Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон конституцион тузумга тажовуз қилишда айбланмоқда

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон конституцион тузумга тажовуз қилишда айбланмоқда
130 views
28 September 2017 - 18:40

Би-Би-Си ўзбек радиосининг хабар беришича, Тошкент аэропортида ҳибсга олинган Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонга Ўзбекистон Республикаси конституцион тузумига тажовуз қилиш бўйича жиноий иш очилган. Ёзувчига нисбатан шу йилнинг 11 май куни очилган жиноий иш тафсилотлари энди маълум қилинди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев журналистлар учун ўтказилган брифингда Нурулло Отахоновнинг ҳибсга олинишига изоҳ берган. Бу ҳақда газета.уз сайти ёзмоқда.

Дониёр Тошхўжаевнинг айтишича, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонннинг Тошкент аэропортида қўлга олинишига ёзувчининг қидирувда бўлганлиги сабаб бўлган.

“Нурулло Отахоновга 11 май куни Жиноят кодексининг 159-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Мазкур жиноят иши бўйича бир қатор тергов ҳаракатлари олиб борилган ва унга нисбатан сиртдан 159-модданинг 1-қисми, 244 1-модданинг 3 қисми, «г» банди билан айблов эълон қилинган, эҳтиёт тарзида қамоққа олиш чораси танланган ва у қидирувга берилган”, деган Дониёр Тошхўжаев.

159-моддада Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш ҳақида сўз боради.

“Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш”, дейилади ушбу моддада

Ушбу модда бўйича 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ёзувчи айбланаётган яна бир моддада жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш тўғрисида сўз боради.

“Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш”, дейилади ушбу модда шарҳида.

Ушбу моддада айбланганларга 3 йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси берилиши мумкин.

Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Туркияда юрган вақти “Бу кунлар” китобини чоп қилган.

Китобда Каримов режимидаги муаммолар рўйи рост кўрсатиб берилган эди.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматидан ёзувчини зудлик билан озод қилишни сўраган.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги зиёлилар ҳам Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг ҳимоясига турган.

“Нурилло Отахон миллат равнақини ўйлайдиган яхши ёзувчи. У бугунги ҳокимият бошлаган ислоҳларга ишониб, ўз ихтиёри билан ватанга қайтди. Аслида унинг қайтиши биз учун имтиҳон эди. Имтиҳон саволига берган биринчи жавобимиз ҳаво лиманида ёзувчи қўлларига кишан солиш бўлди. Мелиса билан судга ишонч кам, ушла деса ушлайди, қама деса қамайди. Нурилло Отахонни ҳибсга олиш Ўзбекистонга обрў келтирмайди”, деб ёзди таниқли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст ўзининг Facebookдаги саҳифасида.

Яна бир таниқли ёзувчи Улуғбек Ҳамдам ҳам Нуруллоҳ Отахоновни зудлик билан озод қилиш талаби билан чиқди.

“Ҳақни ва халқни ёд этиб, унинг ҳимояси йўлида қалам тебратган ёзувчи ташқаридан мағлуб этилган бўлиб кўриниши мумкин, лекин эртага у албатта ғолиб бўлади. Чунки бизнинг барчамиз эрта бир кун бу дунёни тарк этамиз. ҲАҚ ва ХАЛҚ эса ҳамиша бўлади ва кимнинг ЎЗИ томонида турганига қараб баҳосини беради. Эртага мағлуб бўлишни ва миллат ёдида мудом шундай бўлиб қолишни истамасангиз, Ёзувчини, Ҳақ ва халқ ёнида турган Ёзувчини қўйиб юборинг!”, деб ёзади улуғбек Ҳамдам.

Ўзбекистондан журналист ва шоир Алишер Назир мамлакатда кишини қувонтирадиган ўзгаришлар бўлиб турган бир вақтда эркин фикр билдирган бир ёзувчини ҳибсга олиш ҳақиқатга нисбатан “ҳақорат” эмасми деб сўради.

“Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон 15 йилга яқин “Ҳидоят” журналига Бош муҳаррир бўлди. Ёзувчилар ичида энг кўп Қўмита билан мулоқот қилган одам Нуруллоҳ ака бўлса керак. Бу дегани, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ижодини, дунёқарашини Қўмита жуда яхши билади. Йўқ жойдан душман ясашнинг нима кераги бор? Президент одамларни ҳукуматга дўст қилишга уринаётган бир пайтда бунақа “томоша” уюштириш кимга керак? Ҳарқалай бу бир англашилмовчилик эканига умид қиламиз”, дейди у.

Ёзувчининг озод қилинишини сўраб онлайн петиция ташкил қилинган. Уни шу вақтгача 340 одам имзолаган.

ЎХҲ хабарлар бўлми