Ҳурлик олган бу миллат, ўзига аср энди

Ҳурлик олган бу миллат, ўзига аср энди
71 views
15 September 2017 - 8:00

Ислом Холбой

Ўзига аср, энди…

Бузилди қалб қўрғони, оғди минг йиллик бино,
Жаҳолат элда байроқ, урф-одат бўлди зино,
Уйдан чиқмай эркаклар, кафтига қисди хино,
Аёллар кўчаларда, меҳнатга аср энди.

Ўқимай дониш бўлмоқ, раиятнинг истаги,
Алифдан кўр қозилар, мамлакатнинг тиргаги,
Озодликдан миллатнинг рўёб бўлди тилаги,
Қалъалар топди, завол, кулбалар қаср энди.

Илм олиш шарт эмас, қўлда бўлса ҳужжати,
Чўнтагида дастмоя, пора – яшаш ҳикмати,
Иш бошласа, ҳар соат, ошар қадр-қиммати,
Ҳур, мустақил оталар, зафардан масрур энди.

Эҳтиёж туғилмасдан ғойибдан келди ҳурлик,
Ичдан талаб бўлмаса, “ҳур” кўринмоқ кўргулик,
Озод бўлмоқдан олдин, жоиздир, руҳий бирлик,
Ҳурлик олган бу миллат, ўзига аср энди.

* * *

90-йиллар шеърияти
(Йиллар азоби)