Ота-она ҳаққи

Ота-она ҳаққи
72 views
18 September 2017 - 7:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(25)
(давоми)

Ота–она ҳаққи

Саид бин Масъудга кўра, Ибн Аббос (ҳар икковидан ҳам Аллоҳ рози бўлсин) шундай деган: “Кимнинг ота–онаси бўлиб, ҳар куни эрталаб туриб, уларга яхшилик қилса, бу фарзанд учун Жаннатда икки эшик очилади. Ва Аллоҳ ундан рози бўлар”.

Ибн Аббосдан “бу фарзанд золим бўлса ҳамми?” деб сўради.

Ибн Аббос “ҳа, золим бўлса ҳам” деб жавоб берди.

Бошқа бир ривоятга кўра, Ибн Аббос сўзларини шундай давом эттирган: “Кимки ота–онасини инжитиб, тонг оттирса ёки ухласа, унинг олдига Жаҳаннамда иккита эшик очилади. Агар биттасининнг кўнглини қолдирган бўлса, битта эшик очилади”.

Оитдан ривоят этилишича, Ҳазрати Мусо (унга салот ва салом бўлсин) “Ё, Рабби, менга бир ўгит бер” деди. Аллоҳ унга “Менинг олдимдаги вазифаларингни бажо келтир” деди.

Ҳазрати Мусо яна “Ё, Робби, менга бир ўгит бер” деди. Аллоҳ унга “Сенга онангга хизматни тавсия этаман” деди.

Ҳазрати Мусо такрор “Ё, Робби, менга яна ўгит бер” деди. Аллоҳу Таоло унга “Сенга отангга хизмат қилишни тавсия этаман” деб жавоб берди.

Абдуллоҳ бин Умар (Аллоҳ ҳар иккисидан ҳам рози бўлсин) дейди: “Бир кун биттаси Пайғамбаримизга келиб “Ё, Расулоллоҳ, мен урушга бориб, жиҳод этмак истайман”, деганда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ундан “отаонанг борми?” деб сўради. Одам “ҳа” деб жавоб берди.

У ҳолда, сен улар олдидаги вазифаларингни адо этарак жиҳод қил – деб жавоб берди Расулоллоҳ алайҳиссалом” (Бухорий).

Бу ҳадис ота–онага қараш жиҳоддан ҳам устун эканини кўрсатмоқда. Демак, ота–она ижозат бермаса, умумий сафарбарлик эълон этилмагунча, урушга ўзбошимча кетиш жоиз эмас.

Баҳз бин Ҳакимнинг отасидан ривоят этилишича, унинг бобоси Пайғамбаримиздан “аввал кимга яхшилик қилайин?” деб сўраганида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом “онангга” деб жавоб берган. “Ундан кейинчи?” деган саволга яна “онангга” деб жавоб берган. “Яна кимга?” деган саволга Пайғамбаримиз алайҳиссалом “отанг, ундан кейин яқинлик даражасига қараб – қолган қариндошларинг келади” деб жавоб берган.

Зайд бин Алининг отасидан, отасининг эса бобосидан ривоят этишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Аллоҳ отаонага қарши келишнинг “уф–ф!” дейишдан ҳам енгилроқ шаклини билса, уни ҳам таъқиқлаган бўларди. Ота–онанинг кўнглини қолдирган киши, қанча яхши амал ишламасин, Жаннатга кира олмайди. Аксинча, ота–онасининг кўнглини олган киши эса, ёмонлик ишлашига қарамасдан, Жаннатга киради”.

Агар Аллоҳу Таоло Қуръони Каримда ҳам, “Таврот”да ҳам, “Забур” ва “Инжил”да ҳам ота–она ҳақларига ер ажратиб, бу ҳақларни беришни амр этгандир.

Билдирилишига кўра, қуйида келтиражагимиз учта оятда бир–бирига боғлиқлик жиҳатидан жуда муҳимдир:

1.“Намозни тўла–тўкис қилинг ва закотни беринг” (“Бақара” сураси, 42).Бу оятга кўра, ким намоз қилиб, закот бермаса, унинг намози қабул бўлмас.

2.“Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этинг” (“Анфол” сураси, 46). Бу оятга кўра, Аллоҳга итоат этиб, Пайғамбаримизга итоат этмаган кишининг Аллоҳга итоати фойдасиздир.

3.“Менга ва ота–онангга шукр эт” (“Луқмон” сураси, 14). Бу оятга кўра, ким Аллоҳга шукр этиб, ота–онасига ташаккур этмаса, унинг Аллоҳга шукр этишидан фойда йўқ.

Буларнинг далили Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадисидир: “Агар фарзанд отаонасини хафа қилса ва улар фарзандини лаънатласалар, бу лаънат фарзандни ота–онасидан айиради.

Кимки, ота–онасини хушнуд қилса, Аллоҳни хушнуд этган бўлади. Кимки, ота–онасини ғазаблантирса, Аллоҳу Таолони ғазаблантирган бўлади.

Ким ота–онаси тириклигида уларнинг ҳолидан хабар олмаса, у Жаҳаннамга кирар, Аллоҳнинг раҳматидан узоқлашар”.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом “энг устун амал надир?” деган саволга “Вақтида қилинган намоз, кейин отаонага қараш, кейин Аллоҳ йўлида жиҳод этмоқдир” деб жавоб берди (Термизий).

Фарходий Санжий дейди: “Бир китобда ўқиганимга кўра, фарзанд ота–онасининг ёнида уларнинг ижозатисиз гапирмасликлари керак. Зарурат туғилмагунча ёки ота–онасининг амри бўлмаса, фарзанд ота–онасидан олдинда ёки ёнида юрмаслиги керак. Худди хизматкор хўжайини билан юргани каби, уларниннг орқасида юриши керак”.

Айтилишига кўра, бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнига биттаси келиб, “Ё, Расулоллоҳ, эсини еган бир онам бор, уни ўз қўлим билан овқатлантираман, сув ичираман, таҳорат олдираман, елкамга опичлаб, олиб юраман. Ажабо, бу билан онамниннг менинг устимда бўлган ҳаққини берган бўла оламанми?” деб сўради.

Пайғамбаримиз унга: “Йўқ, сенинг бу хизматинг онангнинг сени устингдаги ҳаққининг юздан бирини ҳам қаршилай олмайди. Аммо сен бу хизматни қилганинг учун Аллоҳ сенинг оз яхшилигингга кўп савоб берар”, деб жавоб берди.

Ҳишом бин Урванинг отасини айтишига кўра, бир ҳикмат китобида шундай ёзилган экан: “Отасини лаънатлаган кимса – малъундир. Онасини лаънатлаган кимса – малъундир. Йўлтўсар, кўр кишини янглиш йўлга етаклаган кимса – малъундир. Аллоҳнинг исмини айтмасдан ҳайвон сўйган киши – малъундир. Қўшнисининнг томорқаси чегарасини ўз фойдасига ўзгартирган кимса – малъундир”.

Ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Энг катта гуноҳлардан бири фарзанднинг ота–онасига сўкишидир” деган.

“Одам ота–онасига қандай сўкиши мумкин?” деб сўраганларга, Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Одам биттасининг отасига сўкса, у ҳам одамнинг отасигаонасига сўкади” деб жавоб берган.

Анас бин Моликнинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) айтишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом замонида Алқома исмли бир ишчан ва яхшиликсевар бир йигит бор эди. У бир кун хасталанди, хасталиги оғирлашиб, унинг аёли Пайғамбаримизга “эрим ҳушсиз ётибди” дея хабар юборди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Билолни, Салмонни ва Амморни (улардан Аллоҳ рози бўлсин) чақириб, уларга “боринг, Алқоманинг на ҳолда эканини ўрганинглар” дея амр берди. Улар Алқоманинг ёнига киришди ва унга “ла илаҳа иллоллоҳ” дедилар. Аммо Алқоманинг тили айланмай қолганди.

Саҳобийлар унинг ўлаётганини кўриб, Пайғамбаримизга одам юбориб, вазиятни билдирдилар. Расулоллоҳ алайҳиссалом “Алқоманинг отаонаси борми?” дея сўради. “Фақат кекса онаси бор” дейишди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Билолга, “Ё Билол, дарҳол Алқоманинг онасига бориб, мендан салом сўйла ва унга айт: Агар у менинг ёнимга кела олса, келсин, кела олмаса, мен борайин” деди.

Билол хабарни етказганда, кекса хотин “Жоним унинг йўлида фидо бўлсин, мен унинг оёғига боришим керак” дея йўлга чиқиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнига келди, салом берди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом кекса аёлнинг саломини олиб, шундай деди:

-Энди сўрайдиган саволларимга тўғри жавоб бер. Агар ёлғон сўйласанг, менга ваҳий келади. Алқома қандай одам эди?

-Ё, Расулоллоҳ, намоз қиларди, рўза тутарди, оғирлиги ва сонини билмайдиган даражада кўп олтинни садақа қилиб тарқатарди, деб жавоб берди хотин.

-Хўп, сен билан муомаласи қандай эди?, деб сўради Расулоллоҳ алайҳиссалом.

-Мен ундан ўпкаладим. Ундан хафаман, деди хотин, – чунки у хотинининг сўзини тинглаб, мени тингламасди.

-Алқома онасининг кўнглини қолдиргани учун унинг тили “ла илаҳа иллаллоҳ” дея олмади,, деди Расулоллоҳ алайҳиссалом ва Билолга қараб:

-Бор, ўтин тўпла, уни ёқиб, устига Алқомани ташлаймиз, деди.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бу сўзларини эшитган кекса хотин:

-Ё Расулоллоҳ, боламни, кўнглим мевасини кўз олдимда ёқмоқчимисан? Бунга қандай юрагим чидай олади?, деди.

-Эй, Алқоманинг онаси, Аллоҳнинг азоби оғирроқ ва давомлироқдир. Агар Аллоҳнинг ўғлингни авф этишини истасанг, ундан рози бўл. Нафсимни қудрат қўлида тутган Аллоҳга ямин этаман–ки, сен у билан ярашмагунча на намозининг, на-да садақасининг унга фойдаси бўлади, деди Расулоллоҳ алайҳиссалом.

Шунда кекса хотин қўлларини кўкка узатиб, “Ё, Расулоллоҳ, Аллоҳ, сен ва бу ердагилар шоҳид бўлсинки, мен Алқомадан розиман, унга қарши ичимда ҳеч бир хафалик йўқ”, деди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Билолга қараб:

-Бор, қараб кўрчи, Алқома “ла илаҳа иллоллоҳ” дея оларми. Балки, онаси менинг юзим учун бу сўзларни ичидан келмаса ҳам, айтгандир, – деди.

Билол Алқоманинг эшигидан киргандаёқ унинг “ла илаҳа иллоллоҳ” деганини эшитди ва хастанинг бош учида тўпланганларга воқеани айтиб берди.

Ўша куни Алқома ўлди.

Пайғамбаримиз унинг ювилиб, кафанланишини буюрди. Ва унинг мозори бошида шу сўзларни айтди:

-“Эй, муҳожирлар, Эй, Ансор! Ким ўз хотинини онасидан устун қўйса, Аллоҳнинг лаънатига учрайди. Унинг бошқа ибодатлари қабул бўлмайди”.

Аллоҳ Таоло шундай буюради: “Роббингнинг бергани ҳукм шудир: Ундан бошқага қуллик этманг ва отаонангизга яхшилик қилинг. Улардан биттаси сенинг ёнингда қарисалар ёки иккалови ҳам бу ҳолга тушсалар, зинҳор уларга “уф–ф!” дема, уларни жеркма, уларни хушнуд қиладиган сўзлар сўйла. Уларнинг устида тавозе қанотларингни мархамат ила ёз. Деки: “Эй, Роббим, мени кичиклигимда қандай тарбиялаган бўлсалар, Сен ҳам уларга (шундай) раҳмат айла!” (“Исро” сураси, 23–24)”.

Тобииндан бир зотнинг билдиришига кўра, кимки кунда беш марта ота–онасига дуо этса, уларнинг ҳақларини берган бўлади. Зотан, Аллоҳу Таоло шундай буюргандир: “Менга шукр эт ва отаонангга ташаккур эт. Чунки қайтишинг Менгадир” (“Луқмон” сураси, 14).

Аллоҳга шукр этмак – кунда беш вақт намоз ўқиш билан бўлганидек, ота–онага ташаккур этмак ҳам уларга кунда беш каррак дуо этмак ила бўлади.

Билдирилишига кўра, ота–онанинг фарзанд устида ўн ҳаққи бор:

1.Ота–онадан биттаси оч қолса, фарзанд унга овқат бериши керак.

2.Ота–онадан биттаси кийимга муҳтож бўлса, фарзанд бу эҳтиёжини қаршиламоғи керак.

3.Ота–онадан бири фарзанд хизматига муҳтож бўлса, фарзанд хизмат этиши керак.

4.Ота–она чақирса, фарзанд чопиб бориши керак.

5.Ота ёки она бир нарсани буюрса, фарзанд буйруқни бажариши лозим.

6.Фарзанд ота–онаси билан гапиришганда, ширин сўз бўлиши керак, қўпол гапирмаслиги лозим.

7.Фарзанд ота–онасини уларнинг исми билан чақирмаслиги керак.

8.Фарзанд юрганда ота–онасининг орқасидан юриши керак.

9.Фарзанд ўзи учун нимани истаса, ота–онаси учун ҳам ўшани исташи керак. Ўзига истамаган нарсани уларга ҳам истамаслиги лозим.

10.Фарзанд ўзи авф тилар экан, ота–онаси учун ҳам авф тиламоғи керак.

Зеро, Аллоҳу Таоло Ҳазрати Нуҳнинг тилидан шундай дейди: “Ё Робби, мени, отаонамни, иймон этиб, уйимга кирганларни, мўмин эркак ва хотинларни авф айла!” (“Нуҳ” сураси, 28).

Яна Аллоҳу Таоло Ҳазрати Иброҳим тилидан шундай дейди: “Эй, Роббимиз, дуомни қабул эт! Эй, Роббимиз, ҳисоб кўриладиган кун мени, отаонамни ва мўминларни авф айла!” (“Иброҳим” сураси, 41).

Саҳобийлардан биттаси “ота–она учун дуо этмаслик фарзандни моддий тангликка учратади” деганида, ундан “фарзанд ота–онаси ўлгандан сўнгра уларнинг ризосини ола биладими?” деб сўрашди.

Саҳобий: “Ҳа, шу нарса бўлса, фарзанд ўлган ота–онасининг ризосини қозониши мумкин:

1.Фарзанд солиҳ инсон бўлиши лозим.

2.Фарзанд ота–онасининг қариндошлари билан алоқани узмаслиги керак.

3.Фарзанд ота–онасининг авф этилишини тиламоғи керак” деди.

Абу Ҳурайрадан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Одам боласи ўлганда амал дафтари ёпилади. Лекин шу уч ҳолатда қулнинг дафтарига яхши амал ёзилишда давом этади:

1.Садақаи жория

2.Фойдаланиш мумкин бўлган илм

3.Ота–онанинг авфи учун дуо этадиган бир солиҳ фарзанд” (Бухорий).

Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Отангнинг самимий дўсти бўлган инсон билан алоқани узма. Бундай қилсанг, отангнинг нурини кесилишига сабаб бўласан. Чунки сенинг отангнинг севгиси демакдир”.

Айтилишига кўра, Бани Салома қабиласидан бир киши Пайғамбаримизнинг ёнига келиб “Ота–онам ўлди, улар учун қилишим керак бўлган бир вазифа яна қолдими?” деб сўради.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

-Ҳа қолди. Улар учун Аллоҳдан авф тиламоқ, улар берган сўзларни бажармоқ, уларнинг дўстларига яхши муомала қилмоқ ва уларнинг қариндошларига яқинлик кўрсатмоқ қолди, – деди.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси