Бегуноҳ ва муҳтожларни ўмариш ўйинида қатнаша олмайман!

Бегуноҳ ва муҳтожларни ўмариш ўйинида қатнаша олмайман!
70 views
11 September 2017 - 13:09

Ислом ХОЛБОЙ

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

26-қисм

Тилак Жўра бир гал Қоракўлга борганда, бетоб бўлиб шифохонага ётади. Махмат Пирриқ ишлайдиган поликлиника шифохона рўпарасида жойлашганди. Тилак Жўра унинг ўзига маълум бўлмаган қирраларини ўшанда кашф этганди. Махмат Пирриқ иш соатлари тугаб, уйига қайтиш олдидан, ҳар кун унинг олдига бирров кирарди. Стол устида нимаики бўлса, бир ёқдан пок-покиза еб битирарди. Орқасидан ярим челак сув ичгач, уйига жўнарди. Табиийки, бу маконларда Тилак Жўра шеъриятининг шайдолари бисёр бўлиб, шоир зиёратига ҳар куни ўнлаб мухлислар келарди. Ўзбекчиликда ул-бул егулик кўтариб келиш одат бўлгач, ҳеч ким қуруқ қўл билан келмасди. Столнинг усти ҳар турли овқатлар, ичмликлар билан тўлиб-тошарди. Бунча нарсани ҳамшираларбилан фаррошларга тарқатиб тугатиб бўлмасди. Шу сабаб, Тилак Жўранинг ўзи ҳам Махмат Пирриқни кутадиган бўлиб қолганди. У еб, ортганини сумкасига жойлайдиган одат чиқарганди. Сўнгра столни устини артиб тозалаб, сумкани орқалаб кетиб қоларди. Бировларникига ўхшаган унинг қорни олдига туртиб чиқмаган, япасқи эди. Еб-ичгани сайин икки тарафга кенгаярди. Тилак Жўра унинг барча жиҳатларига эътибор берарди.

– Дардисарнинг хурмача қилиқларига тоқат қилганча, эшикдан ҳайдаб юбормайсизми?! – дея Баҳром Тилак Жўрадан сўраганда, у ўзигагина хос беғубор овозда хохолаб кулганди.

– Табиатда ўлаксахўрларнинг ўз ўрни бор! – деганди у ўшанда. – Жамиятда ҳам Махмат Пирриққа ўхшаган ғаламисларнинг ўрни бўлиши керак. Ўлаксахўрлар табиатни ҳар турли маразлардан тозалагани каби Махмат Пирриқлар ҳам нафслари учун бор ғурурларини арзон гаровга сотиб, онгсиз ҳайвондан фарқланмасликлариниочофатларга кўз-кўз этишлари лозим. Озроқ иймони борлар ақл-ҳушлари жойидалигида ўзларини йиғиштириб оладилар!

Тилак Жўранинг вафотидан кейин Махмат Пирриқ Тошкентга келса, Баҳромникига танда қўядиган бўлди. У тўйиб ичгач, мақтанишга тушарди. Шўролар даврида КГБнинг махфий агенти сифатида коммунистларга хизмат кўрсатаётганидан афсусланмасди. Мустақиллик йилларида ҳам у бу ишини давом эттираётганди. У ўша кунлардаисёнкор шоир, ва президентнинг ашаддий танқидчиси Ориф Жуманинг орқасидан тушганини айтганди. Шоирнинг тақдири ўз қўлида эканлигидан фахрланарди.

– Ориф Жуманинг сизга нимаси ёқмайди? – деган Баҳромнинг саволига у:

– Ношукур! – дерди. – Президент ҳеч кимга бермаган имкониятларни унга яратиб берди. Мол-давлати ошиб-тошиб ётипти. Тағин “ота”ни қотилликда ва ноқонуний йўллар билан лавозимини ушлаб туришликда айблайди. Дунёга жар солишдан чарчамайди.

– Ориф Жума нимага эга бўлган бўлса, ўз иқтидори, меҳнати билан эришган! – дерди Баҳром. –Президент хусусидаги сўзлари ҳам ҳақиқат. У чиндан ҳам қонунларни бузяпти. Халқнинг хоҳиш-иродаси билан ҳисоблашмайди.

– Буларнинг барчаси аҳмоқона гаплар! – дея Махмат Пирриқ чекинишни хоҳламасди. – Инсон биринчи навбатда қорнини тўйдиришни, эгнини бут қилишни ўйлаши лозим. Ортса, уй-жой қуради, қолганини бола-чақатарбиясига сарфлайди. Ориф Жумага ўхшаб, улуғларнинг ишига бурин тиққан кимсаларни пайини қирқиш биз сингари диёнатли одамларнинг фуқаролик бурчимиз!

Баҳромнинг уйида бўлиб ўтган ўша суҳбатда шоирнинг мухлиси, Фахридалир исмлик бир йигит ҳам бор эди. Илгариги суҳбатларнинг бирида Махмат Пирриқ Қуръони каримни “Аллоҳнинг китоби эмас. Муҳаммадровийлардан эшитганларини тўплаб ёзган”, деганди. Умуман олганда, унинг “Тангри йўқ нарса”, дегани Фахридалирни жунбушга келтирганди. Ориф Жума хусусидаги гаплар дард устига чипқон бўлди. Фахридалир қутуриб кетаётган бўлса ҳам, қаҳрини ютиб, юмшоқлик билан Махмат Пирриқни бир пиёла чойга таклиф этди. Унинг Қоракўлнинг ширвозисидан сўйишини эшитган Махмат Пирриқнинг оғзидан сўлаги оқиб, нафси ҳакалак отди. Баҳром, “мен ҳам албатта бораман”, деб ваъда берган бўлса ҳам, белгиланган кун бормади. Фахридалирнинг қандайдир мудҳиш ишни режалаганини у яхши биларди. У динпараст бўлса ҳам, ҳар қандай қабиҳликдан қайтмасди. Феъли қўрс, табиати дағал эди. Кези келса, ҳўл-қуруқни баравар ёндираверарди. Ундан эҳтиёт бўлмаса, куйдириб юбориши мумкин эди.

Бир ҳафта ўтиб, у Фахридалир билан учрашиб қолди. Бўлиб ўтган хунук воқеани унинг оғзидан эшитиб, бормаганига минг-минг шукуроналар айтди.

…У ҳамтовоқлари Сайдулло билан Одилга қўшни ўрис кампирнинг итини ўғирлатиб, бўғдириб,ўлдиртиради ва пўстдумма қилдиради. Тўрт панжасини чоптиртириб, бошининг гўштини шилдиради, ичак-чавоқларини тозалатиб, гўштга аралаштиради. Сўнгра ичидан олти боласи чиққан итни тарозига тортдиради. Уолти кило уч юз эллик грам тош босади. Югурдаклари Тезаковка бозори атрофларида санғиб юрадиган бир дайди аёлни ушлаб келтирадилар. Бошдан шилинган гўштни, тумшуқни, ичак-чавоқни, терини, сути оқиб турган эмчакларни, олтита ит боласини ва турмуғини қиймалагичдан ўтказадилар ва дайди аёлга котлеттайёрлаттирадилар. Қолган қисмидан Сайдулло димлама босади. Махмат Пирриқ ҳаммасини паққос тушириб, тўрт литр ароқ ичади. Фахридалирни кўзлари шокосасидан чиқишига оз қолади. Ичак-чавоғи оғзига тиқилади. Ўзини бетобликка солиб, бир оғиз ҳам емайди…

– Қоракўлнинг гўштидек гўшт дунёда йўқ! – дея Махмат Пирриқ ҳар мақтанганда, кўнгли айниб, кўзларининг олди қоронғилашади. Қулоқлари битиб, устига том қулагандек бўлади…

 Баҳром қайтиб Махмат Пирриққа думини ушлатмади. У уйига бир неча марта излаб келди, эшикни очмади. Ахири у изсиз кетди.

Ивройим Поззиқ ҳам Махмат Пирриққа ўхшаганлар тоифасига кирарди. Аммо иккаласининг ўхшамайдиган тарафлари ҳам кўп эди. Ивройим Поззиқнинг тунд ва тушунарсиз феъли бор эди. У ота-онаси ва опаларига ҳечам ўхшамасди. Отаси Норимбой Поззиқ қўли очиқ, меҳмондўст, айтган сўзида турадиган ўртамиёна киши эди. Ўғлига ўхшаб йўқ нарсани кўпиртирмасди, лоф ва ёлғонни ёмон кўрарди. Бир умр колхозда ишлаб, нимаики орттирган бўлса, барчасига тер тўкиб эришганди. Ивройим Поззиқ отасининг акси ўлароқ, ёлғон турганда рост сўзламас, мақтанчоқлик жони-дили эди. Лофи ўхшамаётганини билиб турса ҳам, тилини тиёлмасди. У коммунистлар нашри бўлмиш “Олға ва Болға” газетасида ишларди. Баҳром у пайтда ўрта мактабда ўқир, адабиёт ихлосманди бўлганиучун Ивройим Поззиқникига келиб турарди. Ивройим Поззиқ бирини тўғри айтса, тўққизини ёлғон гапирарди. Бироқ илҳомлантиришнинг уддасидан чиқарди. Баҳром унинг чини билан ёлғонининг фарқига бормасди. Умуман, у мактабдаги адабиёт фанидан сабоқ берадиган ўқитувилардан тўрт бармоқ бўйи баланд эди. Қуллик, ялтоқлик ва ясамаликка ундайдиган мактаб дастурларидаги совет ўзбек адабиёти намояндалари ижодидан умуман оғиз очмасди. Мактабда физика, математика каби аниқ фанлардан Сулаймон Холбой, Ҳайдар Раҳмат сингари етарли билимга эга бўлган ўқитувчилар борлиги баробарида, тарих ва адабиёт фанларидан ўртамиёна ўқитувчини кундуз куни чироқ ёқиб топиш қийин эди. Баҳромнинг амакиси Ўра Қўйли она тили ва адабиёт фанидан дарс берарди. Бу каби ўқитувчиларнинг жаҳолатга йўғрилган билимлари Ҳамид Олимжон ва Маяковсий сингари қулликни мустаҳкамлаган шоирлар ижодини улуғлашдан нарига ўтмасди. Комил Яшин, Уйғун, Ғофур Ғулом сингари шўро тузуми ташвиқотчиларини миллий қаҳрамон даражасига кўтарардилар. Ақлларига нисбатан қўллари яхши ишлайдиган бу ўқитувчиларнинг  шапалоқ тортиш севимли машғулотлари эди. Бу кабилар ҳисобга олинса, Ивройим Поззиқ Тангрининг Баҳромга юборган инъоми эди.  Унинг тўкилай деб турган хонаси бўларди. У ишдан қайтгач, битта ўзи шу хонага қамалиб оларди. Ёлғиз қолишни даҳолик аломати деб биларди. Хотини, бола-чақаси нари турсин, ота-онаси билан ҳам бир дастурхонда овқатланмасди. Пайғамбарнинг кўр мушуги сингарияккамаховликни ёқтирарди. У отасини “Ўртоқ Поззиқов” деб чақирар, отаси ҳам уни “жиян” деб масхараларди. Отаси сотиб олиб берган “Жигули”си бўлиб, шунда ишга қатнарди. Ўла қолса бекатда автобус пойлаб турган хотинини ёки боласини ёнига ўтқазиб олиб кетмасди.

Унинг китоб жавонида чет эл ёзувчиларини ромонлари бисёр эди. Баҳромга жаҳон адабиётини ўқишни у ўргатганди. Баҳром у туфайли ўн-ўн икки яшарлигидаёқ Дюма, Жек Лондин, Толстой, Достаевский, Тагор, Нафисий, Қодирий ва Айтматов сингари забардаст ёзувчиларнинг асарлари билан танишганди. Дунёнинг бир чеккасидаги қолоқ қишлоқнинг кичкинагина хира дарчасидан  тамаддунлар олами осмонларига мўралашга муваффақ бўлганди. Ивройим Поззиқнинг ўзи ҳам кўп китоб мутолаа этарди. У ўқиган китобларининг тутқич бермас хаёлотига эргашиб, яшаб турган замини тароватидан мосуво бўлган бир шахс эди. Илғор урф-одатлар ва ғояларни ҳаётга тадбиқ этишни билмасди. Аксинча, одамлардан жамиятнинг иллати сифатида жирканишни ва нафратланишни афзал кўрарди. Бу нуқсони уни бошқалардан ҳам кўра жирканч бир шахсга айлантирди. У ҳамманинг устидан кулса, ҳамма унинг устидан куларди. У одамларни кўрганда гердайиб ўтса, улар, “Ивройим Поззиқни илм урган”, дея орқасидан масхаралардилар. Мукаммал яшашга уриниши ва буни эплай олмаслиги унитубанлаштирди. Охир-оқибат у ўнгланолмай, бир умрга қотиб қолди. Ўзини-ўзи синдирди. Буюкларни ўқибуқолмагани унинг фожеаси эди. Ота-онаси ўтгач, ёлғизларнинг ёлғизига, муҳтожларнинг муҳтожига дўнди. Бобосидан қолган хонага қамалиб олди. Отаси тиклаган уйларга уни болалари яқинлаштирмади. Онаси ўлгач, унинг оши-овқатидан, кири-чиридан, қўйингки, иссиқ-совуғидан  ҳеч ким хабар олмади. Хотини ва болаларининг унинг ҳолига бепарволиги қишлоқ аҳли назарида, адолатнинг тантанаси эди.

У ҳам, Махмат Пирриққа ўхшаб, текин еб-ичишни ҳаёти мазмуни деб ўйласа-да, еб, чиқитга чиқариладиганбу иш учун бировларга текин томоша бўлишдан қўрқарди. Махмат Пирриқ Тошкентга келганда, Саид Аҳмад,Неъмат Аминов каби ёзувчиларнинг далаҳовлиларини супириб-сидирар, уйларининг полларини юварди. Далаҳовлиларнинг калитларини кўтариб, бировларга Саид Аҳмаднинг орқасини уқалаб қўйгани билан мақтанарди. Саид Аҳмад кабиларни ҳоли-жонига қўймай, Қоракўлга олиб борар, шу йўл билан ўзини туман раҳбарларига буюк кўрсатмоқчи бўларди. Бошқалар кўзида мавқейини кўтаришга тиришарди. Уларнинг ўхшаш томонлари талайгина бўлса ҳам, Ивройим Поззиқнинг, гарчи ўзи хушласа ҳам, унинг қўлидан бундай ишлар келмасди. Иккалалари ҳам бировлар ҳисобидан еб-ичишни суйса-да, аммо бировга бир пиёла совуқ сувни раво кўрмасдилар. Тошкентга келганларида иззат-ҳурматларини жойига қўйган одамларни, Қоракўлда кўриб қолсалар, баҳона излаб, қочишга тушардилар.

Ошкоралик шамоллари эсиб, Баҳром “Бирлик” ҳалқ ҳаракати асосчиларидан бирига айлангач, у билан Ивройим Поззиқ ўртасида жарлик пайдо бўлди. Бу пайтда у райкомнинг идеалогия бўлимида ишлар, мустақилликка тиш-тирноғи билан қарши ашадий коммунистга айланганди. Бир замонлардаги очиқ ва эркин қарашларидан урвоқ ҳам қолмаганди. У ҳам Махмат Пирриқ сингари Ориф Жуманинг ортидан жосуслик қиларди. Буни эшитиб Баҳромнинг ҳафсаласи пир бўлганди. Барчаси ўтди. У кунлар орқада қолди. Ивройим Поззиқяккаланди. Битта ўзини боқолмагач, республика прокурори ёрдамчиси бўлиб ишлайдиган қайниси ҳузурига бош эгиб келди. Қайниси уни данғиллама ҳовлисига қоравул этиб қўйди. Икки ойга борар-бормас ўзи қоравуллаб турган уйнинг гиламларини сотди. Уни ҳайдаб солишди.

Итга, Қувон сусоқдан баттаркансан, деганда, Баҳром Қувон сусоқнинг одам зоти хаёлига келмайдиган пасткашликларга қодирлигини назарда тутганди. Унинг уккининг тумшуғига менгзаш бесўнақай бурни жуда ҳам катта эди. “Сусоқ” “сув” сўзи ва “соқ” қўшимчаси бирикмасидан ҳосил бўлганди. Сув идиш, яъни чўмич деган маънони англатарди. Бурни катта бўлгани учун ҳамма унга “Қувон сусоқ” дерди. Сут тўла челакни чивиғидан бурнига илса, челак тушмасди. У эл орасида калтафаҳмлиги ва беномуслиги билан ном қозонганди. Минг битта гапидан битта маъно англаган одамнинг боши осмонга етарди. У ўтирган даврадан файз ва тароват қочмасдан олдин одамлар қочарди. Унинг батафсил таърифини келтириш қулоққа малол келиши боис, ортиқ бир нима дейишдан ўзимизни тиямиз…

Ҳали тонг оқаришига анча пайт бор эди. Кун бўйи ухлагани боис Баҳромнинг уйқуси ўчганди. Тўшакда тўлғаниб ётавериш жонига теккач, Маратга қўнғироқ қилишга жазм этди. У жавоб кутаётганди.

– Бегуноҳ ва муҳтожларни ўмариш ўйинида қатнаша олмайман! – деди у.

– Ихтиёрингиз! – деди Марат ҳам. – Ўзингизга қаранг. Бир кун келиб пушаймон еб қолмасангиз бўлгани.

 Елкасидаги оғир юкдан қутулиб, енгил тортди. Қўл-оёқларини чўзиб керишар экан, хотинини туртиб юборди.

Уйғониб кетган хотини ёстиқдан бошини тиклаб:

– Ҳа, дадаси! Сув ичмоқчимисиз? – деб сўради.

– Ухлайвер! – деди у.

У ростдан ҳам чанқаганди. Ошхонага чиқди. Сирли идишдаги қайнатилган сувдан тўйгунча ичди. Ўйдан, иложсизликдан бутун вужуди қақшарди. Кўнгли яна ниманидир тусаётганди. Музлатгичнинг эшигини очди. Кўзлари озиқ-овқатларга тушиб, кўнгли озди. Эшикни қайтариб ёпди. Музлатгичга манглайини босиб, кўзларини юмди. Ғайри оддий ҳислардан юраги сирниқди. Тўрт девор устига оғаётгандек, уни ваҳима босди. Ошхонаданмеҳмонхонага ўтди. Кўзлари жавондаги китобларга тушиб, ўзига кела бошлади. Бир муддат ўтгач, таҳорат олиб, намоз ўқиди. Барибир кўнгли таскин топмаётганди. Кийиниб кўчага чиқди.

(давоми бор)