Бир-икки сўм еб қўйган жойлари бор эди…

Бир-икки сўм еб қўйган жойлари бор эди…
20 views
20 September 2017 - 9:21

Ислом ХОЛБОЙ

 

 

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

32-қисм

Нозима Мунис йигитларга соядек эргашди. У ҳалитдан буён нарироқда турган машинага бориб ўтирди. Саидмат Сотти машинада эди. Икки йигитнинг Саидмат Соттининг қўриқчилари эканлигига Баҳромнинг энди фаҳми етди. Унинг қўриқчилар билан юрганини у ҳеч қачон кўрмаганди. Нозима Муниснинг улар билан бемалол кетиб қолганини кўргач, унинг ҳар доим ҳам тан қўриқчилари бор бўлганига ўзини ишонтирди. Уларнинг ҳаливери бу ишларга нуқта қўймоқчи эмаслигини ҳам у тўғри тахмин этди.

У уйига абгор бир аҳволда қайта олмасди. Яқиндаги масжидга кириб, уст-бошини тозалади. Таҳорат олиб, аср номозини ўқиди. Масжиддан чиқа сола аттордан мушк харид этди. Машинасида ўтириб, уни юзининг шишган жойларига ишқади. Ачишган жойларини силаб, шомгача қолиб кетди.

Тунда уйига кириб келганда, эшик олдида уни хотини кутиб турарди. У эрининг юз-кўзларидаги шишларни пайқаган бўлса-да, сўраб дилхира этишни истамади. Кези келса, ўзи айтар, деб ўйлади. Унинг кийимларини ечар экан, димоғига бегона атирнинг ҳиди урилди. Хаёлида кўрмаган аёли сиймоси гавдаланди, рашкнинг чаёнлари чумолилар сингари бутун вужудида ўрмалаб, юраги ёниб кетди. Дамини ютиб юборганидан, ҳалигача овқатланмасдан кутиб ўтирганини ҳам айта олмади. Бундан, аёл боёқиш эридан қўрқаркан, деган хулосага келиш нотўғри эди. Бу билан хотини эркига дахл қилмайдиган бир эр хусусида ўзгалар наздида нохуш тушунча пайдо бўларди. Аёлнинг бу андишасини шу кунларда ўз ёғига ўзи қовурилаётган ёстиқдошига кўргизган шафқат ҳисси туфайли деб ўйлаш ҳам ҳақиқатдан йироқ эди. Шубҳа тўфонларига алданиб, узоқ йиллик илиқ муносабатларга путур етказмаслик аёлнинг оқилалигида эди. У пайтида тишига тиш қисишни яхши биларди. Бирга овқатланишдан воз кечиш ҳам, эри пешонасида жонсиз бут каби хўмрайиб унинг диққатини оширмаслик учун эди. Кўзларига қараб эрининг истагини дарров англайдиган бу аёл унинг чарчаганлигини, кайфияти йўқлигини ҳам сезганди. У гумон этган ишни эри амалга оширганда ҳам, номақбул изларни йўқотмаса, унга яқинлашмасди. Малол келадиган тирноқча нарсани унга билдирмасликка уринарди. Эрининг эҳтиёткорлигини қадрлаб, у ҳам бирор нимани сезса, ўзини билмаганга оларди. Икки томоннинг нозик ҳаракати туфайли ўртага чиққан нохуш ҳолатлар шу учун осон ва асоратларсиз бартараф этиларди. Бугунги нарсани у тушунолмай қолганди.

Аҳволни пайқамаган Баҳром ўзини тўшакка ташлаб, донг қотиб ухлаб қолди. У кўзларини очганда қуёш тиккага келганди. Тепасида қўлидан ушлаган хотини унинг юзига термулиб ўтирарди. Очиқ чеҳрасида аъло кайфият акс этар, чаррос кўзлари соққасига сиғмай порларди. Ўзидан жаҳли чиққанини билмагани каби у хотинининг очилиб-сочилганига ҳам унча аҳамият бермади. Юзидаги кулгисини яшираётган хотинининг эса хурсандлигига сабаб бор эди. Кеча тунда жаҳли чиққанда у эрининг кийимларини илиб қўйганди. Тонгда туриб бошқасига алмаштирмоқчи бўлганда, уларнинг чўнтакларини тозалади. Шунда жимжилоқдек мушкни кўриб кулиб юборди. Мушкдан эридан таралаётган атир ифори келарди. Суриштириб, эрининг таъбини тириқ этмаганидан у қайтанга мамнун бўлди.

– Азондан буён Нозима Мунис қўнғироқ устига қўнғироқ қилади! – деди у эрига. – Сизни уйғотгим келмади. Боя келганди, уйда йўқлар, дедим.

Нохушликлар сабабини сезаётган хотини шу йўл билан Нозима Мунисга салбий муносабатини баён этаётганди. Баҳром буни яхши тушунди.

– Нима иши бор экан? – дея гапни қисқа қилди.

Совуқ сўрови билан у хотини тахминини маъқуллаганди, хотини ҳам дарров англади.

– Билмасам, ишларингизга тушунмаганим учун суриштириб ўтирмадим! – деди.

На боши, на охири бор машмашалардан Баҳром қутулганига ишона бошлади. Шунинг учун тоза ҳавода айлангиси келди. Барчасини унутиб, илгариги ҳаётга қайтмоқчи эди. У кўчага чиқди. Нозима Муниснинг ташрифи боисини, зиммасига олган қарзни тўламоқчидир-да, деб ўйлади. Кечадан буён ўчирилган соткасини ёқиб, унга қўнғироқ қилди.

– Қаерларда йўқолиб қолдингиз?! – сўради Нозима Мунис хавотирли товушда. – Уйингизга бормабсиз, тинчликми?

– Менда нима юмушингиз бор эди? – деди энсаси қотган Баҳром.

– Хавотир олдим!

– Нимамдан хавотир оласиз? – тўнғиллади у. – Бариси ўтди-кетди!

– Айтмоқчи бўлганим, ширкатга тўлаган пулингизни мен бераман!

– Биламан, кеча айтгандингиз!

– Ширкатга бориб овора бўлиб юриманг, демоқчиман. Жаҳл чиқса, ақл кетади. Арз қилишга ҳам ҳожат йўқ. Ширкатдагилар барибир тинчитишади. Икки орада мен жабр кўраман. Ўзингиз учун ҳам яхши бўлмайди!

У кимнингдир сўзларини такрорлаётгани чайналишидан билиниб турарди.

Баҳром, ҳойнаҳой, у Саидмат Сотти билан бирга бўлса, керак деб ўйлади.

– Бировларнинг сўзларини такрорлашдан наф йўқ! – деди у. – Азбаройи, қийналиб кетяпсиз. Мен ҳеч қаерга арз ҳам, шикоят ҳам қилмайман, деган қарорга келдим. Ишизловчилар қонунларда ёзиб қўйилган ҳақ-ҳуқуқларидан фойдалана олмасалар, осилиб ўлсинлар. Менинг пулимни қайтарадиган аниқ санангизни айтинг?!

– Бешинчи сентябргача қайтараман! – деди у. – Ўшангача мени безовта этманг. Ўзим қўнғироқ қиламан!

– Келишдик! – деди Баҳром. – Қўнғироғингизни кутаман!

У Нозима Муниснинг оёғи куйган товудек типирчилаётгани сабабини энди англади. Уни Саидмат Сотти йўллаганди. У Баҳромнинг подадан олдин чанг чиқаришини хоҳламасди. Бу ишизловчиларнинг ҳам, Нозима Мунисга ўхшайдиганларнинг ҳам кайфиятига ёмон таъсир кўрсатарди. Ишлар ўлда-жўлда қолиши мумкин эди, якун чала бўларди. У шундан қўрқарди. Баҳромнинг прокуратурага мурожаат этишидан эса унинг бити ҳам ғивирламасди. Унинг хавфсизлик ташкилотларига арз билан чиқиши Саидмат Сотти учун молини ўғрига топширишдай бир гап эди. Хоҳласа, у Баҳромни бир кунда йўқотарди. Бу Нозима Муниснинг истагига тўғри келмасди. Ўртада у бор эди.

Кўпдан кутилган осойишта кунлар бошланганди. Барчаси олдида “гўё” деган битта сўз турарди. Баҳром ишлари ўрнига тушгунча вақтини жиддий бир ишга сарфламоқчи бўлди. У ҳазрат Навоий ва Махтумқулининг китобларини варақлашни кўнглига тугдию, ниятидан қайтди. Замондошлар асарлари билан танишсам фойдали бўлмасмикан, деб ўйлаб қолди. Сўнгра Туркистоннинг 20-асрдаги забардастлари, Чингиз Айтматов билан Ўлжас Сулаймоновни танлади. Уларнинг китобларини илгари ўқиб чиққан бўлса ҳам, яна эҳтиёж сезаётганди. Орадан йиллар ўтиб, қайта ўқиб-ўрганса, шуури янги уфқлар очарди. Авваллида у Чингиз Айтматов асарларини варақлади. Унинг улкан истеъдод соҳибилиги ҳар қадамда намоён бўларди. Шакл-шамойили ва руҳиятида тотор турклари тамаддуни уфириб турарди. Руслар орқали Туркистонга кириб келган оврупоча ғоялар асарларининг устуни эди. Отаси қатағонга учраганда у саккиз ёшида эди. Унинг онаси тотор туркларидан эди. У Туркистон ўғлони бўлса ҳам, тотор маданияти маҳсули эди. Уни ҳушёр торттирган жиҳат ҳам мана шу эди. Уни онаси тарбиялаганди. Бу миллатдош бир аёлнинг Туркистонга буюк туҳфаси эди. Бироқ Чингиз Айтматов Гаспиринскийни ўқиб-ўрганмаганди, у Маржонийларни англамасди… Фитрат, Чўлпонларни ҳис этганда эди, Бегали Қосимов каби жадидлар билан ҳамсуҳбат бўлганида эди, у 20-асрнинг Толстойига, Достаевскийсига айланарди. Туркистоннинг қуёши балқирди. Навоий даҳоси тасодиф эмаслигига дунё имон келтирарди. Тор нуқтаи назардан айтганда, у Чўлпон ва Қодирийлар даражасига кўтарила олмаганди… Буғуга “она” деб юрарди. Яратган Ҳақ хусусида муносабат билдиришга улгурмаганди. Дарёларнинг боши Исломда эди… Бу тарафдан у ушбу илдизларидан йироқда эди. Шўролар инқирозини биринчилардан бўлиб башорат этган фавқулодда сезги соҳиби замон асорати таъсирида яшаб ўтганди…

Муҳими, хонадонда аввалгилардай сокин ва ҳузрбахш бир муҳит пайдо бўлди. Бундан оиладагилар чексиз бир мамнунлик туя бошладилар. Барчалари бирга нонуштага унардилар. Бирга китоб ўқирдилар. Кинофилмлар, консертларни томоша этардилар. Хонадон бекаси эри ва болаларига чой ёки шарбат ташишдан чарчамасди. Оғзи қулоғида эди. Бундай кайфият бешинчи сентябр кунигача, давом этди…

Бешинчи сентябр куни чошгоҳда унга Нозима Мунис қўнғироқ қилди. Темурийлар музейи рўпарасидаги фаввора ёнида учрашув белгиланди. У ўқиётган китобини ёпиб, токчага қўйди. Апил-тапил кийиниб, кўчага чиқди.

Фаввора атрофига терилган курсиларда ўн беш ишизловчи ўтирарди. Улар Бухоро маркази тингловчилари эдилар. Нозима Мунис “Ўзбек модели” дастури асосида “алдов операсияси” амалиётини қўллаётганди. Баҳром бир четда ўтириб, уни тинглай бошлади. Йигирма кунга яқин ўтган вақт мобайнида катта ўзгаришлар содир бўлганди. Нозима Муниснинг айтишига кўра, баъзи сабаблар билан ширкат иши яна бир ойга чўзилганди. Шу учун у бошқа йўл топишга мажбур бўлганди. Гўё у Норвегиянинг Москвадаги элчихонаси вакили билан учрашиб, масалани ҳал этганди. Юқори лавозимли кимсаларнинг қўллаб-қувватлови боис, унинг қўли энди узатган жойига етарди. Маҳаллий ҳукумат иштирокисиз у ишизловчиларни Ослога жўнатишга бел боғлаганди. Куни кеча элчихона вакили Тошкентга келганди. Унинг қўлига ҳар бир кимсанинг ҳужжати билан икки мингдан пул берилса, ишизловчилар узоғи билан ўн кун ичида Москва орқали Ослога учиб кетардилар. Бу учун гуруҳ бошлиқлари аниқ ва тез ишлашлари лозим эди. Маблағни қанча тез етказсалар, иш шунча тез битарди, муаммо бўлмасди.

Баҳром йиғилганларнинг гуруҳ бошлиқлари эканликларини англади. Уларнинг ҳар бири орқасида юзлаган ишизловчилар турардилар.

– Нозима опа! – деди у беихтиёр унинг сўзини бўлиб. – Умумий кўчиш харажатлари қанча бўлади?

– Ўша, ўша беш минг АҚШ доллари! – деб жавоб қайтарди у. – Улушимиздан кечсак ҳам, сўзимиздан қайтмаймиз, иккиюзламачилик бизларга ярашмайди. Ишлаб, қайтиб келаётганларингизда, неча азоблар билан хорижга жўнатган бир опамиз бор, эди дея, тўрт танга ташлаб кетсаларингиз, ҳимматларингиз. Ёдламасдан, тўғри ўтиб кетсангизлар ҳам, омадларингизни берсин. Тортган машаққатларимизни Ўзи билса бўлди!

– Яшанг! Бормисиз, опа? Умрингиз, зиёда бўлсин! Биздан қайтмаса, Тангридан қайтсин! Бола-чақангизнинг ҳаловатини кўринг…

Гуруҳ бошлиқлари унинг сўзларини қўллаб-қувватладилар. Ўзини олқишладилар. Чунки улар ҳам манфаатдор эдилар. Элбурундан бир-икки сўм еб қўйган жойлари бор эди…

Бироқ у Баҳромнинг илмоқли саволи замирини яхши тушунарди. Шу учун заҳархандалик билан тиржайиб қўйди. Бу билан ҳеч қачонда ортга чекинмаслигини билдираётганди. Ва ҳамиша кутилмаган зарбаларга руҳий шайлигини намойиш этмоқчи эди. Беўхшов тиржайишнинг яна бир маъноси, Баҳром ҳаддидан ошса, у гуруҳ бошлиқларини унга қарши гижгижлашдан ҳам тоймаслигига ишора эди. Унинг душманлик назарини Баҳром дарров пайқади. Пайқагач, қайсарлиги тутди. У ҳалиям бўлиб ўтган ишлардан аламзада эди. Орини олмоқчи бўлди.

– Бир ойдан кейин ширкат ишлари тўғри бўлади, деяпсиз! – деди у. – Адашмасам,  сўнгра кўчиш бошланади. Минглаганларни тайёрлов курсларида ўқитган, минглаганлар учун вазирликдагиларга пора берган ширкат қандай қилиб ишизловчиларга олган пулларини қайтаради? Олинган пуллар сарф бўлиб кетган бўлса! Шу жойига ақлим етмаяпти?!

– Бу менинг муаммойим! – деди жаҳли чиққан Нозима Мунис. – Буни ҳамманинг билиши шарт эмас.

– Тўғри! – деди унинг фикрини қўллаб-қувватлаган кимдир Баҳромга бўридек ўқталиб. – Боғини сўраганча, узумини енг. Ўзингиз ишонмасангиз, бошқаларни йўлдан урманг!

– Ака, илтимос, силталашга суқишни сиқиштирмай туринг! – дея унинг ёнига бошқаси қўшилди. – Бизлар сизга ўхшаган бекорчи эмасмиз. Гапимизни гаплашиб кетганимиздан кейин, бемалол валақлашаверасизлар!

Баҳром одамларнинг қулоғи тагидан тўп отиб, уйғотиб бўлмаслигига яна бир карра иқрор бўлди.

– Бўпти! – деди у. – Нозима опа, берадиганингизни беринг, мен кетаман, тавба қилдим!

– Сизга ҳеч нима бера олмайман! – деди у. – Бешта одамингиз учун тўлиқ тўлаганман. Кўчиш куни қолган ўн уч минг долларни ҳам сиздан оламан. Бу ишларга ўйин деб қараяпсиз, шекилли!

Унинг тескари гапларини эшитган Баҳром ҳайратдан шамдек қотди. Киприклари пирпираб, гапиришга ҳоли келмади. Аҳволини кўрган гуруҳ бошлиқлари, қотиб-қотиб, кулдилар. Унга беписанлик билан назар солдилар.

– Пулни қайтараман, деб ўзингиз ваъда берган эдингиз! – деб юборди у тилга кириб. – Сизда лафз деган нарса борми? Ҳеч кимнинг кетмаслигини била туриб, қачонгача одаларни кундузнинг кунида тунайсиз? Саидмат Соттига ўхшаганларни бойитиб, ўзингизга қамоқ ҳукмини ўқиётганингиздан токайгача бехабарсиз? Жиноят этишдан, алданишдан ва алдашдан ўзингизни тия олмайдиган қанақа махлуқсиз ўзи?

– Оғзингни ёп, ичи қора, илон! – дея Нозима Мунис чинқириб юборди. У “сенсираш”га ўтганди. – Сени ширкатга ишга жойлаб, бошимга бало орттирган эканман. Саидмат Сотти сингари бир ҳалол, намозхон одамни фирибгарга чиқардинг, сендан ҳар нарса кутса бўлади. Бировларнинг муваффақиятини кўрсанг, ичингни ҳасаднинг қораси қопларкан. Чақимчиликни касб қилганингни ўз тилларинг билан айтдинг. Пулингни мен тўлайман деб сени тўхтатишга мажбур эдим. Шундай қилмаганимда, хавфсизлик ташкилотларига ёзардинг. Бола-чақа боқамиз, дея хорижга кетаётган ишизловчиларни уларга гўшт этардинг. Бошида пулни кимга берган бўлсанг, ўшандан ол. Бу масалада ортиқ бошимни оғритма. Сен одамлардан ўзингни ақллиман деб ўйлаяпсанми? Улар ҳам қуруқдан-қуруқ пул сочиб аҳмоқ эмаслар. Улар кимларгадир ишонадилар, каналлари орқали бу ишларни текшириб кўрадилар. Ишончлари комил бўлгач, менинг ёнимга келадилар. Уларнинг орқаларида ҳукумат бор, қонунлар бор, хавфсизлик ташкилотлари ва президент турибди. Ишизловчилар ердан чиққан қўзиқорин эмаслар!

Мақтовлардан қутурган гуруҳ бошлиқлари Баҳромнинг устига буқа каби бостириб келдилар.

– Обрўйинг борида туёғингни шиқиллат! – дея уни бирови кўкраги билан итарди. – Одамларинг учса, устига ўн фоиз қўшиб берасан. Сен айтгандай, кўчиш ёлғон бўлиб чиқса, барча сингари куясан, тушундингми? Бор, йўлингдан қолма, тилка-пора этиб ташламасимиздан ипингни уз. Сенга ўхшаган ақлдонни лойдан ясашимизни биласанми, ўзи?

Қўлидан бир иш келмаслигини тушунган Баҳром миқ этиб, оғиз очмади. Орқасига ўгирилиб, кетиб қолди…

 (давоми бор)