Фирибгарлар уя қурган уй

Фирибгарлар уя қурган уй
61 views
27 September 2017 - 7:00

ИСЛОМ ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

3-қисм

У Баҳромни фирибгарлар уя қурган уйга бошлади.

– Тезроқ юринг! Курапаткина бормасидан, етиб олайлик! – деди.

У ҳайқирган тўфондек бир кўпириб, энди қуйила бошлаганди. Иложсизлик уни фикрлашга мажбурларди. Бироқ Курапаткинанинг тураржойга дарров етиб келмаслигини у фаҳмлай олмасди. Настя унинг ёнига бекорга келмаганди. Уларнинг суҳбати камида ярим соатга чўзиларди. Пихини ёрган Курапаткинанинг икки ўртадаги масофани ҳисобга олиб иш кўриши шуни тақазо этарди. У дарров етиб келмасди.

Улар ора-оралардан яшириниб тез-тез қадамлардилар. Нозима Мунис олдинда, Баҳром орқада эди. Нозима Мунис бошини бурганда, унинг оғзидан қон сизаётганди.

– Сизга нима бўлди? Оғзингиз қон! – деди унга кўзи тушган Баҳром.

– Ҳечқиси йўқ! – деди у рўмолчаси билан қонни артиб. – Лабимни тишлаб олдим. Эримни ўлдириб, қонини ичмасам, бу дунёдан армонда ўтаман…

Етиб келганларида уни Баҳром яна бир марта ички ишларга мурожаат этишга кўндирмоқчи бўлди. Қилаётган ишларининг турган-битгани овсарлик ва жиноятдан бошқа нарса эмаслигини англатишга тиришди.

– Йўқ, укажон! – деди у кўзларининг ёшини артиб. –  Пулни қўлга киритмасам, юрагим ёрилиб ўламан. Шу пайтгача ишизловчилардан олти милёндан кўп пул йиққанман, уларга нима деб жавоб бераман!

– Нимага тушунмайсиз? – дея Баҳромнинг жони ёнди. – Курапаткина билан Албинани ўлдирсангиз ҳам, энди пуллар қайтмайди. Уларни чўчитмаслик керак. Иш билан тегишли ташкилотлар шуғулланса, барча сирлар фош бўлади. Сиз қамалганингизда ҳам, виждонингиз олдида пок бўлиб қоласиз. Вақт борида маҳкамага бориб, кўрсатма беринг. Нима қиласиз оғримаган бошингизга сақич ёпиштириб. Бўлди энди!

–  Бирров кириб чиқаман. Юрагимнинг ўти босилсин! – деди у оғзидан аждарҳодек ўт сочиб. – Ишни бузмайман, бир оғиз ортиқ сўз айтсам, тил тортмай ўлай. Рухсатингизсиз бир қадам ҳам босмайман. Кейин маҳкамага бориб, ҳаммасини ёзиб бераман. Эримни ҳам аямайман, барчасига ўша ҳезалак ўлгур сабабчи. Жон укажон, илтимос, йўқ деманг!

У ёш боладек жаврар, кўзларининг ёши тинмасди. Лабларининг қони тўхтамасди… Баҳром буни кўриб хижолат торта бошлади.

– Майли! – деди у. Навбатдаги аҳмоқликни амалга ошираётганларини кўра-била туриб, унга ён берди. Бошқа иложи йўқ эди.

– Ўзингизни бепарво тутишга сўз беринг. Ортиқча нарсаларни суриштирманг. Уларнинг ғашига тегманг. “Ҳужжатлар билан пулларни қайтариб олиб бориб уйимга қўйиб келдим. Кўтариб юриш жонимга тегди”, деб айтинг. Улар сўзларингизга ишонсинлар. Қайтиб чиқишимиз билан тўғри маҳкамага борамиз. Шикоят аризаси ёзасиз!

– Сўз бераман! – деди Нозима Мунис. – Ҳеч нимани сездирмайман.

– Энди ўзингизни эпақага келтиринг!

Кесакидаги бежирим тугмача босилиши билан эшикни ошпаз аёл очди.

– Курапаткина келдими? – дея сўради унинг саломини жавобсиз қолдирган Нозима Мунис.

– Элчихонадан қўнғироқ қилиб айтди, тез, етиб келаркан, кутиб турармишсиз. Албина шу ерда. Фаррош доимгидек тушдан кейин келади.

Ошпазнинг сўзларига қулоқ осмаган Нозима Мунис Албина ишлаётган хонага кириб кетди. Баҳром унинг исталган вақтда тутоқиб, портлаб кетишидан юрак ҳовучларди. У даҳлизда ва ошхонада ивирсиб, ойнаклардан атрофни кузатиб туришни маъқул кўрди. Очиқ қолган эшикдан уларнинг суҳбати қулоғига чалиниб турарди.

– Яхшимисиз, Албина!

– Дуруст! Ўзингиз қандайсиз? Чарчамаяпсизми?

– Эрталаб ҳужжатлар билан пулларни олиб келгандим. Ҳеч бирларингиз уйда йўқ экансизлар. Кутиб тураман деб ўйлагандим, қизим қўнғироқ қилиб қолди. Уйга қайтиб кетдим. Ҳужжатлар билан пулни эсимдан чиқариб келаверипман.

Ундан ҳеч ким сўрамаса ҳам, у қўшиб-чатиб, пала-партиш ахборот бера бошлади. Унинг ҳуши жойидамасди.

– Курапаткина тонг саҳарлаб элчихонага кетганди. Мен кўчага чиққандим, овора бўлипсизда!

Ҳар тугул, вазият унинг фойдасига ишлаётган эди. Унинг кетма-кетига содир этаётган хатоларини тасодифлар тўғирлаётганди. Бу ҳаммаси вақтинча эди.

– Ҳайдовчингизни ичкарига бошлаб кирмас эдингиз?!

– Бу киши ҳайдовчи эмас, тутинган укам!

Албина қувга ўхшарди. У жойида вазиятни таҳлил этиб ўтирарди. Унинг сўзларини эшитган Баҳром ҳушёр тортди. Негадир овози қулоқларига ёғдек ёқаётганди. Қизнинг гап оҳангида ўтмиш хотиралари жонланаётганди. Бундан ҳислари капалаклардек қанот қоқар, шамдай ловуллашни бошлаган вужудида армонлари парвоналардек ўзларини оловга урар, улар борган сари баттарроқ оловсирар эдилар. Бу қандай чўғ эди, унинг ўзи ҳам билмасди. Аммо барчаси таниш эди. Улар жуда йироқлардан элас-элас кўринардилар…

– Баҳромжон, бу ёқа киринг! – дея уни Нозима Мунис чақирди. – Норвегия элчихонаси вакиласи билан танишинглар.

Ичкари росмона ширкат идорасига ўхшарди. Кампютирдан тортиб, неки зарур, барчаси муҳайё эди. Тувакдаги гуллар атрофга кўрк бағишларди. Деворга осилган Минораи калон картинаси хонага ўзгача иқлим бахш этиб турарди. Баҳромнинг кўзлари қоғозларга тартиб бераётган аёлга тушгани ҳамон юраги қалқиб кетди. Бутун танаси жимирлаб, уни ток ургандек бўлди.

– Бу гўзал хонимнинг исмлари Албина! – деди ҳеч нарсани сезмаган Нозима Мунис. – Курапаткинанинг котибалари бўлиб ишлайдилар. Бу йигит менинг тутинган укам, исмлари Баҳром.

 Баҳромнинг қулоқлари эшитмасдан, кўзлари кўрмасдан қолди. Рўпарасидаги аёлни таниётган бўлса ҳам, унинг кимлигини эслай олмасди. Эсласа ҳам, хавотирлари уни саросимага солгандилар. Бутун фикрати бўғизланган халқумда жон бераётган оҳ-фарёд каби шуурида қотиб қолганди. У гўё туш кўраётганди, ухлаб, уйқусидан уйғона олмаётганди. Аёлнинг ҳам бармоқлари чалкашиб, киприклари пирпирарди.

Бир даста қоғоз сочилиб ерга тушди.

Ҳайрон бўлган Нозима Мунис Баҳромга термулди.

– Тинчликми?! – дея сўради у ахири. – Сизлар ҳам бир-бирларингиз билан таниш эмасмисизлар, ишқилиб?

Унинг қовун тушириб қўйишидан ҳадиксираган Баҳром дарров ўзини йиғиштирди.

– Йўқ, қанақасига таниш бўламиз! – деди у ўзбекчалаб. – Мен бу аёлни биринчи бор кўриб туришим. Аммо жуда ҳурлиқо эканми?

– Унча-мунчасини кўрганингизда, оғзингизнинг суви қочмасди. Нима бало, замон айнияптими ёки одамлардан путур кетганми?

– Одамлардан путур кетяпти! – деди Баҳром.

– Қанчалар ҳурлиқо бўлмасин, бу ҳам бир суюқоёқ фирибгар, холос!

Албина кўзининг ости билан Нозима Мунисга ўқрайиб, қўйди. У ўзининг ўзбек тилини билишини атайлаб Баҳромга англатаётгандек эди. Нозима Мунис унча-бунча нарсанинг фарқига борадиган аҳволда эмасди. Шунда Баҳромнинг миясида чақмоқ чақди. Кўзларининг олдида сўнган қуёш пайдо бўлиб, қулоқларида момагулдурак гулдуради. Еру осмон Катянинг чеҳрасига айландида, ичидан бир нима тўкилиб кетди. Бу милён йиллик муз тоғининг кўчишига ўхшарди…

– Менга бир нима бўлмаятими, ишқилиб? – деди унинг ҳолатини кўрган Нозима Мунис кўзларига ишонқирамай. – Охири жинни бўлмасам гўрга эди. Бу жой, жиннихонами, ишхона?

Эшик қўнғироғи чалинди. Шундай бўлмаганда у дод солиб юборарди. Баҳромнинг аҳволи ҳам уникидан авло эмасди.

Сумкасини судраклаб хонага кирган Курапаткинанинг кўзлари Баҳромга тушди.

– Бу яна ким бўлди? Бегоналарга кириш тақиқланган эди-ку! – деди у Нозима Мунисга.

– Бу йигит бегона эмас, менинг укам бўлади! – деди у. – Исми Баҳром. Мен кирган жойга у ҳам кира олади.

– Сен нима десанг шу! – деди унинг феъли айниб турганини сезган Курапаткина. – Бу ўша ҳаммаларинг “туркман” дейдиган  Баҳром эмасми?

– Худди ўзгинаси. Унинг мен билан бирга юриши кимга халақит беряпти?

– Ҳеч кимга! – дея у юмшоқлик билан жавоб қайтарди Курапаткина. – Нозима, сенга нима бўляпти ўзи? Чап ёнинг билан турмаганмисан? Олиб келган ҳужжатларинг қани? Иссиғида жо-бажо этайлик.

– Кеча кечқурун бир соат ҳам мижжа қоқмадим! – деди Нозима Мунис, ниҳоят, ақлу-ҳушишни йиғиштириб. – Устига-устак депсиниб йиқилиб, лабимни тишлаб олдим. Анна, қўполлигим учун мени кечир, ўртоқ. Одам яхши дам олмаса, асабий бўлиб қоларкан!

– Ҳечқиси йўқ! – деди аламини ичига ютган Курапаткина. – Чарчагансан, кўчиш бошланса, эсинг жойига тушади.

– Қизим чақириб қолди. Уйга қайтиб кетдим. Ҳужжатларни эсимдан чиқариб қолдирипман.

– Ҳужжатлар топилади, пуллардан эҳтиёт бўлиш керак. Қўнғироқ қилиб айт, олиб қўйишсин!

– Айтдим, сейфга тиқишди! – дея Нозима Мунис унинг кўнглини хотиржам этди.

– Яхши!

– Сумканинг ичидаги пуллар қани?

– Қанақа пуллар?

– Кеча тунда Таваккал билан бирга олиб келиб берган пулларим?

– Элчихонанинг ғазнасига топшириб келяпман, деб ҳозир айтдим-ку! – деди Курапаткина. – Бу жойда пул сақлаб бўладими? Омонатга хиёнат этиб, қамалиб кетишни истамайман!

Нозима Муниснинг эси оғаётганидан ташвишга тушган  Баҳром:

– Нозима опа кеча эрталабдан буён оғзига туз солмади! – деди. – Ул-бул бўлса, еб олса, яхши бўларди.

– Албатта! – дея Курапаткина уни маъқуллади. – Ўзимиз ҳам нонушта қилганимиз йўқ.

Ҳамма айвонга чиқди. Стол устида ноз-неъматлар бисёр эди. Қази-қартадан тортиб, хил-хил ичимликлар дастурхонга териб ташланганди. Бариси ишизловчиларнинг пуллари эвазига сотиб олинганди. Нозима Муниснинг душманлари унинг ҳисобидан ҳар тунда шоғолбазм уюштирардилар. У ишизловчиларни авраб, пулларини фирибгарларга ташиш билан андармон эди.

Улар дастурхон атрофида ўтиришлари билан ошпаз иккита қадаҳга ароқ қуйиб, Курапаткина билан Баҳромга тутди. Албина ичмасди.

– Менга қуймайсанми? – деди буни кўриб Нозима Мунис.

У ҳам одатда оғзига ароқ олмасди.

– Нозима опа, вой, нима девотсиз? – деди Ноқулай аҳволга тушган ошпаз. – Одамни уялтирменг. Ичмеймен, дирдингизде!

– Энди ичяпман! – деди у.

– Ош бўлсин! – деди унга қадаҳни тўлғазиб узатган ошпаз. – Ичмасдингизде, ҳайрон бўвомман!

– Ҳайрон бўлманг!

У ичгудек бўлса, барчаси расво бўларди. Аҳвол янаям оғирлашарди.

– Нозима опа, илтимос! – деди Баҳром. – Ҳозир эмас. Бугун мингта ишингиз бор, ўлда-жўлда қолиб кетади.

 Шамани яхши тушуниб турган бўлса ҳам, у Баҳромнинг сўзларини сариқ чақага олмади.

– Анна Курпаткина, меҳрибонгинам! – деди у қўлига қадаҳни олиб, унга кўзларини сузиб куларкан. – Мен учун қадаҳ сўзи айтишни хоҳламайсанми? Наҳотки, икки оғиз ширин сўзингга арзимасам?

Улар биринчи кундан дугона тутунгандилар. Шу боис бир-бирлари билан “сен”сираб гаплашардилар.

– Нега арзимас экансан! – деди у ҳам қўлига қадаҳни олиб, ўрнидан тураркан. – Сен ортиғига ҳам лойиқсан. Танти ва шижоатли, таъбир жоиз бўлса, жуда гўзал аёлсан. Сенинг кўксингдаги ўтли юрак мана мен деган эркакларда ҳам йўқ. Сен оддий одам эмассан. Оломонни пода десак, сен шу подани оралаб юриган арслонсан. Доғ армон, ёлғизсан. Шунисига ҳам шукур. Бўлмаса, президентнинг ўрнида сен ўтирган бўлардинг. Биз ким билан ишлардик, кимга ишонардик? Президент сенинг ўрнингда бўлганда, барчамизни чув туширарди. Ёлғон гапириб, адаштирарди. Кучлироқ гуруҳга сотилиб кетарди. Сендаги ташкилотчилик ва инсонларни ишонтиришдек ноёб қобилият, Наполеон ва Искандар сингари бармоқ билан санарли кишилардагина учрайди. Мен бир ҳафта илгари Тошкентга учиб келдим. Аммо таърифингни юз йил олдин эшитгандек, ўзимни ғалати ҳис этяпман. Сен, Раймон Павлус айтганидек, буюк шижоат эгасисан. Қўрқмас ва довюраксан. Тўсиқларни назар-писанд этмайсан. Амур Темурдек саботли, Лениндек далли-ғуллисан. Сталиндек қаттиққўл, инсон зотига ишонмайдиган шахс бўлганингда, дунёни олардинг. Бир томондан, Хрушчўпга ўхшаганинг ҳам дуруст. Барибир, яхши ҳам, ёмон ҳам бир кун ўлади. Сени Елсинни руҳлантирган каби руҳлантириш ва йўналишга солиб туриш лозим. Қолганини қойиллатасан. Тўғриси, Худо урган бу халқ орасида сендақасини учратаман, деб ўйламагандим. Бир ҳафта ичида мингдан ортиқ ишизловчиларнинг ҳужжатлари билан пулларини йиғдинг. Бу ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Ўлай агар, ҳозир ҳам бу ишингга ишонмаяпман. Қўрқмасдан айта оламан, ҳали минглаганларни эргаштиришга қурбинг етади. Афсус, вақт оз, имкониятлар чегараланган. Бизларнинг ҳам ўз ихтиёримиз ўзимизда эмас. Зарур пайтда “кўринмас қўл”лар тизгинимиздан тортадилар. Ихтиёрим ўзимда бўлганда, ўла-ўлгунимча сен билан қолардим. Кўрасан, бир ҳафтадан кейин ишизловчилар Норвегияда ишлаётган бўладилар. Ўшанда бу ишлардан фориғ бўлиб, ўзинг билан ўзинг қолгинг келади. Дунёдан узилиб, битта ўзинг бир уйга кириб оласан. Эшигини зичлаб, ёпиб, пардаларини туширасан. Уйга қуёш нурлари сизиб кира олмайди. Сен турган нуқтага озод шамолларнинг қўллари етмайди. Нимқоронғи ўша хонада умрингни сарҳисоб этасан. Амалга оширган ишларингни ўйлаб, юрагинг ҳайбат этади. Даҳолигингни англайсан. Аммо ўзинг бунга ишонмайсан. Илтимосим, ўшанда мени ҳам ёдлаб қўй. Сени буюк этишда ҳиссам борлигини эътироф эт. Менга кўрсатган мурувватинг мана шу бўлади. Ёлғизлик шароби қанчалар тахир бўлмасин, одамни сергак торттиради. Беҳуда ўтган умр кўчаларида кездиради, ўйлатади, сўйлатади, йиғлатади, туртинасан, суртинасан, бошингдан кечирганларни жамлаб, хулоса ясашга ўрганасан. Ва охирида ютасан. Тўғри хулоса ясай олмаганлар баттар бўладилар. Мен бу кўчалардан икки марта ўтсам ҳам, аросатда қолган бир одамман, яъни балиқман. Менга дарёнинг у қирғоғи ҳам, бу қирғоғи ҳам барибир. Ўлмасанг, куч-қувватга тўлиб, бир кун хира кулбадан кенг жаҳонга чиқасан. Сўзларимни тагига ўшанда албатта етасан. Ўшанда иш бошламоқчи бўлсанг, мени ёнингга чақир. Мен сенинг ишончли қалъангга айланаман, суянган тоғинг бўламан. Қисқаси, қадаҳни сенинг соғлигинг ва бизнинг омонлигимиз учун кўтарамиз, қани, олдик!

“Нонушта қилмадик”, деган Курапаткина уйидан Настя билан ичиб чиққанди. Баҳром буни энди пайқаётганди. Карахтлиги сабаби Албина унинг бор дунёсини ағдар-тўнтар этганди. Ичмаганда Курапаткина бу каби қалтис қадаҳ сўзини айтмаган бўларди. Нозима Мунис унинг кўзларига масхарабоз бўлиб кўринмасди. Кўринганда ҳам, у тилини тийишга куч топарди. У ўзини элчихона ходимасидек тутишга тиришаркан, айни пайтда фирибгарлигини фош этиб қўйди. Такаббурлиги юзидаги ниқобни юлиб ташлади. Пахтага ўраб отмоқчи бўлган тоши ўзига келиб тегди. Пешонаси ғурра бўлди, кўзлари кўкарди. Буни кўришга кўз керак эди. Барчасига Нозима Муниснинг тажовузкорлиги сабаб бўлганди. Чидолмагач, у асл башарасини очиб қўйганди. Бироқ у нима қилиб қўйганидан ҳали бехабар эди. Унинг ёниб турган оловга мой сепиши вазиятни издан чиқариши мумкин эди. Баҳром вақтида англаганда эди, Нозима Мунисни бир бало этиб бу жойдан олиб чиқиб кетарди. Энди у қутуради, қуюшқондан чиқади…

(давоми бор)