнинг “Ўзбек модели” деган иборасини ҳар куни юз марта эшитасиз. Бажараётган ишим мана шу моделнинг, айнан ўзи. Менга ўхшаган ўртакашларни авраб, қўлларидан пулларини олганлар “Ўзбек модели”нинг ишлаш асосларига таяниб чув туширадилар. Совуқни совуқ, иссиқни иссиқ кесади, деганларидек, шу модел дастури бўйича, Саидмат Соттига ўхшаганларга девор ушлатсак, ҳам қарздан қутуламиз, ҳам муттаҳамларнинг жазосини берамиз. Мавжуд вазият билан ҳисоблашмаган одамнинг уйи куяди. Нозима Муниснинг қўлига пул олиб берган бўлсам, Туянинг хотинларига беш юз қўшиб олганимни қайтарганман. Шу вақт ичида қарзларимнинг ҳам яримисидан қутулдим. Сўзларимга ишонмаслигингиз мумкин, аммо бу ҳақиқат. Келинг, сизга ҳам йўлини ўргатаман. Натижада мен қолган қарзларимдан қутуламан. Сиз камида юз минг доллар пул ишлаб оласиз. Кўчиш бошланмасдан, Қозоғистонгами, Русиягами чиқиб кетасиз. Ёт ўлкаларда мусофир бўлишни истамасангиз, вилоятларнинг бирига бориб, бир йил яшаб, қайтиб келасиз. Унгача ишлар текисланади.

Баҳром ҳамиша бир нарсадан ҳадиксирарди. У ҳам бўлса, ишнинг охир-оқибат шармандаларча якун топишидан. Қўрқадиган нарсаси ҳозир бошига байроқ тиккандек эди.

“Туя” деганлари Малакхоннинг эри Ғаффор эканлигини ҳам у энди англади.

– Яқинда кўчиш бошланишига ростдан ишонмайсизми? – дея сўради у. – Бу ишга Меҳнат вазирлигидаги масъул шахслар бош бўлиб турипдилар-ку!

– Улар ҳар доим мўмай даромад орттириш учун фуқароларни алдаб, қўғирчоқ ширкатларни тузадилар. Иш поёнига етмасдан, “дод” қозига етади. Атрофдаги биз ва сизга ўхшаганлар қамаладилар, шу билан иш бости-бости бўлади. Олти ой ўтгач, яна Саидмат Соттига ўхшаган бошқа бировни топиб, янги ширкат очадилар. Саидмат Соттининг ширкатини ҳисобга олмаганда, шунақа ширкатларнинг ўн тўрттаси билан ҳамкорлик этганман. Ўн тўрттаси ҳам милёнлаб маблағларни йиққач, кимларнидир қамаб, уларни ёпиб ташлаганлар. Бу ишлар бошида нафақат Меҳнат вазирлигидагилар, президентлик маҳкамасидагилар ва хавфсизлик ташкилотларининг корчалонлари туришибди. Бариси ишизловчиларни ишга жўнатиш учун эмас, уларни аҳмоқ этиб, пулларини ўмариш учун қилинади. Президент тирик экан, ҳеч ким қонун йўли билан иш излаб, мамлакатдан чиқолмайди. Ҳукумат қонуний йўлларни қўллаб-қувватлаётгандек кўринса-да, ишизловчиларнинг ноқонуний йўллар билан чиқиб кетишини зимдан таъминлаб туради. Сиз учун энг тўғри йўл, имкони борида, ўлжага панжа уриб, кўздан ғойиб бўлиш. Гапнинг индаллоси, Нозима Мунис юз фоиз қамалади. Сизнинг қамалишингиз элликка-эллик бўлиб турипди. Бошингизни ишлатсангиз, қочиб қутуласиз, мўмай маблағ орттириб, келажагингизни таъминлайсиз, бола-чақамга нима едириб, нима ичираман, дея бошингизни чангаллаб ўтирмайсиз. Тахтга ҳақиқий призидент чиқмас экан, сизга ҳеч ким рисоладагидай меҳнат қилиб, турмуш кечиришга имкон бермайди. Шундай қилмасалар, қамоқхоналар маҳкумларга тўлмайди, қамоқхоналар бегуноҳлар билан тўлиб-тошмаса, президентлар фуқарони қўрқита олмайдилар, фуқарони қўрқувда ушламасалар, улар ҳокимиятни сақлаб қололмайдилар…

– Мени қайси қилган айбим учун қамайдилар? – деди Маратнинг совуқ гапларидан ҳушёр тортган Баҳром.

– Айбингиз бўлиши шарт эмас. Нозима Мунис билан ош-қатиқ бўлганингизнинг ўзи қамаш учун етарли! – дея жавоб қайтарди Марат. – Сиз унинг ишларининг кўпидан бехабарсиз. Устидан жиноий иш очилса, сизни унга шерик қиладилар. Керак бўлса, юқоридагилар ўз айбларини ёпиш учун, етти ухлаб тушингизга кирмаган жиноятларни бўйнингизга иладилар.

– Қандай қилиб?

– Йўли осон. Яқинда бухоролик йигирма бешта ишизловчи қўлидан Нозима Мунисга бир юз ўн икки ярим минг доллар олиб бердим. Сизнинг бу ишдан хабарингиз йўқ, шу каби иштирокингиз ҳам. Бу одамлар сизни Бухоро тайёрлов марказида кўрганлар. Баъзилари сиз билан суҳбатда ҳам бўлган. Иш тескари кетса, оргин ходимлари уларни қўрқитиб, устингиздан шикоят аризаси ёздириб оладилар. Бундайларнинг сони минглардан ошди. Узоққа бормайлик, Малакхонга оргин ходимлари, Нозима Мунисга берган беш минг долларингни Баҳромдан олиб берамиз, Нозима Мунисга қўшиб уни ҳам ёз, деса, бу киши ўша пулни ортиғи билан олган бўлса ҳам, устингиздан шикоят аризаси ёзиб бермайдими?

Нима учун Марат Малакхондан Нозима Мунисга пул олиб берганини энди тушунган Баҳром, бу ёғи ҳазил-мазах бўляпти, деб ўйлаб:

– Йўғ-е, мумкин эмас. Малакхонни бошқа бировлар билан адаштирманг! – деркан, Малакхон:

– Пул тўлашса, минг марта ёзиб бераман! – деди.

Малакхоннинг муттаҳамлигини кўрган Баҳром:

– Унақада ҳар икки томонга кафолат берган Марат ўларканда! – дея тилини тишлади.

Бу гапни эшитиб, Малакхон икки қўли билан Маратнинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб, унинг икки юзидан чўлпиллатиб, ўпди.

– Ўша кун Маратжон, икковига ҳам ишонмайман, дея мени огоҳлантирганди! – деди у. – Барча айб ўзимда. Бу кишининг маслаҳатига кирмадим. Нозима Мунис билан учраштирган йигирма бешта одамга ҳам, Маратжон нима деган, менга қоронғи, аммо. Унинг сизга сўйлаганидай иш тутганига шубҳам бор. Бу кишининг осонлик билан кундага бош қўйишига ақлим бовар этмайди.

– Умуман олганда, бу гапда жон бор! – деди Марат Малакхоннинг айтганлари исботини келтириб, ўзининг пишиқ-пухталигини намойиш этиш учун. – Улардан бири мени қидириб Тошкентга ўз оёғи билан келди. “Гуруҳда йигирма бешта ишизловчимиз. Ширкатдагилар бизларни учинчи кўчишда жўнатишмоқчи. Нозима Мунис билан алоқангиз яхши экан, у киши билан гаплашиб, бизларни биринчи кўчишга ўтказсангиз, илтимос”, деди. Бориб, Нозима Мунис билан гаплашдим. У, “Саидмат Сотти билан келишиб, жавобини айтаман”, деди. Эртаси кун унинг ўзи мени чақирди. У, “Саидмат Сотти билан бир қарорга келдик. Биринчи кўчишда кетишни хоҳлаётганлар олдиндан икки минг доллардан пул берса, тўғирласа, бўлади”, деди. Мен, “Ундай қилманг, опа, Саидмат Соттида бор нафс сиз билан менда ҳам бор”, дедим. “Нима қилиш керак”, деб сўради. “Бира тўла тўрт мингдан олайлик. Икки минггини Саидмат Соттига берасиз, бир мингини ўзингиз олиб, бир минггини менга берасиз. Ишизловчилар кетаётганларида қолганини берадилар”, дедим. У, “Кун етиб, икки мингини Нозима Мунисга берганмиз”, деб айтадилар, дея чўчиди. Мен, “Айтмайдилар, ишни битириш учун икки мингдан пора сифатида берилади, деб, уларни рози қилганман”, дедим. “Унда кетиш етти мингга тушади”, дея уни ваҳима босди. “Ўзбек модели”ни ишга сололмаганнинг косаси оқармаслигини тушунтиргандим, кўзлари мошдек очилди. Уйга қайтиб, Бухородан келган вакилга, “Йигирма беш одамнинг ҳар биттасидан тўрт ярим мингдан йиғиб, олдиндан тўласаларингиз, иш битаркан”, дедим. “Тўрт мингдан Нозима Мунисга тўланади, одам бошига беш юз доллардан Саидмат Сотти билан Меҳнат вазирлигидаги масъул шахсга пора берамиз. Порани мен, сен ва Саидмат Сотти билади, Нозима Мунис ҳам билмайди. Шу учун порага берилган беш юз доллар умумий ҳисобга кирмайди. Ширкатга бериладиган беш минг доллар устига, учиб кетаётган кунларингиз, яна беш юз доллардан қўшиб тўлайсизлар”, дедим. Бошида айтилган беш минг долларга беш юз доллар қўшилиб, иши битаётганидан ўзида йўқ хурсанд вакил дарҳол Бухорога жўнаб кетди. Эртаси азонда, сўпи кетини ювмасдан, тағин қайтиб келди. У порага мўлжалланган  ўн икки ярим минг долларни менга берди. Ўзини олиб бордим, юз минг долларни Нозима Муниснинг қўлига ўз қўли билан санаб берди. Қайтиб кетиш олдидан, уни, “Ўзинг илтимос қилиб келдинг, одамгарчилик юзасидан сени Нозима Мунис билан учраштирдим. Бирор кор-ҳол рўй бергудек бўлса, ёнимга келиб юрма”, дея огоҳлантирдим. У “Бўлди, ака”, деб, минг раҳмат айтиб қайтиб кетди. У ҳам сизга ўхшаб кўчишга чин юрагидан ишонарди. Мен эса Нозима Мунисдан йигирма беш минг долларни қуртдек санаб қайтариб олдим. Йўқ жойдан уч кунда ўттиз етти ярим минг доллар пул ишлаб, қарзимнинг яримидан қутулдим. Бунга Малакхондан Нозима Мунисга олиб берган беш минг пул хамиртуруш бўлди. Бу ишлар мусулмончиликка тўғри келмаса ҳам, “Ўзбек модели”га бирга-бир тушади. Халқимизни содда, тушунчаси паст, деб аясак, шу содда, тушунчаси паст халқ ўзимизни гўрга тиқади. Президентимиздек ёлғон гапириб, икки юзламачилик билан бирининг дўпписини иккинчисига кийдирсанг, ҳам ҳурматимиз ошади, ҳам одамлар йўриғимизга юрадилар, пичоқ ҳамиша мойда бўлади. Айтганларимга кўнсангиз, роса пул ишлаймиз, армонда қолмайсиз. Буни биз қилмасак, бошқа биров қилади. Пулларни қайлардаги қаланғи-қасанғилар ҳам еб кетадилар. Бир ҳафта тинмасак, беш юз минг доллардан кам ишламаймиз. Дойи, нима дейсиз, гапиринг? Ё ҳа, ё йўқ денг. Мен ҳам туркманчасига дангали урдим, яшириб ўтирмадим!

– Кўчиш кунида Нозима Муниснинг олганларини тан олмасдан иложи йўқ-ку! – деди Баҳром Маратнинг саволидан четлаб. У саросимага тушиб қолганди.

– Бу гапларни қўйинг, гапирманг! – деди Марат. – Минг фоиз ишонтириб айтаман, ҳеч қанақа кўчиш бўлмайди. Норвегия, Жанубий Қурия деган нарсалар барчаси лоф. Бу биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Бўладиганини гаплашайлик, саволимга жавоб беринг? Бўлмаса олти ойдан кейин жиноят кодекснинг 168-моддаси билан етти йилга қамаласиз, сўзимга жавоб бераман!

– Сиз айтгандек бўлса, барибир ҳам қамайдилар! – деди Баҳром ёш боладек жовдираб.

– Пул бўлса, қамалмасликни юзта йўли бор! – деди Марат. – Пул бўлмаса, бошингизга кулфат тушса, айбсиз бўлсангиз ҳам қамаласиз. Икки юз эллик мингдан ишлаб олсак, эллик мингдан юз минг долларни хафвсизлигимизни таъминлаш учун ишлатамиз. Хавф-хатар бизни кўрганда, айланиб ўтади. Сизга жиноий иш қўзғотилса, ишингиз туман ички ишларида кўрилади. Туман суди раисига йигирма минг ташлаб қўйсак, устимиздан пашша учирмайди. Шаҳар миршаблари бошлиғи борми, шаҳар прокурорими, барчаси билан унинг ўзи келишади. Суд раиси ўзимизники, лавозим сотиб олганда, мендан ҳам қарз кўтарган. Бир йил дўст-душман кўзига кўринмасдан, панароқда юрсак, ошиғимиз олчи бўлади.

Баҳром Маратнинг сўзларидан Нозима Муниснинг қизини иффатини булғаган кимсанинг суд раиси бўлганини англади. У дарров Маратга рад жавобини беришни ўйлади-ю, шошқалоқлик қилмасликка қарор берди. Атрофидаги вазиятни билиш у учун муҳим эди. Яна Маратнинг уйидан чиқиб кетмагунча, унга қарши бориб бўлмасди.

– Мен розиман! – деди у истагига тескари. – Бироқ бу учун нимадан иш бошлаш лозимлигини билмайман!

– Маъқул! – деди Марат. – Вазиятни тўғри баҳолаганингиздан мамнунман. Режа хусусида, ҳушёр пайтимизда гаплашамиз. Нозима Муниснинг қўли билан даромад ўзлаштиришга шайланганлар сони, бизни қўшиб ҳисоблаганда, уч гуруҳдан иборат. Бу билганларим, албатта, қанчасини билмаймиз. Бизнинг гуруҳ уч гуруҳ ичида энг кичиги ва кучсизи, ҳозирликча. “Ўзбек модели” дастурамали бўйича зўр иш олиб бораётган гуруҳ Саидмат Соттининг гуруҳи, даҳшатли кучга эга гуруҳ, Амира Кимёнинг гуруҳи ҳисобланади. Орқасида миллий хафвсизлик билан ички ишлар вазирлигидагилар турибди. Нозима Муниснинг атрофидаги Настя, Ноила, Айида, катта қизи, Ирисмат, яқинда таниб қолишингиз мумкин бўлган Мая Михайловна каби ўнлаб кимсалар Амира Кимёга хизмат қиладилар. Асосий масалани эртага тушдан кейин муҳокама этамиз. Фикрингиз унгача ўзгарса, сиздан хафа бўлмайман. Ҳамюрт сифатида илтимосим, икки ўртада бўлиб ўтган суҳбат орамизда қолсин!

Суҳбатга шу янглиғ нуқта қўйилди. Марат иккинчи ароқнинг қопқоғини очди. Шундагина Баҳром бир шиша ароқни ўзи ичганини пайқаб, маст бўлиб қолмаганидан ҳайратга тушди. Пиёлани тўлдириб Марат унга тағин узатди. Унинг қўллари ўз-ўзидан пиёлага чўзилди. Марат Малакхонга ҳам тутқазиб, учинчи пиёлага ўзига қуйди.

– Баҳром ака, туркманчасига бир яхши ният қилинг. Шу учун ичамиз! – деди сўнгра.

– Нима ҳам дейман! – деди қўлига ароқ тўла пиёлани олган Баҳром. – Менингдек бир очиқ сўқирнинг кўзларини очганингиз учун сизга раҳмат. Ким нима ният қилган бўлса, ниятига етсин!

Бир кўтаришда сипқорган Малакхон, пиёлани кўрпача устига ирғитиб, Маратнинг қўлидаги ароқ тўла пиёлани хонтахта четига олиб қўйди. Сўнгра бўйнидан жонининг борича қучоқладида, унинг лабларидан қаттиқ сўриб, қўлларини икки томонга керди.

– Бу ёруғ оламда Маратжоннинг лабларидан зўр газакнинг борлигига ўлсам ишонмайман! – деди кейин. – Салимбойвачча ейдиган қази-қарта унинг ёнида бир чақага арзимайди.

Лабини кафти орқаси билан артган Марат пиёлани олиб, бўғоз сигир каби ароқни сузилиб ича бошлади. Ичгач, бутун бодиринг олиб, карсиллатиб тишлади. Баҳром эса ҳар кўтарганда ёғлиқ таомларга қўл узатганини ўзи сезмай қоларди.

– Маратжон мендан беш ёш кичик бўлса ҳам, уни марҳум отам каби улуғлайман! – деди Маратнинг пинжига тиқилган ширакайф Малакхон қора қошларини чимириб. – Маратжон пахта теримига ёрдамга борганда ўн олти яшар чиройли йигитча эди. Мен институтда, учинчи босқичда ўқирдим. Отам, деканни кўндириб, мени уйга олиб қайтганди. Эркатой бўлганим учун уч ойлаб дала-даштда тентирашимни отам хоҳламасди. Колхозга ёрдамга чиққанларга маъданий-оқартув ишлари бўйича ҳар пахта мавсумида мени масъул этиб тайинлашарди. Отам раис бўлгач, шу йўл билан қўшимча даромад орттирардим. (Пулга муҳтожлик жойим бўлмаса ҳам, пишиқ бўлган эканман!) Кўп вақтим шийпонда ўтарди. Маратжон кўзимга яхши кўриниб қолгани учун бригадирга айтиб, уни “чайханчик” этиб тайинлатдим. Шийпонда, кўзим олдида юрсин, дедимда. Бир кун тушдан кейин унинг катта тол тагига тўкилган оппоқ пахтага бурканиб ухлаётганига кўзим тушди. Секин бориб юзларини силадим, сочларини ҳидладим. Лабидан ўпгандим, уйқуда ётган йигитча шарт қўлимдан ушлаб, бойбилагига босди. Ўлгурнинг бундақанги ёқимли, бунақанги нафис бўлишини хаёлимга келтирмаган эканман. Шунда ичимдан бир қайноқ нарса югуриб, юрагим оғзимга келди. Маратжоннинг қучоғига йиқилдим… Ҳушимга келганимда, оппоқ пахта қизил лолазорга айланибди. Дучлаштирган художонимдан шу кунгача миннатдорман. Маратжондек йигит иффатимни олганидан ўла-ўлгунимча фахрланаман. Тақдир тақозоси билан Туяга турмушга чиққан бўлсам ҳам, Маратжон билан бир-биримизнинг висолимизга етмаган кунни кун деб айтишга тилим бормайди. Маратжон икки хотинга уйланди. Бирига Ғиждувондан данғиллама уй қуриб берди, бирини Вобкентга жойлаштирди. Аммо мен ўзимни маънан унинг биринчи хотини ҳисоблайман. Мен ҳам унинг орқасидан уй-жойли бўлдим, қўлим тўрт сўм пул кўрди, ўғлимни институтга ўқишга киритдим. Унингдек суянчиғи бўлмаганда, оддий бир руҳшунос врачнинг қўлидан нима ҳам келарди? Эримнинг “Ҳайвонот боғи”даги томошага қўйилган туядан фарқи йўқ. Отам ўлиб кетган бўлса…

Малакхоннинг кўзларидан ёш томчилаб, овози хириллай бошлади… Аммо у тўхтамасди. Сўзларини биров эшитган-эшитмаганининг у учун аҳамияти йўқ эди. У хуморини ёзаётганди, кайфи тароқ эди…

Соат тунги икки яримдан ўтганди. Кундузлари машиналар овози бир нафас ўчмайдиган сершовқин кўча бўйидаги бу уйда сокинлик ҳукм сурмоқда эди. Баҳром кўзларини очганда, хонада ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. У ўрнидан туриб уйига кетмоқчи бўлди. Кийиниб, кўчага чиқди. Индамай кетишни ўзига эп билмади, шекилли, орқасига қайтди. У ўша хонанинг эшигини очганда, яна ўша… Малакхон тикка туриб, пешонасини деворга тиркаганди, икки биқинидан ушлаган Марат уни силталаётганди. Малакхон, “вой-войлаб”, деворга кўкраги билан ёпишса, Марат белидан қучоқлаб, ортга тортарди. Шунда, деворга етмай қолган Малакхон, ўзининг кўкракларига чанг солиб, қуёнга ўхшаб чийиллай бошлади…

(давоми бор)