Дамингни ичингга ютмасанг, бола-чақанг билан йўқ этиб юбораман…

Дамингни ичингга ютмасанг, бола-чақанг билан йўқ этиб юбораман…
67 views
29 September 2017 - 8:00

ИСЛОМ ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

5-қисм

Улар кўчага чиқишлари билан машина кира қилдилар. Киракаш Баҳромнинг илтимоси билан ора йўллардан муюлишга кесиб чиқди. Баҳром чорраҳада Амира Кимё билан Мудакни кўриб қолди. Аслида у шу кабиларга йўлиқмаслик учун пастқам жойлардан қочганди. Улар йўл чеккасида машинада ўтириб кимнидир кутаётган эдилар. Бесаранжомликлари башараларидан кўриниб турарди. У ўзини танитмаслик учун бошини эгди. Нозима Мунис орқа ўриндиқда узала тушиб, пиқ-пиқ йиғлаётганди. Уни Баҳром судраклаб олиб чиқмаганда, ақлдан озиши ҳеч гапмасди. Ундан ҳам кўра Курапаткинани уриб ўлдириб қўйиши мумкин эди. Бу эса дард устига чипқон бўларди. Билганидан қолмайдиган бу аёл барчасини яна расуво этганди. Маҳкамага бориш энди самарасиз, у кўрсатма берадиган аҳволда эмасди. Адвокат ёлламаса, ўзи уддалай олмасди. Ёинки хавфсизлик ташкилотларига таниш-билишлар орқали чиқиши лозим эди, шунда хавфсизроқ бўларди. Қолаверса, бу ишлардан хабар топган Амира Кимё билан Саидмат Соттиларнинг энди қўл қовуштириб ўтирмасликлари аён эди. Барча айблар, пировардида, унинг бўйнига илинарди.

Унинг соткаси ҳалитдан буён тинмасдан чақирарди. Баҳром уни сумкадан олиб, кўзгусига боқди.

– Саидмат Сотти экан! – деди у сўнгра. – Гаплашмасангиз бўлмайди!

– Эшитаман! – деди ўрнидан туриб ўтирган Нозима Мунис пешонасини ушлаб.

– Домуллажон, бир соатдан буён қўнғироқ қилиб ётипман! – деди у куйинчак товушда. – Тинчликми? Хонадонлар соғ-саломатми?

– Ҳаммаси жойида! Сиз билан учрашиб, гаплашиб олишимиз керак!

–  Шу учун қўнғироқ қиляпманда, домуллажон! Тез ширкатга келинг, оламшумул янгилик бор. Сизсиз эълон қилолмайман!

–  Хилватда учрашсакми, дегандим!

– Ширкатдан чиқиб бирор жойда ўтирамиз. Ўзим ҳам сизни соғиндим!

Нозима Мунис, нима қилсам экан, дегандек, Баҳромга термулди. Йиғлайверганидан унинг кўзларидаги сурмаси чаплашиб кетганди.

– Ҳозир етиб бораман, деб айтинг! – дея пичирлади у.

– Йўл ҳаққига озроқ қўшадиган бўлдиларингиз! – деди жавобни эшитган киракаш.

– Қаерга боришимизни ҳали айтмадик-ку! – деди унга Баҳром.

– Кўкчадаги “Паймона” ширкатига, Саидмат Соттининг олдига борасизларда! – дея жавоб берди у.

– Уни қаердан биласиз?

– Уни бутун республика билади. Маҳалламиздан тўрт-беш йигитлар ширкатга ҳужжат топширгандилар. Олти ой бўлди, уларни на ишга жўнатишади, на пулларини қайтариб беришади. Эрта-индин деб пайсалга солиб юришипди. Бунақалар юзлаган. Яхшиям, уларнинг гапига кириб, ўғилларимнинг ҳужжатларини топширмаган эканман. Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, деганларидек, бу гал тажрибам қўл келди. Омадим бор экан!

Машинадан тушган Нозима Мунис касалдан турган кимса сингари инқилларди.

– Ўлиб қолаётган бўлсангиз ҳам, Кўкча даҳасидан чиқиб кетмагунимизча, қаддингизни  тик тутинг! – деди унга Баҳром. – Оғзингиздаги сўзингизни бировга берманг!

Гап таъсир этдими ёки ғайрати жўшдими, илгариги вақтлардагидек у кўксини ғоз тутти.

Очиқ эшик олдида ўтирган Зоҳид кўриши билан уларга пешвоз чиқти.

–  Баҳром шу ерда кутсин! – деди у саломлашгач.

– Бекорларнинг бештасини айтипсан! – деди жаҳли чиққан Нозима Мунис ҳам. – Унинг ширкатга қилган хизматларининг ўндан бирини амалга оширда, кейин гапир!

Унинг ташланишини кутмаган Зоҳид шошиб қолди. Юмшоқ курсида ястаниб ўтирган Саидмат Сотти машмашага аралашди.

– Қўявер! – деди. – Мусулмон киши кина сақласа, гуноҳи азим бўлади. Биз кечирдик. Бошқаларни ҳам чақир, дарров кирсинлар. Меҳмонлар узоқ йўл босиб, чарчашган. Айтгандек, Рано Кулиевна эсдан чиқмасин!

У ўрнидан туриб Нозима Мунисни қаршиларкан, русчалаб таништира кетди.

– Бу зот менинг устозим бўладилар! – деди тавозе билан. – Институтда ўқитганлари етмагандек, ҳалига довур қўлимдан ушлаб, тетапоя қилиб юрадилар. Умрлари узоқ бўлсин, онамдек бўлиб қолганлар.

Хонада тўрт кимса ўтирарди. Бири Акбар эди. Иккита нотаниш аёлнинг биттаси Саидмат Соттининг сўзларини шерикларига таржима этаётганди.

Иккинчи аёл нуқул:

– Браво, браво! – деб қўярди.

 Чеккада Раймон Павлусга ўхшаб кийинган, олтин гардишли кўзойнак таққан яна бир кимса ўтирарди. У дастагидан ушлаб, чарм сумкасини бағрига босиб олганди. Нозима Мунис ҳақида бир нималар дея бидирлаб, у ҳам Саидмат Соттининг сўзларини тинмасдан маъқулларди. Билмаган одам, иккаловлари таниш бўлса керак, деб ўйларди. Нозима Муниснинг  ўзи ҳам нималар бўлаётганига тушунмасдан, анграйиб қолди.

Таништириш навбати Баҳромга етди.

– Бу йигит домулламизнинг хос киракаши! – деди у  – Танқўриқчиси деса ҳам бўлаверади. Диёнатли, ҳалол йигит. Бузоқнинг ҳаққи бор, деб сигирнинг сутидан ҳазар этадиган покдамонлардан!

– Хизматчилик! – дея Баҳром Саидмат Соттига бош ирғатиб, кулиб қўйди.

Бу миннатдорчилик белгиси эдими, ёинки аламлар изҳори, иккаловларига кўпроқ маълум эди.

Баҳромни кўпроқ воқеалар ривожи ўйлантирарди. Саидмат Соттининг лўттибозликларига аҳамият берса, чалкашарди. Чалғиди дегани чўкиш билан баробар эди. Нозима Муниснинг телбаларча ҳаракатлари туфайли, вазият йўналиши яна издан чиққанди. Мўлжални тўғри олиш учун оқим ўзанини топиш зарур эди. У йўл бўйи Нозима Мунисни Саидмат Соттининг нима мақсадда чақирганини ўйлаб келди. Унинг бугунги воқеалардан хабари бор-йўқлиги қоронғи қолаётганди. Нозима Мунис учун бу нарсалар бир чақага қиммат эди. Унинг хаёлини берган пулларни қайтариб олиш васвасаси қамраб олганди.

Рус тилидан ўзларининг тилига таржима қилаётган аёлнинг гапларини эшитган биринчи аёл беихтиёр кулиб юборди.

– Браво, браво! – деб қарсак ҳам чалиб қўйди.

Унинг нима учун олқишлаётганига ақли етмаётган Баҳром, ўзининг тайинли гап айтмаганини ўйлаб, кулгуси қистади.

Бу пайт Абдинаби билан Рано Кулиевна кириб келди.

– Тўфахон билан Фарҳод банкка кетган экан! – деди охирида кирган Зоҳид.

– Ҳечқиси йўқ, бошлайверамиз! – деди жойига ўтирган Саидмат Сотти.

 Акбар, одатига зид, қовоғини уйиб олганди. Унинг машқи бугун паст эди. Саидмат Сотти билан ораларидан ола мушук ўтган, шекилли. Отамон томонидан ширкат назоратига тайинланган бу йигит ҳам чув тушганга ўхшарди. Бу нарса хавфсизлик ташкилотидагиларнинг барча жабҳаларни забт эта бошлаганларидан дарак берарди.

 Саидмат Сотти Баҳромдан бошқа барчага бир қур назар ташлаб, аввалида узр сўраб, кейин ўзбекчада нутқ ирод этди.

– Орада депсиниб олганимиз хатоларимизни ўнглашга сабаб бўлди! – деди у. – Истаймизми, истамаймизми, бизнинг маконларда пора азалдан бўлган, ҳозир ҳам бор, бундан кейин ҳам бўлади. Тирик жон сифатида бизлар пора билан тирикмиз. Бизни ўлдирадиган ҳам, жоиз бўлса, кулдирадиган ҳам пора. Порадан қочиб қутулиб бўлмайди. Одамнинг ўз-ўзидан қочиши сояси билан қучоқлашиб ётишдек бир гап. Ҳар биримиз каби туғилганида президентимиз танглайини ҳам доя пора билан кўтарган. Пора олмаганида у бу ишни амалга оширмасди. Бегуноҳ бир чақолоқни бўғиб ўлдирарди. Разолат содир бўларди. Дунё яна бир мустабидни кўрмасди. Пора туфайли тирик қолган президентимиз ўз халоскорини ҳаёт мазмунига, тузум устунига айлантирди. Қадрятларимиз, маданиятимиз тизимларини унинг измига бўйсундирди. Унга давр тусини бериб, оммалаштирди, сиёсийлаштирди. Бу бежизга эмасди. Ортиғига бизнинг халқимизнинг бардоши етмасди. Душманлар бизга пора деб уқтирмоқчи бўлаётган бу нарсалар, аслида, иқтисодий ва ижтимоий тозаришлар асоси эканлигини англамоғимиз лозим. Тараққиётимизни ҳаракатга келтирувчи бу улуғвор куч бизларга жонимиздан ҳам яқин. Буни тушунган тушунади, тушунмаган бозордан қайтган сигирга ўхшаб бир умр бошини осилтириб, карахт бўлиб юраверади. Тўғри, зарур пайтда етарли миқдорда пора беролмасдан хатога йўл қўйдик. Оқибатида битай деб турган ишлар ҳукумат томонидан пайсалга солинди. Ейишга бир бурда нони йўқ ишизловчилар, қарз-қавола этиб, милёнлаган пулларни топтилар, бизларга ишониб, қўлимизга бериб қўйдилар. Мазлумларнинг маблағларини ўзимизча тежаймиз дея адашдик. Бизларга раҳм-шафқатли бўлишни ким қўйипди, деб ўйламадик. Раҳм-шафқатли бўлмоқчи бўлган она Тереза нимага эришди? Ҳотамтой бир чақага зор бўлиб ўлиб кетди! Хуллас, қаттиққўллилик этолмадик. Яхшиямки, хатоларимизни ўз вақтида англаб, хаёлимизни йиғиштириб олдик. Яна ишимизда жонланиш бошланди. Беш минг доллар топган камбағалнинг етти минг доллар топишга қурби етмайдими, деган ўринли мулаҳоза бизнинг нажоткоримиз бўлди. Ишизловчиларга мана шу хабарни етказиш сиз ва бизларнинг биринчи вазифамизга киради. Қолаверса, олинган пуллар зарур жойларга сарф-харажат этиб бўлинди. Ишизловчилардан тез яна икки минг доллардан пул йиғмасак, ишимиз тўхтаб қолади. Энг ёмони, қўшимча икки мингдан тўламаганлар аввалги пулларидан айриладилар. Яна минг азоблар билан бекор қилинган рухсатномамизни қайтариб олдик. Бу жуда катта ғалаба, бизнинг ҳеч кимнинг олдида тили қисиқ ва муттаҳам эмаслигимизни англатади. Шу сабаб, тортинмасдан, истиҳолага бормасдан, ишизловчиларга ўзимизнинг ҳақлигимизни тушунтириш зарурати ўртага чиқяпти. Бунақанги масалаларда муҳтарам президентимизнинг тажрибалари ва малакалари бизларга беқиёс уфқлар очади. Кўра-била безбетларча, эзиб, янчсак, муваффақият биз томонда бўлади…

Қўшимча икки мингдан тўламаганларнинг куйишини эшитган Нозима Мунис анграйиб қолди. Томошанинг зимдан уюштирилганига унинг фаҳми етмаётганди. Ҳамма нарса энди очиқ эди. Беркитадиган ҳеч нарса қолмаганди. Шундай бир вақтда Саидмат Соттининг навбатдаги фирибгарликни қандай ўринлатмоқчилиги, ҳақиқатан, жумбоқ эди. Буни ўйлайвериб, Баҳромнинг боши шишиб кетди.

Терлаб-пишган Саидмат Сотти Зоҳид қуйиб узатган сувдан ичди. Кўзларидан кўзойнагини олиб, гуллик рўмолчаси билан уни артди.

– Жа самимий гапирасизда! – деди мавриди келганини англаган Рано Кулиевна. – Саидмат Сотти Қўйтопарович, ўзингизни бироз аясангизчи. Худо кўрсатмасин, толиқиб, кўрпа-ёстиқ қилиб ётиб олсангиз, бошимизни қайси деворга урамиз!

– Нафасингизни ел олсин! – деди Абдинаби. – Саидмат Сотти акамларнинг ҳар бир билакларида ўнта паҳлавоннинг кучи бор.

– Тилингизни тишланг, кўз тегади! – деди Рано Кулиевна ҳам унинг оғзига уриб. – Саидмат Сотти Қўйтопаровичга исириқ олиб кириб тутатмасам, бўлмайдиганга ўхшаяпти. Гап деб гапираверарканларда!

– Бўлди, бўлди! – деди хушомадлардан талтайган Саидмат Сотти. – Мени жонларингиздан ортиқ яхши кўришларингизни биламан. Ўзим ҳам сизларни хотиним ва икки қизимдан, невараларимдан кам яхши кўрмайман. Қанийди, имкони бўлса, ҳар биттангизни кўксимга босиб қучсам, қош-кўзингиздан ўпсам, бу ҳаётда ўзга армоним қолмасди. Дунёдаги энг бахтли одамга айланардим. Ростини айтсам, менга бошқа нарсанинг кераги йўқ. Ташвишимни еб юрганларингизнинг ўзи мен учун ҳар қандай доридан авло. Бошим осмонга етди, сизларни Тангри ёрлақасин. Президентимизга ўхшаб ёниб-куйиб сўзламасанг, айтганларинг юрагингнинг қонида қовурилиб тилингга чиқмаса, оми ҳалқнинг онгига етиб бормайди…

Саидмат Соттининг сўзларидан таъсирланиб кетган Рано Кулиевна рўмолчасини юзига босиб йиғлаб юборди. Абдинаби билан Фарҳод ўринларидан тургач, меҳмонлар ўтирган жойларида қўлларини кўкракларига босиб унга тавозе кўрсатдилар.

– Ўлиб қолсангиз, бизлар нима қиламиз! – дерди пиқ-пиқ йиғлаётган Рано Кулиевна.

– Нима учун ўлиб қоламан? – деди ҳайрон қолган Саидмат Сотти. – Бирор кимсадан ножоиз сўз эшитдингизми? Кимдир менга суъиқасд уюштирмаяптимикин?

– Йўқ! – деди ҳиқиллаётган Рано Кулиевна. – Рак бўлипми, автоҳалокатга учрапми ўлишингиз мумкин-ку, ахир. Эрим, болаларим мени ташлаб кетганлар. Сиз ҳам ўлиб қолсангиз, ким менга ғамхўрлик қилади?

– Ўлсанг ўлавермайсанми?! – дея Саидмат Сотти бўкириб юборди. – Юрагим ёрилишига бир баҳя қолди. Ўзинг рак бўл, ўзинг автоҳалокатга учра, ҳе, палакат!

– Вуй, нега бундай дейсиз, Саидмат Сотти Қўйтопарович? – деди кўзлари мошдек очилган Рано Кулиевна. – Ўлсам, олам сизга кенг бўлиб қоладими?

– Кенг бўлиб қолади! – деди муздек сувни бир кўтариб ичиб юборган Саидмат Сотти ҳам. – Оғзингизга келганини ўйламасдан гапиравераркансизда!

– Кечирасиз! – деди ўзини йиғиштирган Рано Кулиевна. – Сизни эримдан ҳам яхши кўриб кетяпман. Эрим қилмаган яхшиликларни қилдингиз. Гўё ўн саккиз яшарлик даврларим қайтиб келгандек, осмонларга учгим келади…

– Бўлди, қилинг! Бас, етар! Учсангиз, менсиз учавермайсизми…

У муздек сувдан босиб-босиб ичиб, вулқон каби бўғзига кўтарилаётган ўкирикнинг тафтини ўчирди. Бироз ўзига келгач, кўзидан кўзойнагини олиб Рано Кулиевнага тикилди.

– Кетига қаламча тиқилган қўғирчоққа ўхшамай ўл, қари товуқ! – деди шунда ўзини йўқотган Рано Кулиевнага Нозима Мунис.

 Саидмат Сотти орқасига ўгирилиб, кўзойнагини қайта кўзига илиб, гардишини ўрта бармоғи билан босиб қўйди.

– Бир нима дедингизми, домуллажон? – дея сўради кейин.

– Ҳар кунингга шукур деяпман! – деди Нозима Мунис.

– Жуда зукко ва топқир аёлсизда, домуллажон! – деди у. – Яхшисига ҳам, ёмонига ҳам шукур қилиш имон бутлигидандир. Мусибат ёғилса, дод-вой солиб, бошини тўрт деворга урган билан кимса фойда топмайди. Шунақа пайтда бошимга бундан ҳам баттарлари ёғилиши мумкин эди, дея ўзини овунтирса, ғам-ташвиш излари асоратларсиз ўтади. Бу соҳада ҳам донишманд президентимиздан улгу олсак кам бўлмаймиз. Домуллажон, сўзларимнинг мағзини чақаётганингиз менга аён. Шукур қилган сувда оқади, ўтда ёнади, уни урадилар, сўкадилар, қамоққа ташлайдилар, у қутулиб, бир кун бола-чақасининг бағрига қайтади. Шукур қилмаган одам тошга тўшини урган бургут мисоли охир-оқибат ўзини ҳалок этади. Бургутнинг-ку ўзи ўлса майли, орқасида қолган полопонларини бир луқмага зор этиб, уларни ҳам балолар гирдобига отади…

  Саидмат Соттининг охир-оқибат бугунги ишлардан хабардорлиги аниқ бўлиб қолганди. У очиқдан-очиқ Нозима Мунисга мушт ўқталаётганди. Дамингни ичингга ютмасанг, бола-чақанг билан йўқ этиб юбораман, дея таҳдид солаётганди. Нозима Мунис қўлидаги сўнгги имкониятдан ҳам айрилганди. У энди маҳкамага тўғридан-тўғри бориб арз эта олмасди. “Кўринмас қўл”ларнинг шотирлари энди уни ҳар бурчакда пойлардилар. Чорраҳада қолиб кетган Амира Кимёнинг ҳам барчасидан хабардор этилгани энди аниқ эди. Қандай қилиб, қачон, деган саволларга жавоб топиш мушкул эди. Вақт етиб муаммо ўз ечимини топмаса, ҳозир бу каби масалаларни аниқлаштириш мавриди эмасди. Энг асосийси, Саидмат Соттининг иддаоси ойдинлашганди. Нозима Мунисни ўртадан олиб ташлаш фурсати етмагани учун “кўринмас қўл”лар унга ушбу спектаклни ижро этишни топширгандилар. У Нозима Мунисни қанчалар узоқ босиб тура олса, маблағ шунчалар кўп йиғиларди.

(давоми бор)