Рассом Шуҳрат Бобожон асарлари 16 йилдан сўнг илк бор Тошкентда кўргазмага қўйилди

Рассом Шуҳрат Бобожон асарлари 16 йилдан сўнг илк бор Тошкентда кўргазмага қўйилди
79 views
17 September 2017 - 10:15

Шу йилнинг 15 сентябр куни 16 йиллик танаффусдан кейин Тошкентда рассом Шуҳрат Бобожон асарлари илк бор кўргазмага қўйилди. Рассом асарлари пойтахтнинг «Zeroline» галереясида концептуал рассом Вячеслав Оҳунов томонидан ташкил этилган «Қочиш» (Побег) деб номланган тасвирий санъат кўргазмасида тақдим этилди.

Кўргазмада шунингдек Ўзбекистонда турли даврларда яшаб ижод этган 13 нафар рассомларнинг асарлари ҳам ўрин олган.

80-йилларнинг таниқли рассоми ва 2001 йилда мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган мухолиф Шаҳрат Бобожон суратлари сўнгги бор, у Ўзбекистонни тарк этганидан сўнг бир ой ўтиб Германиянинг Тошкентдаги элчихонасида ташкил қилинган кўргазмадан жой олган эди.

Кўргазма ҳақида гапирар экан Вячеслав Оҳунов: «Побег – сўзининг биринчи мазмуни, албатта қочиш – соцреализмдан қочиш, иккинчи маъноси янги ниш ураётган куртакни, кейинги мазмуни эса генерация – келаётган ёш авлодни англатади» дейди.

Вячеслав Оҳунов Шуҳрат Бобожон ижоди ҳақида гапирар экан, унинг суратларини эшакка юклаб, қумлар оша Туркманистон чегарасига олиб келганини ва чегаранинг тиконли симлари бўйлаб кўргазма учун ёйиб қўйганини эслади.

“Чегаралар санъатни тўса олмайди. Санъатнинг эса чегараси йўқ”, дейди таниқли концептуал рассом Вячеслав Оҳунов.

Айни пайтда Шуҳрат Бобожон «Озодлик» радиосининг Прага студиясида етакчи журналист сифатида фаолият кўрсатмоқда.

ЎХҲ хабарлар бўлими