Ботаётган қуёш

Ботаётган қуёш
17 views
25 September 2017 - 9:00

ИСЛОМ ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л

(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

                                                                                                 ХаЗиНА КаБи                                                                                                                                                                                ҚўРиҚлАйДиЛАр
                                                                                      ЧўЧқА КаБи
                                                                                                   БоҚаДиЛАр
                                                                                           ИТ КаБи
                                                                                                таҲқирлАйДиЛаР 

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Гарон жонлиғни қўй, жон бер, тилар бўлсанг дуру мақсуд
Ки, оламда оғирдир ушбу жавҳарга баҳо асру.

Алишер Навоий

1-қисм

Биринчи боб

Ўйин бурилиш палласига етди. Мудак орқали бутун вазиятни ўтирган жойида тафтиш этаётган Қамарага кўра, Саидмат Сотти мақсадига деярли эришганди. Нозима Мунис бу ёғига унга фақат ғалва орттирарди. Бироқ қолган-қутганларни йиғиштириб олиш учун ҳам унга уч-тўрт ой муддат лозим эди. Бу орада Нозима Муниснинг ўзи билан ўзи овора бўлиши ишизловчиларни чалғитиш учун қўл келарди. У ўз ҳолича муаммолари гирдобига ташлаб қўйилса, ишизловчилар ўртасида саросима бошланарди. Унинг кичик оҳ-воҳлари ҳам минглаганларнинг норозилик акс-садоси бўлиб-қайтиб, ҳукуматнинг гизли диққат-эътиборини очиқлашга дастак берарди. Бошқа томондан, Амира Кимёнинг у билан қилаётган ишларини якунига етказиши учун “кўринмас қўл”лар вақтни бироз чўзишга мажбур эдилар. Ҳеч ким ўйин қиёмига етмасдан жанжал чиқишини истамасди. Меҳнатлари ҳосилини йиғиштирмоқчи бўлган деҳқон кузнинг чўзилишидан умидвор бўлгани сингари бу ишдан манфаатдор бўлган ҳар қанақа кимса, мурод ҳосил бўлгунча, Нозима Муниснинг кураш майдонидан чиқазиб ташланишига тиш-тирноғи билан қарши эди. Мусобақа финиш чизиғига яқинлашмасдан даврага туширилганларнинг таслим этилиши, “кўринмас қўллар”га қимматга тушарди. Икки ўртада малакали бир янги фирибгар ўйнатилмаса, вазият жилови қўлдан чиқарди. Ўйинни режа бўйича ниҳоялашга шунинг учун Саидмат Соттининг иқтисодий жиноятларда донғи чиққан укаси Оқилмат танланди. У фирибгарликлар содир этиб, кўпдан Москвада яшириниб юрарди. “Кўринмас қўл”ларнинг тавсияси билан уни акаси Тошкентга чақирди. Барчаси ички ишлар назорати остида бўлгани учун унинг хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳеч бир нарса йўқ эди.

Саидмат Сотти иниси Оқилматни Нозима Мунисга Норвегиянинг Русиядаги элчисининг ишончли вакили Раймон Павлус деб таништирди. Амира Кимёга ҳам, айнан шу нарса керак эди. Олтин гардишли кўзойнак тақиб юрадиган Оқилмат акасидан кўра ҳам малла, баланд бўйли эди. Унинг ўзбеклиги ҳеч кимни хаёлига келмасди. У дипломатлардек ҳашаматли кийинар, чарм сумкасини қўлидан қўймасди. Бурро сўзлашга тили келса ҳам, ўзбекчада бир оғиз гапирмасди. Бу унинг ажнабийлигига далолат эди. Ўзини шундай тутиши унинг салобатини оширар, башарасини сирли кўрсатарди. Улар энг зўр меҳмонхоналарнинг бирида пинҳона учрашдилар. Нозима Мунис унинг ваъдаларидан ийиб, ўзини қайга қўйишни билолмай қолди. Эртаси кун қайсидир момосидан қолган зумрад кўзли кумуш сийнабандни унга совға этгач, ўзини босиб олди. Иддаосига кўра, у ўн минг доллар турарди. Мудакдан буни эшитган Қамара, “Дунёда бундай аҳмоқ аёлни кўрмаганман”, деди. Унинг айтишича, бу каби ноёб буюмнинг нархи Дубайда юз минг доллардан бир сент ҳам кам эмасди. Элчихона вакили ортига учишдан олдин ишчи гуруҳни Тошкентга чақирди. Улар келиб ишизловчиларнинг ҳужжатлари билан пулларини қабул этишлари лозим эди. Раймон Павлусни Тангри юборган фаришта деб ўйлаган Нозима Мунис Зангиота зиёратгоҳида қўй сўйиб, садақа берди. “Меҳрибонлик уйи”да хайрия тадбирини ўтказди. У билан таништирган Саидмат Соттининг икки кун қучоғидан чиқмади. Оёқлари учидан энсасигача уқалаб, уни ялаб-юлқади. У барча азобларнинг ортда қолганига ишониб, ҳалитдан ўзини милёнер деб ҳисобларди. Саидмат Сотти унга ўлганини кунидан тоқат этарди. У ўзини эскирган балиқни еётган мушукдек ноқулай ҳис қилаётган эсада, “кўринмас қўл”ларнинг топшириқларини сидқидилдан адо этаётганидан хурсанд эди.

Бу пайтга келиб байроқчани Саидмат Соттидан Амира Кимё қабул қилиб олиш арафасида эди. Икки гуруҳ бошини бирлаштириб турган “кўринмас қўл”лар шуни хоҳлардилар. Нозима Мунис фирибгарларга навбатдаги имкониятни туғдираётганди. У гапга кўнадиган ҳолатда эмас, кўзлари ҳужжатлар билан пулдан бошқасини кўрмасди. Ишчи гуруҳ етиб келгач, Раймон Павлус Москвага учиб кетди. Ишчи гуруҳни учоқ зинапоялари олдида Нозима Мунис билан Саидмат Сотти кутиб олди. Аслида Москвадан учиб келган учоққа товламачилар бир муддат аввал чиқиб олгандилар. Барчасини “кўринмас қўл”лар режалаганди. Ўзини Анна Курапаткина деб таништирган Мая Михайловна – олтмиш ёшларни қоралаган кампир Албина қирқ ёшлар атрофидаги гўзал бир аёл эди. Нозима Мунис Раймон Павлуснинг илтимоси билан уларга махсус тураржой ҳозирлаб қўйганди.

Мудак Бир вақтнинг ўзида тўрт томонга ишларди. Хиёнаткорлиги туфайли у моддий аҳволини яхшилаётганди. Парда ортида турган Қамара билан Марат у орқали Нозима Мунисга мижозлар етказарди. У фойданинг учдан икки қисмини ортга қайтарарди. Нозима Мунис ишчи гуруҳ бошлиғи Анна Курапаткина билан унинг котибаси Албинанинг кўзини очирмас, уларга ишизловчиларнинг ҳужжатлари билан пулларини ташиб чарчамасди. Шарманда бўлишига бир баҳя қолганда қутқариб қолган Раймон Павлусдан у чексиз миннатдор эди. Шунинг учун ҳам у ишчи гуруҳга алоҳида ошпаз ва оқсоч ёллаганди. У ўрин алмашганидан, иш бошида Амира Кимё турганидан бехабар эди. Саидмат Сотти бошқа йўлдан кетганди. Аёл буни хаёлига ҳам келтирмас, ишизловчиларни тез учириш учун жонини жабборга берарди. Тағинам рағбатлантириб, иш салмоғини оширишни истаётган Амира Кимё гумашталари орқали ҳар куни унга ўнлаган ҳужжатларга қўшиб пул жўнатарди. Юзлаган ҳужжатлар ва пуллар Анна Курапаткина орқали яна Амира Кимёнинг қўлида жамланарди. Бу ишларни Нозима Мунис билганида, юраги ёрилиб ўларди. Унинг атрофидагилар Амира Кимёнинг фойдасига ишлардилар. Энг яқини бўлмиш Настя Самарқанднинг Каттақўрғонидан эди. Қримтатар миллатига мансуб бу аёлни беш йиллар аввал унинг қўйнига Амира Кимё тиққанди. У фоҳишалик орқасидан катта тажриба орттирган хуфия эди. Мая Михайловна эса аслида яроқсиз ҳолга келган қўшмачи бўлиб, фолбинлик ва сеҳру жоду билан шуғулланар, илгари икки марта қамалиб чиққанди. Албинани аввал ҳеч ким кўрмаганди. Айида ҳам самарқандлик бўлиб, Амира Кимёнинг кўрсатмасисиз узатган оёғини йиғмасди. Қолганлар ҳам бирор-бир жиҳатлари билан унга боғланардилар. Кимнинг кимлиги энди аён бўла бошлаганди. Барча ишлар бошида Амира Кимё турганини шу чоққача ҳеч ким билмасди. У хавфсизлик ташкилотларининг суянган тоғи, жиноят оламининг отамонларидан бири эди… Унинг ўзи ҳам кунида бир-икки марта Нозима Муниснинг уйига Мудак билан ишизловчиларнинг ҳужжатлари ва пулларини олиб борарди. Эрта бир кун жанжал бошланганда берган пулларини талаб этиб, Нозима Муниснинг гирибонидан бўғишга чоғланарди. Ҳаммаси пухта ўйланган режа асосида кетаётганди.

Нозима Мунис Баҳромга зуғум ўтказишга ҳаракат этмаганида, у Маратникига бормасди. Бормаганида, Қамарадан бу гапларни эшитмаган бўларди. Ўтган йигирма кун мобайнида у мана шунақа воқеа-ҳодисалар рўй берганини тушида ҳам кўрмасди.

Баҳром ваннага тушиб чиқди. Хотини билан ўтириб бир пиёла чой ичди. Сўнгра кийиниб, Нозима Мунисникига йўл олди. Тонг оқара бошлаганди. Дарахтларда қушлар сайрарди. У учун ҳеч бирининг аҳамияти йўқ эди. Унинг ҳалиям Нозима Муниснинг кечаги қилғилиғидан нафсонияти қўзиётганди. Алами бўғизга тиқилган нола сингари юрагида қотиб қолганди. Бироқ энди чекиниб бўлмасди. Пичоқ устихонга етганди. Ўзини енгиб, барини ошкор этишга тиришмаса, хиёнат юз берарди. Унинг ҳам бошқалардан ортиқ жиҳати қолмас, кейин у ўзини кечира олмасди. Ишониш-ишонмаслик ҳар кимнинг ўзининг иши эди. У ўзи учун, Нозима Мунис ўзи учун жавоб берарди.

  Рулда уззукун юравериш жонига теккани учун у кўчага пиёдалаб чиқди. Йўлни кесиб нариги томонга ўтди. Ўн дақиқа юрса, Нозима Мунисникига етарди. Унинг кўчаси муюлишидаги биринчи уй – Амриқо элчисининг қароргоҳи эди. Кейингиси Япония элчисига қарашли эди. Икки давлат элчилари қўшни яшардилар. Бу тасодифий эмасди. Оддий кўринган ушбу ҳолат ўзаро ишонч рамзи эди. Элчилар хафвсизлигини таъминлашга уриниш эди. Турган-битгани жумбоқ бу юртда ҳар бало юз бериши мумкин эди. Яқин қўшничилик кўпроқ амриқоликларга асқотарди. Улар японияликларнинг сукунат ичида яшайдиган ҳайқириқларига муҳтож эдилар. Амриқоликлар ўзларининг ҳайқириқ ичидаги сукунатда эканликларини яхши англардилар. Улар террористлар ёки ислом экстремистик ташкилотларидан кўра маҳаллий ҳукуматдан кўпроқ чўчирдилар. Беқарор ва ўзгарувчан сиёсат таҳликали эди. Уйдирмалар тўқиб чиқаришга мойил хавфсизлик ташкилотлари қош қўяман деб кўз чиқаришлари мумкин эди. Уларнинг қаҳрамонликлари бировларга қимматга тушарди.

Баҳром дарвозани қоққач, беш дақиқа ўтиб Нозима Мунис чиқди. Унинг ширин уйқуда ётганлиги юз-кўзларидан билиниб турарди. У, Баҳромни кўриши билан эшикни очиқ қолдириб, орқасига қайрилди. Баҳром унинг ортидан эргашди. Улар айвондан кечиб, меҳмонхонага кирдилар. Нозима Мунис эгилиб диван тагидан сумкасини тортди. Ичидан бир даста доллар олиб Баҳромга узатди.

–         Мана, сананг! – деди у. – Сиздан қутуламанми энди?

– Йўқ! – деди  Баҳром. – Мендан қутула олмайсиз. Мен сиздан пул сўраб келмадим.

– Кеча бир чеккада кутганингизда пулингизни берардим. Мени иғво қилмоқчи бўласиз! Наҳотки, мен фитнадан қўрқадиган кучсиз бир аёлга ўхшасам? Сизни укамдай кўриб, юрагим ичимга сиғмай суюнсам,  сиз оёғим остини кавласангиз. Бу каби қабиҳлик эркак кишига ярашмайди. Уялмайсизми?

– Сиз ноўрин гапиряпсиз! – деди қулоғигача қизарган  Баҳром. – Бариси бир-биримизни тушунмаётганимиздан келиб чиқяпти. Илтимос, мени бир марта эшитинг, хулоса чиқариш ўзингизнинг ишингиз!

– Нима демоқчисиз?!

– Сизни Саидмат Соттидан тортиб Амира Кимёгача ҳамма алдаяпти. Атрофингизни жин-ажиналар, илонлар билан чаёнлар ўраб олганлар. Саидмат Сотти элчининг ишончли вакили деб таништирган Раймон Павлус унинг туғишган укаси. Анна Курапаткина Амира Кимёнинг гумаштаси, икки марта қамалиб чиққан. У шаҳардаги машҳур фирибгарлардан биттаси. Албина ҳам ўшалардан. Уларнинг орқаларида “кўринмас қўл”лар туриптилар. Саидмат Сотти билан Амира Кимёнинг тили бир. Улар сизни қўғирчоқ қилиб ўйнаяптилар. Ўзингизни йиғиштирмасангиз, қамаласиз. Маҳкамага бориб арз қилмасангиз, айбдор бўлиб қоласиз. Токайгача сўзларимга ишонмайсиз, сиз жарликка қулаяпсиз. Бошқаларни ҳам ўзингизга қўшиб тортиб кетяпсиз. Айбсизлар қамалиб, айбдорлар, қутулиб қоладилар!

– Эски дийдиёни бошладингизми? – дея Нозима Мунис истеҳзоли жилмайди. Баҳром унинг наздида одам боласининг ақли бовар этмайдиган нарсалар ҳақида гапирарди.

         – Саидмат Сотти билан Амира Кимё умуман бир-бирларини танимайдилар. Раймон Павлус, Анна Курапаткина, Албина деган кимсаларингизни эса мен танимайман. Баъзи бир аёлларга ўхшаб ғийбат қилишдан чарамас экансиз. Пулингизни олиб, чиқиб кетинг. Мени унутинг. Кўрган-билганларингизни хотирангиздан ўчириб ташланг. Умрингиз узун бўлади!

– Нозима опа! – деди асоссиз дашномлардан дили оғриган  Баҳром. – Сизни авраётган фирибгарларнинг ҳақиқий исми-шарифларини аниқладим. Ички ишлар вазирлигида ишлайдиган яқин танишим бор. Бориб суриштирамиз, “Ахборот маркази”га кириб уларнинг кимлигини ярим соатда аниқлаб беришади. Сизга расмларигача кўрсатишади. Саидмат Сотти билан Амира Кимёнинг эски танишлар эканлиги жараён асносида ўз-ўзидан аён бўлади. Уларнинг бошини бирлаштириб турганлар – юқори лавозимда ўтирган давлат мулозимлари.

– Беҳуда гапларни йиғиштиринг, улар бир-бирларини танимасликларини яхши биламан. Бошқалари чет эл фуқролари бўлса, яъни элчихона ходимлари бўлиб чиқса нима бўлади?

– Бундай бўлиши мумкин эмас!  Мабодо шундай бўлса, мен хурсанд бўламан. Қайтиб ўла-ўлгунимча сизга қорамни кўрсатмайман.

– Кимни орқа қилиб катта гапиряпсиз? Битта сиз доною, бошқалар аҳмоқ эканларда!

– Мен ундай деётганим йўқ. Ҳамма доно, мен аҳмоқман. Аҳмоқ бўлмаганимда балойи азимга читтакдек жоним билан қарши турармидим?!

– Раймон Павлусни қаердан биласиз? – деди ахири бироз юмшаган Нозима Мунис. – Уни мен билан Саидмат Соттидан бўлак ҳеч ким танимасди!

– Мен билан сиздан бошқа уни ҳамма танийди. Илтимос, бир марта сўзимга киринг! Сиз ҳеч нима йўқотмайсиз. Айтганимдай бўлиб чиқса, ёнингиздан бир қадам жилмайман. Охиригача сиз билан елкама-елка туриб курашишга сўз бераман. Тескариси бўлса, орқамга қарамай кетаман. Жон опажон, бир марта айтганимга киринг!

– Бўпти! – деди Нозима Мунис ниҳоят. Уни ўз-ўзидан титроқ босиб, пешонасидан тер чиқа бошлаганди. – Ҳар қалай, ишлар жойида бўлса, кейин миршаблар бошимизни оғритишмайдими?

– Йўқ! – деди енгил тортган  Баҳром. – Маълумотларни пора бериб, норасмий йўл билан оламиз. Уларнинг ўзлари бу нарсанинг чуви чиқмаслиги манфаатида бўладилар.

 Баҳром Жалолга қўнғироқ қилди. Автомат сотка ўчирилганлигини таъкидлади. Ҳали соат олти ҳам бўлмаганди.

– Опа, тезроқ кийининг, кетдик! – деди у.

У Нозима Муниснинг фикридан қайтишидан қўрқарди. Амира Кимё ёки унинг гумашталаридан бирор ким келиб қолса, у қолиб кетиши мумкин эди. Қайтиб уни кўндириб бўлмасди. Амира Кимё эшитса, имконият бутунлай қўлдан чиқар, у вазиятни ўз измига бўйсундирарди.

Улар Жалолнинг уйига боришга қарор қилгач, катта йўлга чиқиб машина кира қилдилар. Кутадиган пайт эмас, бу ишини пайсалга солиш ҳалокат дегани эди.

Эшикни Жалолнинг хотини очди. Бирпасдан кейин ёғ босган айиқ каби бесўнақай қадамлаб унинг ўзи чиқди. У кўришмаганларидан буён янаям семирганди. Уйқули кўзларини янги туғилган кучукваччадек очишга қийналарди.

– Ака, тинчликми? – деди нигоҳи Баҳромга тушгани замон. – Тонг саҳарда юриш одатингиз йўқ эди-ку?!

– Узр, уйқунгизни буздим. Кечиктириб бўлмайдиган иш чиқиб қолди!

– Қўлдан келадиган иш бўлса, уриниб кўрамиз!

– Қўлингиздан келади!

 Қўлидан қандай иш келиши мумкинлигини Баҳромнинг яхши билишини биладиган Жалол гапни чувалатиб ўтирмади.

– Қаҳвахона очилган бўлиши керак. Тушиб чой ичиб туринг, кийиниб тушаман! – деди у.

Қаҳвахона унга қарашли эди. У қаҳвахонасига танишларини бир мақсад билан таклиф қиларди. Бу исқирт, хўппасемиз тўнка уйқуда ётганда ҳам пулини кўпайтиришни ўйларди. У қабристоннинг ёнидан ўтса, битта ўлик камаярди. Садақа тилаб қўлини чўзган лўлидан бир тукини юлмаса, қўйиб юбормасди. Кўнгли жойига тушгач, фоизга берган пулининг фойдасини санаган судхўр каби хўрсиниб қўярди.

У кўп куттирмади.

– Ака, сизни келсин деб супаларга сувларни сепиб қўйишипди! – деди у қайтадан сўрашгач. – Ўтирмайсизларми?

– Шошиб турипмиз! – деди Баҳром. – Шу ерда гаплашиб олсак ҳам бўлаверади.

– Қўйсангизчи! – дея у ўзи йўл бошлади. – Оёғи куйган товуқдек бунча типирчиламасангиз, учинчи жаҳон уруши бошланмагандир!

Улар стол атрофига жойлашиб ўтириб олдилар.

– Бу опамиз Нозима Мунис бўладилар! – деди Баҳром ҳуркак қараб турган Нозима Мунисни унга таништириб. – Қозоғистондан қайтганимдан буён бирга ишлаяпмиз, сизга айтгандим.

– Эсимда! – деди у гапни узоқдан бошлаб. – Фирибгарлар очган ширкатда-да? Емаган сомсангизга пул тўлаб юримасангиз бўлгани!

Нозима Муниснинг кўнглига “атайлаб уюштирилган” деган шубҳа-гумон келмасин деб ўйлаган  Баҳром уни гапини бўлди.

– Олдингизга бир юмуш билан келдик. Муҳим бир масалада ёрдамингиз керак бўлади!

– Қандай иш бўлмасин, бу иш “Паймона” ширкати билан боғлиқ бўлиши керак! – деди гап тагини сезиб турган Жалол. – Ширкат қаллоблар уясига айланиб қолди.

– Тўғри! – дея Баҳром тан олишга мажбур бўлди. – Бизга учта кимса хусусида маълумот зарур!

– Ҳисоби бўлса, менга фарқи йўқ! – деди  Жалол оғзини ялаган мушукдек кафти орқаси билан лабини артиб. – Бироқ вақт масаласида муаммо бўлади. Илгариги даврлардагидек бу иш бир соатда битмайди. Кечгача битириб бераман.

– Бу жуда узоқ! – дея кўнмаган Баҳром икки юз доллар олиб Жалолнинг кўкрак чўнтагига тиқти. – Кечгача поезд кетиб қолиши мумкин.

– Бу пулингизнинг икки бараварига ҳам бу иш битмайди! – деди Жалол чўнтагидан пулни олиб кўриб. – Мен ҳам бировларга илтимос қиламан.

 Баҳром оғиз очишга улгурмай, сумкасини титкилаётган Нозима Мунис стол устига тағин уч юз доллар пул чиқазиб қўйиб:

– Укажон, энди етса керак? – деди. У таҳликага тушиб қолган, гап-сўзлар уни ҳушёр торттира бошлаганди.

– Етади, опа! – деди юзи ёришган Жалол. – Учаласининг исми-шарифини, уй манзилларини, хуллас,  улар ҳақида нима билсаларингиз, ёзиб беринглар!

Пул масаласида Нозима Муниснинг ҳовлиқмалигини биладиган  Баҳромнинг, аёл берган пулни кўриб, ичи ўртанди. Энди бефойда эди.

Маълумотлар ёзилган варақни чўнтагига солган Жалол уйига чиқиб кетди.

– Мая Михайловнанинг ёнига Анна Курапаткина деб илдириб қўймадингиз? – деди Нозима Мунис. – Мая Михайловна шахси аниқланмаганда ҳам, Анна Курапаткинанинг кимлигини яқиндан билардик.

У ишнинг пачаваси чиқишидан ҳар қанча хавфсираётган бўлмасин, фирибгарларнинг элчихона ходимлари эканликларидан умидини уза олмаётганди.

– Унинг Мая Михайловна эканлигига заррача гумоним йўқ! – деди Баҳром. – У фирибгарнинг Қатортол кўчасидаги уй манзилини ҳам энди аниқ биламан. Бироқ Албинанинг шахсини аниқлаш қийин бўляпти. У ҳақида ҳеч ким маълумотга эга эмас.

– Анна Курапаткина билан Раймон Павлус шахси аниқланса, етарли бўлади! – дея ахири Нозима Мунис ақлига кела бошлади. – Бу ишларнинг охири сиз айтганингиздай бўлиб чиқса, ўзимни осишимдан ўзга чорам қолмайди. Эй Тангрим, бошимда бу балолар ҳам бормиди?!

– Кечирасиз! – деди  Баҳром. – Бу бор нарса. Аммо муаммони ўлим билан ҳал этиб бўлмайди. Бунга қарши туришнинг ягона йўли қонунларга мурожаат этиш ва жанг майдонига ҳақиқат байроғини кўтариб кириш. Ҳар бир ёлғон янги ёлғонларга имконият очади, ёлғонларни йиғиштирадиган вақт етди. Бошидаёқ рост билан ёлғонни бир-биридан ажратиш лозим. Шунда мақсад ойдинлашади. Мақсад аниқ бўлганидан кейин, муаммодан чиқиш йўллари пайдо бўлади.

– Мақсадим аниқ, менга пулдан бошқа ҳеч нарса керак эмас! – деди яна ўзини йўқота бошлаган Нозима Мунис. – Ўзини ҳимоя этишга ожиз қонунлардан байроқ тикаманми ҳали? Қонун ҳимоячиларининг чўнтакларига пул тиқмасам, кечирасиз-у, байроқни қўлимдан юлқиб олиб, орқамга урадилар. Қонунларнинг ўзи ёрдамга муҳтож. Куни қолган кимса эшакка тоға дегандек, бир гап бўлар, аниқлашсинчи!

– Фуқаро аҳволи чиндан ҳам абгор. Афсус, фалаж деяётганимиз қонунлардан ўзга бизларнинг нажоткоримиз йўқ. Фуқаролар қонунларни бошларига байроқ қилиб кўтаришга эришганларида эди, қонунлар уларни ҳимоясига оларди. Қонунлар ночорлиги миллат қиёфасини намоён этяпти. Даҳшатлиси, ҳукумат мамлакатни ва миллатни шу қонунлар номидан ғорат қилмоқда. Фуқаро қўлидаги энг қудратли қуролни қароқчи тўдаларга бериб қўйган. Берилган имкониятлардан фойдалана олмаганимиздан кейин, бировлардан ўпкалаш адолатдан эмас. Ёмонликлар ҳам, яхшиликлар ҳам ичимизда туғилади. Ичимизни англасак, руҳан озод ва эркин фуқарога айланамиз. Румий “Нарса йўқки, хорижи олам эрур, Ҳар не истарсан, ўзингда жам эрур”, деб бекорга айтмаган.

 Бу гапларни эшитиб, тетиклашиш ўрнига ранги ўчган Нозима Муниснинг тили зўрға калимага келди.

–  Ичимда сиз айтаётган нарсалар бўлмаса, нима қилай?

– Ичингизда ҳамма нарса бор, ўзингиз билмайсиз, холос. Қидирмаганингиздан кейин улар ўзини аён этмайдилар-да!

Жалол келиб суҳбат узилиб қолди.

–  Ҳар тугул, иш мен ўйлагандан кўра осонроқ кўчди! – деди у. – Одамларингизнинг иккитаси назоратда экан. Биттасининг шахси аниқланмади. Жиянимни маълумотни олиб келишга жўнатдим.

Буни эшитиб Баҳромнинг кўнгли таскин топди. Нозима Муниснинг ичига ўт тушди. Ваҳимадан юраги куя бошлади. Юзи бўздек оқариб, кўзлари қизарди. Қони қочиб, лаблари гезарди…

– Жиянингизга қараб бораверсак яхши бўларди! – деди Баҳром. –Қоғозларни тезроқ қўлимизга олишимиз керак. Этадиган ишларимиз жуда кўп.

– Шу ерда кутамиз, у ёққа бориб бўлмайди! – дея жавоб қайтарди Жалол. – Кабоб пишди, эрмак қилиб турамиз. Ҳайтовур, нонушта қилмаган бўлсаларингиз керак?

– Қорнимиз оч эди! – деди у Жалолга. – Бироқ чўнтагимизда пулимиз қолмади.

Унинг очкўз ва шумлигини биладиган Баҳром ҳазиллашди. У кўзларининг нури сўниб борётган Нозима Мунисни шу йўл билан чалғитиб турмоқчи эди. Унинг аянчли аҳволини кўргач, у ораларида бўлиб ўтган барча кўнгилсизликларни унутганди.

– Гапи йўқ! – деди у ҳам. – Янаги келганингизда ташлаб кетарсиз.

– Сўнгги пайтларда текин есам, қорним оғрийдиган бўлиб қолган!

– Тушундим! – дея Жалол кулиб юборди. – Тангри таоло миршаблар, врачлар, ҳукумат мулозимлари, лўлилар сингари уч-тўрт касб эгаларига ҳаромдан буюрган. Уларнинг ризқини халқ орасига сочган. Ўғирлик қилмаган лўлининг косови кўкармаганидек, текин емаган миршабнинг танасига жир битмайди. Еган кабобингиз билан ичган ароғингизга мен тўлайман. Қолганлари ўзингизнинг ҳисобингиздан.

– Шунисига ҳам шукур! – деди  Баҳром кабобнинг гўштларини сихидан чиқараркан. –  Савоби биздан қайтмаса, Азроилдан қайтсин.

– Азроилдан қўрққанимизда миршабликни танлармидик! – деди кулгудан кўзлари ёшланган Жалол. –  Бизнинг жаннатимиз ҳам, дўзахимиз ҳам шу дунёда. Жамиятнинг чиришига сабабчи зиёлиларнинг кунини бошимизга солмасин. Эрта бир кун нима деб жавоб берадилар, Ўзи билади?

Ҳазул-ҳузулдан бошланган гурунг жиддий тус ола бошлади. Ўзга илож йўқ эди. Мустақиллик учун бир жабҳада туриб курашган кимсалар, учрашиб қолганларида сиёсатдан сўз очмасалар, хайрлашмасдилар. Жалол вазият шамоллари йўналиши бўйича ҳаракатланадиган кимса бўлса ҳам, оқ-қоранинг фарқига яхши борарди. Аммо унинг учун пул биринчи ўринда турарди. Шу боис ҳам у ўзини ички ишларга урганди. Баҳром эса, эътиқоди туфайли, давлат ишларидан ўзини олиб қочарди. Шу йўл билан фуқоролик қиёфасини асраб қолишга уринарди. Тузумга мухолифда эканлигини билдирарди.

– Нималар бўляпти, тушунмаяпман! – деди у. – Юқоридагиларнинг айтган сўзлари билан ишлари тескари. Санамасдан саккиз деяверарканларда!

– Худди шундай! – жавоб берди Жалол. – Аммо ҳукумат ва хавфсизлик ташкилотлари бўлмаса, мамлакатни бир соат ҳам идора этиб бўлмайди. Ўз навбатида, ҳукумат ҳам, хавфсизлик ташкилотлари ҳам халқ билан тирик. Ҳамма нарса бир-бирига боғлиқ. Халқни тўғри йўлга йўллаб турувчи зиёлилар руҳан ўлик бўлсалар, халққа ҳам қийин. Кимдан ўпкалашни ҳам билмайсан одам. Зиёлилар мажбуриятларини қойиллатиб адо эта олмаганларидан кейин, хавфсизлик кучларини ҳукумат ваҳшийлашишга мажбурлайди. Сўнгра оддий фуқаролар ҳайвон каби овланадилар. “Бирлик” халқ ҳаракатида, “Малъун ҳукмронликни қўлга олса, подшо айбдорми, дарвеш”,  деган Нақшбанднинг сўзлари кўп айтиларди. Ва у кишининг “дарвеш кўпроқ айбдор” деб айтган жавоби келтириларди. “Дарвеш” деганда Навоий айтган “вафо аҳлини” тушунамиз. Яъни, қалб кўзи очиқ бир фоиз зиёлилар ҳақида сўз боради. Мазкур тоифа анқонинг уруғи бўлгач, қолганларнинг қўлидан нима келади? Бунинг жавоби яна Нақшбанднинг “Токайгача излагайсан паноҳ мардлардан, мардлар ишин қилгил, қутул дардлардан” деган сўзларидир. Вафо аҳллари ўзларини кўрсатмас эканлар, тузумни тўғри йўлга солиб бўлмайди. Акагинам, бизлар ҳам сиёсат қурбонларимиз. Ҳар ким ҳар хил гапираверадию, миршаблар орасида келажакни ўйлаб боши қотиб юриганлари сон мингта!

Сотка чақириб, суҳбат чала қолди. Улар йўлни кесиб нари юзига ўтдилар.

Албинанинг шахси аниқланмаганди. Раймон Павлус билан Анна Курапаткинанинг кафдек қоғозда бор бўй-басти намоён эди. Изоҳлашга ҳожат қолмаганди. Нозим Мунис уларнинг суратларини кўриб, ранг-рўйи оқариб, қулаб тушишига бир баҳя қолди. Жалол билан хайрлашган Баҳром уни суяб бекатдаги скамейкага ўтқазди.

– Сув! – деди у пичирлаб.

Баҳром бекатдаги дўкончадан сув олиб тутди, у зўрға ичди.

– Жувонмаргнинг йигит ўлгур Саидмат Сотти билан фамилияси ҳам бир хил экан! – деди у ўзига келганда. – Раймон Павлусни элчининг вакили деса, лаққа тушипман. Ука, мени кечиринг, сизга ишонишим керак экан. Ўз бошимга ўзим балолар орттирдим. Кўзим очилди, кеч…

(давоми бор)