Фарзанднинг ота-она устидаги ҳаққи

Фарзанднинг ота-она устидаги ҳаққи
46 views
21 September 2017 - 7:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(26)
(давоми)

Фарзанднинг ота–она устидаги ҳаққи

Абу Ҳурайрадан (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Фарзанднинг отасида учта ҳаққи бор: Туғилганда яхши бир исм олиш ҳаққи, ақли кирганда Қуръонни ўрганмоқ ҳаққи, балоғатга етганда уйлантирилмоқ ҳаққи бордир”.

Бир киши ўғли билан Ҳазрати Умарнинг ёнига бориб, “бу ўғлим менга қарши келаяпти” деганда, Ҳазрати Умар унинг ўғлидан:

-Отангга қарши келаркан, Аллоҳдан қўрқмайсанми? – деб сўради.

-Эй, амир–ул–мўминин, фарзанднинг отасида ҳеч ҳаққи йўқми? – деди.

Ҳазрати Умар шундай жавоб берди:

-Албатта, бор. Бу ҳақлардан бири фарзандга асл бир она танлашидир. Яъни савиясиз бир хотинга уйланиб, бу сабабли фарзандининг ҳам хорланишига йўл қўймасин. Иккинчиси, ота фарзандга гўзал исм бериши керак. Учинчиси, фарзандига Қуръон ўқитишни ўргатмоғи лозим.

Ҳазрати Умарнинг сўзларини эшитган йигит:

-Валлоҳи, отам менга асл бир она танламади. Онам отам тарафидан 400 сариқ лирага сотиб олинган ҳиндли бир чўридир. Отам менга гўзал исм ҳам бермади. Қуръондан эса бир оят ҳам ўргатмади, – деди.

Шунда Ҳазрати Умар йигитнинг отасига:

-Ўғлим менга нисбатан вазифасини бажармаяпти дейсану, аслида, сен унинг ҳақларини бермабсан, кет бу ердан, – деди.

Самарқанд олимларидан Абу Ҳафс Яскандий менинг отамга шундай бир ҳикоя айтиб берганди: “Бир киши Абу Ҳафсга келиб, ўғлим мени роса калтаклади, дея шикоят қилибди. Абу Ҳафс ундан “Ўғлингга илми адаб қоидаларини ўргатмаганмидинг?” деб сўради. Одам “йўқ” деди. “Ўғлинг нима иш қилади?” деб сўради Абу Ҳафс ундан. “Деҳқон” деди шикоятчи. “Сени нима учун калтаклаганини биласанми?” деб сўради Абу Ҳафс. “Йўқ” деди одам. Шунда Абу Ҳафс унга шундай деди:

-Балки, ўғлинг эшагига миниб, олдига ҳўкизларни солиб, далага кетаётганда, Қуръон билмагани учун қўшиқ айта бошлаган бўлиши мумкин. Шу пайтда сен қаршисига чиққан бўлсанг, сени ҳўкиз деб ўйлаб, калтаклагандир. Аллоҳга шукр эт-ки, бошингни ёрмабди”.

Собит – ул Баннонийнинг айтишига кўра, бир одамни ўғли калтаклаётганда, ундан “бу не ҳолдир?” деб сўраганларга калтакланаётган киши:

-Мен ҳам бир пайтлар мана шу жойда отамни калтаклагандим. Экканимни ўраяпман, ўғлимни айблашга ҳаққим йўқ, – деди.

Бир донишманд киши шундай дейди: “Ота–онасига осий бўлган (исён этган) кимса ўз фарзандидан хайир кўрмас. Бир ишни билгандан сўрамай қилган одам мақсадига етолмайди. Оиласи билан аҳил бўлмаган киши бу ҳаётда бахтли бўлмайди”.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Фарзандига қулайлик яратиб, унинг ўзига осий бўлмаслигини таъминлаган отаонага Аллоҳ раҳмат этар”.

Яъни, фарзандига унинг қилмайдиган бир ишини буюриб, уни ўзларига осий қилмаган ота–онага раҳмат айласин.

Айтилишига кўра, солиҳ кишилардан бири ўғлига ҳеч нарса буюрмасди. Бир нарсага эҳтиёжи бўлса, бегонага буюрарди. Ундан “нега бундай қиласан?” деб сўраганларида, у “ўғлимга бир нарсани буюрсам, айтганимни қилмасдан, Жаҳаннамлик бўлишидан қўрқаман. Мен ўғлимни оташга ота олмайман” деб жавоб берди.

Фудайл бин Иёз дейди: “Мардликнинг ва одамийликнинг асос аломатлари шулардир: ота–онага яхши қарамоқ, қариндошларга боғлиқлик, дўстларга яхшилик этмоқ, оилага, болаларга ва хизматчиларга юмшоқ муомала қилмоқ, динга боғлиқ бўлмоқ, ҳалол нон топмоқ, ортган молдан садақа бермоқ, тилни тиймоқ, ўз ишини қилиб, гап сотувчилардан узоқ турмоқ”.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Шу тўрт нарса саодатнинг сабабларидир:

1.Солиҳа бир хотинга соҳиб бўлмоқ

2.Хайирли фарзанд

3.Солиҳ дўстлар билан ўтириб–турмоқ

4.Ризқини ўз маҳалласида топмоқ

                                                            Термизий”

Язид Раққошийнинг билдиришига кўра, Анас бин Молик (ундан Аллоҳ рози бўлсин) шундай деган: “Шу етти нарсани ишлаган киши ўлимидан сўнгра ҳам савоб қозонишда давом этади.

1.Ким бир масжид қурдирган бўлса, у ерда бир киши ҳам, намоз қилса, савоб қозонаверади.

2.Ким бир ариқ қаздирса, ариқдан сув оқиб турган муддатгача савоб қозонаверади.

3.Ким гўзал ҳуснихат билан бир Қуръони Карим ёзса, токи у ўқилар экан, хаттот савоб қозонишда давом этади.

4.Ким бир қудуқ қаздирса токи бу қудуқдан сув ичилар экан, у одам савоб қозонишда давом этажакдир.

5.Ким бир дарахт экса, токи унинг мевасидан инсон ёки қушлар ер экан, у киши савоб қозонишда давом этади.

6.Ким ўз орқасида унинг учун авф тилаган фарзанд қолдирса, у савоб қозонишда давом этади

7.Ким бировга илм ўргатса, бу билгидан фойдаланилдиги муддатча илм ўргатган киши савоб қозонишда давом этади”.

Абу Ҳурайрадан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Одам боласи ўлгандан сўнг унинг амал дафтари ёпилади. Фақат шу уч ҳолатда қулнинг дафтарига яхши амал ёзилишда давом этади:

1.Садақаи жория

2.Фойдаланиладиган илм қолдирган бўлса

3.Ота–онага хайир дуо этажак солиҳ фарзанд бўлса”.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси