Нурулло Отахонов Тошкент аэропортида қўлга олинди

Нурулло Отахонов Тошкент аэропортида қўлга олинди
57 views
27 September 2017 - 10:36

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Тошкент аэропортида Туркиядаги муҳожиротдан ватанига қайтган 63 яшар ëзувчи Нурулло Отахонов (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон) учоқдан тушганидан сўнг ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олинган. Бу ҳақда Reuters агентлиги 27 сентябрь куни ёзувчининг турмуш ўртоғи Гулнора Отахоновага таянган ҳолда хабар берди.

Гулнора Отахонованинг телефон орқали Reuters агентлигига 27 сентябрь, чоршанба куни билдиришича, Тошкент аэропортида учоқдан тушганларидан сўнг милиция ходимлари Нурулло Отахоновнинг қўлига кишан таққанлар. Шундан сўнг ёзувчи милиция бўлимига олиб кетилган.

Гулнора Отахоновнинг айтишича, милиция ходимлари Отахоновнинг қўлга олиниш сабаблари ва қаерга олиб кетилаётгани тўғрисида тушунтириш бермаган, шунингдек, уларнинг ўзаро гаплашиб олишларига ҳам йўл қўйилмаган.

Нурулло Отахонов Ўзбекистон янги президентининг 20 сентябрь куни Нью-Йоркда ўзбекистонликлар билан учрашувда қилган “четдаги ватандошлар Ўзбекистонга қайтсин” деган чақириғидан руҳланиб¸ Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган илк таниқли шахсдир.

Сўнгги икки йилда Туркияда яшаëтган ëзувчи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатининг сешанба кунги Истанбул -Тошкент учоғига чиқишдан олдин “Озодлик” радиоси билан суҳбатлашган эди.

Мазкур суҳбат давомида ёзувчи “Бу кунлар” асари Туркияда нашрдан чиққанидан сўнг Ўзбекистонда исталмаган шахс сифатида қидирувга берлигани тўғрисида гапириб берган.

“Бу кунлар” асарида Нурулло Отахонов Ўзбекистон президенти Ислом Каримов асос солган режимга, мамлакатда шаклланган яккаҳокимлик тузумига ва бутун жамиятда урчиб хавфли тус олиб бораётган улкан ёлғонга қарши кескин муносабат билдирган.

Ўтган йили Андижон шаҳар “Уйғур” жоме масжиди имом хатиб ноиби “Бу кунлар” романига қарши мақолани интернетда эълон қилиб¸ ëзувчини сотқинликда айблаган эди.

Нурулло Отахонов Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Ойимча Қақир қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси бўлимини тамомлаган. “Йўл бошида” “Дунё кенг”, “Шу ерлик киши” каби қисса ва ҳикоялар тўпламлари орқали танилди.

Ëзувчининг севги мавзусидаги “Оқ бино оқшомлари” ҳикояси “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилгач, “Йилнинг энг яхши ҳикояси” деб топилган эди.

ЎХҲ хабарлар бўлими