Барака халтаси

Барака халтаси
80 views
29 September 2017 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 206
(давоми)

ЎТТИЗИНЧИ МЎЖИЗА

Ҳазрати Абу Ҳурайра ривоят қилур:

«Расулуллоҳ билан ғазот сафарига чиқдик. Озиқ-эмишларимиз етишмасликдан аскарда очлик бор эди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам;

— Эй Абу Ҳурайра, егудек бирор нарсанг бўлса келтиргил, — дедилар.

Нон халтам тагида ўн дона қуруқ хурмо қолмиш эди, уни келтириб Расулуллоҳга бердим. Халта ичига қўл солиб хурмони чиқардилар. Ушлаб туриб анинг баракасига дуо қилиб, қайтариб халтага солдилар. Сўнгра Абу Ҳурайрага саҳобалардан ўн киши чақириб келтирмоқни буюрдилар. Булар келгандан кейин шу халтадан хурмо олиб тўйгунча егиздилар. Яна ўн одам чақириб эдилар, булар ҳам шу хурмодин еб тўйишдилар.

Шундай қилиб ўн кишидан чақириб шу хурмодан беравердилар. Аскарнинг барисини тўйдириб қарасалар, халта ичидаги хурмо яна боягидек турмиш эди.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

— Эй Абу Ҳурайра, қай вақтда хурмо егинг келса, халтага қўл солиб олгил, аммо унинг оғзидан тўкмагил.

Абу Ҳурайра айтур:

— Расулуллоҳнинг ҳаётларича шу халтадан хурмо еб ва бошқаларга берур эдим. Ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Умар, Ҳазрати Усмон — бу учовларининг даврларида ҳам шу халтадан еб турдим. Ҳазрати Усмоннинг охирги кунларида фитна қўзғалиб, ул кишини шаҳид қилдилар. Шу чоғда Мадинадан бир неча одамларнинг уй-жойлари талон-тарож бўлди. Шу қаторда меним уйимни ҳам талаб кетдилар. Мана шу фитна сабаб бўлиб, у барака халтадан ажраб қолдим. Бор молим йўқолиб, кошки шу халтам қолган бўлса, рози эдим. Оз деганда шу халтадан олтмиш туяга юклик хурмо еган эдим. Разияллоҳу анҳу.

(давоми бор)