Еганларинг бурнингдан чиқади энди…

Еганларинг бурнингдан чиқади энди…
35 views
07 September 2017 - 8:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

23-қисм

Ўн биринчи боб

Ҳафсаласи пир бўлгач, у барчасига қўл силтади. Кўчага чиқиб, ўпкасини тўлдириб тоза ҳаводан нафас олди. Танасига майин шабада урди. Тортган тутунлари, ичган ароқлари, еган овқатлари лойқа каби кўнглини айнитди. У булғангандек ҳис этиб, ўзидан жирканди. Ўзидан қочмоқчи бўлди, қочолмади. Тўрт томонига синчиков назар солиб, кўзи билан излаб машинасини топди. Қайрилиб, сўнг катта кўчага қараб кетди. Машинани бошқара олмаслигини билиб, ташлаб кетишга қарор берганди. Муюлишда мижоз пойлаб турган киракашларни кўрди. Уларнинг сўровларига индамай, йўл четига ўтиб, “Ҳайвонот боғи” тарафга юрди. Маратдан эшитганларини элас-элас эслаб, у “Наҳотки, буларнинг бари ҳақиқат бўлса”, дея ўзидан-ўзи овоз чиқариб сўрарди…

Сўнгра катта кўча бўйлаб келиб, чапга қайрилди. Йўлнинг чап ёғи маҳалла эди. Ўнг тараф Кабел заводи деворига боргунча ўзлаштирилган томорқалар эди. Бу ерларда сотиш учун турфа гуллар етиштириларди. Қоронғида гуллар кўзга яққол кўринмаса-да, ифори димоғига урилиб, дилни яйратди. Руҳиятида енгиллик пайдо бўлди. Баҳри дили очилиб, гулларнинг ёнидан ўтгунча секин юрди. У бу жойлардан пиёдалаб кўп ўтар, барча нарсалар унга таниш эди. Яқин қолганда, Кабел заводини кесиб ўтган доркўприкдан қандай ўтишни ўйлади. У оёғини зўрға судраб босар, олдинга босса, оёқлари орқага тортарди. Доркўприк ердан саккиз-тўққиз қулоч баландда эди. Ўн беш қадамлар қолганда, у ариқ бўйида шохага ўралашиб қолган бир итни кўриб қолди. Ориқлигидан териси суягига ёпишганди. Ит тўмтоқ думини чотининг орасига қисиб, ўзини орқага ташлади. Бўйнидаги чувринди ип уни қўйиб юбормади. Баҳром унга ачиниб, ёрдам беришни ўйлади. Аммо у итдан ўлгудек қўрқарди. Эслагач, йўлида давом этди. Бироқ шу тобда унга қўрқув ҳисси бегона эди. У таажжубланди. Кўкрагини пайпаслаб кўрди, юраги бир маромда урарди. У орқасига қайтиб, итнинг ёнига келди.

– Ёт, жонивор! – деди.

Ит кўкрагини ерга босиб, думини қисди. Ғиншиди. У таслим бўлганини билдираётганди. Баҳром унинг бўйнидан ушлаб, ипини ечишга киришди. Хатардан холи бўлганини ҳис этган ит чингсаб юборди. Унинг асаби бўшашиб, бадани қалтираб кетди.

– Қўрқма, жонивор! – деди у. – Сени озод этаман.

 У ит бўйнидаги ипни минг уриниб, ечолмади, узолмади. Шарти кетиб парти қолгандек кўринса-да, у чандир бир бало эди. Бир амаллаб шохалардан ёздириб, уни итни бўйнига ўради.

Доркўприкдан бир неча зина юриб, юқорига кўтарилди. Зиналардан чиққач, нафаси сиқилиб, юраги бўғзига тиқилди. Шу чоққача у бундай ҳолатга тушмаганди. Беҳол панжарага суянди. Тун сокин эди. Ит сув ичарди, товуши эшитилиб турарди. Унинг кўнгли беҳузур бўла бошлади. Кўзларини юмиб, чуқур-чуқур нафас олди. Ичак-човоғи бўғзига келиб тиқилиб, ўзи билмаган ҳолда тез-тез юриб кетди.

– Махмат Пирриқга ўхшаб, чўчқадай бўкмай, ўл, Баҳром! – деди ўзига ўзи. – Еб-ичганга шох чиқса, унга чиқарди. Махмат Пирриқнинг бир сонича жуссанг йўқ, бунча овқатни қаерингга единг, хумкалла, эшак?! Ичингни нажосатга тўлдирдинг, иймонингни сўлдирдинг, шайтонларни кулдирдинг, ўзлигингни ўлдирдинг. Ўлат еган итга ўхшаб, еганларинг бурнингдан чиқади энди. Махмат Пирриқ иккита тўйқозонни ошини еб, бир бўчка ароқ ичса, қусмайди. У шунинг учун яратилган. Сени бало урдими? Пасткаш…

Дор кўприкни кечиб ўтиш учун уч юз қадамдан кўп юриларди. Яримига етганда у ўзининг сўкинчларидан безор бўлди. Тақа-тақ тўхтаб, икки кафтини юзига босди. Сўнгра турган жойида, тагига сув кетган симёғочдек, тебрана бошлади. Шунда қулоқларига оёқ шарпаси чалинди. Кафтларини юзидан олиб, орқасига ўгирилди. У кўзларини милтиратиб ўзига қараб турган итни кўрди.

– Ивройим Поззиққа ўхшаб безбет бўлмай, ҳар бало бўл! – деди унга. – Бор кет, сенга ортиқ ёрдам беролмайман. Ўзим ўлолмай ётипман!

У доркўприкни кечиб ўтаётганда, темирйўл изларига депсиниб кетиб, йиқилишига бир баҳя қолди, лекин йиқилмади.

Тенг иккига бўлиб қоқ ўртасида азим чинорлар бўй чўзган катта кўчада ҳеч ким йўқ эди. Борлиқда жимжитлик ҳукмрон эди. У ортига қайтиб, бир неча марта итни ҳайдади. Уни қувласа, қочарди, тўхтаса, тўхтарди, ортига қайтса, орқасидан эргашарди. Фойдаси йўқлигини тушунгач, тўхтамасдан йўл босди. Еган овқатлари заҳарга айланган, у лоҳас эди. Азобга ортиқ тоқат қилолмаётганди. Назарида, вужуди портлаб кетгудек эди. Боши кесилган буқадек бўкириб, йўлнинг ўртасига қусиб юборди…Қаттиқ кучанганди, боши қақшаб оғриди, ичаги узилгудек бўлиб кўзлари соққасидан отилиб чиқишига сал қолди. Халқумига келиб қайтган меъдаси йиртилай дерди. У туриб, нарироққа бориб ўтирди. Кўйлагини ечиб, оғзи-бурнини артди. Кафти билан кўзёшларини сидирди. Оёқларида мадори қолмаганди. Тағин Махмат Пирриқни эслади. Бошини кўтариб, қусуқни ялаётган итни кўрди.

– Ҳароми! – деди зўрға. – Ивройим Поззиқ сендан кўп тузук. Қувон сусоқнинг ўзисан, йўқол!

Ит пинагини ҳам бузмади. У ўз иши билан овора эди. Баҳром юзига қўлидаги кўйлагини босди. Орадан ўн дақиқа ўтиб у анча ўзига келди. Юзидан кўйлагини олганда, рўпарасида ётган итни кўрди.

– Тур, йўқол! – деди яна.

Ит чўчимади, эмаклаб келиб, оёғини ялади. Баҳром сапчиб турди, оёқлари ўзидан-ўзи юриб кетди. Унинг қулоқлари жаранглар, боши ёрилиб кетгудек эди. Чиркинликлардан халос бўлгач, шуури ғимирлаётгандек бўлди. Ит энди дўқ-пўписани назар писанд этмасди. Ундан бир қадам ҳам нари кетишни истамасди. Қанча ҳайдаса, шунча кўп суйкаланарди. Яна унинг кўнгли айниди. Бўкириб, қусмоқчи бўлди. Ит унинг оғзини пойларди. Бир ерга боқса, бир унга боқарди. Чиранавериб қони бошига чиқди. Юзи шолғомдек қизарди. Кўзларига қон тўлди. Кўйлагини яна юзига босиб ўтириб олди. Бир замон ўтиб, у кўзларини очди. Ит унга суяниб олганди. У бошида кўзига ушоқ кўринганди, залвори аксини айтарди. У чексиз қувватга эга эди. Баҳром ундан ҳайиқа бошлади. Туриб, индамасдан йўлида давом этди. Ит сархуш бўлганди. Баҳромнинг ичидан қочиб чиққан шайтон унинг ичига кирганди. У Баҳромнинг атрофида югуриб ўйнар, вовуллаб довруқ соларди. У шод эди, хуррам эди. Тегирмондек калласига боқиб, Баҳром титраб кетаётганди. Қўрқмасдан, чўлашини қандай ёздирганига ҳайрон эди. Саросимага тушганини билдирмасликка тиришарди. Ит пайқаса, вазиятни измига бўйсундиришга уринарди. Талтайиб, у билан ит каби ўйнашишдан тоймасди. У болалигидан ит боққанди. Уларнинг феълини яхши биларди. Итдан қўрқиш унда туғма одат эди. Сархуш ит қутурган итдан хафли эди.

Баҳром Мирзо Улуғбек ҳайкали пойидаги мармар супага ўтирди. Ўқчийвериб ҳолдан тойганди. Шунда қаердандир кўча миршаблари пайдо бўлиб қолди. Тўрт миршаб машинадан тушиб, унга томон кела бошлади. Бири бўйдор, бири пакана эди. Бири қориндор, бири ориқ эди. У кўйлагини елкасига ташлаб ўтирарди. Тумшуғини унинг оёғига босиб ётган ит ирриллаб ўрнидан турди. Думини тиклаганда, жунлари сих-сих бўлди. Олдинда пилдираб келаётган пакана буни кўриб, Баҳромга ўшқирди.

– Итингни ушла! Бўлмаса отиб ташлайман! – деди чийиллиб.

– Итим сизларга нима қилди? – сўради Баҳром.

– Бир нима қилиб кўрсинчи, тезроқ ушла!

У итнинг бўйнидан қучоқлаб, ўзига тортди.

– Нима керак сизларга ўзи?

– Ҳужжатларингни кўрсат! – деди қориндор.

Улар Баҳромни дайди хаёл этгандилар.

– Нима, кўчага сайр этиб чиқсам, ўзим билан ҳужжат олиб юришим керакми? – деди у бамайлихотир. – Ярим чақирим нарида яшайман, сизларни ҳужжатларим қизиқтираётган бўлса, мен билан уйга юринглар, уларни кўрасизлар.

– Сен бизларга ақл ўргатмоқчимисан? – дея қориндор қўшилди. – Чиқ машинага! У ёқда сенга ақл ўргатиш қанақалигини кўрсатамиз. Буюк бобомиз ҳайкали атрофига итни сийдириб, чичтирганинг учун қонун олдида жавоб берасан, исқирт!

– Ит ҳеч қаёққа сийиб, чичгани йўқ! – деди Баҳром. – Мен исқирт ҳам эмасман. Мамлакатнинг тенг ҳуқуқли фуқороси сифатида ҳуқуқларимни рўкач қилишга мажбурман. Бунинг учун ақл керак. Ақлимни ишлатмасам, мени ким ҳимоя этади?

– Итинг сийиб, чичти. Давлатнинг тўртта одами ёлғон гапирадими? – дея бўйдор тутоқди. – Чиқ машинага! Бўйин товласанг, итингни отиб, бурнингни ерга ишқаймиз. Туғилган кунингга пушаймон бўласан, оқибати ёмон бўлади, бола!

Бўйдор ишонч билан гапиргач, Баҳром ён-атрофига тикилди. Кўзлари ножоиз нарсани илғамади.

– Туш кўрмаяпсизларми ўзи? – деди у ҳайрон бўлиб.

– Президент ҳар куни икки марта ўтадиган йўлни назорат этадиган миршабларни ҳушёрлигидан гумонинг борми? – саволга савол билан жавоб қайтарди бўйдор. – Аммо, итингни бизларга берсанг, бемалол кетишинг мумкин.

– Бўпти, ушлаб олиб кетаверинглар! – деди у итдан қутулаётганига суюниб. – Ит сизларга зиён-заҳмат етказса, мен жавоб бермайман аммо.

– Териси суягига ёпишган модарзотни бошингга урасанми? – деди пакана.

– Унинг панжасига боқ! – деди ориқ. – Товоқдек келади. Боши нақ тегирмон. Бир ой яхшилаб, боқсанг манаман деган итни дабдала қилади. Кўзлари бўрининг кўзи сингари ёнади, қара!

Ориқнинг сўзлари паканани қизиқтириб қўйди.

– Ока, сўраганнинг айби йўқ, қаерда ишлайсиз? – деди у.

– Журналистман! – дея, жавоб берди Баҳром уларни чалғитиш учун ёлғон гапириб.

– Қанақа журналистсиз?

– Қўшиқ ёзадиган оддий журналистман. Газета-журналларда мустақилликни мадҳ этиб қалам тебратаман.

Буни эшитиб, миршаблар юмшаб, совуқ башараларига илиқлик инди.

– Қўшиқчи журналистга ўхшамайманми? – деди уларнинг тиниб қолганини кўрган Баҳром.

– Нимага? Айнан ўхшайсиз, ока! – деди пакана энди “сиз”лаб. – Журналист шоирларнинг ичиб ёзишини биламиз. Ғофур Ғулом эрталаб туриб, ароққа нон бўктириб емаса, қўлига қалам олмаган. Абдалла Ғарипов ҳар тонгда бир шиша ароқни бир кўтаришда ичиб, челакка қусмаса, қусганини қайтариб ичмаса, тили калимага келмасмиш. Барча қўшиқларини мастлигида ёзган Муҳаммад Юсуфнинг ароқни ташлаб, жони узилди. Ароқни касофат, дейдилар, яхши томонлари ҳам бор. Раҳматлик, ташламаса, ўлмасди.

Пакананинг сўзини эшитгач, қориндорнинг билағон халтаси очилди.

– Президентлик маҳкамаси қўриқлаш хизматида ишлаганимда, ўз кўзим билан кўрганман, – деди у. – Миллий хавфсизлик йигитлари Абдалла Ғариповни Президент билан учраштиришдан олдин бир ҳафта қамаб қўярдилар. У ертўлада ёлғиз ўзи ётарди. Нима учун, биласизларми? У ичавериб, сасиб кетарди. Башарасига қараб бўлмасди. Қамамаса, ичиб қўярди. Бир ҳафта ўтгач, ғижим башарасини гримлаб, президент ҳузурига олиб чиқардилар. Шундай қилмаса, на башарасига қараб бўларди, на сассиғида туриб бўларди. Бир гал, уни зерикмасин, дея афғонистонлик бир жосус билан бир камерага ташлашипди. Бўғилган жосус икки соат ўтиб, димиқиб ўлипди. Олтмиш йиллик юбилейида ҳам уни ертўлада ушладилар. Тўрт хавфсизлик ходими бир ҳафта бошида турди. Хуморига чидолмаган пайтларда палакатнинг қўл-оёқларини чайнайдиган хунук одати бор экан. Анжуманга бир кун қолганда ҳушидан кетиб қолипти. Хабар бердилар, “Майли, озроқ ичсин”, дея, “ота” фармони олий чиқарди. Олтмиш ёшга тўлиши муносабати билан президент уни қучоқлаб, кўтарганда нима бўлганини айтайинми? Кайфи ошиб қолган Абдалла Ғарипов “Ота-а”, дея бўкириб, шимига сийиб юборди. “Ота”нинг белидан пастини ҳам шилта ҳўл қилди. Касофатнинг юзидан эртаси кун миллий хавфсизликнинг тўрт ходими устидан жиноий иш қўзғотилиб, барчаси қамалди.

– Барига ишонаман! – деди ориқ миршаб. – Хотинимни акаси ҳам, “Ҳақ сўзи”да журналист қўшиқчи. Бадиий шеърлар ёзади. Тошкентга янги келганда Дўрмондаги “Ёзувчилар боғи”да қоровул бўлиб ишлади. Бир кун тунда Абдалла Ғарипов далаҳовлисига Шатира деган котибасини судраб борипди. Уйининг эшиклари очиқмиш, ичкаридан ҳар хил товушлар чиқаётганмиш. У хотинимнинг акасига, “Миршабларни чақиринг”, депти. Унинг номини эшитган миршаблар беш дақиқада етиб келиптилар. Ичкарига кирсалар, бир ёш йигитни Абдалла Ғариповнинг қизи ясаб ётганмиш. Йигит қизининг тагидан чиқиптию, девор ошиб жуфтакни ростлабди. Миршаблар шудгорнинг ўртасига етганда, уни ушлаб, қайтариб олиб келиптилар. Шимини кийгизиб, елкасига тўн ташлапдилар. Абдалла Ғарипов қизидан, “Кутилмаган меҳмон, ким бўлди”, дея сўрапди. Қизи, “Котибангизга ўхшаган бир шатра”, депти. Қизининг пичингидан жаҳли чиққач, у миршабларга, “Кутилмаган меҳмонни қаманглар”, дея ўшқирипти. “Кетингни қис, ҳезалак, меҳмонни отайи худо, деганлар”, депти қизи. Абдалла Ғарипов индамай, котибаси билан қайтиб кетипди. Қизи кутилмаган меҳмон билан далаҳовлида қолипти. Хотинимнинг акасини эртаси Абдалла Ғарипов ишдан ҳайдаб юборди. Икки боласи, хотини – тўрт жон кўчада қолди. Унинг айби нима, ҳалигача тушунмайман?!

– Бўлди, ғийбатни йиғиштиринглар! – деди бўйдор. – Ока, ижодингиздан бир-икки саҳифа ўқисангиз, биз ҳам баҳраманд бўлардик!

Итни тезроқ олиб кетиш учун у хушомад этаётганди. Сезгач, Баҳромнинг қитмирлиги тутди. Миршаблар таслим бўлгандилар. Уларни энди хоҳлаган кўйга солса бўларди.

– Ижодим ҳақида нима дейишим мумкин! – деди у. – “Сени ҳеч кимга бермаймиз”, деган шеъримни Ҳулкар Осмонова айтган. У ҳали Бўтагул билан эр талашиб, Туркияга қочмаганди. Иккаласининг орасидан қил ўтмасди. “Фати-има, Фати-има, падиша Сулайман, где. Сумбул ага, хурраме”, деган арабча-арманча ишимни буюк қўшиқчи, шоир, жамоат ва давлат арбоби Брахим Бўлаев маромига етказиб куйлади. Яна қаерда денг? Ёпилиб кетган ўттизинчи каналда, рэп услубида. “Жаннат ернинг остида бўлса, устидасан, Устида бўлса,  ернинг остидасан, ўзбегим. Ватан хоинларига ўлим. Ур-ра…” номли машҳур ариямни Тулсанам Зоҳакова ижро этди. Бироз олдин унга шоир ва сенатир укам Истиқбол Крузо, бахмал лозим, фаранги рўмол ўратиб, Олашер Лазизхўжага дам солдириб қайтганди. Олашер Лазизхўжа тавсияси билан Зулумхон уни президентга тақдим этди. Шу-шу, президент лабини яласа, димоғидан Олашер Лазизхўжани иси анқиб, хотини билан қовушолмасмиш. Хотини ўшандан буён орқасини тўнкариб, тескари ётармиш. “Ватан нима деганларга, қотган нонни еганларга бир кафт тупроқ, бер. Чумолининг оёғини оғритма, Думининг учини босма, У дунёда жавоби бор, Бу дунё”, номли терорризмга қарши жанговар шеъримга ўзим бастакорлик қилдим, Ойқул Бурроқулов куйлади. Уч юз тилда куйлайдиган Бўвамурот Дамдамов билан ҳамкорлигимиз давом этяпти. У бошқа тилларда ровон куйласа ҳам, ўзбекчада тушунарсиз гапиради. Яқинда у учун боғча болаларига мўлжалланган қирқ тўртта қўшиқ битдим. Барчаси “Ким экан, у ким экан”, дея бошланади. Ғилминдижон Якубовский, “Сен Дилдорам, мен Гулям” номли ариямни икки жинсли овозда бир ўзи куйлади. Сўнгра, хотин-қизлардан маза ололмай, Хашум ғижакка камон тортдирадиган бўлиб қолди. “Илдизсиз япроқлар” деган танқидий рисолам бутун дунёда қўлма-қўл бўлди. Қадрли акамиз ва устозимиз Ризў Панжа билан ўзбек адабий тилида битилган Махтумқули шеъриятини мустақиллик шевасига ўгирдик. Аслида, маънолар кўп англашилган бўлса, бизникида йўқолди. Бўлмаса, замонамиз қаҳрамонлари Махтумқулини тушунолмасдилар. Таржиманинг эътиборли жиҳати ўзига хослигида. Бутун куч Чорсу, Олой, Отчопар ва Ўрикзор бозорларидаги лаҳжаларга қаратилди. Истеъмолдаги, “енги”, “эйттим”, “енгилик”, “пийла”, “анжанчасига”, “ошна”, “кийдириб кетти” “вотти”, “отти” каби мустақиллик туфайли ёруғлик кўрган иборалар биринчи планга чиқди. “Шўроли Жарангов “Онагинамни” канкретни итариб қўйганде, жаллаб” каби юзлаган чапани, кўча сўзлари абадийлаштирилди. Ўйлатадиган, фикрлашга ундайдиган ибораларни таржимамиздан топа олмайсиз. Ризў Панжанинг истаги шу йўл билан президент назарига тушиш эди. Охир оқибат унинг муборак қўлини ўпишга мушарраф бўлди. “Туркистон келажаги буюк давлат. Ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам ҳам бўлмаймиз, тошингни тер. Ҳар биттангиз менинг боламсиз, Менинг отам аниқ эмас, Сизларни бағримга босгим келади. Бахтли бўлсангизлар, ташқарига олиб чиқиб қўйган миллиардларим менга керак эмас. Менга шу ўзи етади. Ўша ҳаром пулларни чет элликлар есин. Амир Олимхондан кам жойим йўқ. Ўзбек халқидек ғурурли халқ жаҳонда йўқ, жонда йўқ. Сен ёлғиз эмассан, йиғлама, қўзим. Бахтли ўзбек боласи, жонингга тўзим”, деган рэб, журналистик-ахлоқий шеърий қўшиғимни ҳам Айритом Салтон билан биргаликда ёздик. Етмай қолган жойларини Сирў Сайитдан кўчирдик.

– Домулла! – деди тоқати тоқ бўлган пакана. – Бу сўзлар доно ва халқпарвар, муҳтарам ва мўътабар президентимизнинг айтган сўзлари эмасми ҳали?!

– У кишига журналист мақолачилар билан шоир қўшиқчилар ёзиб бермасалар, ўзи қаердан олади! – деди қориндор. – Ҳеч бир президент ҳам ўзи китоб ёзмайди. Бу кишига ўхшаган олимлар ёзиб берадилар. Улар чиқаритиришни қойиллатадилар.

– Ҳақ гапни гапирдингиз, яшанг, командир! – деди Баҳром унга кўрсаткич бармоғини бигиз қилиб. – Барчамиз президентнинг бир оғиз сўзига маҳталмиз. Салласини олиб кел, деса, калласини олиб келамиз. Саллани олиб келгач, “Калла қани”, дея қистовга олишини биламиз. Тушунмаганлар айбни бизга тўнкамоқчи бўладилар. Коса тагида ним коса борлигини кўрмайдилар. Шу учун англамаслар президентга содиқ хизматкор бўлолмайдилар, рўзғор тебратиб, эплаб бола-чақа боқа олмайдилар. Чунки уларнинг қўлидан йўқни бор этиш, борни йўқ этиш келмайди.

–  Илмингизга балли! – деб юборди бўйдор. – Ҳаётни жуда теран англаркансиз. Умрингиздан баракат топинг, домуллажон. Гапи йўқ аммо.

(давоми бор)