Русларнинг қўлидан ўзбекни озод этиб, ўзига қул этди

Русларнинг қўлидан ўзбекни озод этиб, ўзига қул этди
84 views
08 September 2017 - 9:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

24-қисм

–  Дўстим, англамаганимда, мадҳияни ёзардимми? – деди Баҳром. –  Дунёда ҳали қирқ саккиз овозли, тўрт юз қирқ тўрт созли мадҳия йўқ. Бундан кейин ҳам бўлмайди. Мадҳиямизни бир юз қирқ тўққиз миллард еврога амриқоликлар сотиб олмоқчи бўлдилар. Президентимиз, ўзбекларга хос бўлган еттитами, саккизта нарса сотилмайди, дедилар. Мадҳия, ҳумо қуши, ярим ой, ўн икки юлдуз, тупроқ, ҳаво, хоинлик, президентлик курсиси, ялтоқлик – бизнинг азалий қадриятимиз эканлигини уларга тушунтириб қўйдилар. Шунда улар, “Ёқилғи ресурусларидан овруполикларга жичча беринглар. Гуручнинг ёнида курмак сув ичади, ноинсофлар”, дея жаврашга ўтдилар. Президентимиз девор бўлмаса, кўчани кўради. Амриқоликларнинг картани очиб ўйнашдан бошқа чораси қолмади.

– Домулла, мадҳияни Абдалла Ғарипов ёзмаганми? – дея сўради оғзи ланг очилган ориқ.

– У муҳаррирлик этган. Биларкансиз, қойил! – деди Баҳром. – Мусиқасини мен билан Маҳтал Бўрихон басталагани аниқ аммо.

– Шокир Бўрихоннинг укаси Маҳтал Бўрихон-да!

Пакана чийиллади.

– Тўғри! –  Баҳром маъқуллади. – Уни Абдуруф Фитратнинг қайниси, деса ҳам нотўғри бўлмайди.

Қориндор қўшилди.

– Абдурауф Фитрат деганлари Рауф Парпида. Унинг ҳам ичмаган куни йўқ эди!

– Шунақа! – деди Баҳром. – Ҳамроқул Турсунқуловнинг жияни. Ҳамроқул Турсунқулов билан Бузрукхўжа Усмонхўжаев юртни бирга тунаб, хоинликни омухта амалга оширганлар. Усмон Юсупов билан Йўлдош Охунбобоев бошида ушбу тўдадан бўлган. Мадаминбек билан Кўршермат буларни ўз вақтида юмшоқ кўрпачанинг устида ўйнатган. Хуллас, мадҳия мусиқасини сирли қилганмиз. Кетига зўр бермаган одам бу мадҳияни бир умр айта олмайди. Камбағални урма, сўкма, устини йирт, деганларидек, ёмон кўрган одамингизга ушбу мадҳияни айттиринг. Зўриқиб, бўйнининг томири бўртади. Томирлари кенгайгач, миясига қон уриб, у тил тортмай, ўлади.

– Домуллажон, ўзингиз ҳам кўчага роса пишиб чиқипсиз! – деди пакана илжайиб. – Бу бекорга эмасдир. Адашмасам, оламшумул бир асар дунё юзини кўрганга ўхшайди. Йўқ, демасангиз, шундан бир шингил эшитсак, бошимиз осмонга етарди.

– Орифона, орифона! – деди Баҳром. – Бу сўзларни эшитса, кимнинг юраги эримайди? Мамлакат ичидаги хоинларга, хориждаги ғаламисларга ўзбек миршаблари орасида соводхонлари бор, мустабид режимнинг яшашини шулар таъминлаб турипди, дейилса, инонмайдилар. Аслида, сизлар миллат ва мамлакатга хизмат қилиш имконини қўлга киритган шарафли касб эгаларисизлар. Буни вақт ўтгач англайсизлар. Кеч бўлади, дардларингизга дармон топилмайди. Бироқ сизларнинг ҳам, президентнинг ҳам тавба-тазарру билан ишингиз бўлмайди. Чунки жисми-жонларингизга ғафлат лойи меъёридан кўп қўшилган. Мустабидда қибла, жоҳилда Тангри бўлмайди!

– Мустабид дегани нима дегани домуллажон? – унинг гапини бўлди бўйдор.

– Президентнинг бузуқ қолипида пишган демократия, мустабидлар овқатидир. Шундан еб жон сақлаётганларнинг барчаси, мустабид ҳисобланадилар. Унинг номини бир сўз билан айтиш қийин. Бу нарса ҳар биттамизда акс этади. Орамиздаги эзувчилар ҳам, мазлумлар ҳам мустабидликдан ҳоли эмаслар. Эзувчилар эзганлари учун мустабид бўлсалар, мазлумлар эзилганлари учун мустабидлар. Чунки давр тегса, улар ҳам эзувчига айланадилар. Улар шундан бошқасини кўрмаганлар, билмайдилар. Буни кўрмоқчи бўлсангизлар, бир-бирларингизнинг юз-кўзларингизга боқинглар, кўрасизлар!

Тўрт миршаб бир-бирига боқди.

– Энди бараварига итга боқинглар! – дея у команда бера бошлади.

Улар итга боқдилар.

– Тағин, бир-бирларингга боқинглар!

Улар бир-бирларига боқдилар.

Умрида бунақа ҳолатни кўрмаган ит, сапчиб туриб, бурнини жийирди. Оппоқ сўйлоқ тишларини кўрсатиб ирриллади. Тўмтоқ думи хаданг, жуни сих-сих бўлди. Бир газ учиб тушган миршаблар ваҳимадан хохолаб кулиб юбордилар. Итнинг бўйнидан қучоқлаган Баҳром уни зўрға ушларди.

– Мустабиднинг башарасини кўрдингизларми? – дея сўради у.

– Кўрдик! – деди улар кулгиларини босиб. – Жуда хунук экан, қўрқинчли экан, жирканч экан. Дунёда бундан ёқимсиз нарса бўлмаса керак. Оёқларимиз титраяпти, қўлларимизнинг жони қочди, кўзларимиз кўрмай, қоляпти, қулоқларимиз эшитмаяпти. Юракларимиз музлаяпти, туш кўряпмиз, қўрқаяпмиз, кимларнидир, сотгимиз келаяпти, хиёнатни соғиндик. Ота-онамиздан нафратланамиз, фарзандларимиздан жирканамиз, овқат сўрайдилар, пул сўрайдилар. Ўзимиз учун яшашимиз керак, дунёга бир марта келамиз, ҳозир, еб-ичмасак, ўйнаб-кулмасак, қачон улгурамиз, ўлиб кетамиз…

– Кўрибсизлар! – деди уларни тинглаган Баҳром. – Диктатура ёмон нарса, онгни емиради, қалбни қурт каби кемиради. Ўқчийсан, қусолмайсан, кўнглинг тусаганини еёлмайсан, кўрасан, теголмайсан, биласан, айтолмайсан. Ҳунарлидан пеша қочади, ҳунарсизлар дўкон очади. Жабр – худога, кўлмаклар – денгизга айланади, жаҳолат бошингда байроқ тикади, шоҳнинг зулми суякдан ўтади. Ғар фозил бўлади, ўғри қозига дўнади, муллолар чаён, қавм гирён бўлади, раҳнамо бирён, фуқаро урён бўлади. Ёлғонлар рост, қавм подшога мос бўлади, хушомадгўйга давр тегади, тўғригўй додга етади…

– Бошқа гаплардан гапиринг, домуллажон! – дея миршабларни ваража тута бошлади. – Тан-баданимиз бўшашиб, иссиғимиз ошиб кетяпти. Пешонамиз музлаб, товонимиздан тер чиқди…

– Бўпти! – деди уларнинг аҳволини кўрган Баҳром. – Яна ижодимга, халқимга қайтаман, дилимдагини айтаман. Етти кун хонадан чиқмай, ароқ ичиб, шўр бодирингдан газак қилдим, ёздим, вино билан пива ичиб, қурут тишладим, ёздим. Бу кеча ёзганларимни ўқисам, тенги йўқ бир асар дунёга келипти. Суюнганимдан беш ярим дақиқа ўтириб, йиғладим. Ўзимга келгач, тақвимга қарасам, ёзишга ўтирганимга етти кун бўлипти.  Етти кун етти лаҳзача туюлмади. Занжирда ётган итимга на овқат, на сув берипман. Жониворнинг вафодорлигини кўринг, қўшниларнинг берганига тумшуғини ҳам теккизмапти. Етти кун оғзимга термулиб, оч ўтирипди. Дўконга чиқиб, уч кило икки юз эллик икки ярим грам калбаса билан яримта ароқ сотиб олдим. Итим билан ўтириб, еб-ичиб, сайрга чиқдик.

Сизларнинг сўзларингиз сингунча, шайтонваччаларнинг бўйни синсин. Илтимос эттингизлар, ижод намунамдан бир шингил ўқиб бераман. Аммо битта шартим бор!

– Қандай шарт экан, домуллажон? – дея қориндор димоғида минғирлаб қўйди.

– Мирзо Улуғбекнинг қўлидаги ер шари устига чиқишни истайман. Чиқиб, бўйнидан қучоқласам, руҳий эмак оламан, илҳомим жўш уради!

– Гапи йўқ, домуллажон! – деди пакана. – Кун ботгандан тонг отгунча, ўзимиз хон, кўланкамиз майдон. Чиқа оласизми ўзи?

– Нега чиқа олмас эканман! – деди Баҳром ўрнидан туриб.

Узоқ ўтиргани учун оёқлари увишганди. Миршаблар кўмаклашмоқчи бўлса, ит ғарриллаб, ёнига йўлатмади. У ҳайкалга тирмашиб, бир амаллаб, тиззаларига чиқиб, қаддини ростлаб, елкасига қўл чўзди. Сўнгра бўйланиб теварак-атрофга боқди. Тунги чироқлардан ҳамма ёқ чароғон эди. Кейин пастга қаради. Ит ҳам чиқмоқчи бўлиб, ҳайкалга тармашарди.

– Садақотли ва вафодор дўстим, бирпас тоқат қил! – деди у итга. – Сабр бардошга етса, ғўрадан ҳолва битар, деганлар. Фавқулодда зўр нутқ сўзлайман. Эшитиб, кўнглинг равшан тортади, қувватинг жўш уради, ғайратинг ортади. Қонун посбонлари шеър эшитмоқчилар. Олижаноб ва серҳиммат касб эгалари меҳр-муҳаббатини суистеъмол қила олмайман. Буюк асардан парча ўқишдан олдин муҳтарам президентимиз хусусида бир-икки оғиз ширин сўз айтаман. Ҳар бир иш шу кишининг номлари билан бошланиб, номлари билан якун топади. Бу дунёга маълум ўзбек теоремаси. Шу учун ҳам анъанани бузиш ниятим йўқ. Адолатли ва мустабид президентимиз аввало тарихий ҳақиқатни тиклади. Русларнинг қўлидан ўзбекни озод этиб, ўзига қул этди. Милён одамнинг қоши-қовоғига қарагандан, битта одамнинг қоши-қовоғига қараган яхши эмасми? Олти юз йил илгари падаркуш ўғил ота бошини узганди. Бошни у Кустога Ургут тоғлари ғорларидан топтирди. Келтириб, тошга айланган жасаднинг елкасига қўндирди. Мана, уни ўз кўзларингиз билан кўриб турибсизлар. Бундан ташқари, у киши бўлмаганда, ўн беш республиканинг бирортаси мустақилликка эриша олмасди. Бу тарихий ҳақиқат. Бизлар ҳалигача Дидаренко билан Гдляннинг қўйлари билан чўчқаларини боқиб юрган бўлардик. Мустақиллик мафкураси нуқтаи назаридан эса, ҳайкалнинг елкасидаги бош Мирзо Улуғбекнинг боши эмас. Бу бош “Ўзбек модели” асосчиси, зулмкор ва адолатпеша президентимизнинг муборак бошлари. Тошга тегса, ёрилмайди, узилиб тушса, иримайди. Сувга чўкмайди, ўтда ёнмайди…

Мантиқан, ўзи подшо бўлиб, салтанати кенгликларига сиғмаган бировнинг боши бошқа бировнинг томорқасига сиғадими? Бошқа бировнинг елкасида турадими? Ўттиз милёнли халқ ижарада турадиган бир мамлакатга Мирзо Улуғбекдек буюк бир олимнинг бошини сиғдириш ҳақиқатга тўғри келмайди, ахир. Чегараларни ғаразгўйликнинг чақиртиканаклари билан мустаҳкамлаган президентимиз юртга дунё ўзбекларининг оёғини бостирмаганда, ўзбекнинг улуғларининг бошини сиғдирармиди? Бу қўрқинчли қадамни қўллаб-қувватлармиди? Бу хавф уни курсисидан айирарди. Бошини топган миллат унинг жаҳолатига тоқат этолмасди. Фуқаро, ақл чароғи билан равшан бўлгач, оқ билан қоранинг фарқига борарди. Буюк мақсадаларни, эзгу ниятларни ҳудудларига сиғдира олмаган тузум Мирзонинг боши каби учарди!

Энди берган ваъдам устидан чиқиб, ижод намуналарим, журналистик-шеъриятимдан бир парча ўқиб бераман. Ҳар қанақа даврда тароватини йўқотмайдиган бу асарни Махтумқули Фироғий ҳам ёзолмасди. Бу менга насиб этди!

Энди билдим замонанинг озганин,
Ёмонлар яхшидан қоча бошлади.
Қайтиб бадасиллар асилзодани
Писанд этмай, тўрга кўча бошлади.

Риё бўлди кўпчиликнинг намози,
Тангри ҳеч биридан бўлмади рози,
Пайғамбар ўрнида ўтирган қози
Пора учун қўлин оча бошлади.

Шоҳларда қолмади ҳукми адолат,
Бир пул учун муфти берар ривоят,
Бил, бу ишлар – нишонайи қиёмат,
Золимлар бетавба ўта бошлади.

Додхоҳлар қаторда юзин сарғайтиб,
Ким тўрасин топиб, рангин қизартиб,
Золимлар мазлумга сиртин қабартиб,
Қамчисидан қонлар соча бошлади.

Пайғамбар сўзига амал бўлмади,
Мунофиқлар Яратганни билмади,
Сўфилар пиридан таълим олмади,
Дунё учун диндан кеча бошлади.

Бир пора сўфилар, “сўфиман”, деяр,
Сўрамай золимнинг таомин еяр,
“Бизни яхши киши, десинлар”, деяр,
Ҳар эшикда, ҳалқа қура бошлади.

Қарига айланди биз кўрган ёшлар,
Оёққа дўланди арконлар, бошлар,
Бемаҳал юк боғлаб қавм, қардошлар
Охират азмига кўча бошлади.

Оқил бўлган ғамга юрагин эзиб,
Дардининг дармонин сўроқлаб, кезиб,
Замонанинг фасод бўлганин сезиб,
Фонийдан боқийга кўча бошлади.

Не асил бекларнинг навбати ўтди,
Чақимчи ва ҳаромига сўз етди,
Дунёда ким қолиб муродга етди,
Муҳаббат чироғи ўча бошлади.

Қози бўлган бир жавобда турмади,
Тунлар меҳнат тортиб, китоб кўрмади,
Шариат йўлинда тўғри юрмади,
Нафс учун имонсиз ўта бошлади.

Махтумқули айтар, Ислом, йўл тани,
Беш кун синамоққа юборди сани,
Сендан бурун ўтган жанонлар қани?
Ҳар ким навбатинда ўта бошлади.

– Кам бўлманг, буюк зот! – деди миршаблар жўр бўлиб. – Муллоларнинг адабини берипсиз. Воҳоббийчилар билан ҳизбчиларнинг пўстагини қоқипсиз. Юртни сохта эшонваччалар, жанда кийган муллолар босиб кетди. Бойларга ўлим, яшасин йўқсиллар! Доҳий Ленин ғоялари барҳаёт бўлсин! Ура-аа-ааа…

Баҳром осилиб, юқоридан зўрға тушди. Суюнганидан ит думини ликиллата бошлади. У Баҳромни олқишламоқчи бўлаётган миршабларни унга яқин йўлатмас, тинмай ҳурарди.

– Тинчлигимиз посбонлари, азиз дўстларим! – деди Баҳром миршабларга. – Сизларни кўксимга босишим учун на менда иштиёқ, на ҳафсала бор. Бу ерда ортиқ ишим қолмади. Тезроқ уйга бориб, қиттай қилмасам, қўлларим қалтирашни бошлаяпти. Ваъдага вафо, деганларидек, энди итни сизларга топшираман. Сизлар итга омонатсизлар.

У ит бўйнидаги ипни ёзиб, учини паканага отди.

– Қани, еталанглар, шунқорлар! – деди сўнгра.

Пакана жон бериб, жон олиб тортмасин, тўрт оёғини ерга тиркаган ит қилт этмасди. Қолган уч миршаб ҳам ипга ёпишди.

– Бўғилади, ўлдирасизлар! – деди Баҳром. – Жониворга раҳмларингиз келсин. Иккалангиз икки ёнбошидан келиб, икки қулоғини бўйнига қўшиб ушланг. Қорин полвон, сиз орқасидан итаринг!

Ит миршабларнинг чангалида қолди. Қанча типирчиламасин, чорасиз эди. Барчаси машинага яқинлашганда рўй берди…

Кутилмаганда ит олдинга сапчиб, осонгина қўлдан чиқди. Унинг олдинга юлқинишини ҳеч ким кутмаганди. Баҳром бориб ипга ёпишди. Ит пакананинг шимидан тишлаб, силталаганда, ип қўлидан чиқиб кетди. Пакана уввос солиб йиғлай бошлади. Ит унинг бошини ғажиётганди. У типратикандек ғужанак бўлиб, тошбақа каби бошини ичига тортмасин, ит баттар соларди. Биргаликда тортиб, унинг чангалидан паканани чиқарганда, ип узилиб кетди. Қайтиб отилган ит шунда унинг думбасидан олди. Паканани қизил қонига бўяди. Бўкириб йиғлаётган бечоранинг кекирдаги йиртилай дерди.

– Отаман! – деди, бўйдор тўппонча чиқариб.

– Мушукваччадек битта итга тўртталанг бас келолмадингми? – ҳайқирди Баҳром. – Президентни террорчилардан қандай ҳимоя қилмоқчисизлар? Халқ бош кўтарса, уни оломон ғазабидан қандай асрайсизлар? Ҳайф президентнинг сизларга халқдан юлиб берган нони, тузи. Юртни таҳрирчилар, ваҳҳобийчилар босиб кетганда, бир итни қўлга ололмайсизларми? Сизлардан ватаннинг умиди катта, уят бўлади-я. Буни жанговар машғулот дея тассавур этиб, ишга киришинглар. Можорони қуролсиз, музокоралар йўли билан ҳал этишга эришсаларингиз, ўз қўлим билан президентга хат ёзаман, жасоратларингизни оламга достон этаман. У сизларга “Хизмат кўрсатган халқ душмани қаҳрамони” унвонини беради. Номларингиз шонли тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилади. Ўлимдан қўрқманглар, авлодлар сизлар билан фахрланадилар. Юнусободдаги “Уч қаҳрамон”нинг буюстини олиб ташлаб, “Тўрт қаҳрамон”га буюст ўрнатадилар. Ёки “Уч қаҳрамон” буюсти ёнига, яна битта бош қўшиб қўядилар!

Тўппончасини қайтариб ғилофига солган бўйдор Баҳромга ялина бошлади.

– Бўлмаса, нима қил дейсиз, домуллажон? Қараб ўтирсак, бу ҳароми жинқарчани ит ейди. Бахтидан айрилиб қоламиз.

– Ичида суви бор бакалашка борми? – сўради Баҳром.

– Бор! – дея жавоб берди бўйдор.

– Тезроқ олиб келинглар! – буюрди у.

У газли сувнинг қопқоғини очди. Сўнгра итнинг оғзига бакалашканинг учини тиқиб, уни сиқди. Итнинг нафаси қайтиб, пакананинг думбасини қўйиб юборди.

Пакана ҳушидан кетганди, бутун кийими қон, ҳеч нимани сезмасди. Уни машинага ортдилар.

– Итни машинанинг юкхонасига босинглар! – деди Баҳром.

Эшитишни ҳам истамаган миршаблар машинага ўтириб, жуфтакларини ростладилар.

Итнинг ғазаби жўшиб, уларнинг орқаларидан қувлаб кетди. Ва бир замон ўтиб, орқасига қайтиб келди. Баҳром уйига йўл олганди. Ит унга эргашди.

– Сен буюк ишни амалга оширдинг, дўстим! – деди у итга. – Ҳақиқий итнинг қандай бўлишини уларга исбот этинг. Ит ҳеч замонда одам бўлолмайди. Шу каби одамлар ҳам ит бўлолмасликларини тушунишлари керак. Одамийлик билан итлик орасида осмон билан ер қадар масофа бор. Баъзи бировлар тўрт сўм пул, икки оғиз луқмани дея итлик либосини қиймоқчи бўладилар, тўрт оёқлаб юришга уринадилар, тилларини осилтириб, ҳуришга чиранадилар. Хунук чиқади. Унақаларнинг устидан итлар ҳам, одамлар ҳам куладилар. Ҳақиқий итларнинг қўлидан хиёнат этиш келмайди, улар нон берган кимсани қопмайдилар. Одамлар замонасоз бўладилар, ким зўр бўлса, ўша томонга ўтиб оладилар. Эгасига ташланадилар, миллатга таҳдид соладилар. Бу билан ўзларининг келажакларини хавф остида қолдираётганларига ақллари етмайди…

Баҳром кўчасига қайрилганда, уни кўча бошида Саидолим кутиб турарди. У ҳали замон унга қўнғироқ қилиб, ит ҳақида гапирганди. Саидолим машҳур итбоз бўлиб, уларнинг зотдорларини йиғарди. Унинг кўзлари Баҳромга эргашиб келаётган итга тушгач:

– Арлон! – дея чақирди.

Ит ўқдек учди. Бориб, унинг оёқлари остида, ағанаб, йиғлаганга ўхшаш овоз чиқазди. Қўлларидан ялаб, пинжига тумшуқ тиқди. Ҳидини туйгач, кўзларидан ёш оқа бошлади.

– Ҳа, жонивор! – деди Саидолим. – Теринг суягингга ёпишипти-ку. Номардлар сени қийнашдими? Одамларда инсоф қолмади!

У итни Чимкентдан сотиб олиб келганди. Арлон лақабли бу ит Туркистон, Русия ва Қофқозда урушбоз итлар орсида икки марта чемпион бўлганди. Икки ҳафта бурун уни ўғирлагандилар…

Одамнинг етти ухлаб тушига кирмайдиган воқеалар содир бўлаётганди. Дунё тасодифларга тўла деб шуни айтишса керакда…

(давоми бор)