Йўқ айбларингизни топиб, бадном этишади…

Йўқ айбларингизни топиб, бадном этишади…
74 views
14 September 2017 - 10:19

Ислом ХОЛБОЙ

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

29-қисм

Ғиёснинг гапларини эшитган Баҳром ўйланиб қолди. Унинг барча ишлардан хабари бор эди. У буни шу чоққача унга билдирмаганди. Шамага кўра кўчиш деган нарса қуруқ чўпчакка ўхшарди.

– Айтганларингга қараганда, катта фирибгарлик кетяпти! – деди у. – Барчасини назорат остида ушлаётган бўлсаларингиз, нима учун бу ишни вақтида тўхтатмаяпсизлар? Сизларга нима тўсқинлик қиляпти?

– Саидмат Соттининг орқасида вазирликдагиларнинг ўзлари турипди! – деди Ғиёс. – Ишни тўхтатиш зарур бўлса, ўзлари керакли кўрсатмани берадилар. Унгача бу иш давом этаверади.

– Саидмат Соттининг орқасида вазирликдагилар турган бўлса, сизлар қандай қилиб айбсиз икки юз ўн иккита одамни қамайсизлар? Юқоридагиларга бўйсунмайсизларми?

– Бўйсунамиз, албатта! – деди Ғиёс суюқоёқ хотинлардек илжайиб. – Биз икки юз ўн иккита ишизловчини қамаганимиз билан ширкатнинг ишлари тўхтаб қолмайди. Акси, Намангандан Тошкентга портлашларни содир этиш учун келган терорристларни қўлга олганимиздан бошлиқларнинг боши осмонга етади. Бизларга ташаккурномалар ёзадилар, унвонларимизни оширадилар, бошимизда турганларни вазирликка ишга тортадилар. Бизлар ҳар икки ҳолатда ҳам ютқазмаймиз. Сиз бу нарсаларни яхши биласиз!

– Демак, эшитганларимдан хулоса чиқарадиган бўлсам, ишизловчилар эртага Норвегияга учмайдилар! Буларнинг бариси пул ишлаш учун ташкил этилган ўйин?!

– Албаттада! – деди қулоқларини динг қилиб суҳбатни тинглаётган Ирисмат. – Андижон воқеалари ортидан одамларни чалғитиш учун ўйин ўйналди, холос.

Жавобдан ҳайрон қолган Баҳром унинг ака-укаларининг ҳам ширкатга ҳужжат топширганларини эслади.

– Унда нима учун ака-укаларингизнинг ҳужжатларини Нозима Мунисга олиб бориб бергандингиз?

– Бир тийин пул бермадим аммо! – деди у кулгисини яширишга уруниб. – Улар яқинларим эдими, узоқларим эдими, нима аҳамияти бор? Қўшиб қўймаганимда, наманганликларни ким жойлаштирарди? Теварак-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар хусусида кимдан маълумот олардик? Нозима Мунис билан Саидмат Соттининг меҳмонхонада дон олишаётганини битта ўзим биламан деб ўйламангда, ака!

Барчаси ўйин эканлигига Баҳромнинг ортиқ гумони қолмади. Юраги ғалати ҳислар туйиш ўрнига хотиржам урарди. У неча ойлар бош қотирган жумбоғининг жавобини топганди. Ортиқ чиранишига ҳожат қолмаганди. Ирисматнинг Нозима Мунисга ялтоқланиши сабабини энди тушунди. Унинг беозорлигининг замирида муғамбирлик яширинганди. У чаён каби нишини ичига тортганини на Нозима Мунис, на Баҳром тўғри англаганди.

– Бу гаплардан фойда йўқ! Қандай хулосага келдик? – деди у мавзуга нуқта қўйиш учун.

Унинг иддаоларига Ғиёс ишонмаётганди. Шу тобдаги хотиржамлиги бунга далилдек эди.

– Сиз бу нарсаларни биздан яхшироқ биласиз! – деди у. – Аниқ режаларингиз бўлмаганда, бу ишга бурун тиқмасдингиз. Маълумотларни таҳлил қилиб чиққан бошлиқ, қанчалар тоза ишлаётганингизни кўриб, оғзи очилиб қолди. Эплаяпсиз, ҳалолингиз бўлсин!

– Бу гапларнинг кимга кераги бор? – деди тағин Баҳром. Бу масалада ўзини оқлаш аҳмоқлик эканлигини у яхши тушунарди. – Бўладиган гапни гапиринглар. Мен сизлар ўйлаган даражада тубанлашиб кетмаганман ҳали. Нима деб ўйлаш ўзларингизнинг ишингиз, менга қизиғи йўқ!

Баҳромни устомонлик билан мот қилмоқчи бўлиб Ирисматнинг отган ўқи мўлжалга тегмади. Бундан Ғиёс хурсанд бўлди. У мақтанмоқчи бўлиб, касбий сирларини фош этаётганди.

– Бояги айтганларимда! – деди у. – Пулни олиб келганингизда икки мингини чегириб қоласиз.

– Мен ўртакаш ҳам, қўшмачи ҳам эмасман! – деди Баҳром. – Менга пулларинг ҳам керакмас. Таваккал билан учраштирсангизлар, унга вазиятни тушунтираман. Хоҳласа, ўзи сизлар билан келишиб олади. Хоҳламаса, билганларингиздан қолманглар!

– Ўзи билан келишиш керак бўлганда, шу пайтгача келишардик! – деди ҳафсаласи пир бўлаёзган Ғиёс.

– Айнан шундай қилишларингизга нимадир монелик кўрсатяпти. Шу нарса бўлмаганда, бу иш менгача етиб бормасди!

Ғиёс ўлганнинг кунидан мийиғида кулиб қўйди.

– Яхшиям, соҳада ишламайсиз! – деди у. – Ишлаганингизда, ходимларни қонига ташна этардингиз. Майли, сиз айтганча бўлсин. Ирисмат сизни Таваккалнинг олдига бошлаб боради. У шартга кўнса, маҳаллага қайтиб, ишизловчилар аввалги турган жойларида тураверадилар. Ишлари бир ёқлик бўлганча, ўзимиз қараб турамиз. Истамаса, чора қўллашга мажбурмиз.

Баҳром ўрнидан туриб, эшик томонга юрди. Ирисмат қоққан қозиқдек жойида қотиб қолганди.

– Тинчликми? Ҳайкалдек совуқ термуласан? – деди уни тушунмаган Ғиёс.

– Бўлиб ўтган гап-сўзларни Нозима Мунис билмаса тузук бўларди! – деди у.

– Энди ақлинг кирдими? Бир нима дейишдан олдин ўйлаш керак эди. Бор, боравер, бу одам нима қилишни ўзи яхши билади…

Тажриба ўтаётган талаба назорати остида Таваккал деразадан термулиб ўтирарди. Баҳромни кўриши билан ўрнидан ирғиб турди.

– Қорин полвон, ўтир жойингга! – деди унга Ирисмат.

У бир лаҳза ўзини йўқотиб қўйди. Сўнгра ўтириб олди.

Неваралар кўрган бир одам ўзидан ўн беш ёшлар чамаси кичикроқ ҳуқуқ-тартибот ходимини зуғумидан қўрқиб-қақшаса, кўзга ғалати кўринаркан. Устига-устак, у айбсиз бўлса. Ўсал бўлмасин деб ўйлаб, Баҳром унга қўл узатди. Қалтираётган Таваккал ўлгани кунидан базўр қўл чўзди. У кўз қири билан Ирисматга қарарди. У, “қўлингни, торт”, деса, тортишга шай турарди. Кўришишмаганларидан буён унинг қорни, янаям катталашиб, икки чаккасини гўшт босганди. Вужудини ёғ қоплаганидан ҳансираб нафас олаётганди. Устидаги кўйлаги тердан жиққа ҳўл эди. Сих-сих бўлиб диккайиб турадиган сочлари ётиб қолганди. У илгариги Таваккал эмасди. Кўп еб-ичганидан ёғи чиқиб, йилтиллаётган юзи унинг Нозима Муниснинг етовига тўлиқ кирганидан дарак берарди. У бошида алоқани ушлаб турган бўлса ҳам, охирги пайтларда Баҳромни йўқламай қўйганди. Оёқларига тушов тушганда, Баҳромнинг пайдо бўлиши шунинг учун уни саросимага солганди.

Бу ҳолатни Баҳром сезиб турарди.

– Менинг бу ишлардан хабарим йўқ эди! – деди у Ирисмат амалиёт ўтаётган йигитни даҳлизга чақириб олгач. – Мени Нозима Мунис уйимдан бориб олиб келди. Масалани ҳал этадиган одам билан гаплашиб чиқдим. Уни пул қизиқтиради. Ўзингиз билан келишишга кўндирдим. Шартларига дарров рози бўлманг, қўрқмасдан талашиб-тортишаверинг. Оғизларига сиққанича сўраганлари билан озроғига ҳам қони бўладилар. Келиша олмасангиз, оқибати ёмон бўлади. Айбларингиз, наманганликсизлар, тирноқ тагидан кир қидиришади. Йўқ айбларингизни топиб, бадном этишади…

У зинапоялардан тушиб бораркан, кўп ўтмай ўзининг қўлларида кишан, миршаблар назорати остида шу жойларда, хор-зор бўлиб юришини хаёлига ҳам келтирмасди. Фикри-хаёли Таваккалда эди. Унинг вазиятни тўғри баҳолаганидан хурсанд эди. У бегуноҳ одамларнинг туҳматга учрашини истамасди. Бошқарма ҳовлисининг бир бурчагида, сотувга қўйилган куркалардай, ишизловчилар тўда бўлиб турардилар. Йўлсумкалар чим устига уйиб ташланганди. Бу пайт Баҳромнинг қулоқлари остида ҳамон Ирисматнинг овози жарангларди. Гапдан-гап айириб англадики, унинг ўзи ҳам Нозима Мунис каби назорат остида эди. Нозима Муниснинг атрофида изғиб юрганларнинг кўпчилиги хавфсизлик ташкилотлари фойдасига жосуслик қилаётган чақимчилар эдилар. Буни унинг ўзи билмасди. Айтса, ишонмасди. Демак, наманганликларни чув туширганлар ҳам ўшалар эдилар. Ирисматнинг Нозима Муниснинг қизидан қўл узмаслиги сабаби ҳам энди ойдинлашаётганди. Барчаси пухта ишлаб чиқилган режа асосида олиб бориларди. Бошқарув ричаклари юқорида эди. Ҳаттоки Саидмат Соттига йўл-йўриқ кўрсатаётган ўша “кўринмас қўл”лар Нозима Мунис билан Баҳромни ширкат ишига ўзлари танлаган бўлишлари ҳам эҳтимолдан холи эмасди. Икки юз ўн иккита ишизловчи чўнтагида ярим милён доллар пул борлигини уларнинг билиб тургани барча жиҳатлар пухта ўйланганини кўрсатарди. Шунча ишизловчи ширкатга беш минг доллардан тўласа, бир милён олтмиш минг доллар пул бўларди. Шундан тенг яримини “кўринмас қўл”лар, Саидмат Соттини ишга солиб, Нозима Муниснинг қўллари билан шилиб олган бўлса, ишизловчиларнинг чўнтакларида ҳақиқатан ярим миллиёндан кўпроқ пул қоларди. Ишизловчилар бу ердан қутулиб чиққанларида ҳам, вақти етиб, қолган пулларни “кўринмас қўл”лар барибир улардан тортиб олардилар. Ирисматнинг сўзларидан бу очиқ-ойдин кўриниб турарди. Саидмат Сотти билан Нозима Муниснинг дон олишаётганидан уларнинг хабардорлиги барчасидан ҳам даҳшатли эди. Оғзидан гуллаган Ирисмат бу билан Баҳромнинг тўлиқ назорат остидалигини билдириб қўйди. Ўзининг қувлигини кўрсатаман дея қовун туширди. Ғиёс уни тўхтатиб қолишнинг иложини қилолмади. Хавфсизлик ташкилотидагилар бу ишлардан хабардорларми, Баҳром билган бу нарсаларнинг барчасини Саидмат Соттининг билмаслиги мумкин эмасди. Балким ҳомийлари унга буни билдирмаган бўлишлари ҳам мумкин эди. Нима бўлганда ҳам, Саидмат Соттини Нозима Мунисга йўллаган ўша “кўринмас қўл”лар эканлиги энди унга маълум эди.

Вазият оғир, хавф-хатар кўлами ниҳоятда улкан эди. Аслида хавф-хатар ҳар доим ҳам ҳозиргисидан кам бўлмаганди. Аҳволдан том маънода бехабарлик уни кичрайтириб кўрсатаётганди. Ҳолатни англаса, ҳар қанақа кимсада ҳам масъулият ҳисси ошарди. Иложсизлик юракни эзиб, изтироб кучаярди. Дунё қиёфасини ўзгартириб, фикрлар торайиб кетарди, хаёллар қанотларидан ажралардилар. Одам ердан узилмаса, учолмай қолади. Айниқса, ерга қапишиб учиб юрган бўлса…

(давоми бор)