Киевда ушланган ўзбек журналисти Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин

Киевда ушланган ўзбек журналисти Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин
43 views
28 September 2017 - 9:29

Украина суди томонидан қамоққа олинган 51 яшар ўзбек журналисти Назрулло Охунжонов Ўзбекистонга эстрадиция қилиниши мумкин. Фото: Рефат Чубарев

«Детектор медіа» нашрига кўра, Киев шаҳридаги Соломянск туман суди 26 сентябр куни унга 40 кун вақтинчалик қамоқ жазоси белгилаган.

20 сентябр куни Охунжонов, хотини ва беш нафар фарзанди билан «Жуляны» аэропортида ушланган эди.

Оҳунжоновнинг адвокати Алексей Фёдоровга кўра, 40 кун давомида судланувчини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласи кўриб чиқилиши керак.

ЎзМТРКдаги ишидан бўшатилгач, тўрт йил давомида Туркияда яшаган журналист товламачиликда айбланиб, Ўзбекистон талабига кўра, Интерпол қидирувида бўлган.

Шунингдек, Киев нашрлари Оҳунжоновнинг 20 сентябрда Украинадан сиёсий бошпана сўрагани, прокуратура эса уни қамоққа олиш учун ҳужжат тақдим қилгани, суд вақтинчалик қамоқ жазосини рад қилишга асос топа олмаганини билдиради.

Суднинг бу қарори чиққунига қадар, Назрулло Оҳунжонов Киевдаги вақтинчалик сақлаш изоляторида сақланган. Ҳозир эса уни Киев шаҳридаги тергов ҳибсхонасига ўтказишган.

Ҳимоя томони судга аппеляция шикояти киритгани, суд қарори кейинги инстанцияда қайта кўриб чиқилиши кераклигини билдирмоқда.

Фёдоровга кўра, Оҳунжонов ишига халқаро ташкилотлар фаол аралашмоқда.

Бундан илгари «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти, журналистнинг оиласини Ўзбекистон ҳукумати таъқибга олаётганини тасдиқлаган эди.

Шунингдек, http://khpg.org сайти, Украина Олий Радаси депутати ва Қирим татарлари мажлиси лидери Рефат Чубаров ҳам ўзбек журналистига Украинадан бошпана берилишидан умидвор эканини ёзган.

Оиласи билан Киевга Туркия орқали келган Охунжоновнинг беш нафар фарзанди ва хотини ҳам ҳозир Украина пойтахтида қолмоқда.

Манба: Eltuz.com