Гулнора Отахонова: ‘Хўжайинимни қора рўйхатдан чиқариб, тузоқ қўйишди’

Гулнора Отахонова: ‘Хўжайинимни қора рўйхатдан чиқариб, тузоқ қўйишди’
107 views
27 September 2017 - 20:20

Би-би-си Ўзбек радиосининг хабар беришича, ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, унинг яқинларининг маълум қилишича пойтахтнинг Яшнобод туман ИИВ бўлимида чоршанба куни бўйи давом этган сўроқдан кейин Тоштурмага олиб кетилган.

Бу ҳақда ёзувчининг ўзи рафиқаси Гулнора Отахоновага милиция идорасидаги қисқа юзма-юз учрашув чоғида айтган.

Гулнора Отахонованинг Би-би-сига маълум қилишича, аввалроқ адвокат унинг уч кунга ҳибсда қолдирилганини айтган эди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон “Бу кунлар” асарида “экстремистик ғояларни тарғиб қилганлик”да гумон қилинмоқда.

Гулнора Отахонованинг Би-би-сига айтишича, чоршанба куни эрталаб Турк ҳаво йўллари самолётида Истанбулдан Тошкентга учиб келган Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон паспорт назоратидан ўтаётганида паспорти олиб қўйилган.

Бу ҳақда ёзувчининг ўзи яқинларини хабардор қилган. “Текшириб, қайтиб беришар экан”, деган. Аммо шундан сўнг ёзувчи алоқа узилган, телефонга жавоб бермаган.

Яқинлари аэропортда фуқаро кийимидаги бир неча ходимнинг чопиб, аэропортга кириб кетганини кўришган. Орадан 3 соатлар чамаси вақт ўтиб, ходимлар ёзувчини қўлларига кишан солинган алфозда ташқарига олиб чиққанлар.

“Хўжайинимни худди хавфли жиноятчини ушлагандек, олиб чиқишди. Аэропортда ҳамма кўрди”, дейди адибнинг рафиқаси.

Унинг сўзларига кўра, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Тошкент шаҳар Яшнобод туман ички ишлар идорасининг терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари томонидан олиб кетилган. Ходимлар яқинларининг мулоқот қилишига рухсат бермаган. Рафиқасини ички ишлар идорасига қўйишган ва у ердаги хоналардан бирида ёзувчининг сўроқ қилинаётганини кўрган. Сўроқ “Бу кунлар” китоби ҳақида бўлаётгани англашилган. Терговчи “Бу кунлар” асари ҳақида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги диний қўмита экспертизаси мавжудлиги, ёзувчи шу асосда ҳибсда ушлаб турилганини айтган. Терговга чақирилган адвокат аёл иши кўплигини айтиб, ишни олишдан бош тортган. Шундан сўнг бошқа эркак адвокат жалб этилган. Яқинларининг адвокатга иқтибосан айтишича, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон уч кун Яшнобод туман ички ишлар идорасида ҳибсда қолади.

Аввалроқ ҳокимият расмийлари ёзувчининг “қора рўйхат”дан чиқарилгани ва бемалол ватанга қайтиши мумкинлигини айтишган, аммо бу ҳақда ҳеч қандай расмий ҳужжат ёки ёзма маълумот тақдим этилмаган. Рафиқасининг ишонишича, бу ёзувчига қўйилган “тузоқ” бўлган.

Гулнора Отахонованинг сўзларига кўра, ўтган йили ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари ёзувчининг Тошкентдаги уйида тинтув ўтказган ва китоб ҳамда аудио материалларни олган.

Рафиқасининг маълум қилишича, уларнинг хонадонида таниқли уламо, Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсуновнинг ҳайдовчиси ижарада яшаб келган. Тинтув пайтида ижарачининг компьютери ҳам олинган. Гулнора Отахонова ҳозирда ана шу материалларни ҳам ёзувчининг “бўйнига қўйишлари мумкин” деб хавотирланаётганликларини билдирди. Материалларнинг қандай мазмунда экани маълум эмас. Бир йил аввал ўтказилган тинтув актининг нусҳаси хонадон эгаларига тақдим этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон чоршанба куни Истанбулдан учиб борган пайт Тошкент аэропортида терроризмга қарши кураш ходимлари томонидан ушланган.

Таниқли ёзувчи охирги икки йилда Туркияда муҳожирликда яшаб келган.

Ўзбек расмийлари уни Каримов бошқарувини танқид қилувчи “Бу кунлар” асари боис “қора рўйхат”га киритгани ва қидирувга бергани хабар қилинган.

Аввалроқ ёзувчининг ўзи “қора рўйхат”дан чиқарилгани ҳақида Фейcбукдаги саҳифасида маълум қилган эди.

У душанба куни ватанга қайтиш қарори ҳақида ҳам Фейcбукда эълон қилган, давлатга қарши эмаслигини айтиб, дўст-ёрларидан дуо қилишни сўраганди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистон Мусулмонлари диний идорасининг “Ҳидоят” журналига ҳам раҳбарлик қилган.

“Бу кунлар” романида у Каримовнинг диний сиёсати, мусулмонлар ва сиёсий мухолифларга қарши репрессияларни қоралайди.

ЎХҲ хабарлар бўлими