“Муҳаммад Солиҳ: “Мен Ўзбекистонга қайтсам,фақат ҳур инсон сифатида қайтишим мумкин!”

“Муҳаммад Солиҳ: “Мен Ўзбекистонга қайтсам,фақат ҳур инсон сифатида қайтишим мумкин!”
29 views
05 September 2017 - 21:59
(Суратда: 1988 йилнинг 20 декабри. Революция майдони. Советларнинг 70 йиллик ҳукумронлиги даврида Ўзбекистондаги биринчи митинг. Муҳаммад Солиҳ Тошкентнинг революцион  ёшлари олдида нутқ сўзламоқда.)

Аввал хабар берганимиздек, Муҳаммад Солиҳ ва унинг кенжа укаси Мақсуд Бекжоннинг исми халқаро Интерпол ташкилотининг қидирувдаги кишилар рўйхатидан ўчирилгани тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда “Би-Би-Си” журналистларига Муҳаммад Солиҳнинг ўзи хабар берган. Бу ҳақдаги унинг фикрини олиш учун , “Фарғона” ахборот агентлигининг бош муҳаррири Даниил Кислов сиёсатчининг ўзи билан боғланди.

* * *

– Жаноб Солиҳ, нималар бўлаётгани ҳақида батафсил айтиб берсангиз.

– Менинг исмим Интерпол қидирувидан ўчирилгани ҳақида ҳали ҳеч қандай расмий йўқ. Аммо менга айтишларича, менинг исмим бўлган саҳифада ҳозир ҳеч нарса йўқ. Биз текшириб кўрдик, атайлаб қидирдик ва ҳеч ким тополмади исмимизни. Франциядаги адвокатларимиздан илтимос қилдик ва улар расмий сўровнома билан Интерполга мурожаат қилишди ва биз ҳозир жавоб келишини кутаяпмиз. Бундан ташқари, шу кунгача ҳамма жойда мен ва укам Мақсуд Бекжоннинг осилиб турган суратларимиз бугун кўринмаётгани ҳақда Ўзбекистондан хабар олдик. Лекин ўзбек ҳукумати ва Интерпол ташкилоти тарафидан бизга ҳали ҳеч қандай расмий билдириш келгани йўқ.

– Сиз ўзингизни Интерпол рўйхатидан охирги марта қачон текшириб кўрган эдингиз?

– Ўн беш-йигирма кунлар аввал кўрган эдик.

– Сизни қачон Интерпол қидирувига беришган? 90-йиллардами?

– Ҳа, 1999 йилги Тошкент портлашларидан сўнг, ўн саккиз ярим йил аввал…

– Ўзингиз бунга қандай баҳо берасиз – сиёсий мухолифатчиларга, рақибларга нисбатан ўзбек ҳукумати сиёсатидаги ўзгаришми ёки бошқа бир нарсами?

– Қанийди буни билсам! Менинг адвокатларим исмимни Интерпол рўйхатидан ўчирилиши ҳақида сўровнома билан мурожаат қилишганди. У ерга Прага судининг 2001 йилги қарорини илова қилиб, мурожаат этилди. Ўшанда мени ўзбек ҳукуматининг талаби билан Прагада маҳкамага тортишган эди. Адвокатлар менинг озод қилинишимга сабаб бўлган суднинг мени оқлаган қарорини Интерполга тақдим қилишди. У ерга шунингдек, менинг адвокатим Салима Қодированинг сўровномаси биноан 2006 йилда чиқарилган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг қарорини ҳам юборишди Интерполга. БМТнинг инсон ҳқуқлари бўйича қўмитаси мени тўлиқ оқлаган эди. Шу икки ҳужжатни адвокатлар орқали Интерполга бир ой аввал топширганмиз. Менинг номимнинг рўйхатдан ўчирилиши сабаби бизнинг шу сўровномамиз бўлиши ҳам мумкин. Балки, ўзбек ҳукумати бу йил ҳақиқатдан ҳам рўйхатларга ўзгартириш киритишган бўлиши ҳам мумкин. Уларда сиёсий маҳбусларга нисбатан юмшаш кузатилаяпти, мана менинг укам Муҳаммад Бекжон озодликка чиқди. Укам Мақсудга эса Хоразм вилояти милициясидан қўнғироқ қилиб, Ватанига қайтиши мумкинлиги, ундан барча айблар олиб ташланганлиги ҳақида айтишди.Аммо мен ҳақимда расман ҳали бундай баёнот бўлгани йўқ.

– Ва сизга ўзбек расмийларидан ҳеч ким ҳали қайтиш таклифи билан мурожаат қилмади?

– Йўқ, бундай таклиф бўлгани йўқ. Бироқ шуни айтишим мумкин-ки, уч ҳафталар аввал мени реабилитация қилишларини, барча конституцион ҳуқуқларимнинг қайтарилишини ва Тошкентдаги портлашларни ташкиллаштиришда айбланиб 1999 йилда менга нисбатан чиқарилган суд қарорини бекор қилинишини талаб қилиб талабнома юборгандим. Бу президентнинг виртуал қабулхонасига интернет орқали қилган расмий мурожаатим эди. Мен буни жамоатчиликка эълон қилганим йўқ ва бу мурожаат ҳақда илк бор сизга айтаяпман. Шу хатнинг жавобини кутаяпман. Виртуал қабулхона сайтида “сизнинг мактубингиз кўриб чиқиш босқичида”, деб ёзилган. Яъни, улар мени реабилитация қилишларини кутаяпман ва шунга умид қилаяпман. Барча ҳуқуқларимни ва ноқонуний олиб қўйилган мол-мулким – уйим, квартирамни қайтаришларини кутаяпман.

Мен буларни талаб қилаяпман. Хатимда бунинг бир илтимос эмас, балки ҳақ-ҳуқуқларимнинг тиклаш талаби эканлигини ёздим. Мен амнистия истамаяпман, чунки менинг ҳеч қандай айбим йўқ. Мен реабилитация қилинишимни талаб қилаяпман. Шундай мактуб жўнатдим ва расмий жавобни кутаяпман. Жавоб келгани заҳоти муҳим бир баёнот бераман. Шундан кейингина хулоса қилиш мумкин бўлади, жорий ҳукумат ҳақиқатдан ҳам ислоҳот йўлидан кетаяптими ёки бу кенг миқёсдаги бир популизмми.

Яъни менинг мактубим – бу қандай бир ҳукумат эканлигини тест қиувчи бир лакмус қоғозидир. Қолган барча ҳаракатлар – менинг укам ва бошқаларни озод қилиниши ва хакозо, булар вақтинчалик либерал ўйинлар бўлиши мумкин. Аммо мен яхшилик умид қилаяпман. Бу ҳаракатлар ҳақиқатдан ҳам сиёсий ислоҳотларнинг бошланиши бўлиши ҳам мумкин. Хуллас, менинг шахсимга, ҳаракатимизга, мухолифатга бўлган муносабат мохиятини менинг мактубимга берилган жавоб белгилайди. Мен ҳеч қандай баёнот бермасдан, барча Ўзбекистон гражданлари каби, миллионлаб инсонлардан бири ўларок бу хатни юбордим. Хатни юборишда ҳеч қандай махсус каналларни қўлланмадим. Ҳамма қатори, виртуал қабулхонага мактуб жўнатдим ва ҳамма қатори жавоб кутаяпман. Умид қиламан-ки жавоб ижобий бўлади, салбий бўлиши учун уларда ҳеч қандай асос йўқ. Агар Мирзиёевнинг Каримов ҳукуматини ислоҳ қилиш нияти жиддий бўлса, жавоб ижобий бўлиши лозим.

– Ўзингиз нима деб ҳисоблайсиз, сизга нисбатан сиртдан қўйилган айблар бу шахсан Каримовнинг қарори эдими? Ёки, масалан, бу Иноятовнинг шахсий қарори эдими?

– Бу шахсан Каримовнинг қарори эди, табиий, Иноятовнинг ташаббуси ва қўллаб-қувватлови билан олинган қарор. Иноятов бу ишни ўзининг қатағон усулларини оқлаш учун ташкил қилди. У Каримовни доимий қўрқувда тутиш учун жуда кўп “меҳнат” қилди. Иноятов Каримовга мухолифатни аслидан кўра тажовузкорроқ, хавфли ва радикалроқ кўрсата олди. Мухолифат… Ахир, биз режимга қарши қўлимизда қурол билан жанг қилганимиз йўқ-ку!

Мана, партизанлар, мужохидлар қурол билан курашди. Бизда ҳеч қачон қурол бўлмаган, ҳеч қачон! Шунга қарамай, Иноятов Каримовни қўрқитиб келди (мен бу ҳақда ўз манбаларим орқали аниқ биламан), “ана, Қирғизистон орқали Солиҳ кириб келишга тайёрланаяпти”, деб. Тоҳир Йўлдошевдан қўрқишмаган, улар Солиҳдан қўрқишган. “Мана Солиҳ Тожикистон орқали, Қирғизистон орқали ҳужумга ҳозирланаяпти…Ана. жангарилар Афғонистонда, Қозоғистонда!..”. Иноятов буларнинг ҳаммасини тўқиб чиқарди ва бу баҳона билан ўн, юз миллионлаб доллар олган. Каримов албатта бир маняк ҳар қандай диктатор каби, у пулни аямади, гўё “мамлакат тинчлиги учун катта маблағ ажратди”. У ухламаган, ухласа тушига жонажон Ўзбекистонга Солиҳ бостириб келаётгани кириб чиққан. Бу паранояда ўзига империя қурган Иноятовнинг роли катта бўлди. У бугун Ўзбекистон миллиардерларидан бири ва бу пулларини Солиҳнинг исми ортидан ишлаб топган. Буни мен камтарлик қилмасдан таъкидлашим мумкин.

У Солиҳ номи билан қўрқитиб келган: “Мана Солиҳ Истанбулда ким биландур ўтирибди ва чой ичаяпти” ва ҳакозо. Лекин мен ўйлайман-ки, Мирзиёев ақлли киши, у буларнинг ҳаммасини кўрди. Ахир у ерда 12-13 йил бош вазир бўлиб ишлаган. Ва у кўрган буларнинг ҳаммаси ёлғон эканлигини, менга сохта айблар қўйишганини у билади. Агар унинг Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги интилишлари самимий бўлса, албатта у буларни халққа ошкор қилиши ва бунинг хато бўлганлигини айтиши ва бизнинг топталган конституциявий ҳуқуқларимизни тиклаб, Ватанга қайтишимиз учун йўлларни очиши керак.

– Бундай кейинги қадам қандай бўлади? Агарда у мухолифат учун Ватанга йўл очса, у ҳолда сиз ундан сиёсий курашларга рухсат беришини, мухолиф партияларни қонунуйлаштиришини талаб қиласизми?

– Биласизми, мен ҳеч кимдан ёрдам истамаяпман. Улардан қандайдир мавҳум ҳуқуқларни сўраётганим йўқ. Мен улардан Конституцияда ёзиб қўйилган, ўзбек халқи қабул қилган ҳуқуқларимни талаб қилаяпман. Мен Аллоҳ тарафидан берилган инсоний ва Конституцияни қабул қилган халқ тарафидан берилган шахсий ҳуқуқларимни талаб этяпман. Бошқа ҳеч нарса сўрамайман! Албатта, ватанда мен истаган нарсам билан шуғулланаман. Аммо агар Ўзбекистонга қайтсам, фақат мутлақ эркин инсон сифатида қайтишим мумкин. Эркимга раҳна соладиган заррача тўсиқ бўлса, мен у ерга бормайман. Каримовга қарши 30 йил курашганим каби яна курашда давом этаман. Ва бу масалада ҳеч қандай чекиниш бўлмайди.

Улар қуролли жанглар бошланади деб қўрқишадими? Йўқ. Агарда мен қуролли қўзғолон, қуролли кураш тарафдори бўлганимда аллақачон у тарафга ўтган бўлар эдим. Менда бунинг учун доим имкониятлар бўлган. Аммо мен буни қилганим йўқ, чунки бу менинг кураш йўлим эмас. Яъни Ўзбекистонга қайтсам, фақат ҳур инсон сифатида қайтишим мумкин. Мен ҳамиша озод бир шахс эдим, ҳатто Совет даврида ҳам: ҳар доим истаган нарсамни ёзганман, истамаган нарсамни эса ҳеч қачон ёзмаганман.

Қайтсам, шу шаклимда қайтаман. Ёки ҳеч қачон қайтмайман. Қул сифатида, ярим қул сифатида ва ярим эркин одам сифатида ҳам Ўзбекистонга қайтмайман. Ўзбекистонга озод, тўла озод инсон сифатида қайтишни орзу этмакдаман.

– Сизга катта раҳмат.

Русчадан ЎХҲ таҳририяти таржимаси