Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонга “Бу кунлар” романи учун жиноий иш очилди

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонга “Бу кунлар” романи учун жиноий иш очилди
33 views
27 September 2017 - 18:37

Би-Би-Си ўзбек радиосининг хабар беришича, Тошкент халқаро аэропортида ҳибсга олинган ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурулло Отахонов)га “Бу кунлар” романи учун жиноий иш очилган. Ёзувчига нисбатан жиноий иш очилганлиги яқинларининг у билан учрашганида маълум бўлган.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг Истанбулда истиқомат қилувчи ўғли Файзуллахон Отахоновнинг Би-би-си радиосига айтишича, дадасига у ёзган “Бу кунлар” асари сабаб жиноий иш очилган.

“Онам ва укам Яшнаобод туман ички ишлар бошқармасида сақланаётган дадам билан учрашган. Жиноий иш очилишига Вазирлар маҳкамаси қошидаги дин ишлари қўмитаси томонидан дадамнинг “Бу кунлар” китобига ёзиб берган экспертиза хулосаси сабаб бўлган”, дейди Файзуллахон Отахонов.

Олдинроқ Яшнаобод туман ички ишлар бошқармасидан Нурулло Отахоновнинг яқинларига икки хил хабар айтишган.

“Терроризмга қарши курашиш бўлимидан Акбар исмли ички ишлар идораси ходими дадамиз шунчаки савол-жавобдан сўнг уйга қўйиб юборилишини айтган. Бироқ Жиноий қидирув бўлимидан Даврон исмли масъул дадамизга нисбатан жиноий иш очилганини ва ҳали бери қўйиб юборилмаслигини айтган. У онам ва укамни ички ишлар бошқармасида кутиб турмасликка ва адвокат ёллаш кераклигини таъкидлаган”, – дейди ёзувчининг Истанбулдаги ўғли Файзуллахон Отахонов.

Файзуллахон Отахоновнинг айтишича, 2016 йил август ойида ёзувчининг уйида тинтув ўтказилган. Бироқ ўша вақти унга нисбатан ҳеч қандай айбловлар олдинга сурилмаган.

Орадан бир йил ўтиб Яшнаобод туман ички ишлар бошқармаси жиноий қидирув бўлимидан Даврон ўша вақти топилган диний адабиётлар туфайли Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонга нисбатан жиноий иш очилганини маълум қилган.

Бироқ ёзувчининг рафиқаси ва ўғли Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг олдига кирганида Даврон исмли ходим ушбу гапларидан тонган.

Би-би-си Ўзбек хизмати Яшнаобод туман ички ишлар бошқармаси билан боғланиб вазиятга ойдинлик киритишга ҳаракат қилди.

Гўшакни кўтарган навбатчи 10 дақиқадан сўнг қўнғироқ қилишимизни сўради. Аммо кейинги қилинган қўнғироқларга жавоб бўлмади.

Чоршанба куни тонгда Истанбулдан Тошкентга учиб борган таниқли ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурулло Отахонов) Тошкент аэропортида ҳибсга олинган.

Бу ҳақда “Рейтерс” ахборот агентлиги адибнинг аёли Гулнора Отахоновага таяниб хабар тарқатди.

Унинг сўзларига кўра, милиция ходимлари паспорт текширувидан ўтиш чоғида ёзувчининг қўлига кишан солган.

Гулнора Отахонованинг айтишича, турмуш ўртоғи сўроқ қилиш учун ички ишлар идорасига олиб кетилган.

Таниқли ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон охирги бир йилда Туркияда муҳожирликда яшаётганди.

Ўзбек расмийлари уни Каримов бошқарувини танқид қилувчи “Бу кунлар” асари боис “қора рўйхат”га киритгани ва қидирувга бергани хабар қилинган.

Аввалроқ ёзувчининг ўзи “қора рўйхат”дан чиқарилгани ҳақида Фейcбукдаги саҳифасида маълум қилган эди.

У душанба куни ватанга қайтиш қарори ҳақида ҳам Фейcбукда эълон қилган, давлатга қарши эмаслигини айтиб, дўст-ёрларидан дуо қилишни сўраганди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистон Мусулмонлари диний идорасининг “Ҳидоят” журналига ҳам раҳбарлик қилган.

“Бу кунлар” романида у Каримовнинг диний сиёсати, мусулмонлар ва сиёсий мухолифларга қарши репрессияларни қоралайди.

ЎХҲ хабарлар бўлими