Берк кўчалар

Берк кўчалар
26 views
10 September 2017 - 9:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

25-қисм

Ўн иккинчи боб

У обдон ювинди. Сўнгра намозини ўқиди. Кўча чироқлари ўчиб, сумбуланинг оппоқ тонги ёриша бошлаганди. Гаражлар томондаги қалин дарахтзорда қушлар сайрарди.

– Иштаҳам йўқ! – деди у нонушта тайёрлаётган хотинига. – Машинани бир жойда қолдиргандим, бориб олиб келаман.

Одатини биладиган хотини унинг ичганини англади ва:

– Тангрининг паноҳига, яхши бориб келинг! – деди.

У машинасини олиб келиб, одатдагидек, қийшиқ ўсган чинор соясида қўйди. Зинадан кўтариларкан, ҳозироқ таппа ташлаб ухлашни орзуларди. Уйига кириши билан диванда ўтирган Нозима Мунисга кўзи тушди. Унинг кўзлари ости салқиб, касалвандники сингари ранги синиқиб, бир кечада чўкиб қолганди.

Ўзига ҳам Нозима Мунис таажжуб билан назар солаётган эди.

– Ярим тунгача Марат қўйвормади. Ухламадим, шунга кўзингизга ғалати кўриняпман, шекилли? – деди.

– Палакат, турган жойига ўт тушибдими? – сўради Нозима Мунис. – Ўлгур, бошимга бало бўлмаса гўрга эди.

– Йўқ! – дея гап бошлаган Баҳромнинг сўзи оғзида қолди.

–  Ҳар тугул, уни жиннихонага жойлаштиргандирсиз?!

– Йўқ! – деди у. – Маратга бало ҳам урмаган. У соппа-соғ. Кеча аҳволини билиб туриб, қўл силташга кўнглим бўлмади, ҳолидан хабар олмоқчи бўлдим. У сиз билан мени меҳмондорчиликка чақирган экан. Қўйвормади. Ярим кечагача суҳбатлашиб ўтирдик. Бормаганингизга роса хафа бўлди.

– Нима? – Нозима Мунис ишонқирамади. – Одам бўладиган турқи-таровати йўқ эди-ку!

– Шамоллаши ўтиб, тузалиб қолипти! – деди Баҳром. – Шахсий шифокори Малакхон муолажа қўллапти. Хавотир оладиган жойи йўқ.

– Вой ҳаром ўлгур эшак-эй! Ўтакамни ёрай деди! Меҳмон қилмоқчиман, деганди, шумният. Тожик бўлмай ўлгур, қув!

 У ҳам тун бўйи ухламаганини айтди.

– Эрталаб уйимга Саидмат Сотти келди, – деганига қараганда, улар тунни меҳмонхонада ўтказгандилар. Унинг йўқлагани сабабини тушунтирди. – Урганчга бугун учмасак бўлмайди. Тезда у ерда ҳам марказни очишимиз керак. Саидмат Соттининг бутун умиди иккаламиздан. Атрофида ивирсиб юриганларнинг ҳеч бирига ишонмайди. Бечора катта юкни елкасига ортмоқлади. Таъзирини еб қолмаса гўрга эди. Сизларни менга Тангри етказди, қўллаб-қувватламаганларингизда, шарманда бўларканман, деяпти!

Унинг эри билан бир кўрпада ётмаганига неча йиллар бўлганди. Саидмат Соттининг қучоғига киргач, кўзлари кўр бўлди. У қари шоғолни дея ўлишга ҳам тайёр эди. Эркалашлар, силаб-сийпалашлар бечорани жинни этаёзганди. Битириш учун дунёга ўт беришга ҳам тайёр муаммоларини ҳам, унинг билан бирга бўлган дамларда унутаёзган эди, шекилли. У ҳар қандай топшириқни бажаришга шай турарди. Ўйлаб, чамалаб кўрмас, унга барибир эди. Шундай бўлгач, бир нима дейиш фойдасиз эди.

 – Бир одам эплайдиган ишга икковлашиб ташланиб нима қилдик? – деди Баҳром. – Ортиқча сарф-харажат, борди-келдининг кимга кераги бор? Битта ўзингизга чипта сотиб олинг. Қўнғироқ қилиб айтаман, сизни қўналғада кутиб олишади. Ишлар битгач, қайтариб учириб юборишади.

Нозима Мунис бу таклифга рози бўлди. Унинг бу ерда ўта шахсий манфаатлари бор эди. Шуни ҳисобга олган Баҳром аёлнинг монелик билдирмаганидан ичида суюнди. У пул ундириш дардида эди. Баҳром тайинласа, унга бир тийин бермасдилар. Бундан хавотир олмаса ҳам бўларди. Бошқа ёқдан, Бухоро ва Наманган марказлари очилишини Баҳром уюштирганини Саидмат Сотти яхши биларди. Нозима Муниснинг битта ўзи Хоразмда ишни ташкил этса, унинг Саидмат Сотти олдида мавқейи мустаҳкамланарди. У Нозима Муниснинг ҳамма ерда, етарлича дўстлари борлигига ишонарди. Унга худди мана шу керак эди. Назарида, Хоразмда ишни дўндириши кўчиш арафасидаги ғалабасини таъминларди. Барчасини хомхаёл деб ўйлаётган Баҳром эса, ёлғиз қолиб, муаммо хусусида бош қотирмоқчи эди. У Нозима Мунис билан ораларидаги келишувнинг бузулганини биларди. Гаплашиш фойдасиз, талашиш аҳмоқлик эди. Аёл ҳеч нарсани тушунишни хоҳламас, билиб туриб, тан олмасди. Баҳромнинг эса на орқага, на олдинга юрадиган йўли қолганди. Кўчалар боши берк эди, унинг излагани эрк эди… Имкониятлар кўчиш кунининг қанчалик чин-ёлғонлигига боғлиқ бўлиб қолганди. Бир ҳафтадан кейин кўчиш бошланарди. Унинг шу вақт ичида бировнинг кўзига кўринмагани яхшироқ эди. Ғалвирни сувдан кўтарадиган палла яқинлашганди. У эса ҳалигача ҳам нималар бўлаётганига тушунмаётганди. Унинг боши қотган, кимга ишонишини билмасди, ўзининг қўлидан бир иш келмас, эшкакларини йўқотган қайиқ каби оқимга бўйсуниб оқиб борарди…

Маратнинг соғлигини эшитган Нозима Муниснинг кайфияти кўтарилди. У чипта сотиб олиш учун қўзғаларкан, сумкасидан конверт чиқариб хонтахта устига қўйди.

– Баҳромжон, бензин пули бермаганимга бир ойдан ўтипди, – деди иймангандек. – Кеча ётиб ўйлаб,  уялиб кетдим!

– Қўналғага олиб бориб қўяман, – деди пулга эътироз билдирмаган Баҳром.

– Чарчабсиз, ётиб дамингизни олинг, – деди у. – Такси кира қиламан. Ўзи ўн дақиқалик йўл.

Бошқа гаплашадиган гап қолмади.

– Мени Нозима Мунисдан бошқа биров сўраса, йўқ дейсан! – деди уни кузатиб турган Баҳром хотинига.

Унинг кўзлари юмилиб кетаётганди. Боши тегирмон тошидек оғир, қовоқлари кўзларининг устига ўпирилиб тушаётгандек эди. У ёстиққа бош қўйиши билан донг қотиб ухлаб қолди.

Хотини уйғотганда шом тушганди. У хотини узатган дастакни қулоғига босди. Нозима Мунис бугунга чипта тополмаганини, азондаги биринчи рейсда учишини айтди.

– Гаплашиб, қўнғироқ қиламан! – деди Баҳром унга.

У ҳаммомга кириб чиқди. Бир пиёла ширин чой ичди. Бироз, ўзига келгач, Урганчга қўнғироқ қилди.

Оғайнисининг бу масаладан яхши хабари бор эди. Шунинг учун иш тўғрисида кўп гапириб ўтирмади. Нозима Мунисни кутиб олиб, яхши меҳмон қилишни илтимос этди ва:

– Қўлига бир тийин пул берманглар! – деб тайинлади.

Сўнгра Нозима Мунисга қўнғироқ қилиб, ҳаммаси жойидалигини тушунтирди.

– Тонгда қўналғага олиб чиқиб қўяйинми? – дея сўраганди:

– Овора бўлманг, Саидмат Сотти олиб чиқиб қўяман деяпти! – деди у.

Жавобдан у барча ишларни Саидмат Сотти назорат этаётганини англади. Унинг шарти кетиб парти қолган бир аёлни авраётгани бежизга эмасдир, деб ўйлади.

Бир пайтлардаги ҳусни-жамолининг тўққизидан бири қолмаган бир кампирда унинг қанақа эҳтиёжи бўлиши мумкин эди? Дунёдаги энг қимматбаҳо духиларни сепиб, ноёб уст-бошларни кийганида ҳам, унинг туриш-турмушидан қарилик ҳиди уфириб турарди. Бағбағалари осилиб, кўкраклари шалпайиб қолган, қорин териси, қат-қат бўлиб, сон томирлари бўртиб чиққанди. Буни Баҳром ёки атрофдагилар кўрмаса ҳам, Саидмат Сотти кўриб турарди. Асал хаёл қилиб, қиш бўйи панжасини сўрган айиқдек, Нозима Мунисга унинг ёпишишида бир режаси бор эди, албатта. Бу саволга Маратнинг айтганларидан жавоб қидирса Баҳром адашмасди. У айтганидек, фирибгарлар томонидан Нозима Муниснинг юлғичлик нуқтаси этиб танланганлиги бежизга эмасди. Саидмат Сотти мазкур ҳаракати билан балиқларга ташланган тўрларни йиғиштираётганди. Пулларнинг ҳисоб-китобини оладиган вақт етганди.

Нозима Муниснинг бошқаларникига ўхшамайдиган феъл-атвори бор эди. У одамларни ишонтиришни қойиллатарди. Шу учун ҳам у объект қилиб олинганди. Бир қарорга келолмаётган Баҳром подадан олдин чанг чиқаришдан қўрқарди. Бир ҳафта қолганди. Кутса, барчаси ойдинлашарди. Унинг шундан ўзга иложи ҳам йўқ эди.

Нозима Муниснинг ҳисобини йўқотганига ҳам анча бўлганди. Ҳисобини йўқотган одам бошини ҳам йўқотарди. Баҳром унинг олган пулларини ўзича хом чўт қилиб, чалкашиб кетарди. Унинг олганлари тарқатганларига тўғри келмасди. У ҳар сафар ҳисоблаганда, Баҳром дамини ичига ютиб ўтирар, бу ишга аралашмасди.

Нозима Мунис билан Саидмат Соттини ўйлайвериб у чарчади. Чалкаш ва бир-бирига зид фикрлар руҳини эзиб ташлаганди. Хаёлига тундаги воқеалар келди. Махмат Пирриқ, Ивройим Поззиқ ва Қувон сусоқларни ўйлаб, мийиғида кулиб қўйди. Ҳамқишлоқлари бўлмиш бу кимсаларни унинг жини суймасди. Нима учун кеча итни уларни номи билан ҳақоратлади, ўзи ҳам билмасди. Эл орасида Махмат хўран лақаби билан ном қозонган Махмат Пирриқ тиш шифокори эди. Шу баробарида, қўлтиқ остидан қитиқламаса, кулдирмайдиган ҳажвиялар, ёзарди. Ёзганлари ҳар замонда матбуотда эълон ҳам қилинарди. Бугунги кунлардаги сингари совет йилларида ҳам у “Устингиздан ёзаман”, дея одамларни қўрқитмоқчи бўларди. Дўкондорлар, даромадли жойда ишлайдиганлар унга ул-бул чўзиб турардилар. Этагингга нажосат тегса, кесиб ташла, деганларидек, унинг билан тортишишни истамасдилар. Уни кўрганлар етти кўча айланиб ўтардилар. У бундан “мен зўрман” деган хулоса чиқарарди.  Текин бўлса, симёғочни ютадиган бу кимса ҳаддан зиёд хўран бўлганлиги учун у ҳақда латифалар ҳам тўқилганди. Шаҳарга кўчиб ўтмасдан олдин у Ёйчилида яшарди. Ўспиринлик чоғларидаги қовун егандаги латифаси, айниқса, эл орасида машҳур эди.

У янги ҳосил чиққанда, қовунхўрликка бозорга боради. Унинг қайтиб кетиш учун асраб қўйган йўлкирасидан ташқари қўлида атиги бир рубл пули бўлади.

Қовун сотаётган чолдан:

– Тўйиб ейишим учун қанча тўлашим керак? – дея сўрайди у.

– Қанча пулинг бор? – дея суриштиради уни пулсиз деб ўйлаган чол ҳам.

У бир рубли борлигини айтади.

– Эллик тийинга қовун олсанг, ортиб қолади, – дейди чол.

У чолнинг қўлига пулни тутқазади.

– Мана, бир рубл! – дейди. – Шу пулга тўйгунимча ейман.

– Бу жуда кўп! – дейди чол. – Эллик тийинга хоҳлаганингча еявер. Сенга биров бир нема деяптими?

У кўнмагач, чол унга танлаган қовунини олаверишини айтади. Кўп еса, яримта қовун ейди, деб ўйлайди чол.

Махмат Пирриқ қовунлар орасидан иккита каттасини саралайди. Чим устида ўтириб, ейишга тушади. Тўрт одам бир бўлиб, икки қовунни еб битира олмаслигига ишонган чол уни томоша қилиб тураверади. У ҳаш-паш дегунча икки қовунни еб битириб, яна қовун сўрайди.

Буни кўриб, кўзи чиқиб кетай деган чол шарт иккита қовунни унга тутқазади-да:

– Ма, ол! Нарироқда бўкиб ўл! – дейди.

Бу икки қовунни ҳам паққос туширган мечкай тағин келади.

– Лафзингизда туринг! Яна битта есам, қорним тўяди! – дейди у.

Чолнинг атрофидаги деҳқонлар ҳай-ҳайлашиб, уни қувиб соладилар.

У бир кун ҳамкасблари билан гаров бойлаб:

– Қирқ сих шашликни ёки қирқ дона сомсани бир ўтирганда битта ўзим ейман! – дейди.

Хўранлигини биладиган касбдошлари, ҳар на бўлганда ҳам, бунча овқатни ея олмайди, деб ўйлайдилар. Мана мен деган одам ўн сих шашлик ёки ўн сомсадан ортиғини ея олмаслигини чамалаб, унинг сўзларига ишонмайдилар. Уни эргаштириб, Эшон сомсачининг ошхонасига борадилар.

– Қирқ сомса ёнида ароқ ҳам бўлсинми? – дея сўрайди Эшон сомсачи.

Тўйгунча ароғи ҳам борлигини эшитгач, у хохолаб, қорнини ушлаб кулади.

– Қирқта эмас, олтмиш сомсани еб, орқасидан янги туғилган чўчқа боласини тирик ютади! – дейди уни кўрган Эшон сомсачи.

Ҳамкасблар, Эшон сомсачидан қирқта сомсадан кўра қирқта шашликни нон билан ейиш машаққатлигини эшитгач, Зариф шашликчининг ошхонасига борадилар.

Махмат Пирриқ:

– Менга барибир! – дейди.

Ўша кун у қирқтамас, эллик бир сих шашликни тўртта нон билан еб, икки ярим литр ароқ ичади!

Махмат Пирриқ қанчалар хўран бўлмасин, Баҳром у ҳақидаги кўп латифаларни лоф деб ўйларди. Устози Тилак Жўранинг сўзларидан сўнгра, уларда жон борлигига ишонди.

(давоми бор)