Миршабларга билдирсак, пулдан айриламан, ўзимни ҳам қўшиб, қамаб юборадилар…

Миршабларга билдирсак, пулдан айриламан, ўзимни ҳам қўшиб, қамаб юборадилар…
133 views
26 September 2017 - 8:00

ИСЛОМ ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

2-қисм

Нозима Мунис киракашга машинани Қатортол кўчасига ҳайдашни буюрди. У қутуриб кетаётганди. Дуч келган кимсани ғажиб ташлашга тайёр эди. Соат ўндан кейин иш бошлайдиган Анна Курапаткинанинг уйидалигига у ишонарди. Нозима Мунис одатда эрталаб соат ўндан кечки соат ўн саккизгача у билан кўришарди. Овруполик дея, зарур бўлмаса, уларни иш соатларидан ташқари пайтларда безовта этишга истиҳола этарди. Душманларининг бутун тун бўйи пул бўлашиб чиқишларига фаҳми энди етаётганди. Ҳа, вақт унга ҳамма нарсани англатганди. У барчасини кафтидагидек кўра бошлаганди. Бироқ ўзи айтганидек, энди кеч эди.

– Биз нотўғри қиляпмиз! – деди Баҳром. – Уларга ўзимизни билдирмаслигимиз керак.  Саидмат Сотти билан Амира Кимё сезиб қолса, қарши чора қўллайди. Боши берк кўчага кириб қоламиз.

– Нима қил дейсиз, унда?

– Бориб, ички ишларга шикоят аризаси ёзасиз. Бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалар хусусида кўрсатма берасиз. Мая Михайловна билан Албина жойлашаган уйни хавфсизлик ходимлари назоратга оладилар. Сўнг барчаси ўз-ўзидан ойдинлашаверади.

– Йўқ! – деди кескин рад этган Нозима Мунис. – Уларга бир ҳафта ичида бир ярим мингга яқин ишизловчиларнинг ҳужжатлари билан уч милёнга яқин пул бердим. Миршабларга билдирсак, пулдан айриламан, ўзимни ҳам қўшиб, қамаб юборадилар.

–  Миршаблар ҳам, сиз ҳам энди у пулларни қайтариб ололмайсизлар! – деди  Баҳром. – Сиз айбсизлигингизни исбот этишингиз жоиз, бўлмаса шундай ҳам қамаласиз.

– Биламан! – дея у бўғилди. – Кеча тунда наманганликларнинг бир милён икки юз минг долларини бергандим. Шу пуллар Курапаткинанинг ёнида бўлиши керак. Олиб, эгаларига тарқатсам, ҳарна енгиллашардим.

– Қандай қилиб? – деди эшитиб жунбушга келган Баҳром. – Наманганликларнинг пулларини бугун йиғишларингиз керак эмасмиди?

– Аслида, бугун йиғишимиз керак эди. Таваккал деган ҳовлиқма пулни тунда уйимга кўтариб келди. Эрталаб топширайлик, десам, бухороликлардан олдин учмасак, ўламиз саттор, дея ётиб олди. Ҳамма икки мингдан йиққан бўлса, у икки ярим мингдан йиққан экан. Курапаткинага қўнғироқ қилиб, ярим тунда топшириб қайтгандим.

– Курапаткина умуман уйига келмаётгандир, ўша ёқда тунаётгандир! – деди Баҳром. – Шошмасдан, ўйлаб иш қилайлик.

У қандай бўлмасин Нозима Мунисни бу хато йўлдан қайтаришга уринарди.

– Йўқ, уйида! – деди у ваҳшийдек қутуриб. – Раймон Павлус атай шу атрофдан жой ҳозирлатган экан, уйи билан ижарага олган жойимнинг ораси беш юз қадам келмайди. Шунчалар ҳам гов, аҳмоқ бўламанми?! Амира Кимё ҳам балким шу ердадир. Пулни олиб кетишга келган бўлиши мумкин-ку, ахир!

– У бу ерда йўқ! – деди  Баҳром. – Амира Кимё Курапаткинанинг қўлига пул бериб қўядиган бўшанглардан эмас. Ўша заҳоти пулни олиб кетган бўлиши керак.

Тутақиб кетаётган Нозима Мунис ўзини идора этолмай қолаётганди. Алоқ-чалоқ кўзларидан ўт чақнаб, оғзидан кўпик сочарди. Жинни бўлиб қолмасин, дея қўрқаётган Баҳром, уни ҳеч қачон измига сололмаслигини ўйлаб, ичидан ўртанди. Аслида, Амира Кимёнинг бу ишларга қандай алоқаси борлигига фаҳми етмаётган бечора, эшитганларига эргашиб, кўр-кўрона талвасага тушганди. Унда меъёр йўқ эди. Энди бутунлай бошқа қирғоққа ўтиб олганди. Раймон Павлус билан Анна Курапаткина ҳақидаги маълумотларни қўлга киритгач, бошига еру осмон тўнкарилганди. Кўз ўнгида бор дунёси айқаш-уйқаш бўлиб кетган, уйларнинг, кўчаларнинг, дарахтларнинг оёқлари осмонда эди. Қуёш, ой, юлдузлар довучадек тўкилиб, тупроққа қоришганди. Кеча кўрганлари бугунгисига ўхшамас, бугун кўраётганларини илгари ҳеч қачон кўрмаганди…

Улар Мая Михайловнанинг уйи олдига етиб келдилар. Бу нотўғри қадам эди. Баҳромнинг қўлидан ҳеч бир иш келмасди. Тадбирсизлик ва жоҳиллик янги хатоларга бошлаётганди. Отамерос бу ҳаракатларнинг уларни ташлаб кетгиси келмасди, жаҳолат тафаккур этишларига имкон бермасди…

– Ўзингизни қўлга олинг! – дея ялинди у. – Энди таваккал этамиз. Мая Михайловна уйида бўлмаслиги эҳтимоли кўпроқ. Қўққисдан кириб, ишни бузиб қўймайлик. Аввал қўнғироқ қилинг. “Янги ҳужжатлар билан пулларни олиб келгандим. Нимага эшикни очмаяпсизлар”, денг. У бошқа ёқда бўлса, бахтимиз. Тураржойда бўлса ёки уйда Албина бор эди, деса, “Адашиб, бошқа подездга кириб кетипман, узр”, дейсиз. Тез юрсак, манзилга ўн дақиқада етамиз. Улар ҳеч нарсани сезмайдилар. Қани, бошланг!

Нозима Мунис нега унинг уйидалигига қаттиқ ишонаётганига Баҳром тушунмасди. У уйда бўлганда, нима ўзгарарди, ақли етмасди. Ёки уйида бўлганида, “мен уйимдаман”, деб айтардими? Бу ишларнинг барчаси фойдасиз эди. Бурилиш ясаш зарур бўлган нуқтада яна тадбирсизлик бошланганди. Ҳаракатлар эскича эди, аниқлик етмасди. Ўзбилармонлик карвонбоши эди. Қалбида шубҳа-гумон деган туйғудан заррача йўқ бир кимсанинг бир лаҳза ичида шубҳа-гумонларнинг қулига айлангани қизиқ ҳодиса эди. Ҳар бир нарса ҳам маромида бўлса маъно касб этишини ҳозир бу аёлга уқтириб бўлмасди.

Сотка чақириши билан Мая Михайловна:

– Эшитаман, Нозима! – дея жавоб берди.

– Янги ҳужжатлар билан пулларни олиб келгандим. Нима учун эшикни очмаяпсизлар? Уйда эмасмисизлар?

– Бунча эрта келмасдинг! – деди Курапаткина. – Албина уйда эди-ку.

– Келавердим! – деди Нозима Мунис. – Албина ухлаб ётгандир. Тезроқ ишизловчиларни жўнатсам дейман, ғалвалардан чарчадим.

– Мен ҳозир Олмония элчихонасидаман! – деди кўнгли жойига тушган Курапаткина ҳам. – Кечаги ҳужжатларни ва пулларни Москвага жўнатаётгандим. Албина сайрга чиққан бўлиши керак. Менинг боришимни кут!

Унинг ўзидан, “Ўзинг каллайи саҳарлаб элчихонада нима этиб юрипсан”, деб сўрайдиган одам йўқ эди. Бу пайтда элчихонанинг фарроши ҳам хуррак отиб ётган бўлиши керак эди.

– Тезроқ келасанми? Бугун кўп нарсаларга улгуришимиз лозим!

– Албатта, жоним, албатта! – Иложи борича тез етиб бораман. Ишни битирай…

Унинг “элчихонадаман”, деганини эшитган Нозима Мунис анграйиб қолди. Тахмини нотўғри чиққанди. У Мая Михайловнанинг уйига бостириб кирмоқчи эди. Аслида у бу каби аҳмоқона хатти-ҳаракати билан нимани режалаштираётганди, Тангри биларди. Ҳаракатларида мантиқ йўқлиги аён эди. Ўзбекона бу каби қадамларни англаш учун ўзбек бўлиш лозим эди. Ақалли туркистонлик бўлиш ҳам бу манзарани ҳазм этишга кўмак берарди. Четдан қараганда тушунилиши қийин бўлган бу каби болаларча гўллик мавҳумотдан ўзга нарса эмасди.

Курапаткинанинг сўзларига кўра, у йиғилган пулларни ҳар куни Олмониянинг Тошкентда жойлашган элчихонаси орқали Москвага жўнатарди. Москвада қўним топган Норвегия элчихонаси ҳужжатлар ва пулларни қабул қилиб, ишизловчиларни Ослога учиришга тайёргарлик кўрарди. Бу сўзларнинг барчаси уйдирма эканлигига ўн беш дақиқа олдин Нозима Муниснинг фаҳми етганди. Аммо Курапаткинанинг жавобини эшитиб, унинг қаердалигини тасаввур эта олмай боши қотиб қолди. Нима дейишни билолмай, Баҳром ҳам тараддудланди. Унинг тураржойда эмаслиги аён эди. У қаерда бўлганда ҳам, энди ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмасди. Илоннинг бошини янчмасдан думини босиш хавфли эди. Ягона йўл маҳкамага шикоят билан чиқиш эди.

Улар эллик қадамлар наридаги дарахтлар остидан Курапаткинанинг подездини кузатиб турардилар.

– Нима бўлса бўлди, уйига бостириб кириб, яширган пулларини топаман! – деб Нозима Мунис юлқиниб турганда, мўъжиза рўй берди.

Очиқ турган подезддан икки аёл чиқди. Уларнинг бири Курапаткина бўлса, иккинчиси Настя эди.

– Настя-ку! – деган Нозима Мунис таажжубдан ҳайкал мисоли қотиб қолди.

Баҳром уни панага тортмаганда,  улар талвасага тушган бу аёлни кўриб қолишлари турган гап эди.

Курапаткина соткасини сумкасига тиқти. Настя илтифот кўрсатиб, унинг қўлидан сумкасини олиб, елкасига осди.

– Пуллар мана шу сумкада! – деди, тилга кирган Нозима Мунис.

Баҳром кафтини унинг оғзига бости.

– Бақирманг! Сезиб қолишади! – деди у.

 Настянинг қулоқларига ғалати товушлар чалинди шекилли, тўхтаб, орқасига қаради. Ён-атрофда ҳеч нимага кўзи тушмагач, йўлида давом этди.

– Сумкадаги пулни олиш керак! – деди Баҳромнинг қўлини силтаб ташлаган Нозима Мунис. – Пул қўлдан чиқмасин, деяпман. Пул, пул… Бошқаси билан нима ишим бор!

– Кўрмаяпсизми? – деди жаҳли чиққан Баҳром. – Сумканинг ичида ҳеч вақо йўқ. Шу учун Настя кифтига осиб олди. Бўлмаса, Курапаткина унга берардими?

– Пул қани?

–  Кечанинг ўзида Амира Кимё тинчитган бўлиши керак!

– Нима учун?

– Мен қайдан биламан! – деди жони ҳиқилдоғига келган Баҳром.

– Куним битти! – деди Нозима Мунис шаштидан тушиб.

Унинг Настяни Курапаткина билан ёнма-ён кўриши бор дунёсига ўт қўйганди. У биргина шу манзарадан бутун кўнгилсизликларига жавоб топган, ўзининг нақадар гўл бўлганини англаганди. Унга ойлар давомида Баҳром етказа олмаган гапни ҳаёт ҳақиқати сониялар ичида уқтирганди. Энди унга бир оғиз сўз ҳам ортиқча эди. У эри билан Настянинг алоқаси жиддийлигини ҳам энди фаҳмлаётганди. Эрини қўлидан тортиб олган корес аёли билан Настянинг яқин дугона эканлиги ҳам энди эсига тушган эди. Пахта заводига директор бўлмоқчи бўлган кимсани ҳам, суд раислигига ишқибоз Манфурни ҳам, мундоқ ўйлаб қараса, Настя топиб келганди. Айида билан таништирган ҳам у эди. Қамарани биринчи бор Айида билан кўрганди. Демак, барча ишларнинг бошида Амира Кимё турарди. Амира Кимёни у эри туфайли таниганди. Одам савдоси билан шуғулланган эри Амира Кимёнинг фаол ўртакашларидан эди. Саидмат Соттини яхши танийдиган эрининг Амира Кимё иккаловларини таништирганига ҳам энди унинг гумони қолмади. Демакки, эрининг ўйнаши бўлган Настя қизининг Манфур билан Ирисматнинг чангалига тушишида бош ролни ўйнагани ҳам ҳақиқат эди. Бутун оиласини бадном этаётган аслида ўзининг эри, болаларининг отаси эди. Амира Кимё уни ўргимчак тўридек ўраб олганди…

Нозима Муниснинг барча тахминлари мантиқан тўғри эди. Ҳечдан кеч, деганларидек, у ўзини англай бошлаганди. Ён-атрофига сергак боқарди. Аммо “кўринмас қўл”ларни тасаввур этишга ожиз эди. Барча кўргуликлар бошида турган тузумни ўзи учун фош этишга юраги дов бермасди. Замонанинг баттоллигини ўйласа, шуури қақшар, мияси фикрлашдан тўхтаб, вужуди музлаб қоларди. Бу бутун бир миллатга теккан касаллик эди. Фожеа мана шунда эди…

(давоми бор)