Ўзбекка кенг дунё тор эди

Ўзбекка кенг дунё тор эди
75 views
18 September 2017 - 9:00

Ислом ХОЛБОЙ

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

31-қисм

Ўн тўртинчи боб

Кўзлар тўрт бўлиб, орзиқиб кутилган кун келди. Бу кунга минглаган оилалар умид боғлагандилар. Ишизловчиларнинг омадлари чопганда ҳам, чопмаганда ҳам, энди уларнинг ҳаётларида улкан ўзгаришлар содир бўларди. Калтабинларча юргизилаётган сиёсат бутун миллатни инқироз ботқоғига ботирганди. Бунга ўн йилларча бўлганди. Оилалар ўтириб қолгандилар, поракандаликка учрагандилар. Одамлар касб-корини ишга солиб, тирикчилик этишига имкон тополмасдилар. Ўзбекка кенг дунё тор эди. У учун ер – дўппидек эди. Ҳатто миллат келажаги бўлмиш болаларга кўнгилдагидек таълим-тарбия бера олиш талаб даражасида эмасди. Фарзандларига кўнгиллари тусаган егулик, кийим-кечак сотиб олиб беришга ота-оналарда маблағ йўқ эди. Қўли калталигидан энсасини қашлашга зўри етмайдиган бу одамларга хориждан пуллар келса, байрам бўларди. Уларнинг шодликлари ичларига сиғмасди. Мустақиллик декларасияси қабул қилинган кунда “Озодлик” дея ҳайқирган “Эрк”чиларнинг овози уларга етмасди. Мабодо барчаси фирибгарлик бўлса, уларнинг қайғулари собиқ иттифоқ қулаган кундаги Туркистон коммунистлари надоматларидан минг бора аччиқ бўларди.

Нозима Мунис эшикни таққиллатганда ҳали тонг оқармаганди. Асабийлашганидан унинг кўзлари қизариб, қовоқлари шишиб кетганди. У ярим тунда мамнун хайрлашган аёлга ўхшамасди.

– Укажон, Саидмат Соттини ғол[1] олди! Одамларга нима дейман? – дея у кириши билан йиғлаб юборди. – Беш юзта ишизловчи оғзимни пойлаб ўтирибди. Бирор нима демасам, уйимга бостириб келадилар!

– Қандай тинчитамиз? – деди Баҳром нима дейишни, билолмай. – Ёлғон билан иш битмайди. Ростини айтамиз, десак, айтадиган гап қолмади. Бир йўли, Саидмат Соттини топиш керак. Учирса учирсин, учирмаса, сизни орадан чиқарсин, бошқа йўл йўқ!

– Майли, укажон! Сиз нима десангиз, шу бўлади. Менинг бошим умуман ишламай қолди. Қари шоғол қўлимга тушсин, миясини қоқиб оламан!

– Қоққанингизни қоқиб олдингиз! – деди Баҳром унга. – У энди сизни қоқади. Усталик билан барча ишларни унинг зиммасига юклаб, орадан чиқмасангиз, оқибати ёмон бўлади?

Саркаш, қайсар, олдини бировга бермайдиган Нозима Мунис бир кечада қуйилиб, юмшаб қолганди.

Соат саккиз бўлмасдан уни Баҳром ширкатга олиб борди.

– Ширкатдагилардан Саидмат Соттини топиб беришларини талаб қилинг! – деди унга машинадан тушаётганда. – Учрашмагунча хонасидан чиқманг, мен машинада кутаман!

Ҳовлида қоровул гулларга сув сепиб юрарди. Ҳали ҳеч ким ишга келмаганди. Панжарадан ташқарида қирқ-эллик чоқли ишизловчилар иш бошланишини кутаётгандилар. Уларнинг йўлсумкалари панжара ичкарисида уюлиб ётарди. Ишизловчилар Норвегияга учиб кетиш учун келгандилар. Нозима Мунис илондан ҳурккан от сингари уларни айланиб ўтди. Мағлублик ҳисси кўнглини айнитаётган Баҳромнинг бу ёқимсиз манзарани кўришга тоқати йўқ эди. У Нозима Мунисга қўнғироқ қилиб, ўзининг нарироққа бориб туришини айтди.

У қабристон яқинидаги қуюқ сояда машинасини тўхтатди. Шунда ҳам ичидаги алғов-далғовлар тинмади. Ғавғолардан қочиб, қабристонга кирмоқчи бўлди. Зиёрат этсам, кўнглим таскин топади, деб ўйлади. Дарвозадан киргач, ўтганларни ёдлаб тиловат қилди. Тангридан осойишталик, ҳаловат сўраб дуолар ўқиди. Қабристонда жимжитлик ҳукмрон эди. Дарахтларга қўниб, учиб юрган қушларни айтмаганда, жонли жонзод йўқ эди. Кафтек тупроқда не-не инсонлар қўним топмагандилар. Унинг қалбини қабристондан бошқа жойда қамраб ололмайдиган ғайриоддий ҳислар қамради. Юрагини ойдинлик забт этиб, кўзларида дунё ёришгандек бўлди. Таъмаларсиз, манфаатларсиз бу оламдан у ўзига боқди. Кун етиб, муқаррар ўлишини ўйларкан, ўлсам, орқамда нимам қолади, деб ўйлади. Мияси туйнугидан бош суқиб, ўтган умри сўқмоқларига оёқ босди. Кўзлари рангларни илғамади, ҳаёт йўллари рангсиз эди. У орқасидан келаётган юксиз карвонларга инди, олдинда кераксиз кўчларни кўрди. Ўзини адашиб юрган туйғуларга, қаноти куйган ҳисларга урди… Шунда, тошга туртинган одамдай, текис йўлда депсиниб кетди. Унинг кўзлари очиқ бўлса ҳам, ҳеч нимани кўрмай қолган эди. Мана, унинг кўзлари яна кўра бошлади. У қабрда ётганларга ҳавас қилди, уларнинг ёлғон гапиролмаслигини, алдай олмаслигини билиб, тирикликдан жирканиб кетди. Ўзидан қочмоқчи бўлди, қочолмади… Бирдан юрагида тушуниб бўлмайдиган бир завқ туйди. Қалбини яна ҳаловат қамради. Тан-бадани эриб, қуйилиб тер келди. Руҳияти юмшаб, болалиги ёдига тушди. “Қанчалар, гўзал” дея пичирлади лаблари. Қулоқлари жаранглаб кетди. Қабрларнинг ичидан ҳар хил товушлар чиқаётгандек туюлди. У қиёмат кунигача қабристондан чиқмасам эди, дея хаёлидан ўтказди. Қулоқларига қуйилаётган сас, “Синов дунёсида эзгу амалларни эплай олмаганлар абадийлик дунёсида азоб-уқубатларга мубтало бўладилар. Ихтиёринг қўлингда бўлганида яхшиларнинг этагидан тут. Илм ол, ҳунар ўрган, боғ ярат, олимлар ва орифлар хизматида бўл, яхшиларга ҳожатбарор, ёмонларга шамшир тиғидек душман, золимларга милтиқ ўқидек бешафқат бўл! Бу ерга келишга ҳамиша улгурасан, сўнгра савоб қозона олмайсан. Гуноҳлардан соқит этадиган амалларингдан айриласан!”, деяётгандек эди.

У камарида бир нима ғимирлаганда ҳушёр тортди. Беихтиёр пайпаслаб, кўргач ғилофдаги соткаси чақираётганини англади. Олиб кўриб, кўзгусида Нозима Муниснинг номини ўқиди. Шунда гулларга сепилган сувдан зар қанотли капалаклар учиб кетгани каби, ёқимли ҳислар вужудини тарк этди. У орқасига қайтди. Шунда паймонаси тўлган бир бандасини ерга топшириб қайтаётган оломонга кўзлари тушди. У майитни олиб келганларини пайқамай қолганди. Соткаси соатига қаради, вақт ўн иккига яқинлашганди, уч соат уч дақиқадан тез ўтганди. У кўзларига ишонмай, соат олдинга кетиб қолипти, деб ўйлади. Охират кунигача кечадиган мурдаларнинг миллиён йиллик муддати тирикларнинг уч кунлик умридан қисқалигини у билмасди. Баъзида уч дақиқа уч милён йилларга тенглашиши ҳам мумкин эди…

У йўлчироқдан ўтганда, йўл четида ўзига қараб келаётган Нозима Мунисга кўзи тушди.

– Масжидда бўлсангиз керак деб келаётгандим! – деди у машинага ўтиргач. – Йигит ўлгурни телефонда зўрға топдим. Ўн иккидан ўн беш дақиқа ўтганда вазирликнинг рўпарасида кутади. Тезроқ ҳайданг, вақт оз қолди, илтимос!

Ширкат олдидан кесиб ўтаётганда сон-саноқсиз ишизловчиларга боқиб, Баҳромнинг ичидан бир нима узилгандек бўлди.

– Етказиб бораман, улгурамиз! – деди у. – Ҳаммаси ишизловчиларми?

– Бугун учиб кетишмоқчи. Кечки соат йигирма бири ўттизда учиш бошланармиш!

Унинг сўзларидан умидворлик гупириб турарди.

Улар айтилган жойга бир дақиқа илгари етиб келдилар. Саидмат Соттини ярим соат кутдилар. У келмади. Баҳром учун бу ишлар аҳамиятини йўқотганди. Нозима Мунис оёғи куйган товуқдай типирчиларди. Ҳар дақиқада у машинадан юз марта тушиб-чиқарди. Унинг ҳолатига бепарво Баҳром ўз ёғига ўзи қовурилаётганди. Инсонларнинг бир-бирларига хиёнатдан, ёмонликдан бўлак нарсаларни соғинмасликлари сабабини тушунмаётганди. Инсон деган шарафли номни улуғлаш учун инсонларга нима халақит беради, ақли етмасди.

Нозима Муниснинг соткаси ишизловчиларнинг қўнғироқларидан тинмасди. Ўчириб қўйса, у Саидмат Соттини йўқотиб қўйишдан қўрқарди. Бу Баҳромнинг ғашига тегаётганди. Нозима Мунисни ичида, “Ўзинг билмагийсан, биланинг гапига кирмагийсан. Овараю жаҳон бўлиб ўлгийсан”, дея бўралатиб Қоракўлчасига ёзғиргани ёзғирганди. Ҳақ-ҳуқуқини бир ношуд мустабид қўлига берган миллатидан алами қўзирди. Бўғилганидан муштларини тугиб, тишларини қисарди. Ахири Нозима Мунис чарчади, ўриндиққа қоққан қозиқдек қоқилиб, ўрнидан қўзғалмай ўтирди. Кўзларидан оқаётган ёшларини артишдан бошқасига ярамаслигини ниҳоят англади, шекилли. Баҳром пешонасини рулга қўйиб, кўзларини юмиб олган бўлса ҳам, ҳаммасини сезиб турарди. У бўлмас ишга бош қўшганидан қаттиқ пушаймонда эди. Умрининг гуллаган чоғларини беҳуда нарсаларга сарфлаётганидан афсусланарди. Ўзидан хафа эди. Қирқидан ўтиб қуйилмаганидан бўғиларди. Пишмаганининг, хомлигининг сабабларини изларди…

У машинанинг эшигини очиб, орқа ўриндиққа ўтирган Саидмат Соттининг:

– Узр, вазир билан суҳбатимиз чўзилиб кетди. Кечикдим, домуллажон! – деган товушини эшитганда, рулдан бош кўтармасдан:

– Кечикиш ва ёлғон гапириш халқимизнинг ноёб хислати! – деди. – Бу фазилатимиз ўзгаларнинг биз ҳақимиздаги илк таассуротларини ишончсизликнинг учқунлари билан безайди. Бутун оламга аён, тартибсизлигимиз ва субутсизлигимиздан, яъни ўзимизга хос бу одатимиздан биз надомат чекишдан йироқ бўлишимиз керак. Немислар аниқ ва реал хатти-ҳаракатлари билан дунёни тартиб-интизомга етаклаганларидек, японлар ўзлаштириш қобилиятлари билан инсониятни лол қолдирганларидек, чеченлар жасурликлари туфайли башариятни ҳушёрликка мажбурлаганларидек, бизлар ҳам бу феълимиздан фахрланишмиз ва кўкракка уришимиз зарур. Қиёфамизни кўрсатадиган бу юксак истеъдод миллат сифатида бизларни ер юзидан йўқотиб юбориши асносида, номимизни тарихнинг зарварақларига михлайди.

Унинг Саидмат Соттига ташланишини Нозима Мунис кутмаганди. Эшитиб, бақрайиб қолди.

– Нозима опа! – деди у машинадан туша туриб. – Бу такасалтанг билан бугун орани очиқ қилинг, эртага кеч бўлади. Токайгача боғча боласига ўхшаб фирибгарларнинг чўпчакларига ишонасиз?

У йўлни кесиб, нари юзига ўтди. Дарахтларнинг қуюқ соясида бир соатдан кўпроқ сайр этиб юрди. Уни уларнинг қарори ортиқ қизиқтирамаётганди. У ўзидан аламзада эди. Нима учун уларга бошида ишонганини тушунмасди.

Уларнинг гапи чўзилиб кетаётганди. Кутиш жонига теккач, у йўлни кесиб орқасига қайтди. Нозима Муниснинг бўздай оқарган юзига қизиллик инганди. Бу уларнинг бир қарорга келганларидан нишона эди.

У машинанинг орқа эшигини очиб, Саидмат Соттидан:

– Гаплашиб олдингизми? – деб сўради.

Бошини кўтариб унинг юзига боққан Саидмат Сотти Баҳромнинг важоҳатини кўриб қўрқиб кетди. Баҳром ўз табиатига хос бўлмаган қўрқинчли қиёфага кирганди. Буни ўзи сезмасди.

– Баҳромжон, ширкатга ўтиб, маошингизни олмайсизми? – деди у лаблари пирпираб. – Ҳисобчимиз ҳисобот топшира олмай қийналиб кетди.

– Менга сенинг ҳаром пулларинг керак эмас! – деди Баҳром маст одам каби турган жойида чайқалиб. – Яқинларим учун тўлаган пулларимдан берган маошларингни чигириб, қолганини қайтар! Бўлмаса эрта эрталаб, прокуратурага бориб устингдан арз қиламан!

Нозима Мунис машинадан чиқиб, Саидмат Соттининг устига бостириб бораётган Баҳромнинг елкасидан тортди.

– Жинни-пинни бўлмадингизми?!

– Сиз билан мана бу фирибгар Саидмат Сотти жинни бўлган бўлиши мумкин. Мен жинниликларингизни кўравериб “пинни” бўлиб қолдим! – деди у. – Бу муттаҳам пулларимни қайтариб бермаса, уни шу ернинг ўзида бўғиб ўлдираман. Ишизловчилар шайтони лаин қутқусидан халос бўладилар!

У шундай дегач, унинг ёқасига чанг солди. Ўтирган ўрнига босиб, уни жон аччиғида бўға бошлади.

– Ўлдириб қўяди! – дея Саидмат Сотти биғиллаб қолди.

Шунда кимдир уни Саидмат Соттининг устидан тортиб, итнинг боласидек улоқтириб ташлади. У кўзларини очганда, тепасида йиғлаб ўтирган Нозима Мунисни кўрди. Иккита барзанги йигитнинг бири юз-кўзларига бакалашкадан сув қуяётганди.

У ирғиб туриб, яна:

– Қани у фирибгар? – дея Нозима Мунисдан Саидмат Соттини сўради.

Шунда йигитларнинг паст бўйлиси, бўйнидан сиқиб:

– Бўйнингни сапчадек узаман! Оғзингга қараб гапир, қишлоқи, харп! – деди унга.

Омбурдай сиққан панжалар уни қимирлашга қўймасди.

– Бўйнимни қўйвор! Кимсан ўзи? – деди Баҳром нафаси сиқилиб.

У шолғомдай қизариб кетганди.

Нозима Мунис дод-войлаб, ажратмаганида нима бўларди, Тангри биларди.

Ўзига келолмаётган Баҳром бўйнини ишқарди.

– Сиз бўшсиз! – деди унга Нозима Мунис. – Қайтиб менинг ишларимга аралаша кўрманг, ёмон бўлади. Пулингизни мендан оласиз. Саидмат Соттини эсингиздан чиқаринг! Кимлардандир пул олган бўлсам, ўзим олганман, қандай жавоб бериш ҳам ўзимнинг ишим. Менга хўжайин керак эмас. Биттасидан зўрға қутулганман!

Баҳром Нозима Мунисдан бу каби пасткашликни кутмаганди. Унинг оғзидан шунақанги тутруқсиз сўзлар чиқади деб хаёлига келтирмаганди. У тонгда уйига бир аҳволда кириб келган аёл эмасди. Ерга урса, осмонга сапчирди. Барчаси Саидмат Соттининг хизмати эди. Яна уни авраганди, йўлига солганди. Баҳром индамай бориб машинасига ўтирди. Барчаси тамом деб ўйлади. Қўрқоқлик қилдим, деб уялиб кетди. Кучсизлигини идрок этолмас, у ёлғиз эди. “Ширкатини елкамнинг чуқури кўрсин”, дея пичирлади. Осон қутулганига таажжубланди. У хавф-хатар орқада қолди, деб суюнган бўлса ҳам, ажабмас. Балолар олдинда эканлигини билганида у чекинмасди. Ўлдирсалар ҳам, Саидмат Сотти билан Нозима Мунисдан бир қадам орқада қолмасди…

[1] Ғол – бўри.

(давоми бор)