Биз соғларга Ўзинг инсоф бер!

Биз соғларга Ўзинг инсоф бер!
14 views
13 September 2017 - 12:52

Мен яшаб турган маҳалладаги мачитга ақли-ҳушини йўқотган бир киши намозларга чиқиб туради.

Билмаганлар кўринишидан уни тентак демайди. Кўзи аланг-жаланг қилиб туришини демасангиз, чиройли, тоза кийинади. Йиғиштирилиб жилдига солинган қора шамсиясини қишин-ёзин қўлдан қўймай кўтариб юради.

Беш маҳал демайман-у, аммо кўп намозда кўраман. Имом ҳам, бошқалар ҳам унга парво қилмайди.

Жамоатга такбир туширила бошлаганида сафга бориб туриб олади.

Илк паллалари: “Оббо, ўртага туриб олишини қаранг. Намоз унга фарз бўлмаса, унинг устига, бақириб ҳар хил товушлар чиқариб туради, сафни бузмасдан бир чеккада ўқиса бўлмасмикан”, деган ўй ўтарди хаёлимдан.

Кейин эътибор қилсам, у ўртада қолиб кетмаскан. Такбир тугагунича орқасига қараб, сафга келаётганларни қўли билан ўрнига чорлаб, турғазиб, ўзи четроққа ўтиб оларкан. Ҳатто намоз бошланганидан кейин ҳам кимдир мачитга киргани шарпасини билиб қолса, дарров янги кирганни сафга олиб, ўзи четга чиқиб олади. Кеч қолганимда, масалан, бир-икки марта менга шундай қилди.

Намоздан кейин шамсиясини қўлига олади-да, индамай чиқиб кетади.

Ажойиб! Ўзининг ҳолини биларкан! Соғлар сафи бузилмасин, намози тўкис бўлсин, деркан.

Кейин-кейин унга атай қарайдиган бўлдим ва бу иши мунтазам эканини билдим.

Эй Оллоҳ, шу тентагинг ҳам ўз ҳолини, одамлар орасида ўз ўрнини биляпти!

Биз соғларга Ўзинг инсоф бер!

Кўп соғлар шу тентакчалик эмасмиз. Ўз ҳолимизни, ўз ўрнимизни билмаймиз.

Каттани катта демаймиз, биладиган одамни билади демаймиз.

Ақлимиз етса-етмаса ҳамма гапга тилимизни, муносиб бўлсак-бўлмасак ҳамма жойга бурнимизни суқаверамиз.

Ўйлаб қоламан: тентак уми, бизми? Соғ бизми, уми?

(“Нафсимга ўгитлар” туркумидан.)

Nurulloh Muhammad Raufxon

facebook.com