Қиёфа

Қиёфа
37 views
28 September 2017 - 12:12

Буюк маърифатпарвар адиб, замондошимиз Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг Тошкент қўналғасида ўзбек хавфсизлик идоралари томонидан қўлга олинганлигини эшитганларнинг аксари, “бундай бўлиши мумкин эмас эди” дегандай, бироз эсанкираб қолишди. Чунки, улар диктатор И. Каримов ўлиб, миллатнинг бошидан зулм булутларининг тарқаганига – Ўзбекистонда доруломон кунлар бошланганига қаттиқ ишона бошлаган эдилар.

Рости, мен бу воқеани эшитиб, ҳам хафа бўлдим, ҳам бироз хурсанд бўлдим.

Хафалигимнинг боиси, қўлига кескир қилич – “Бу кунлар”ни олиб, жаҳолатга қарши маърифати билан омонсиз жанг майдонига отилган адибни ҳукумат ҳурматсизлик билан қарши олди. Яъни, ҳукумат мамлакатнинг ва миллатнинг содиқ дўсти бўлмиш Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг қўлларига кишан солиб, И. Каримовдан қолган қабаҳотга асосланган тузум тарафида эканлигини эл-оламга очиқ намойиш қилди.

Адиб “Бу кунлар” асари билан миллатнинг ҳурмат-эътиборига молик катта бир ишни амалга оширган эди.

Зотан, тириклигида Аллоҳга қойимлиги ва ватанига бўлган чексиз меҳри, тўғрисўзлиги билан элт-юртга танилган кимса, қаҳрамонлардай кутиб олинишга лойиқ эди. Фидойи ўғлонини қаҳрамонларча қаршилаган миллатнинг ҳам, шу йўсинда ҳақ-ҳуқуларига соҳиб чиқа олиши, ўзи даъво қилгани сингари ҳақиқий етук бир халқ сифатида бу дунёда ўз ўрни, ўз фикри, ўз айтар сўзи борлиги маълум бўларди.

Хурсандлигимнинг боиси эса, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон тимсолида, Аллоҳ ўзбек зиёлиларини синамоқликни жазм этган, дея ўйладим. Бу биз учун – яъни ўзбек миллати учун тараққиётга, маънавий юксалиш оламига катта бир имконият эди. Ҳар доим такрорланиб турадиган бу имкониятдан бу дафа фойдаланиб қолиш-қолмасликнинг юки президент Шавкат Мирзиёевнинг эмас, энг аввал ўзбек зиёлиларининг зиммасига тушишини ҳамма ҳам фаҳмлайвермаса керак.

Президент бош бўлса, зиёлиларнинг миллат шуури ва руҳи эканлиги ҳам бор гап. Руҳсиз вужуднинг қуруқ ёғочдан, бошнинг эса, жоҳил мулло ўраган салладан фарқи йўқ.

Жадидлар ўлдирилгач, ўзбек миллатининг ичидаги қолган-қутган зиёлилар ҳам охиригача душманлар томонидан мавҳ этилди. Жамият қарийиб, юз йиллар зиёлилар қатламидан мосуво, мунофиқларнинг измида қолиб кетди. Фитрат, Беҳбудий, Мунаввар қори, Қодирий ва Авлонийлар каби юзлаган аҳли вафолардан сўнгра, миллат умуртқасини қайта ростлаб, ичидаги дардини айта олгани йўқ. Ҳамма бирдай оғзига талқон солиб олди. Инсонларни қўрқув эшак этиб минди. Майдонга зиёлилар қиёфасидаги маддоҳлар чиқди. Улар сохта шон-шуҳрат, мол-дунё дея, бир пайтнинг ўзида ҳам халқни, ҳам ҳукуматдагиларни авраб, уларнинг дунёсини ёлғон-яшриқлар билан тўлдирди. Каримовни миллатнинг бошига чиқарган ҳам, халқни золимнинг оёқлари остига поёдоз қилган ҳам улар. Улар шахс бўлганларида, мустабид инсонийлик чегараларини бузиб чиқиб, хоҳлаган ўтини ея олмасди.

Эртага, Шавкат Мирзиёевни хароб қиладиганлар ҳам, мана шулар.

Ижтимоий тармоқларга боқинг, мамлакат ичида бир-икки кимсани айтмаганда, бу воқеага муносабат билдираётган кимсани кўрмайсиз. Улар, кечагина кўкракларига уриб, аюҳаннос солаётган эдилар, даҳоланиб, томоқ йиртаётган эдилар. Бугун, улар ижтимоий тармоқларда кўринмай қолдилар. Пистирмага чекиниб, кузатувчилик мақомига ўтиб олдилар. Улар нима қилмасинлар, ҳар доимгидек вазиятдан келиб чиқиб иш кўрадилар. Яъни, бу сафар ҳам юз йилдан буён амалга ошириб келаётган ишларига содиқ қоладилар.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон уйига омон-эсон етиб борганда, нима бўларди? Ҳаммалари қаҳрамонни қутлагани борар, адибнинг мақтовлар бисёрлигидан, қўнғироқлардан силласи қурирди. Балки, сохтакорларнинг ширин-шакар гап-сўзларидан шишиб, ҳаволанарди. Аллоҳ, уни бир балодан қутқарди. У янаям, ҳушёрроқ, янаям камтарроқ бўладиган бўлди энди.

У ҳақиқатан ҳам Аллоҳнинг севган қулларидан бири экан. Бўлмаса, у ўзининг ҳофизаси билан бу тузоқдан чиқиб кета олмаслиги ҳам мумкин эди.

Қамоқхона, бу каби сохтакорликлар урчиган жамиятдан юз маротаба афзалдир.

Шу учун мен Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонни ҳимоя қилиб, бу гапларни сўзлаётганим йўқ. Уни, Аллоҳнинг ўзи ҳимоя қилсин!

Уни Аллоҳ севмаганда эди, у уйи-жойини, роҳатини ташлаб, олтмиш ёшдан ўтганда ҳижрат қилиб, Туркияга келмасди. Унинг юрагига Аллоҳ ўзи чўғ солмаганда эди, у диктатор Каримовга қарши туриб, “Бу кунлар”ни ёзмасди. Уни инсонлар кафтида кўтариб, ҳурмат-эътиборини жойига қўйиб юрганда, у яна иссиқ ўрнини совутиб, ватанга қайтмасди. Мамлакатнинг, миллатнинг рўшнолиги учун белини тортиб, етти жойидан боғламасди, президентнинг сўзларига ишонмасди. Демак-ки, у самимият дунёсининг фуқароси. Не деса, тўғрисини сўзлайди, биров ёлғон сўзласа, унга ҳам ишонади. Мақсади, Аллоҳнинг розилиги. Берилган қисқа умрдан самарали фойдаланиб қолмоқчи. Ясама ва ёлғондакам умр кечиришга тоқати йўқ. Шундай экан, бу ҳолатни унинг учун хавф-хатар деб бўлмайди. Ўлса, шаҳидлик шаробини сипқоради, олди очилса, миллатнинг ва мамлакатнинг тараққий этиши учун терлаб-пишиб меҳнат қилади. У ҳар икки ҳолатда ҳам ғалабага, Аллоҳнинг розилигига эришади…

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон баҳонасида, президент Шавкат Мирзиёев учун реал хавф-хатар – ҳақиқий синов пайдо бўлди, деса тўғри бўлади. Бу синовнинг сўнгги хайрли бўлсин. Бўлмаса, бунинг жабрини, халқ тортади. Хавфни бартараф этиш эса, зиёлиларнинг қўлида. Агар Ўзбекистонда зиёли дегудек зиёли бўлсада, ўттиз-қирқининг боши бирикиб, президентга мурожаат – талаб билан чиқса, ҳаёт измига тушади. Баробарида, президент халқнинг қудратини ҳис эта бошлайди.

Зотан, зиёлилар ҳар қандай нормал жамиятларда миллатнинг қиёфаси масъуллиги билан зиёли.

Бизда эса, ундай эмас. Агар бошқа халқларнинг ҳам зиёлилари бизникилар сингари оғмачи бўлганларида эди, у халқларнинг оловидан кули ҳам қолмасди. Аллоҳга шукурлар-ки, ўзбек руҳсиз ва бошсиз юз йиллардан буён, жонини ва шаънини кўзининг қорачуғида асраб келяпди. Бошсиз чавандоздай қоронғи тунлар кечиб, Муҳаммад Солиҳ ва Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон каби қуёшларни дунёга беряпди! Демак, ёруғ кунларга оз қолди. Демак, бу миллат ойдин ва кенг йўлларга чиқмоқ учун қўлидан келган барча ишни қилади!

Балким, биз ҳақиқатан ҳам ойдин ва кенг йўл чиқиб олгандирмиз ҳам!

Бу барибир, президент Шавкат Мирзиёевнинг кимлигига ва ўзбек зиёлиларининг шахс сифатида, ўзларини қандай тутишларига боғлиқ бўлиб қолаверади!

Ислом Холбой
facebook.com