Бутун бошли жамият онгида қонунсизлик муҳити шакллантирилганди

Бутун бошли жамият онгида қонунсизлик муҳити шакллантирилганди
42 views
16 September 2017 - 11:33

Ислом ХОЛБОЙ

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

30-қисм

Баҳром кўчага чиқди. Дарвоза олдида қўлларида фуқаролик паспортларини ушлаган олтмишдан ошиқ одамлар турардилар. Уни Ғиёснинг югурдаги ичкарига олиб кириб кетганда, у бу одамларга эътибор бермаганди. Улар беш-олтидан бўлиб гуруҳларга бўлингандилар. Гуруҳга бирикканларнинг бир-бирларига қариндош-уруғ ёки жонкуяр эканликларини фаҳмлаш қийин эмасди. Азага келгандай уларнинг ранг-рўйлари етти ботмон, ғам-андуҳдан юракларига қил сиғмасди. Хазон урган япроқдек сарғайиб, чуқур тортган юз-кўзлар буни сўзсиз айтиб турарди. Бу жойда қабристондагидек оғир сукунат ҳукм сурарди. Бу кимсаларнинг қўлларидаги фуқаролик паспортлари уларнинг шахсини тасдиқлашдан бошқасига ярамасди. Демократик жамиятларда фуқаронинг шаъни-шавкати бўлишга арзийдиган бир парча қоғоз ҳар не деганда ҳам бу мамлакатда эгасидан обрўлироқ эди. Ундаги рамзлар президентнинг жонсиз тимсоли эди. Шу сабаб мулозимлар у билан ўйлаб муомалада бўлардилар. Давлатнинг тирик рамзлари бўлган фуқароларнинг эса бир парча қоғозчалик қадри йўқ эди. Шу учун улар то дарвозадан ҳибсхона ёинки тергов хонасигача миршабларнинг кафтига пул қистириб етиб борардилар. Бўлмаса, жигарларини кўра олмасдилар. Ул-бул келтирганларини беролмасдилар, ҳол-аҳвол сўролмасдилар…

У йўлни кесиб, нари юзига ўтди. Машинани қолдирганда бу жойларда дарахтларнинг қуюқ сояси ҳукмрон эди. Икки соат ўтиб, барчаси ўзгарганди. Ҳар қадамда соя билан офтоб ўрин алмашганди. Қуёш тиғида аланга қайтараётган машинада Нозима Мунис терлаб-пишиб уни кутаётганди.

Рулга ўтирган Баҳром моторни ўт олдирди.

– Ёниб кетибди, машинадан тушиб сояда турсангиз бўларди-ку! – деди у.

– Иш нима бўлди, укажон? Иссиқ-совуқнинг фарқига борадиган пайтми ҳозир! – деди у қўлидаги рўмолчаси билан юз терларини артиб.

– Қаерга борамиз? – деб сўради Баҳром гап гапириш фойдасизлигини англаб.

– Ишлар нима бўлди? Ичим куйиб кетяпти! Тезроқ гапирсангизчи?! – дея у бақириб юборди.

– Ташвишланманг, ҳаммаси жойида бўлади. Бир-икки соат ичида ишизловчилар тураржойларига қайтадилар!

Буни эшитиб аёлнинг елкаларидан тоғ ағдарилди. Чуқур нафас олиб, уфлаб юборди.

– Кўчишга бир кун қолганда ишимизнинг пачаваси чиқмаса деб қаттиқ қўрққандим! – деди у. – Ирисматнинг борига шукур. У бўлмаганда, бехабар қолардик. Барчаларини қамардилар. Наманганлик бўлмай ҳар бало бўлгурлар, ҳамманинг кўзи ўшаларда. Нима маразлари бор, Худо билади. Ирисматнинг олдида яна қарздор бўлиб қолдим. Эгри бўлса ҳам, қийшиқ бўлса ҳам, ўзингникидан қўймасин экан. Укажон, машинани қадрдон қаҳвахонамизга ҳайданг!

Баҳром индамай борарди. Нима дейишни билмасди. Нозима Муниснинг ҳеч нимани тан олмаслиги аён эди. Одам ҳам шунчалар гўл бўладими, деб ўйлаб бўғиларди у. Бошига кўргуликлар солаётган Ирисматни у оғзидан бол томиб алқарди. Баҳром бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни оқизмай-томизмай сўйласа, у ўлса ишонмасди. Унга, буни тушунтирмоқчи бўлган кимсанинг иккита боши бўлиши лозим эди. У бирини узиб ташласа, бошидан жудо бўлган одам иккинчи бошини ўртага қўйиб, унга вазиятни тафтиш этиб берарди. Демакки, унинг кўзини очиб қўйиш имконсиз экан, бир кун тоқат этишдан ўзга чора йўқ эди. Ақл-идрок ва тил баён этишга ожиз нарсаларни унга вақт уқтирарди.

– Нима учун индамаяпсиз? – деди Нозима Мунис. – Таклифим ёқмаётган бўлса, ўзингизга қаранг!

– Сиз ўйлагандай эмас! – деди Баҳром. – Эрталаб нонушта этишга улгурмагандим. Кўнглим беҳузур бўляпти.

– Фақат шугинами? – сўради Нозима Мунис. У ўтган вақт мобайнида, Баҳромни анча ўрганганди. – Фақат шу бўлганида, рангингиз бу қадар оқариб кетмасди.

– Оқариб кетибманми? – дея у машинанинг кўзгусига қаради. – Иссиқдан бўлса керак. Ширкатнинг ишлари қонуний бўлса, нима учун хавотир олишимиз керак? Шунга ақлим етмаяпти. Саидмат Сотти ширкат юристи Рано Кулиевна билан келиб, ҳужжатларни тақдим этса, ишизловчиларни сарф-харажатларсиз олиб чиқса бўларди. Осмон узилиб ерга тушмасди!

У шу йўл билан норозилигини баён этса, Нозима Мунисни жилла қурсин тушунар деб ўйлади.

– Қўнғироқ қилдим! – деди у. – “Катта бошимни кичик этиб, ўшаларга ялиниб юрмай. Очофатларга уч-тўрт сўм беринглар. Кўнмасалар, юқоридан айттираман. Ҳозирча уларни безовта қилмайлик”, дегач, Ирисматга учрадим. У сизни топиб келишимни маслаҳат берди.

Саидмат Соттининг ўзини можорадан четга олаётгани сабаби энди Баҳромга маълум эди.

– Саидмат Соттти билмаса гапирмайди! – деди у изтиробини яшириш учун. – Шундай қиляптими, демак, у тўғри қиляпти. Унинг обдон ўйланган дастурамали бор. Чунки у биз билмаган кўп нарсалардан бохабар.

– Мен ҳам шундай деб ўйлайман! – деди Нозима Мунис. – Уни дуч келган жойга тиқаверсак, ўзимизнинг нуфузимизни йўқотамиз.

Улар тамадди этиб ўтирганларида Таваккал қўнғироқ қилди. У ҳаммаси жойига тушганини айтиб, Баҳром билан бирров кўришмоқчилигини билдирди.

Ўзида йўқ хурсанд Нозима Мунис:

– Баҳром билан бир-икки ишни битириб, кейин сизлар тарафга ўтамиз. Бемалол дамларингизни олаверинглар! – деди унга.

Баҳромни ҳаддан зиёд ҳайратга солаётган бир жиҳат бор эди. Кўчишга тайёр турганларнинг қўлларида чипталари бўлиши керак эди. У бирор мутасаддидан бу ҳақда сўраб-суриштирмаганди. Нозима Мунисдан билишнинг иложи йўқ эди. Сўраса, асаби бузилиб, қутуриб кетарди. Ўта нозик бу масалада бош қотиришни у бемаънилик деб ўйларди. Четга чиқаётган кимсанинг паспортига ўша давлат элчихонаси томонидан виза рухсатномаси қўйилишини у билишни истамасди. Паспортида визаси йўқ фуқаро чипта сотиб ололмасди. Устига-устак, бу ерда Норвегия элчихонаси йўқ эди. Ҳужжатлар Москвада расмийлаштириларди.

– Паспортларга виза рухсатномаси ёпиштирилиб, учоқ чипталари сотиб олиндими, ишқилиб? – дея сўради у ахири юрак ютиб.

– Бу ишларнинг барисини “Агентство” аллақачонлар ҳал этган! – деди Нозима Мунис. Унинг кайфияти жойида эди. – Бугун Саидмат Сотти эртага соат нечада қўналғага ишизловчиларни олиб чиқишимизни айтади.

– Паспортлар эгаларидан териб олинганми?

– Пастпортлар эгаларининг қўлида! Тошкентда паспортсиз қадам босиб бўларканми?!

– Ишизловчиларнинг паспортлари ҳалигача қўлларида бўлса, виза қачон босилади? – сўради Баҳром. – Худо ҳақи, ҳалигача ҳеч нимага ақлим етмаяпти!

– Бу нарсалар Саидмат Соттининг вазифасига кирмайди! – дея Нозима Мунис эски дийдиёни бошлади. – Эртага беш юзта ишизловчига Норвегиядан битта виза рухатномаси келади. Меҳнат вазирлиги буюртма берган чартир рейс беш юз ишизловчи ортиб Ослога учади. Бу ерда тушунарсиз нарса йўқ-ку!

Нозима Мунис нима деётганини ўзи билмасди. У билан гап талашиш фойдасиз эди.

– Бугун, мен сизга керак бўламанми? – сўради Баҳром.

– Зарур ишингиз борми?

– Зарур ишим йўқ! – деди у. Икки кундан буён хабарлашмаганингизга бошқа ҳайдовчи топдингизми деб ўйлаяпман!

– Сиз менинг ҳайдовчим эмас, укамсиз! – деди Нозима Мунис. – Сиз ҳам мени опа ўрнида қабул қилгансиз, деб умид қиламан. Мендан ноўрин ранжияпсиз. Бош қашлашга вақт тополмаяпман.

У очиқчасига ён бераётганди.

– Ранжиётганим йўқ! – деди Баҳром ҳам. – Вақт бемололида борадиган жойларингизга бориб чиқайлик, турдикми?

Нозима Мунис биринчи бўлиб Қурияга кетиш учун Тошкентда тўхтаган учта гуруҳ билан учрашди. Бу гуруҳларни Настя “Агентство”да ишлайдиган Рустам деган одам орқали жўнатаётганди. Ишизловчиларнинг умумий сони юздан ошарди. Улар “Агентство” қошидаги тайёрлов марказини тугатиб, депозитга бир минг икки юз доллардан пул қўйгандилар. Буни ўз кўзи билан кўрган Баҳромнинг уларнинг учишларига ишонишдан бўлак иложи қолмаганди.

Нозима Мунис уч гуруҳ ўртасида ҳам президентга ўхшаб пала-партиш ва ёлғон-яшиқ нутқ сўзлади. Уларни сабр-бардошли бўлишга чақирди.

– Мустақиллик чексиз имкониятлар берди. Бизларга дунёнинг эшикларини очди! – деди у. – Президентимизга раҳмат дейишимиз керак. Ота-боболаримиз шундай ёруғ кунларни кўролмай ўлиб кетдилар. Еганимиз олдимизда, емаганимиз кетимизда, шукур этайлик. Озгина сабр этсак, Сеулга учамиз. Ишсизлик, пулсизлик ортда қолади. Бу кунларни кўрмагандек бўлиб кетамиз!

Охирида Нозима Мунисни дўппи кийган, жингалак сочли “Агенство”нинг ходими, ўша Рустам қаршилади. У олтмиш ёшларни қоралаган бир кимса эди. Унинг қўлида ҳужжатлар бор эди. Сентябр ойида ишизловчилар учиб кетадилар, деган ваъдасида у собит турганини айтди. Нозима Мунис унинг сўзларига шубҳа этмаётганини, яна юзта ишизловчини тайёрлаётганини айтиб мақтанди.

Икки ўртада Настя билан Рустам турган бўлса ҳам, ишизловчилар олдида жавобгар шахс Нозима Мунис эди. Ишизловчилар пулни унинг қўлига санаб бергандилар. Уларни ўртакашлар унга олиб чиққандилар. Ўртакашлар ҳар бир киши учун юз ёки икки юз доллар хизмат ҳаққи олгач, жавобгарликни зиммаларидан соқит этардилар. Ўйиндан чиқиб янги ишизловчиларни қидирардилар. Нозима Муниснинг бу усулга қизиқиши сабаби шу эдики, унинг билан алоқа боғлаган ишизловчи ўзи эртасига тағин беш-ўн ишизловчини унинг олдига эргаштириб келарди.

Сўнгра Нозима Мунис Норвегияга учишга шай турган уч юздан ортиқ ишизловчилар билан суҳбатлашиш учун шаҳарнинг тўрт бурчига ўттиз иккининг мокисидек бирма-бир бориб чиқи. Бу жойдагиларга ҳам юқоридаги сингари нутқ ирод этди. Сеул билан Ослонинг ўрнини алмаштирди, холос. Уларнинг орасида Баҳром танийдиган бир неча кимсалар бор эди. Бошқа ишизловчилар каби улар ҳам хурсандликларидан териларига сиғмасдилар. Улар ҳам маҳаллаларига хайр-худойи бериб қайтгандилар. Икки йилнинг бу ёғида кўришмаймиз, дея, оилалари ва қариндош-уруғлари билан хайирлашиб уйларидан чиққандилар. Баҳром бир нечасининг бошланғич харажатларини чўнтагидан тўлаганди. Улар ҳам кетувчилар рўйхатида эдилар. У қарзини сўраганда, улар Нозима Мунисга берганларини айтиб, орани очиқ қилишга тиришдилар. У “Ўзимиз келишиб оламиз” дея уларни тинчлантиришга мажбур бўлди. Бўлмаса, барча кўнгилсизликларга у сабабчи бўларди. Ғалвирни сувдан кўтарадиган кунга бир кун қолганди. Бир кун тишини тишига қисса, осмон узилиб ерга тушмасди. Ишнинг миси чиқиб турганини билгани учун у яқинларига учоқ чиптаси қўлларига тегмагунча қолган пулни тўламасликни уқтирди. Улар эса барча харажатларни қўлларидан Нозима Муниснинг тийин-тийинигача олганини айтдилар. Буни эшитиб Баҳромнинг дами ичига тушди. Нима дейишини билолмай қолди.

У ярим тунда Нозима Мунисни Султонбоғи кўчасида қолдирди. Ўзи уйига қайтди. У одамларнинг гўлликларидан афсусланарди. Жамиятнинг шу аҳволга тушишида ҳукуматнинг айби чексизлигидан бўғиларди. Одамлар ҳиссаси ҳукуматникидан кам эмаслигини ўйлаб боши қотар, пешонаси тиришарди. Бутун бошли жамият онгида қонунсизлик муҳити шакллантирилганди. Бу жабҳада зиёлилар ташаббускор эдилар. Фуқароларнинг қонунларга муносабати салбийлиги уларнинг ўзларининг ҳақ-ҳуқуларини чегаралар – ҳукуматнинг мустабидлигини таъминларди. Асрлар бўйи суринкали равишда алданаётганлари боис, одамлар хавфсизлик ташкилотларига душманга қарагандек қарардилар. Ҳаракатларининг қонуний ёки ноқонунийлигини мазкур идоралар орқали текшириб кўришни пасткашлик ёхуд сотқинлик деб ўйлардилар. Ҳолбуки, улар сарватларини, эркларини сотаётгандилар. Келажакларига хиёнат этаётганларини англаганларида эдилар, улар бу каби қабоҳатга қўл урмаган бўлардилар. Президент қонунларга реклама ролигига қарагандек беписанд қараганлиги учун қонунлар амалдаги ижросини тополмасди. Барисига акс таъсир кўрсатарди. Бу қонунларнинг айби эмасди. Ҳукумат ва фуқароларнинг ўзлари яратган қонунларни ўзлари поймол этишининг намойиши эди. Бу жаҳолатнинг ғалабаси эди. Бу ҳолат на ҳукуматга, на жамиятга яхшилик келтирарди. Баробарида, буюк бир миллатни саркардасиз ва қуролсиз қўшинга айлантирганди. Ҳукуматни ношуд нотиқ сингари масхараларди, мулозимларни думсиз маймунлар каби таҳқирларди. Бироқ ҳеч ким хафа бўлмас, ҳеч ким йиғламасди. Чунки барчалари юз бераётган ҳолатнинг тескарисидан туриб қарардилар. Тескарисини амалга ошираётганлари учун тескарисини кўрардилар. Шунинг учун шодмон эдилар, осмонда эдилар, гўёки омонда эдилар…

Эртаси кун Саидмат Сотти йўқолиб қолди. Баҳром Нозима Муниснинг ёнида ўтириб, ярим тунгача унинг қўнғироғини пойлади. У ҳаммасини билар, фақат тўғрисини айтолмасди, айюҳаннос солишдан энди фойда йўқ эди. Милтиқдан ўқ кўчганига ойлар ўтганди, тепкини қурбонларнинг ўзлари босгандилар. Улар ўзларига-ўзлари ўқ узгандилар. Икки тараф ҳам уларнинг ўзлари эдилар, қочган ҳам, қувлаган ҳам битта одам эди. Барча фалокатларни уларнинг ўзлари бошлагандилар.

Қонунларга тупурадиган Нозима Муниснинг қонулардан бошқа нажоткори йўқ эди. Қонунларнинг Нозима Мунисга тупурадиган кунлари яқинлашаётганди. Мис чақачалик қадр-қиммати қолмаган қонунлар тўмтоқ болтага дўнарди. Қонун посбонлари шу болта билан ҳўл-қуруқ, дуч келганни чопишга тушардилар. Қонунлар – мустабид ҳукмдорга, жиноятчилар – мазлумларга айланардилар. Ўринлар алмашарди. Бузилган мезонлар ҳосил берадиган паллада эди. Бу адолат тантанаси эди. Ёлғондан, кибру ҳаводан, ясамаликдан кўтарилган жаҳолат қасри нурарди, ўприларди, чўкарди. Уни тиклаганларнинг ўзларини босиб қоларди. Шунда ҳам ҳеч ким ибрат кўзи билан боқмасди…

Баҳром тун яримидан кечганда уйига қайтди. Чўмилиб, тўшагига чўзилди. Кун бўйи Нозима Мунисни катта шаҳарнинг тўрт тарафига олиб юриб, итдек чарчаганди. Аммо, кўзлари юмилиб, кетаётган бўлса ҳам, ухлай олмаётганди. Ишизловчилар тонгда уйғониб, барчаси ёлғонлигини билганларида қай аҳволга тушиши уни қизиқтирарди. Уларнинг ўзлари тайёрлаган заҳар заққумидан сараклашларини кўзлари олдига келтириб, юраги ўртанарди. Содир этган жиноятларини кимга тўнкашлари мумкинлигини ўйларди. Ҳақиқий жиноятчини ҳеч кимнинг кўзи кўрмаслигини у яхши биларди… Саидмат Соттига эса уларнинг тиши ўтмасди. Шунинг учун унга ялтоқланардилар. Демак, бутун қаҳр-ғазаб Нозима Мунисга қаратилиши лозим эди. Ишизловчиларнинг биргина унга кучлари етарди. У шунинг учун танланганди. Шунинг учун ҳам у шахмат тахтасидаги асосий тош эди. Ким хавф-хатар сезса, уни олдинга сурарди. У эса бундан фахрланар, қаҳрамонликлар кўрсатишга шайланарди. Чўкиб бораётганидан бехабар эди…

Қуриядан ташқари, яна Норвегияга жўнайдиган беш юз ишизловчи ҳам кўчишга тайёр эди. Ширкатга якка тартибда мурожаат этаётганлар минглаган эдилар. Мингдан ортиқ ишизловчи тайёрлов марказларини тугатиб, кўчиш харажатларини тўлиғича тўлагандилар. Улар бўлаётган ишлардан тўғри хулосалар чиқарсалар, қўлларидаги охирги чақаларни асраб қолган бўлардилар. Бироқ уларнинг эс борида этакларини йиғиштиришлари даргумон эди. Чунки тафаккур этишни хоҳламасдилар, ёлғонлардан юз бура олмасдилар. Улар ақллансалар, ҳушларини йиғсалар – мустақиллик яратган ўзбек феноними пучга чиқарди, “Ўзбек модели” чўпчакка айланарди. Сўнгра улар қандай ухлардилар? Қандай қилиб тонгларни оттирардилар…

Нозима Мунис тахминан минг атрофидаги ишизловчидан уч милён доллар пул йиққанди. Шундан юз-юз эллик мингини Санкт-Петурбургга жўнаган ишизловчиларга сарфлаганди. Юз мингдан ортиғини қарзларини тўлашга кетказганди. Йигирма-ўттиз мингини рўзғорига ишлатганди. Қолгани Саидмат Сотти ва Настяга ўхшаганларнинг қўлига бориб тушганди. У ёғи қоронғи эди. Саидмат Соттининг атрофидаги йигирма-ўттиз ходим ҳам, тахминан, битта Нозима Мунис амалга оширган ишни амалга оширганди. Хомчўт этилса, Саидмат Сотти олти милёндан кам маблағ йиғмаганди.

Бундай чигал вазиятда Баҳром кимга боқишни билмасди. Кимга мурожаат этишга фаҳми етмасди. Майнавозчиликларни ҳамма кўриб, билиб турарди. Кеча Таваккал уни чеккага тортиб, чўнтагига минг доллар пул тиқди. У пулни зўрға қайтарди. Таваккал ўзида йўқ хурсанд эди. Бироқ Баҳром барча нарсалар замирини кўриб туриб, пул олишга ҳаққи йўқлигини у билмасди. Таваккалнинг патини Ғиёс билан Ирисмат битта-битталаб, юлганди. Унинг бўшанглиги учун улар оғзиларига сиққанини олгандилар. Баҳромга минг доллар қистириб қўйишни ҳам Таваккалга улар уқтиргандилар. Баҳром буни сезарди.

Хотинини яна чув туширган Қайим гаранг ҳам тинч тургани йўқ эди. Санкт-Пертбургга борган ишизловчиларнинг бир нечаси Тошкентга қочиб келгандилар. Ўта оғир шароитларга улар дош беролмагандилар. Бу ҳақда улар хавфсизлик ташкилотларига шикоят аризалари ёзгандилар. Яна Қайим гаранг билан Жўн деган кимса бир ишизловчини уриб ўлдиргандилар. Настя Нозима Муниснинг илтимоси билан жасадни Санкт-Петербургдан Тошкентга учоқда олиб келганди. Ўн минг доллар эвазига эгаларини тинчитганди. Барча харажатлар Нозима Мунис ҳисобидан қопланаётганди. Нозима Мунис ва Настянинг устидан хавфсизлик ташкилотларига ўнга яқин шикоят аризаси тушган бир пайтда уларнинг бу қотилликни билмасликлари мумкин эмасди. Баҳромнинг ўйича, барчасини Ирисмат зимдан назорат этарди. Юқори ташкилотларнинг буйруғисиз у ҳеч бир иш чиқаза олмасди. Режа охирига етмагунча “кўринмас қўл”лар Нозима Мунисга қалқон бўлиб турардилар…

(давоми бор)