HRW: “Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонни озод қилинг”

HRW: “Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонни озод қилинг”
21 views
27 September 2017 - 20:26

Би-би-си Ўзбек радиосининг хабар беришича, Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотининг минтақадаги вакили Стив Свердлов Тошкент аэропортида ҳибсга олинган ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон озод қилиниши кераклигини таъкидламоқда.

“Ўзбекистонда янги сиёсий давр бошланаётганини кўрсатиш истагида Президент Мирзиёев томонидан қадамлар ташланаётган бир вақтда ва ҳукумат Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг оқланганлигини айтиб уни ҳибсга олиниши хавотир уйғотади”, – дейди Human Rights Watch ташкилотининг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.

Яқинда Ўзбекистонда бўлиб қайтган ҳуқуқ ҳимоячиси Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон иши Ўзбекистон ҳукумати олдида муҳим бир синов эканлигини айтади.

“Марҳум авторитар Президент Ислом Каримов мероси танқидчиси сифатида танилган ёзувчи Рауфхоннинг ушланиши Ўзбекистон ҳукуматининг фаоллар, ёзувчи ҳамда ўз танқидий фикрларини тинч йўл билан билдираётганларга қандай муносабатда бўлишини кўрсатувчи муҳим синовдир. Жиноят далиллари йўқлиги сабаб Тошкент ёзувчини озод қилиши керак. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича олган мажбуриятларини бажариши борасида мужда бериши ва фикр эркинлигига кафолат бериши лозим”.

Тошкент халқаро аэропортида ҳибсга олинган ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурулло Отахонов)га “Бу кунлар” романи учун жиноий иш очилган. Ёзувчига нисбатан жиноий иш очилганлиги яқинларининг у билан учрашганида маълум бўлган.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг Истанбулда истиқомат қилувчи ўғли Файзуллахон Отахоновнинг Би-би-сига айтишича, дадасига у ёзган “Бу кунлар” асари сабаб жиноий иш очилган.

“Онам ва укам Яшнаобод туман ички ишлар бошқармасида сақланаётган дадам билан учрашган. Жиноий иш очилишига Вазирлар маҳкамаси қошидаги дин ишлари қўмитаси томонидан дадамнинг “Бу кунлар” китобига ёзиб берган экспертиза хулосаси сабаб бўлган”, дейди Файзуллахон Отахонов.

ЎХҲ хабарлар бўлими