“Аллоҳу Таоло севган кишини мен қандай севмайин!”

“Аллоҳу Таоло севган кишини мен қандай севмайин!”
94 views
15 September 2017 - 7:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(24)
(давоми)

Муҳаммад бин Сиран дейди: “Зинҳор бир муддат яхши амал ишлаб, сўнгра танаффус қилма. Чунки тавбасини бузгандан сўнгра нажот топган кимса йўқдир”.

Тавбакор ўз тавбасини бузмаслик учун ўлимни кўз олдида тутмоғи керак, эски гуноҳларини хотирлаб, тез–тез Аллоҳдан авф тилаши, тавбани насиб этгани учун Аллоҳга шукр этиши ва охиратда олажаги савобни ўйлаши керак.

Чунки охиратни ўйлаган киши қувватли бир орзу билан яхши амаллар ишлашга йўналади ва ёмонликлардан нафрат қилади.

Зайд бин Ваҳбнинг айтишига кўра, бир куни Абу Зарр (ундан Аллоҳ рози бўлсин) Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: “Ё Расулоллоҳ, бизга Ҳазрати Мусонинг “Суҳуф”ининг мухтоваси ҳақида бир оз билги бер” деди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай жавоб берди: “”Суҳуф”да шу олти жумла бор эди:

1.“Жаҳаннамнинг борлигига қатъий ишонадиган кишининг қандай кула олишига ҳайрон қоламан”.

2.Ўлимнинг ҳақиқат эканлигига ишонган кимсанинг қандай севинишига ҳайратланаман.

3.Ҳисоб кунининг муқаррарлигига ишонган одамнинг ёмонлик қилишига ҳайратланаман.

4.Қадарга (тақдирга) ишонган кишининг қандай қилиб хафа ҳол бўлиши мумкинлигига ҳайрон бўламан.

5.Дунёнинг ва дунёликларнинг ўзгарувчанлигини, келиб–кетувчилигини кўриб ҳам, дунёга боғланган кимсага ҳайрон бўламан.

6.Жаннатнинг борлигига қатъий ишонган кимсанинг қандай яхши амал ишламаганига ҳайрон бўламан. Ла илаҳа иллоллоҳ Муҳаммадур – Расулоллоҳ”.

Айтилишига кўра, Абдуллоҳ бин Масъуд (ундан Аллоҳ рози бўлсин) бир кун Куфа шаҳрининг бир маҳалласидан кечар экан, гуруҳ ҳолида ичкилик ичаётган фосиқларни кўрди. Уларнинг орасида Разан исмли бир қўшиқчи бор эди, у ҳам соз чалар, ҳам қўшиқ айтарди. Саси гўзал эди.

Абдуллоҳ бин Масъуд унинг сасини эшитиб, “на гўзал овози бор! Кошки, шу гўзал овозни Аллоҳнинг Китобини (Қуръонни) ўқиш учун қўлланса эди!” деди ва ўтиб кетди.

Розан унинг гапирганини эшитди ва “ким бу одам?” деб сўради. “У Пайғамбаримизнинг саҳобийларидан Абдуллоҳ бин Масъуддир” дейишди.

Розан “хўп, у нима деди?” деб сўради. “На гўзал овози бор, кошки уни Аллоҳнинг Китоби Қуръонни ўқиш учун қўлласайди, деди” деб жавоб бердилар.

Буни эшитиб, Розаннинг қалбини ғалати бир қўрқув қамради. Дарҳол ўрнидан турди, созини қўлига олди, уни ерга уриб, парчалади. Абдуллоҳ бин Масъуднинг орқасидан чопа бошлади ва ниҳоят, унга етиб олди. Унинг ёнига борганида Розан бир тарафдан ичкилик ҳиди келмасин, деб оғзига рўмолини қўярди, бошқа тарафдан ҳўнгир–ҳўнгир йиғлар эди.

Бу ҳолатни кўрган Абдуллоҳ бин Масъуд уни қучоқлади ва бирга йиғлай бошлади. У йиғлар экан, нуқул “Аллоҳу Таоло севган кишини мен қандай севмайин!” дерди.

Розан шу ондан бошлаб, бутун гуноҳларидан тавба этди ва Абдуллоҳ бин Масъуднинг ёнидан ҳеч айрилмади. У аввал Қуръон ўқишни, кейин бошқа илмларни ўрганди. Ҳатто замонасининг илғор олимларидан бўлди ва Абдуллоҳ бин Масъуддан кўпгина ҳадислар ривоят этди.

Отамнинг айтишига кўра, Бани Исроилда бир бузуқ хотин бор эди. У ўз гўзаллиги билан ҳаммани сеҳрлаганди. Уйининг эшиги доим очиқ турарди. Бу эшикка яқинлашган ҳар ким у ерга қандай кирганини билмай қоларди. Хотинни кўрган ҳар ким ундан айрилмасди. Эркаклар унинг ёнига кириш учун сариқ лира беришлари керак эди.

Бир куни бир обид ўша хотин эшиги ёнидан ўтиб қолди. Обид деразадан у хотинни кўриб, мафтун бўлди. Нафсига қарши келишга уринди, Аллоҳга “бу орзуни қалбимдан ўчир” дея ёлворди, аммо муваффақ бўлолмади. Нафс билан жангда мағлуб бўлди, ёнидаги бир парча газмолни сотиб, хотиннинг ёнига кириш пулини тўлади.

Хотин кириш пулини одамларига берди ва обидга бошқа бир соатда учрашувга вақт берди. Обид учрашув вақтини интизорлик билан кутди ва ниҳоят хотиннинг ёнига кирди. Ва хотинни қучоғига олиб, у ер бу ерини ушлай бошлаганда, Аллоҳнинг раҳмати обиднинг имдодига етишди, унинг хаёлидан шу фикр кечди: “Аллоҳу Таоло шу онда Арш устида мени бу ҳолатда, ҳаромга қўл урган онимда кўраяпти. Бугунгача ишлаган амалларим ҳаммаси ўчирилади!”.

Бу туйғу таъсирида обиднинг юрагига бир қўрқув тушди, қўллари титрай бошлади, ранги ўчди.

Хотин буни кўриб, “сенга нима бўлди?” деб сўради.

Обид “мен Роббимдан қўрқаяпман, изн бер, мен бу ердан чиқаман” деди.

Хотин, “Эй, жулдурвоқи одам! Сендаги бу фурсатни қўлга киритмоқ учун қанча киши талпинмоқда, сен эса!…” деди обидга.

1.Мен Аллоҳдан қўрқаман. Ичкарига кириш учун тўланган пул сенга бўлсин, изн бер, мен чиқиб кетайин – деди обид.

2.Сен бу ишни бугунгача ҳеч қилмаганга ўхшайсан – деди хотин.

3.Йўқ, ҳеч қилмадим – деб жавоб берди обид.

Хотин унинг исмини сўради, обид исмини ва яшайдиган қишлоғини айтди. Сўнгра хотиннинг ёнидан чиқди, йиғлаб–йиғлаб уйига қайтди.

Бу сафар обиднинг воситасида хотиннинг қалбига бир қўрқув тушди. Хаёлидан шу фикр кечди: “Бу одам илк даъфа гуноҳ ишлашига қарамасдан, нақадар қўрқди! Мен эса, йиллардан бери бу гуноҳни ишлаяпман. Унинг ичига қўрқув солган Аллоҳ менинг ҳам Аллоҳим–ку! Мен ундан кўпроқ қўрқишим керак, аслида!”.

Ва хотин бутун гуноҳлари учун тавба этди, эшигини беркитди. Содда бир кўйлак кийиб, ўзини ибодатга берди.

Бир муддат ибодат билан машғул бўлгандан сўнгра, хаёлига “ўша обидни бир зиёрат қилай, балки, менга уйланар. Шунда унинг ёнида бўлиб, диним ҳақида билги оларман, у Аллоҳга қандай ибодат этилажагини менга ўргатар” деган фикр келди.

Хотин ёнига кўп кийим–кечак ва хизматчи олиб, йўлга тушди. Қишлоққа бориб, обидни сўради. Обидга бир хотиннинг уни сўраётганини билдиришди.

Обид хотиннинг ёнига келди. Хотин унга юзини очди. Обид уни кўриб, таниди, гуноҳи эсига тушди ва бир наъра тортди ва ўлди.

Хотин буни кўриб қотиб қолди.

Сўнгра буюк бир қайғу билан у ердаги оломонга шундай деди: “Мен бу зот учун бу ерга келгандим. Унинг уйланишни истаган бир қариндоши йўқми?”.

У ердагилардан биттаси “обиднинг бир укаси бор, аммо у жуда йўқсил” деди.

Хотин “зарари йўқ, менинг мол–мулким кўп” деди.

Обиднинг укаси хотиннинг ёнига келди. Улар турмуш қурдилар. Бу никоҳдан хотин еттита ўғил туғди, уларнинг ҳаммаси навбат билан Бани Исроилга пайғамбар ўлароқ юборилди.

Тўғрисини Аллоҳу Таоло билади.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси